Диний-маърифий мавзуларни ёритган ижодкорлар тақдирланди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида оммавий ахборот воситалари орқали диний-маърифий мавзуларни ёритишда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ижодкорлар тақдирланди.

«Сарҳисоб» танлови Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети, Матбуот ва ахборот агентлиги, Узбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимов табрик сўзи билан иштирок этдилар.

Бу йилги «Сарҳисоб» танловига 1200 дан ортиқ ижодий ишлар тақдим этилган бўлиб, улардан 595 таси интернет йўналишидаги мақолалардир. Бу йилги танловга «Тинчлик ва осойишталикни қадрлаш мавзусидаги энг яхши ижодий иш» йўналишида алоҳида мукофот жорий этилди.

Тадбирда телевидение, радио, матбуот ва Интернет йўналишларида энг яхши деб топилган ижодий ишларнинг муаллифлари ҳамда соҳада алоҳида намуна кўрсатган тарғиботчилар махсус диплом ва ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан мукофотландилар.

Тақдирланганлар номидан сўз Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Турматов ва Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматулло Усмонов сўзга чиқиб, ушбу эътироф уларнинг диний-маърифий соҳадаги ижодий ишларини янада фаоллаштиришга ундашини таъкидладилар.

Тадбир доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Мовароуннаҳр” ва Тошкент ислом университети нашриёти томонидан чоп этилган янги нашрлар кўргазмаси ҳамда “Ҳидоят” журналининг ижтимоий ҳаёт бўлими ходим Муҳаммадсиддиқ Раҳматовнинг “Тинчлик – олий неъмат” номли фотокўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.

Қуйидаги номинациялар бўйича танлов ғолиблари тақдирланди:

Йилнинг энг фаол тарғиботчиси номинацияси

Асосий мукофотлар:
I ўрин – Долзарб мавзулардаги мақола ва китоблари учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов.
II ўрин – Хотин-қизлар орасида фаол тарғибот фаолияти учун «Хадичаи Кубро» ўрта махсус ислом билим юрти мудираси вазифасини бажарувчи Нозима Ибрагимова.
III ўрин – Диний таълим муассасаларидаги тарғибот фаолияти учун Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов.
Рағбатлантирувчи мукофот:
1. Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган тарғибот фаолиятидаги намунали иштироки учун – Тошкент ислом университети ўқитувчиси Жамолиддин Каримов.
2. Республика бўйлаб ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлардаги фаол иштироки учун – Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази илмий котиби Комилжон Шермуҳамедов.

Интернет йўналиши

Асосий мукофотлар:
I ўрин – «ummat.uz» Интернет манзилидаги долзарб диний-маърифий мақолалари учун Тошкент шаҳар «Тўхтабой» масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов.
II ўрин – «bukhari.uz» Интернет манзилидаги долзарб мавзулардаги мақолалари учун Имом Бухорий халқаро маркази илмий ходими Олимхон Юсупов.
III ўрин – qadriyat.uz», «ziyouz.com» Интернет манзилларида эълон қилинган диний-маърифий мавзулардаги туркум мақолалари учун ушбу сайтлар муҳаррири Давронбек Тожиалиев.
Рағбатлантирувчи мукофот:
1. Интернет тармоғида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг маънавий- маърифий фаолиятини кенг тарғиб қилгани учун — «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Жалолиддин Холмўминов.
2. Диний-маърифий Интернет манзилларидаги туркум мақолалари учун — Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматулло Усмонов.

Матбуот йўналиши

Асосий мукофотлар:
I ўрин – Долзарб мавзулардаги диний-маърифий мақола ва нашрлари учун – Имом Бухорий халқаро маркази илмий котиби Шукрулло Умаров.
II ўрин – Диний-маърифий мавзулардаги туркум мақолалари учун – «Мовароуннаҳр» нашриёти муҳаррири Нўъмон Атабаев.
III ўрин – Ёшлар тарбиясига оид туркум мақолалари учун – Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Турматов.
Рағбатлантирувчи мукофот:
1. Ҳудудий газеталарда чоп этилган диний-маьрифий мақолалари учун – «Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом билим юрти мудири Ўткир Ғузаров.
2. Даврий матбуотда маънавий-ахлоқий мавзулардаги туркум мақолалари учун – Қорақалпоғистан Республикаси «Истиқлол ва Қонун» газетаси бўлим муҳаррри Миясар Қабулова.

Радио йўналиши

Асосий мукофотлар:
I ўрин – Долзарб мавзуларда тайёрланган радиодастурлар учун – «Ёшлар» телерадиоканали АЖ директори ўринбосари Кумуш Пардаева.
II ўрин – Радиоканалларда диний-маърифий мавзулардаги фаол чиқишлари учун – «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Маъмуржон Эркаев.
III ўрин – «Ўзбекистон» радиосидаги туркум эшиттиришлари учун – Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси муҳаррири Акбар Аброров.
Рағбатлантирувчи мукофот:
1. Радиоканалларда диний-маърифий мавзулардаги чиқишлари учун – Тошкент ислом университети ўқитувчиси Саидафзал Саиджалолов.

Телевидение йўналиши

Асосий мукофотлар:
I ўрин – «Ўзбекистон» телерадиоканалида эфирга узатилган «Рамазон туҳфаси» туркум кўрсатувлари дастури учун – Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлари бош муҳарририяти «Ҳидоят сари» кўрсатуви режиссёри Тўлқин Шамсиев.
II ўрин – Ўзбекистон телерадиокомпанияси ва маҳаллий телерадиокомпанияларда намойиш этилган долзарб мавзулар бўйича давра суҳбатларидаги иштироки учун – Самарқанд вилояти «Имом Бухорий» масжиди имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов.
III ўрин – Ҳудудий телеканалда эфирга узатилган диний-маърифий кўрсатувлардаги фаол иштироки учун – «Муҳаммад ал-Беруний» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Бахадир Абдирахманов.
Рағбатлантирувчи мукофот:
1. Андижон    телерадиокомпаниясидаги диний-маърифий туркум курсатувлардаги чиқишлари учун – Андижон вилояти «Олтинкўл» масжиди имом-хатиби Муҳаммадюсуф Тўрақулов.

«Тинчлик ва осойишталикни қадрлаш мавзусидаги энг яхши ижодий иш» йўналишида алоҳида бош мукофот

Диний-маърифий соҳадаги ибратли фаолияти, аҳоли орасида соғлом эътиқод асосларини тарғиб этишдаги ўрни, ёшларни ёт таъсирлардан муҳофаза этишдаги намунали фаолияти учун – «Зиё» студияси ижодий гуруҳи