Элчихона: Туркманистон Президент сайловини ўтказишга тайёр

2017 йил 12 февраль куни Туркманистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа – Президент сайлови бўлиб ўтади. Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар беришича, бу галги сайлов 2007  ва 2012 йилдаги сайловлардан фарқ қилади.

Биринчидан, бу галги сайлов янги сиёсий воқелик ва такомиллашган ҳуқуқий шароитда ўтади.

Иккинчидан, 9 кундан кейин ўтадиган сайловда мамлакатдаги барча сиёсий партиялар – Демократик партия, Саноатчилар ва тадбиркорлар партияси ҳамда Аграр партия иштирок этади.

Туркманистон Марказий сайлов комиссияси 2586 та сайлов участкаси ташкил этган. Чет элдаги фуқаролар эса мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида ташкил этилган 39 та сайлов участкасида овоз беради.

Элчихона хабарига кўра, сайлов кампанияси 2013 йилда халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида ишлаб чиқилган Сайлов кодекси асосида олиб борилмоқда. Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, Туркманистонда туғилган ва сўнгги 15 йил давомида шу ерда яшаб фаолият юритган, 40 ёшдан кичик бўлмаган ва давлат тилини мукаммал биладиган фуқаролар президентликка номзод сифатида кўрсатилади. Сиёсий партиялар билан бирга фуқаролар ташаббус гуруҳлари ҳам ўз номзодини илгари суриши мумкин.

Айни пайтда Президентлик сайловида қатнашаётган Туркманистон демократик партияси 1991 йилда, Саноатчилар ва тадбиркорлар партияси 2012 йил августда, Аграр партия эса 2014 йил сентябрда ташкил этилган. Демократик партия Туркманистоннинг амалдаги раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни, Саноатчилар ва тадбиркорлар партияси “Рисгал” акциядорлик тижорат банки бошқарув раиси Бегмират Аталиевни, Аграр партия эса Мари вилояти қўмитаси раиси Дурдигилич Оразовни юқори давлат лавозимига номзод сифатида кўрсатган.

Қайд этилишича, ушбу партиялар ўртасидаги рақобат мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига янги нафас олиб киради, муқобиллликни таъминлайди ва жамият ҳамда ҳар бир фуқаро сиёсий маданиятини юксалтиришга, халқ ва ҳокимият бирлигини мустаҳкамлашга, демократик институтлар бирлашувига хизмат қилади.

Президентлик сайловида қатнашиш учун фуқароларнинг ташаббус гуруҳларидан яна олти нафар номзод рўйхатга олинган (Максат Аннанепесов – Туркманистон озиқ-овқат саноати давлат бирлашмаси раисининг ўринбосари, Жуманазар Аннаев – Мари вилояти ҳокимининг ўринбосари; Рамазон Дурдиев – Сейди нефтни қайта ишлаш заводи директори, Меретдурди Гурбанов – Дашовуз вилояти ҳокими ўринбосари, Сердар Жалилов – Аҳал вилояти иқтисодиёт ва тараққиёт бошқармаси бошлиғи, Сулайманнепес Нурнепесов –  “Гарабогазсульфат” компанияси бош директори).

Айни пайтда мамлакат оммавий ахборот воситаларида президентликка номзодларнинг таржимаи ҳоли ва дастури чоп этилмоқда.

Элчихона хабарига кўра, электоратга муносиб номзодни сайлаш ҳуқуқи берилган. Сайловни ташкил этишда эса мамлакатнинг кейинги йилларда орттирган тажрибаси ва эришган муваффақиятларига таянилмоқда.

“2012 йилдаги президентлик сайловида сайловда қатнашиш истагини билдирган 9 та фуқаролар ташаббус гуруҳидан иккитаси ўз номзодини илгари суриш учун етарли овоз тўплай олган эди. Жорий сайлов кампаниясида эса олтита ташаббус гуруҳи сайловчиларнинг етарли овозини тўплай олди ва бу туркман жамиятда фуқаролар фаоллиги ортгани ва халқнинг мамлакат сиёсий ҳаётида фаол қатнашаётганини кўрсатади”, – дейилади Туркманистон элчихонаси хабарида.

Туркманистон сайлов комиссияси мутахассислари ҳудудларга чиқиб, участка сайлов комиссияси аъзолари учун семинарлар ўтказмоқда, комиссия расмий сайтида маърифий тарғибот олиб борилмоқда.

Фуқаролар сайлов ҳуқуқидан тўлақонли фойдаланиши учун қонунчиликда белгиланган бошқа чоралар кўрилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси қарорига кўра, президентлик сайловида муддатдан олдин овоз бериш  жорий йил 2 февралдан бошлаб соат 08:00 дан 18:00 га қадар ўтказилмоқда.

Туркманистон сайлов кампанияси қонунчиликка мос тарзда ўтишини мониторинг қилиш учун миллий ва халқаро кузатувчилар, ЕХҲТ, МДҲ, ШҲТ каби халқаро ташкилотлар вакилларини таклиф этган. Уларга сайлов кампанияси ва овоз бериш жараёнини кузатиш бориш имкони яратиб берилади.

Айни пайтда МДҲ  кузатувчилар миссияси шакллантирилмоқда. 2017 йил 27 январь ҳолатига кўра, Марказий сайлов комиссиясидан рўйхатдан ўтиш учун МДҲнинг 53 нафар кузатувчи ариза берган.  Улар Озарбойжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон каби мамлакатлар, МДҲнинг Парламентлараро ассамблеяси, МДҲ Ижроия қўмитаси вакилларидир.

Кейинги ўн йилликда Туркманистон ижтимоий-иқтисодий соҳада ютуқларга эришди, барқарорлик ва тинчликни сақлаб қолди. Бу жараёнда аҳолининг сиёсий фаоллиги ортди. Президентлик сайлови эса халқ ҳокимиятини шакллантиришнинг ўзига хос воситаси саналади.

Мамлакатнинг чорак асрлик мустақиллик даври давлат бошқарувининг президентлик шакли энг мақбул эканини кўрсатди.

2016 йил 14 сентябрда қабул қилинган мамлакат янги Конституциясига мувофиқ, президентлик ваколати 5 йилдан 7 йилга узайтирилган ҳамда давлат раҳбарлиги учун 70 ёшлик юқори ёш чеклови бекор қилинган.

Мамлакатда сўнгги президентлик сайлови 2012 йил февралда ўтказилган.

С.Салим