Боку-Тбилиси-Қарс темирйўли — Европа ва Осиё ўртасида кўприк

30 октябрь куни Озарбойжонда Боку-Тбилиси-Қарс темирйўлининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев ва унинг рафиқаси Меҳрибон Алиева, Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва унинг рафиқаси Эмине Эрдўғон, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Қозоғистон бош вазири Бакитжон Сагинтаев ва Грузия ҳукумати раҳбари Георгий Квирикашвили иштирок этди.

“Боку-Тбилиси-Қарc cтратегик аҳамиятга эга тарихий лойиҳа саналади. 850 километрли йўлнинг 504 километри Озарбойжон ҳудудидан ўтади. Боку-Тбилиси-Қарс темирйўли Европани Осиё билан боғловчи энг қисқа ва ишончли йўлдир. Дастлабки босқичда бу йўлдан 5 миллион тонна, кейинроқ 17 миллион тонна, сўнг янада кўпроқ юк ташиш кўзда тутилган. Сирасини айтганда, Боку-Тбилиси-Қарс темир йўли Евроосиё транспорт харитасини муҳим бўғинига айланди”, – деди Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев.

Қайд этилишича, янги темирйўл минтақадаги иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

“Лойиҳа Озарбойжон, Грузия ва Туркиянинг хоҳиш-иродаси туфайли рўёбга чиқди. Уни амалга ошириш бўйича битим Грузияда имзоланди, тамал тоши Туркияда қўйилди, топшириш маросими, мана, Озарбойжонда ўтказилмоқда. Уч мамлакат қатъий ирода ва ишонч билан олдинга қўйилган мақсадга эришиш мумкинлигини исботлади.  Озарбойжон, Грузия ва Туркия кейинчалик ҳам баҳамжиҳат, бир-бирини қўллаган ҳолда ҳаракат қилади. Бу лойиҳа давлатларимизнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиради”, – деди И.Алиев.

Таъкидланишича, мазкур йирик лойиҳанинг амалга оширилишига ишончсизлик билан қараган кучлар ҳам бўлди. Аммо қатъий ирода ва ўзаро ишончли ҳамкорлик асосида йирик лойиҳа якунига етказилди.

Мазкур темирйўл Марказий Осиё учун ҳам манфаатлидир.

“Ўрта Осиё мамлакатлари, хусусан, Қозоғистон бу темирйўл лойиҳасига катта қизиқиш билдирмоқда. Ушбу маросимда мазкур давлатлардан юқори мартабали расмийлар ва делегациялар қатнашаётгани бунинг яққол исботидир. Ушбу темирйўл боис Ўрта Осиё мамлакатлари билан анъанавий дўстлик алоқаларимиз янада мустаҳкамланишига ишонамиз”, – деди Озарбойжон етакчиси.

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам янги темирйўл Осиё, Африка ва Европани боғловчи транспорт йўналишини муҳим бўғини бўлганини таъкидлади.

Темирйўл орқали 2034 йилга бориб уч миллион йўловчи ва 17 миллион тонна юк ташилишига урғу берган Туркия раҳбари янги лойиҳа Лондон ва Хитой ўртасида доимий қатновни таъминлашини айтди.

“Бу лойиҳа тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликка ҳам ҳисса қўшади, мамлакатларнинг ижтимоий фаровонлигини таъминлайди. Йўловчи ва юк ташишга ёрдам бериши билан бирга, бу йўл билимлар алмашувига ёрдам беради ва мамлакатларимизнинг умумий тараққиётига хизмат қилади”, – деди Туркия раҳбари.

Маросимда қатнашган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов эса Боку-Тбилиси-Қарс темирйўлининг фойдаланишга топширилгани қадимий Буюк ипак йўлини қайта тиклаш йўлидаги беқиёс қадамлардан бири бўлганини таъкидлаган. А.Арипов Боку-Тбилиси-Қарс темирйўли Шимол–Жануб лойиҳасининг муҳим йўналишларидан бири экани, Ўзбекистон ушбу транспорт йўлаги орқали юк ташишдан манфаатдорлигини қайд этди.

Боку-Тбилиси-Қарс темир йўлининг умумий узунлиги 838 километрни ташкил этиб, унинг 76 километри Туркия ҳудудида, 259 километри Грузия ва 504 километри Озарбойжон ҳудудидан ўтади.

Ушбу темирйўл Хитойдан Европага юк ва йўловчи ташиш муддатини 20-30 кундан 12-15 кунга камайтириши кутилмоқда. Янги йўл орқали Туркиянинг Қарс шаҳрига бир кунда, Истанбулга эса 2,5 кунда бориш мумкин бўлади.

C.Cалим