Дрезден бомбардимонларидан сўнг

Қирғинлар билан инсоният тарихида ўчмас из қолдирган Иккинчи жаҳон уруши тугаганига ҳам ярим асрдан кўпроқ вақт ўтди. Лекин бу мудҳиш воқеа қолдирган жафолар ҳеч қачон унут бўлмаса керак. Куни кеча Германиянинг Дрезден шаҳрида Совет Иттифоқи ҳаво кучлари томонидан бомбардимон қилинганига 60 йили тўлиши муносабати билан кенг миқёсда тадбирлар ўтказилди.

1945 йил 11 февраль куни Гитлерга қарши коалицион ҳукумат раҳбарларининг Ялта конференцияси якунланди. 13 февраль куни Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчил Севастопол остонасида ўтаётган Қрим жанг майдонларида бўлди ва шу куни кечга томон иттифоқ ҳаво кучлари Дрезден шаҳрини бомбардимон қилишни бошлади.

Иттифоқчилар Берлин, Дрезден, Лейптсиг ва Хемнитс шаҳарларига ҳаводан ҳужум қилиш ғарбдан шарққа томон совет қўшинларига қарши ҳаракта қилаётган немис армиясига кучли зарба бўлади, деб ҳисоблашганди. Оғир бомбардимонлар Германия фуқаролари орасида қўрқув уйғотиш ва транспорт йўлларини йўқ қилишга қаратилганди. Ниҳоят, Украина фронтининг 1-ҳарбий қисми ва Полша армиясининг 2-ҳарбий қисми оғир жанглардан сўнг, 1945 йилнинг 8 майида Дрезденни олишга муваффақ бўлди.

1940 йилнинг кузида Англия учун кечган жангда бор-йўғи 200 нафар Люфтвафф бомбардимончи самалётлари қатнашган эди. Британия қироллиги ҳарбий ҳаво кучлари маълумотига қараганда, биринчи бомбардимонда 796 та «Ланкастер» ва 9 та «Москито» самолётлари ҳужумда иштирок этган. Ҳаво ҳужуми 13 февраль куни маҳаллий вақт билан кеч соат 22.00 да бошланди. Саксония пойтахтига қарийб бир ярим минг тонна қўпорувчи ва бир минг икки юз тоннача куйдирувчи бомбалар ёғдирилди.

Бомбардимонларнинг кейинги тўлқини уч соат ўтгач, 14 февраль куни Дрезден шаҳрига ҳаводан бомбалар ёғдириш билан бошланди. АҚШ ҲҲК биринчи бўлиб Дрезден устидан бомбалар ёмғирини ёғдириши лозим эди. Аммо 13 февраль куни Америка самолётлари уча олмаганлиги боис 14 февраль куни, сўнгра 15 февраль ва 2 март кунлари 311 та Би-17 русумли бомбардимончи самолётлар Дрезден устидан бомбалар ташлаб ўтди.

Сер Артур «Бомбера» Харис ва генерал Карл Спааттса ҳаво авиация флоти Дрезденни остин-устин қилиб ташлади. Иккинчи жаҳон уруши охирида атом бомбалари ташланган Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларидан кейин Дрезден шаҳри ҳаводан энг оғир зарбалар олган шаҳар сифатида тарихда қолди.

Бомбардимонлар чоғида ҳалок бўлганларнинг сони ҳеч қачон аниқ бўлмаса керак. Британия қироллиги ҲҲК тарихий бўлимининг расмий маълумотида ҳалок бўлганлар сони 50 минг киши, деб кўрсатилган бўлса, бошқа яна энг айрим манбаларда эса 120-150 ва ҳатто 500 минг деб ҳам кўрсатилган. Дрезденда ҳалок бўлганлар орасида нафақат немислар, балки ҳарбий асирлар, завод ва фабрикаларда мажбуран ишлатилаётган хорижий ишчилардан ташкил топган бошқа миллат вакиллари ҳам бор эди.

Немис ҳукумати ҳарбий асирларни, мурдаларни бир жойга тўплашга ва ёқиб юборишга мужбур қилишади. Британия қироллиги ҲҲК тарих бўлими воқеаларни шундай изоҳлайди: «Асосий мақсад, ғарбдан рус қўшинларга қарши немис армиясига қўшимча куч келишига қаршилик кўрсатиш эди. 4 февраль куни Ялта конференциясида руслар ҳаводан керакли зарбалар беришни сўрашди. Авиация вазирлиги Черчилдан Дрезден, Хемнитс ва Лейптсиг шаҳарларини ҳаводан бомбардимон қилиш орқали кўмак беришини сўраб талабнома юборди ва шу тариқа катта ҳарбий операция бошланди».

АҚШ ҲҲК тарих бўлими «1945 йил 14-15 февраль кунлар Дрезденни бомбардимон қилиш борасида тарихий таҳлил» ҳисоботини тайёрлади. Америка варианти бўйича, совет томони билан ҳамкорликда немис ҳудудларини бомбардимон қилиш муддати ва объектлари 1994 йилнинг охирида қизил армия Германия чегарасидан чиққан вақтдаёқ ишлаб чиқилганди.

Ҳужжатда айтилишича, шаҳарда 110 та ҳарбий мақсадлар йўлида ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод мавжуд бўлиб, берилган зарбалар натижасида шаҳарнинг 23% ишлаб чиқаришга мўлжалланган ва 53% ишлаб чиқаришга мўлжалланмаган, 50% яшаш учун мўлжалланган бинолари ва барча транспорт тизими харобага айлантирилди. АҚШ ҲҲК тарих бўлими харобага айлантириш ва қирғинларга асосан Британия ҳаво кучлари ҳиссаси катта бўлганини таъкидлайди.

Кўп тортишувлар ХХ аср 60-йиллари бошида Девид Ирвингнинг «Дрезденни бузиш» китоби чоп этилгандан сўнг бошланди. Унинг ёзишича, Европа тарихида энг кўп қурбонларга олиб келган бомбардимон инсониятни тиз чўктириш ва унга қарши қаратилган энг ваҳший ҳаракатлардан бири бўлган.

2004 йилда чоп этилган Фредерик Тейлорнинг «Дрезден. 13 февраль 1945 йил» деб номланган китоби ҳам бир қанча шов-шувларга сабаб бўлди. Тейлорнинг фикрича, Дрезден ҳарбий сиёсий нуқтаи назардан «қонуний мақсад» бўлган, лекин шунда ҳам шаҳарни вайрон қилиш ва унинг аҳолисини қирғин қилишни оқлаб бўлмайди.
Тейлор ўз ишини Британия, Америка ва немис архивларини ўрганиш, одамлар билан мулоқотда бўлиш ва бомбардимонда иштирок этган учувчилар гувоҳликларига асосланиб яратди.

Январь ойида шаҳар маъмурияти олдидаги чиқиши вақтида Дрезден полицияси Тейлор хавфсизлигини таъминлашига тўғри келди. Унинг чиқишини ўнлаб янги нацистлар тўхтатишга уринишди. Маҳаллий нашрлардан ҳисобланмиш «Билд» газетаси уни «шов-шувли муаллиф», деб атади.

Ниҳоят, қиролича Елизаветта ИИ ўтган йили Германияга ташрифи чоғида «Билд» газетаси ундан Дрезден учун кечирим сўрашини талаб қилди. Қиролича британиялик аждодлари қилган хатони оз бўлсада ювиш мақсадида Дрездендаги «Фрауэнкирх» обидасини тиклаш учун пул маблағи ҳадя қилди.

Дрезден ҳозирга қадар неонацистларнинг Германиядаги тарғибот қуролига айланиб қолган. Бу мавзу нафақат Дрезден, балки Гамбург, Любека, Берлин шаҳарлари бомбардимон қилинган кунларини нишонлаш арафасида ҳам кун тартибига чиқади.
Лондоннинг «Дейли телеграф» газетаси немис тарихчиси Матиас Греттсшелнинг “1945 йил февральда Дрезденга қаратилган зарбаларни Нью-Йорк ва Вашингтон шаҳарларида 2001 йил 11 сентябрда «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳи томонидан содир этилган қўпорувчиликка қиёсласа ҳам бўлади”, деган фикрини келтириб ўтади.

«Ҳуррият» газетасидан олинди.