Бокуда IV Ислом бирдамлиги ўйинлари бошланди

12 май куни Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида IV Ислом бирдамлиги ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали маросимда Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев, IV Ислом бирдамлиги ўйинларининг ташкилий қўмитаси раиси Меҳрибон Алиева, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти бош котиби Юсуф ал-Усаймин ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.

Тантанали маросимга театрлаштирилган томоша файз бағишлади, деб хабар беради Озарбойжон оммавий ахборот воситалари.

IV Ислом бирдамлиги ўйинларини Боку ўтказиш ҳақидаги қарор 2013 йил июлда Ислом бирдамлиги спорт федерацияси бош ассамблеясида қабул қилинган.

Озарбойжон Президенти Илҳом Алиевнинг 2015 йил 18 сентябрдаги фармонига кўра, IV Ислом бирдамлиги ўйинлари бўйича ташкилий қўмита таъсис этилган. Мамлакатнинг биринчи хоними Меҳрибон Алиева ташкилий қўмита раиси этиб тайинланган.

Ўтган муддат ичида Бокудаги 16 та спорт аренаcини халқаро мусобақага тайёрлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Ислом бирдамлиги спорт федерацияси президенти Абдуллоҳ бин Мосаад бин Абдулазиз мусобақаларга тайёргарликка юқори баҳо бериб, Озарбойжон раҳбариятига ташаккур изҳор этган.

Мусулмон оламидаги энг нуфузли спорт тадбири саналган мусобақалар енгил ва оғир атлетика, сувга сакраш, сузиш, сув полоси, баскетбол, футбол, бадиий ва спорт гимнастикаси, ушу, стол тенниси, қўл тўпи, дзюдо, юнон-рим кураши, мерганлик, теннис, волейбол, бокс, каратэ каби 24 та спорт тури бўйича ўтказилади. Унда 54 мамлакатдан 3000 спортчи қатнашади.

Ислом бирдамлик ўйинларида Ўзбекистондан 103 нафар ҳамюртимиз спортнинг 15 та тури бўйича иштирок этмоқда. Вакилларимиз енгил атлетика, дзюдо, эркин ва юнон-рум кураши, каратэ, таэквондо, оғир атлетика, бокс, гандбол, ўқ отиш, спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, теннис, пара-атлетика ва пара-дзюдо турлари бўйича мусобақаларда қатнашади.

Эслатиб ўтамиз, “Ислом мамлакатлари олимпиадаси” деб аталган ушбу мусобақа 4 йилда бир маротаба бўлиб ўтади. Мазкур ўйинларнинг дастлабкиси 2005 йилда Саудия Арабистонида ўтказилган.

 

Шу мавзудаги мақола:

Озарбойжон IV Ислом бирдамлиги ўйинларига ҳозирлик кўрмоқда. 14.02.2017