Беҳаловат “сариқ аждар”

Хитой – кўз кўриб қулоқ эшитмаган суръатларда тараққий этаётган давлат. Халқи миришкор, меҳнаткаш, унча-мунча қийинчиликни писанд қилмайди. Етти иқлимга маълумки, Оврупою Американинг дабдабали дўконларига асл моллар етказаётган ҳам, “учинчи дунё” ўлкалари бозорини арзонгаров маҳсулотларга тўлдираётган ҳам шу халқ.

Замоннинг қудратли салтанатлари жаҳонда ҳарбу зарб ила ҳукм юргизаётган бўлса, Чин юрти иқтисод воситасида ўз сўзини ўтказиш пайида. Яқин-яқингача Хитой катта саноққа қўшилмаган, дунё тақдирига дахлдор масалаларни ҳал этишда у билан ҳисоблашилмас эди. Бугун сайёрамизда сиёсий иқлим ўзгарди. Мустаҳкам оёққа туриб олган “Сариқ аждар” амалдаги халқаро тартибни ўзгартириш, геосиёсат “тузук”ларини ислоҳ этишга уринаётир. “Бир белбоғ, бир йўл” каби глобал лойиҳаларни таклиф этаётир.

“Очиқ эшиклар” сиёсати

Хитой Халқ Республикасининг асосчиси Мао Цзедун вафотидан кейин мамлакат тепасига ишнинг кўзини биладиган арбоб – Дэн Сяопин келдию ошиғич ислоҳотларни бошлаб юборди. Алвон шиорлар, баландпарвоз чақириқлар билан оч-наҳор раиятни тўйдириб бўлмаслигини англаган янги етакчи иқтисодиётни бирмунча эркинлаштирди, социалистик жамиятга капиталистик бозор муносабатларини дадил олиб кирди. Хусусий мулк давлат ва жамоат мулки каби дахлсиз деб эълон қилинди, хориж сармоядорларига бир талай имтиёзлар берилди. Дэн Сяопин бошлаб берган “очиқ эшиклар” сиёсатини унинг ворислари ҳам давом эттирди. Шу тариқа кўп миллионли халқ бир муштга дўниб, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган чўлларни ўзлаштирди, обод шаҳару кентлар бунёд этди. “Буюк девор” ортида социализм ҳамда капитализм, режали иқтисодиёт ҳамда бозор муносабатлари омухталашган иқтисодий тизим яратилди.

Дарҳақиқат, хитойликлар шамол қай томондан эсишини яхши билади, дунё бозоридаги ўзгаришларга тез ва соз мослашишнинг ҳадисини олган. Номига тил келишмайдиган хитой ширкатлари дунёга донғи кетган компаниялар нонини яримта қилаётгани ҳам айни ҳақиқат. Улар ҳатто жаҳон молиявий инқирози “тегирмон”идан бутун чиқди. Хитойлик сармоядорлар темирни қизиғида босиб, касодга учраган ажнабий ширкатларни кўтарасига сотиб олди. Боз устига, Пекин ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун катта-кичик мамлакатларга қарз улашаётир. Ўтган йил якунига кўра, Хитой АҚШнинг 1,2 триллион долларлик давлат облигациясини харид қилган.

Мўл-кўл ишчи кучи ва қулай сармоя муҳитига эга мамлакат аллақачон “дунё корхонаси”га айланган. Минглаб ажнабий ширкатлар Хитойда “капа тикиб” олгани, маълуму машҳур брендлар остида маҳсулотларини шу ерда ишлаб чиқараётгани бежиз эмас. Мамлакат шиппакдан тортиб автомобилгача, жимитдек соатдан тортиб маҳобатли кемаларгача – турфа маҳсулотларни экспорт қилаётир. Хитойи молларнинг нархи арзон, сифат борасида ҳам унча-мунча рақобатчини бир чўқишда қочиради.

Чин юрти каттагина сарват тўплагани ростдирки, у ҳатто фазони тадқиқ этишга маблағни аямаётир. Мамлакат олимлари Антарктидага ҳам серқатнов бўлиб қолди – яқин фурсатда мангу музликлар диёрида аэропорт бунёд этиш кўзланаётир. Хитойликларнинг Жанубий қутбга танда қўйгани бежиз эмас: ётиб еганга тоғ чидамайди, мамлакатга янги-янги нефть-газ захиралари сув билан ҳаводек зарур…

Бир давлат – уч жамият

Синчи олимлар кўпдан буён Хитой иқтисодий мўъжизасининг сири нимада, деган савол атрофида баҳслашмоқда.Тараққиётга доялик қилган иқтисодий-сиёсий омиллар, бизнингча, бир талай. Аввало, эркинлик шабадаси эса бошлаган 1970-йилларда Карл Маркс ғояларига мутаассибларча амал қилишга чек қўйилди. Сиёсат аҳли коммунизм “ота”си илгари сурган қарашлар замон шиддатига дош беролмаслиги, давр талаби асосида уларни таҳрир этиш лозимлигини англаб етди. Хомхаёллар, утопик қарашлардан воз кечилди, янги жамият бунёд этишда капитализм ютуқларидан унумли фойдаланилди. Социалистик давлат АҚШ ва Оврупонинг илғор технологиялари, иқтисодий билимларини чанқоқлик билан ўрганиб, амалга татбиқ этди. .

Хитой ташқи сиёсатига хос хусусиятлардан бири шундаки, у ҳамкор давлатларга партия дастури асосида шартлар қўймайди ёки коммунистик ғояларни мажбурлаб тиқиштирмайди. Иқтисодий ҳамкорлик биринчи навбатда манфаатга асосланади. Дэн Сяопин таъбири билан айтганда, “Мушук оқ бўладими, қорами – бунинг нима фарқи бор, сичқонни тутиб еса бас-да!”. Мазкур прагматик ёндашув сабабли Хитойга хориж сармояси дарёдек оқиб келди.

Эҳтиёж одамни буюк кашфиётчига айлантиради, деган гап бор. Хитой жамиятида фикрий уйғониш, интеллектуал юксалиш давом этаётир. Мамлакат ихтироларга берилган патентлар сони бўйича жаҳонда биринчи ўринга чиқди. Айни пайтда мутараққий дунёда уч юз мингдан зиёд хитойлик талаба таҳсил оляпти.

Таниқли сиёсатшунос Сэмюэль Ҳантингтон “Тамаддунлар тўқнашуви” китобида илк бор “Катта Хитой” атамасини истифода этган. Америкалик олим Чин давлати, шунингдек, хитой миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилаётган Тайвань, Ҳонконг, Сингапур ҳамда Жануби-шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатларини жамлаб шундай атаган. Ҳантингтоннинг фикрича, Чин давлатининг бугунги тараққиётида ушбу улкан ҳудудда яшаётган хитой сармоядорларининг хизмати катта.

Ҳар тўкисда бир айб деганларидек, Хитой тараққиётига тушов бўлаётган муаммолар ҳам бор. Тадқиқотларга кўра, сўнгги йиллар жамиятда табақаланиш кучайган, шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги тафриқа ортган. Денгиз бўйидаги шаҳарлар аҳолиси катта давлат орттириб, тўқликка шўхлик қилаётган бўлса, марказий музофотлардаги усти юпун, қўли калта зироаткорлар жонини жабборга бериб ишласа-да, қора қозонини аранг қайнатяпти.

Келажакшунос олим Элвин Тоффлер инсоният жамиятини уч тоифа – тўлқинга (аграр, индустриал ва супериндустриал) бўлган эди. Конфуций ватанида бугун учала тоифага хос белгиларни кўриш мумкин. Айрим минтақалар ҳамон аграр босқичда қолаётган бўлса, айримлари аллақачон индустриал ёки супериндустриал даврга қадам қўйган.

Ўлка равнақига ғов бўлаётган иллатлардан яна бири – коррупция. 2013 йил 14 мартдан Хитой раҳбари сифатида иш бошлаган Си Цзинпин дастлабки маърузаларидаёқ коррупция, порахўрликни қоралаб, партия аъзоларининг халқдан узоқлашиб кетганини танқид қилди. Саркотиб Цзинпин ҳокимиятга келгач, ҳукумат тизимидаги юзлаб нобоп амалдор жазога тортилди, қуюшқондан чиққан ўнлаб юқори мартабали раҳбарларнинг баҳридан ўтилди. Замонавий Хитой тарихидаги коррупцияга қарши омонсиз кураш ҳали тўхтагани йўқ.

Омад… кучлиларга кулади

Ер курраси – манфаатлар тўқнашадиган майдон. Аччиқ ҳақиқат шуки, бу майдонда ҳақ олинади, берилмайди! Бир осмон остида, бир замин устида умргузаронликқ илаётган миллатлар ҳақ-ҳуқуқи учун курашишга мажбур. Юзхотир қилган, андишага борганлар оғзидаги ошини олдириши ҳеч гап эмас.

Ўтган асрда собиқ Иттифоқ сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий жабҳада Американи жиловлаб тургани маълум. Шўро салтанати қулагач, Вашингтон геосиёсатда якка етакчига айланди. Унинг айтгани айтган, дегани деган бўлиб қолди. Энди эса Пекин бой берилган мувозанатни тиклаш тараддудида.

Хитой зиёлилари наздида, XIX аср охиридан XX аср ўрталаригача бўлган муддат мамлакат тарихининг шарафсиз саҳифалари саналади. Боиси – айни шу даврда яхлит давлат тариқдек ҳар томонга сочилиб кетди, тамаддун бешиги бўлган заминга истилочилар қадами тегди. Жисмига пайконлар санчилган “Сариқ аждар” кўп йиллар бош кўтаролмай, Буюк девор ортида жароҳатлари битишини кутди. Бугун эса Конфуций ватандошлари “Сариқ аждар”нинг катта сиёсатга қайтиш вақти келганини очиқ-ошкор айтаётир.

Пекин маъмурияти кўпроқ Вашингтон манфаатларига хизмат қилаётган ҳозирги халқаро тартибга осонгина кўнадиганга ўхшамайди. Хитойлик олим Жин Кэнронг мутараққий дунёда шаклланган халқаро тартиб ривожланаётган мамлакатлар манфаатига зид, деган фикрда. Унинг хулосасига кўра, “Зўрники тегирмон юритар” қоидасига таянган мазкур геосиёсий модель глобал муаммоларни ҳал этишга ожиз. Сиёсатшунос олим Хитой беш юз йиллик Ғарб гегемонлигига барҳам бериб, сайёра тинчлигини сақлаш бўйича муқобил йўл таклиф этишига қатъий ишонади.

“Оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин” деган эски нақл бор. Ажабки, янги замон геосиёсатида ҳамон ана шу қоидага риоя этилади. Аммо гоҳида бойваччаларнинг ҳам гапи ерда қолиши рост. Қуйидаги икки мисолга эътибор қаратинг:

1) Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАР дунё иқтисодиёти локомотивларидан саналади. Бешовлон БРИКС ҳамкорлик гуруҳига ҳам асос солган. Сайёрамиз аҳолисининг салкам ярми истиқомат қилаётган беш давлат Халқаро валюта жамғармасида 11,03 фоиз, биргина АҚШ эса 16,75 фоиз овозга эга;

2) жаҳон валюта захирасининг 30 фоизи Хитойга тегишли, “Катта саккизлик” давлатлариники эса 20,4 фоиздир. Масаланинг нозик жиҳати шундаки, валюта захираси сақланадиган банкларнинг деярли ярми АҚШда жойлашган. Демак, хазина калити рақобатчининг қўлида…

Ёлғиз отнинг чанги чиқса-да, донғи чиқиши амримаҳоллигини англаб етган Хитой халқаро молиявий тизимни ислоҳ этиш, “адолатсизликка чек қўйиш” мақсадида Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва ЖАР билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга интиляпти. Келгуси йил ишга тушадиган БРИКС тараққиёт банки ҳам молия бозорида Ғарб монополиясига барҳам бериши кўзда тутилган. Дарвоқе, Пекин маъмуриятининг Буюк ипак йўлини қуруқлик ва денгизда тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳам ана шу стратегик мақсад йўлидаги қадамлардир.

“Бир белбоғ, бир йўл” ташаббуси Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин томонидан дастлаб 2013 йилда таклиф қилинган эди. Ушбу ташаббус қуруқлик (“Ипак йўли иқтисодий белбоғи”) ҳамда денгизда (“ХХI аср денгиз ипак йўли”) глобал лойиҳаларини амалга оширишни кўзда тутади. Кузатувчиларнинг айтишича, мазкур ташаббус ҳамкор давлатларга улкан имкониятлар эшигини очади, тинчликни мустаҳкамлаб, иқтисодий тараққиёт ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. Бу борада биргина фактни эслаб ўтиш кифоя: сайёрамизнинг 60 дан ошиқ давлати иштирок этиши кутилаётган  “Бир белбоғ, бир йўл” лойиҳаси дунё аҳолисининг тахминан ярмини қамраб олади.

Ўзликни англаш, миллат ғурурини уйғотиш қудратли мамлакат бунёд этишнинг муҳим омилларидан саналади. Сўнгги юз йилда ғурури лат еган хитойликлар бор аламини ичига ютиб келди. Елкасига офтоб теккач, тарихий меросини, кутубхоналарда чанг босиб ётган нодир манбаларни ҳарислик ила ўрганишга киришди. Конфуций таълимоти эса кўп миллионли аҳолини ягона маърифат туғи остида бирлаштиришга хизмат қиляпти.

Шу кунларда дунё ҳамжамияти айрим халқаро масалалар бўйича Хитой раҳбариятининг оғзини пойлаётгани сир эмас. Бу ҳолатни мамлакат БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси экани билангина изоҳлаш тўғри бўлмас. Ҳозирги нотинч шароитда Хитой дипломатия воситасида ўз нуфузини янада ошириш имконига эга. Бунинг учун Пекин маъмурияти Сурия, Фаластин–Исроил, Эрон билан боғлиқ зиддиятларни ҳал этиш, умуман, Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш борасида фаолроқ бўлиши лозим. Ироқ уруши ва араб мамлакатларидаги инқилоблардан кейин минтақа давлатлари Америка билан эҳтиёткор муносабатни маъқул кўряпти. Хавфсизлик Кенгашининг бошқа доимий аъзолари – Буюк Британия, Франция ва Россиянинг “собиқ мустамлакачи” деган номи бор. Хитойнинг эса тилқисиқлик жойи йўқ, у бетараф мамлакат сифатида бемалол муқобил “йўл хариталари”ни таклиф этиши мумкин.

Хитой Марказий Осиё “юраги” – Ўзбекистон билан ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратаётир. Икки давлат  ўртасида Стратегик шериклик тўғрисида ҳужжат имзоланган. Турли соҳалардаги ҳамкорлик дўстлик, манфаатдорлик ва тенгҳуқуқлилик асосида кенгайиб боряпти. Хитой раҳбарияти фикрича, мамлакатлар ўртасидаги жуғрофий масофа узоқ бўлишига қарамай, икки халқ руҳан яқин, таъбир жоиз бўлса, бири қош, бир кўздир.

С.Ёқубов