Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Ўзбекистонга келди

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Петер Буриан 19-20 январь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.

Элчи Петер Буриан икки кунлик ташриф давомида Ўзбекистон ҳукумати ва парламенти аъзолари, шунингдек, дипломатлар, Европа компаниялари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди, деб хабар беради ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан суҳбатда юқори мартабали меҳмон ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа Комиссияси вице-президенти Федерика Могеринининг Президент Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубини топширган.

Федерика Могерини ўз мактубида Шавкат Мирзиёевни 2016 йил 4 декабрда ўтган сайловдаги ғалабаси билан табриклаб, ЕИ Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирган.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Петер Буриан Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан консруктив ҳамкорлиги янада кенгаяётганини  ижобий баҳолаган. Ўзбекистон 2017 йил кузда ЕИ – Марказий Осиё форматидаги учрашувларга мезбонлик қилиш истагини билдирган. Музокаралар асносида ЕИнинг махсус вакили бунинг учун А.Комиловга миннатдорлик изҳор этган.

Европалик меҳмон Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев билан ҳам учрашган. Мулоқот асносида ЕИнинг қишлоқ жойларни ривожлантиришга қаратилган кўп миллион евролик лойиҳалари муҳокама этилган.  Яқинда ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги 1996 йилги ҳамкорлик битимига тўқимачиликка оид қўшимчалар киритилди. Учрашувда мазкур ҳуқуқий ўзгариш пахта ва тўқимачилик маҳсулотлари савдосини кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилган.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Петер Буриан, шунингдек, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан музокаралар ўтказган.

Шу мавзудаги мақола:

Федерика Могерини: “ЕИ – Марказий Осиё ҳамкорлигида фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд”. 06.10.2016