Боку Маданиятлараро мулоқот бўйича жаҳон форумига мезбонлик қилмоқда

Бокуда Маданиятлараро мулоқот бўйича IV жаҳон форуми доирасида матбуот анжумани ўтказилди. Озарбойжон маданият ва туризм вазири Абулфас Гараев “Маданиятлараро мулоқотни кенгайтириш: одам ва олам хавфсизлиги ҳамда барқарор тарақққиёт учун янги имкониятлар” мавзусида ўтказилаётган форум доирасидаги тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, 2008 йилда Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев маданиятлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш мақсадида “Боку процесси” ташаббусини илгари сурган. Озарбойжон томонининг ушбу ташаббус билан чиққани бежиз эмас. Турли миллат ва элат вакиллари асрлар давомида ушбу мамлакатда тотув яшаб келмоқда. Шу маънода маданиятлараро мулоқотни шунчаки мафкура эмас, ҳаётий зарурат дейиш мумкин. Бокуда ўтаётган жаҳон форуми ҳам “Боку процесси” ташаббусининг мантиқий давомидир.

Маданият ва туризм вазири Абулфас Гараев йилдан-йилга форум жуғрофияси кенгайиб бораётгани, форум ЮНЕСКО, БМТ Цивилизация альянси, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти, Европа Кенгаши ва бошқа нуфузли ташкилотлар учун мулоқот платформасига айланганини таъкидлади.

Айтилишича, форум йирик маданий лойиҳа сифатида янги ғоя ва ташаббусларни амалга оширишга имкон беради. Форум доирасида қирққа яқин турли тадбирлар ташкил этилиб, уларда турли мамлакатларнинг 120 га яқин расмий вакиллари, 100 дан ошиқ халқаро ва нодавлат ташкилотлар намояндалари қатнашади. Анжуманларда жами 800 дан ошиқ хориж делегатлари иштирок этади. Улар орасида чет эллик нуфузли мансабдорлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, парламентлар аъзолари, дипломат ва олимлар бор.

Тадбир давомида Озарбойжон Республикаси ва БМТ цивилизация альянси маданиятлараро мулоқот бўйича “Боку процесси” мукофотини эълон қилади.

БМТнинг Цивилизациялар альянси бўйича олий вакили Носир Абдулазиз ал-Носир Озарбойжон раҳбариятига тадбирни ташкил этгани учун миннатдорлик билдирди.

“Маданиятлараро мулоқот ёрдамида тинчликка эришиш мумкин ва “Боку процесси” шу жиҳати билан ҳам аҳамиятлидир. Маданиятлараро мулоқотни кенгайтириш экстремизмга қарши курашда ҳам муҳим роль ўйнайди. Мен Озарбойжон томони маданиятлараро ва динлараро мулоқотга катта аҳамият бераётганини юқори баҳолайман”, – деди Носир Абдулазиз ал-Носир.

Тадбирда сўз олган ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари Нада ал-Нашиф, БМТ вакили Марио Лубеткин, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби маслаҳатчиси Амр Абдулғаффор форумнинг аҳамияти хусусида сўзлади.

Шу мавзудаги мақола:

Озарбойжонда 2017 йил – Ислом бирдамлиги йили. 10.01.2017