Элчи: Ўзбекистон ва Озарбайжон алоқаларини стратегик ҳамкорлик деб баҳолаш мумкин

Озарбайжон ҳамда Ўзбекистон ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда ва мазкур робитани стратегик ҳамкорлик дея баҳолаш мумкин. Мазкур фикр Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳусайн Қулиев томонидан Республика куни муносабати билан Тошкентда уюштирилган расмий қабул маросимида билдирилди.  

Тантанали қабул маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дипломатлар, журналистлар ҳамда озарбайжон диаспораси вакиллари қатнашди. Тадбирда Ўзбекистон ҳукумати номидан бош вазир ўринбосари Адҳам Икромов иштирок этди.

Элчи Ҳусайн Қулиев 1991 йилдан сўнг Озарбайжон мустақил, демократик давлат қуриш йўлига кирганини таъкидлади. 

Қайд этилишича, нисбатан қисқа муддатда мамлакат БМТ, Қўшилмаслик ҳаракати, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгашининг доимий, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси бўлди ҳамда халқаро майдонда ўз ўрнини топди.

Озарбайжон асрлар давомида маданият ва эътиқодлар чорраҳаси бўлиб келган. Мазкур тарихий анъана бугун ҳам давом этмоқда.

“Мамлакатдаги ислоҳотлар иқтисодиётни диверсификациялаш, нефтга тобеликни камайтиришга қаратилган ва бизнинг бош мақсадимиз Озарбайжонни ҳар жиҳатдан мутараққий мамлакатга айлантиришдир”, – деди элчи Ҳ.Қулиев.

Дипломатнинг таъкидлашича, Арманистон томонидан оккупация қилинган Тоғли Қорабоғ ва унга туташ етти туман расмий Боку учун энг оғриқли муаммо бўлиб қолмоқда. Элчи Ҳ.Қулиев мазкур масалада Ўзбекистон Озарбайжонни қўллаб-қувватлагани, БМТ Бош Ассамблеясининг оккупация қилинган ҳудуддан Арманистон қўшинини зудлик билан олиб чиқиш ҳақидаги резолюциясини маъқуллаганини қайд этди. Бунинг учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.

“Биз ҳам ўз навбатида биродар Ўзбекистонни барча халқаро ташкилотлар доирасида қўллаб-қувватлаганмиз ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаймиз”, – деди Озарбайжон элчиси.

Тадбирда икки мамлакат ҳамкорлигига оид бадиий ва публицистик материаллар муаллифлари – журналист ва таржимонлар тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, 1918 йилнинг 28 майида Озарбайжон Миллий кенгаши Озарбайжон Демократик Республикаси мустақиллигини эълон қилган эди. 1990 йилдан буён 28 май – Республика куни сифатида байрам қилинади.

Собир Салим