Буюк Британия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ўзбекистонга келади

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирининг Европа ва Америка масалалари бўйича ўринбосари, мамлакат парламенти аъзоси Алан Дункан Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси 16 декабрь куни хабар берди.

Шу тариқа Алан Дункан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев инагурациясидан кейин мамлакатимизга ташриф буюрадиган биринчи хорижий амалдор бўлади.

“Ўзбекистонга ташриф буюриб, Президент Шавкат Мирзиёевни сайловдаги ғалабаси билан қутлаш имкони пайдо бўлганидан жуда хурсандман. Мен Президент бошлаб берган ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлайман ва икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашда Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга умид қиламан. Бизнинг мудофаа соҳасидаги терроризмга қарши курашиш борасидаги узвий ҳамкорлигимиз минтақа хавфсизлигини таъминлашда аввалгидек муҳим аҳамиятга эгадир”, – деган сэр Алан Дункан.

Британиялик юқори мартабали амалдор Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга ҳам ишонч билдирган.

“Президентнинг бизнес муҳитини яхшилаш ва мамлакатда хусусий сектор ролини кенгайтириш борасидаги қарори мазкур улкан ва ривожланаётган бизнесга Британия компаниялари эътиборини қаратишга ёрдам беради”, – дея қўшимча қилган у.

Сэр Алан Дунканнинг Тошкентга сафари давомида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев ва Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан учрашиши кўзда тутилган.