Озарбойжон IV Ислом бирдамлиги ўйинларига ҳозирлик кўрмоқда

Озарбойжон пойтахти Бокуда жорий йил 12-22 май кунлари ўтадиган IV Ислом бирдамлиги ўйинларига чипталар 19 мартда чиқарилади. Оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, нуфузли мусобақа учун 500 мингдан зиёд чипта сотилиши режалаштирилган.

Озарбойжон Президенти Илҳом Алиевнинг 2015 йил 18 сентябрдаги фармонига кўра, IV Ислом бирдамлиги ўйинлари бўйича ташкилий қўмита таъсис этилган. Мамлакатнинг биринчи хоними Меҳрибон Алиева ташкилий қўмита раиси этиб тайинланган.

Мусулмон оламидаги энг нуфузли спорт тадбири саналган мусобақалар енгил ва оғир атлетика, сувга сакраш, сузиш, сув полоси, баскетбол, футбол, бадиий ва спорт гимнастикаси, ушу, стол тенниси, қўл тўпи, дзюдо, юнон-рим кураши, мерганлик, теннис, волейбол, бокс, каратэ каби 20 та спорт тури бўйича ўтказилади.

Озарбойжон Ёшлар ва спорт вазири  Озод Раҳимов ҳозирча 50 та мамлакат Миллий олимпия қўмиталари мусобақаларда қатнашиш истагини билдирганини айтган. Озарбойжон халқаро беллашувларда 57 та мусулмон давлат вакиллари иштирокини эришишни мақсад қилган. Озод Раҳимовга кўра, Бокуга 3000-3500 нафар спортчи келиши кўзда тутилган.

Мамлакат раҳбарияти спорт беллашувларини юксак савияда ташкил этиш орқали бутун жаҳонга мусулмон олами якдиллигини кўрсатишни мақсад қилган.

“Умид қиламизки, спорт мусобақалари дунёга ислом бирдамлигини намунаси бўлиб хизмат қилади  ва мусулмон оламида дўстона робита ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади”, – дейди Озарбойжон Президентининг ижтимоий-сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Али Ҳасанов.

20 та спорт тури бўйича беллашувлар Бокудаги 15 та замонавий аренада ўтказилади.

Ҳайдар Алиев номидаги стадион

Боку Олимпия стадиони

Crystall Hall аренаси

Миллий гимнастика аренаси

Тофиқ Баҳромов номидаги стадион

Эслатиб ўтамиз, Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев мамлакатда 2017 йилни Ислом бирдамлиги йили деб эълон қилган. IV Ислом бирдамлиги ўйинлари эса ушбу йилдаги асосий воқеалардан бири бўлиши кутилмоқда.

Кейинги йилларда дунё миқёсида муқаддас ислом динини ёмонотлиқ қилиш, уни обрўсизлантиришга уриниш кузатилаётгани сир эмас. Расмий Боку халқаро майдонда муқаддас ислом қадриятларини ҳимоя қилиб, исломофобияга қарши курашни кучайтириш лозимлигини таъкидлаб келмоқда.

“Бугун дунёнинг айрим сиёсатчилари ва экспертлари исломни террор билан боғлаб, унинг номига доғ туширмоқда. Улар айнан мусулмон мамлакатлар терроризмдан энг кўп азият чекаётганини унутиб қўймоқдалар”, – деган эди Президент Илҳом Алиев Бокуда ўтган халқаро гуманитар форумда.

Озарбойжон раҳбарига кўра, ислом тинчлик, бағрикенглик ва адолат дини бўлиб, уни террор билан боғлаш катта хато саналади.

Таҳлилчилар томонидан Озарбойжонда 2017 йил Ислом бирдамлиги йил деб эълон қилиниши Бокунинг муқаддас ислом динини муҳофаза этиш йўлидаги навбатдаги қадами сифатида баҳоланмоқда.

Собир Салим