Евроосиё тиллари “бобокалони” топилди

Олимлар Евроосиё тилларининг энг қадимги аждоди бўлмиш “бобокалон“ тилни аниқлашга муваффақ бўлишди. Камида 15 минг йил бурун Европа жанубида, энг сўнгги музлик даври охирида истиқомат қилган аҳоли мана шу тилда гаплашган. Бугун Европа ва Осиёда истиқомат қилувчи миллиардлаб аҳоли сўзлашадиган тиллар аслида мана шундай бобокалон тил асосида шаклланган. Англиядаги Рединг университети олимлари жуда кўплаб тилларни қиёсий таҳлил этиш асосида шу фикрга келдилар. Улар инглиз ва урду, япон ва ителмен каби турли тилларнинг луғатларидан жой олган сўзларда жуда кўп ўхшаш ва умумий жиҳатларни аниқладилар.

Бундан 15 минг йил аввал амалда бўлган бобокалон тилдан етти хил бошқа тиллар келиб чиққан ва улар қадимий Евроосиё тилларининг энг катта оиласини ташкил этган. Ўз навбатида бу тиллар ҳам бўлиниб, Евроосиёнинг Португалиядан Камчаткага қадар бўлган улкан ҳудудларида яшовчи халқларнинг ўзига хос миллий тилларига айланган.

— Евроосиёнинг барча аҳолиси тахминан 15 минг йил бурун, музликлар шимол томон сурилганидан сўнг Европа жанубида яшаган одамларнинг тилларига ўз тилларини солиштириб, ­бобокалон тиллари қандай тарзда бўлганига ишонч ҳосил ­қилиши мумкин, — дейди тадқиқот муаллифларидан бири, Ридинг ­университети профессори М.Пагел.

Ҳар қандай тилда аксарият сўзларнинг 2-4 минг йил давомида бошқа тиллардаги маънодош сўзлар билан ўрин алмашиш ҳодисаси рўй беради. Бу ўринда эҳтимоллик 50 фоизни ташкил этади. Бироқ олмош, сон ва равиш ўрнида келадиган шундай сўзлар ҳам борки, улар мунтазам истеъмолда бўлгани боис ўн минглаб ­йиллар мобайнида ҳам яшайверади.