Барча йўллар Пекинга элтади

Хитойнинг бош ҳаво бандаргоҳидан ёмғир қарши олди бизни. Пекин ҳавоси хийла салқин ва намхуш. Булутлар тирикчилик ташвишида чумолидек ғимирлаётган одамлар андак ҳордиқ чиқарсин дегандек оби раҳмат улашади… Дунёда сайёҳ зотидан-да қизиқувчан халқ йўқ! Шаррос қуяётган ёмғир ҳам писанд эканми, меҳмонхонага жойлашиб-жойлашмай, шаҳар айланишга тушиб кетдик. Ҳали борадиган-кўрадиган жойлар кўп, вақт эса тиғиз – илдам ҳаракат қилмасак бўлмайди.

Оғиркарвон мўйсафид ҳузурида

Пекин – Чин давлатига неча асрлардан бери садоқат билан пойтахтлик қилиб келаётган кент. Солномаларда бу ерда милоддан аввалги биринчи мингйилликдаёқ шаҳар қад ростлагани қайд этилган. Маҳаллий аҳоли ҳам “Одамзод ерда палак ёзиши билан Пекин пайдо бўлган”, дейди ҳазил оҳангида. Ўтмишда кўҳна шаҳар бошида талай мустабидлар қилич сермаб ўтган. Шунданми, Пекин кўпни кўрган, оғиркарвон, вазмин мўйсафид тимсолида гавдаланади. Эшитган чиқарсиз, ўрта асрларда туркийлар Пекинни “Хонбалиқ” деб атаган. XIV аср охирларида Чинга сафар қилган италиялик жаҳонгашта Марко Полонинг шоҳидлик беришича, ўша маҳаллар Пекин Венециядан ўн баробар катта бўлган. Венеция эса ўрта асрлар Оврупосининг учинчи йирик шаҳри эди…

Пекин бугун ҳам рубъи маскуннинг маъмур кентларидан бири. Бир қарашдаёқ, шаҳарнинг бетакрор меъморчилиги эътиборни тортади. Мунаққаш қопқа олдида улкан арслон чўзилиб ётган, алвон томли кўҳна бинолар бир тараф (хитойларнинг азалдан ҳайвонлар шоҳига ихлоси баланд, иморатларнинг киришида шер ҳайкаллари савлат тўкиб туради). Офтоб нурида камалакмонанд жилва таратаётган, осмонўпар ойнабанд иморатлар бир тараф. Кўкка бўй чўзган иморатга маҳлиё бўлиб ўрта асрлар Хонбалиғига кириб қолгангизни сезмай қоласиз. Тор кўча, пастак ёғоч уйли хутунлар ўтмиш мероси сифатида сақлаб қўйилган. Янги бунёд этилган биноларда эса замонавийлик ва тарихийлик маҳорат билан қориштирилгани яққол сезилади. Қадимдан хитойликлар оламни беш унсур: ёғоч, сув, олов, тупроқ ва маъдан уйғунлигидан иборат деб билади. Иморатларга ҳам шунчаки жонсиз иншоот эмас, моддий ва маънавий дунёни бирлаштирувчи восита деб қаралади.

Аҳоли сони шиддат билан ошаётган, корхоналар кундан-кун кўпаяётган бир пайтда атроф-муҳит ифлосланиши Пекин маъмуриятининг асосий “бошоғриқ”ларидан бири. Бунинг устига, шаҳар аҳли сабрини синамоқчидек вақти-вақти билан бўрон бош кўтаради: шимолдаги биёбондан қум галаси бостириб келади. Лекин табиат инжиқликлари ҳам шаҳарни ораста ва хушманзара тутишга тўсқинлик қилолмайди. Ҳолландияни гуллар мамлакати деганлар Пекинда бўлмаганмикан дейсиз! Ҳар қадамдаги анвойи гуллар қулфи дилингизни очади. Ҳатто кўп қаватли уйларнинг томлари, осма айвонларига ҳам тупроқ олиб чиқиб, мўъжаз чаманзорга айлантирилган. Одми кийинган боғбон-хизматчилар гулларни уззукун парваришлайди, яшил гилам – чимни эпақага келтиради.

Хитойликлар сўнгги йилларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга зўр беряпти. Кўчаларда қуёш нуридан энергия олувчи ускуналар бот-бот кўзга ташланади. Йўлбошчимизнинг ҳикоя қилишича, бу ерда йўлларни яхшилаш учун пул аяб ўтирилмайди. Чиндан ҳам, текис ва равон йўллар, ўргимчак тўридек ёйилган маҳобатли кўприклар ҳаракат тиғизлигини камайтиришга хизмат қилади. Ахир, бир неча миллион автомобиль рўйхатга олинган шаҳарда йўлсозликка жиддий эътибор қаратилмаса ҳам бўлмайди-да!

Ҳайратлар шаҳри

Пекинликлар – уддабуро ва тили бурро тужжор халқ. Бозору дўконларда анойилик қилсангиз, тамом, чўнтагингизни қоқлаб олишлари ҳеч гап эмас. Cавдогарлар молини кифтига келтириб мақтайди, “билса ҳазил, билмаса чин” қабилида отнинг калласидек нарх айтади. Харидор мақтовларга пинак бузмай, талашиб-тортишиши, эринмай савдолашиши керак. Расми шундай! Молини, дейлик, 1000 юань деб оёқ тираб турган тужжор обдон савдолашувдан кейин 50 юанга ҳам кўна қолиши мумкин.

Пекинда бир лаҳза ҳам зерикмайсиз, ҳайратлар шаҳри бу! Оврупо бозорида фалон евро турадиган “Rolex” қўлсоатининг хитойи нусхасини “кепак пули”га оласиз. Америкаликлар турнақатор навбатда туриб харид қилаётган “iPhone” савдо расталарида арзимас ақчага пулланади. Пекин шундай ҳотамтой шаҳар, барчага “бир соатлик халифа бўлиш” имконини беради. Халқи ижодкор, янгиликка ўч: дунё бозорида бирор янги маҳсулот пайдо бўлса, тезда унинг икки томчи сувдек ўхшашини яратади.

Нусха кўчириш ўз йўлига, аммо холис айтганда, Оврупою Американинг энг номдор дўконлари пештахталарини тўлдириб турган сара моллар айни шу мамлакатда ишлаб чиқарилади. Ўтмишда қоғоз, ипак, чинни каби ноёб кашфиётлар муаллифи бўлган миллат бугун ҳам тараққиёт араваси шитоб ҳаракатланиши учун туну кун тер тўкяпти. Пекиннинг Чжунгуаньцун даҳаси “Хитойнинг Силикон водийси” деб аталади. Қилни қирқ ёрадиган электроника гигантларини ҳам шошириб қўяётган технология мўъжизалари шу ерда йўқдан бор қилинади.

Япроқ барибир ерга тўкилади

Пекин мамлакатда нуфузи бўйича биринчи, нуфуси бўйича эса Шанхайдан кейин иккинчи ўринда туради. Кўҳна кент 20 миллиондан ошиқ аҳолини, яна аллақанча сайёҳларни бағрига сиғдирган. Хоқон кўрган, тагли-зотли шаҳар бу! Тарихий меросга ҳурмат ҳисси, қолаверса, томирида оқаётган аждодлар қони одамларига куч беради, чамаси. Маҳаллий аҳоли ниҳоятда меҳнатсевар, куйди-пишди, тиниб-тинчимас. Шафқатсиз рақобат туфайли жонини жабборга бериб ишлайди. Лекин машаққатли синовларга қарамай, одамлари некбин кайфиятда! Кўча-кўйда, боғ-хиёбонда рақс тушаётган, қўшиқ айтаётган ёш-яланг, ҳатто қариялар учрайди. Йўлбошловчимизнинг тушунтиришича, одамлар куй ва рақс орқали чарчоғини ёзади, кайфиятини кўтаради.

“Дарахт қанча юксак бўлмасин, япроқлари барибир ерга тўкилади”, дейди хитойлик эскилар. Пекин аҳолиси ҳам одашвашандалиги, камтаринлиги билан тилга тушган. Шу-унча мўъжизаларга қўл уриб қўйиб, ҳеч нарса қилмагандек риоягарчилик билан боқади, табассум қилиб тураверади.

Марказий хиёбонлардан бирида тош йўлга ҳуснихат билан неларнидир ёзаётган қария диққатимизни тортди. Ёши 90га бориб қолган отахон ҳуснихат машқини қилаётибди экан! Қўлидаги чўткани сувга ботириб, маъноси бизга қоронғу иероглифларни ёзади. Қарияга қасд қилгандек бобо қуёш битикларни бир зумда қуритиб юборади. Лекин отахон таслим бўлгиси келмай чўткасини сувга ботириб яна недир ҳикматларни битади. Офтоб жаҳл билан сув-ёзувни буғга айлантиради. Қариликни ҳали бўйнига олмаган нуроний кучли иштиёқ билан яна иероглиф доналарини сочади… Бу ҳолат такрор ва такрор давом этади. Исмию касби номаълум ана шу мўйсафид тиришқоқ, чўнг иродали хитойликларнинг рамзи бўлиб туюлди менга.

Аждарҳо қўриқлаётган диёр

Буюк Хитой девори…  Башар қўли билан бунёд қилинган энг улкан иншоот. Ўтмишнинг минг бир талотўплари, фитналаридан омон чиққан ноёб бисот. Чин давлатининг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғи тарихига шоҳид обида. Ҳар йили миллионлаб сайёҳлар қадами етадиган маскандаги мармар лавҳга давлат арбоби Мао Цзедуннинг: “Агар Буюк деворга бормаган бўлсанг, ҳақиқий хитойлик эмассан” деган даъват-хитоби дарж этилган. Хорижликлар қатори чинакам Чин фарзандини эканини исботлашга бел боғлаган, мамлакатнинг бошқа музофотлардан келганлар ҳам талайгина. Тилсимларга тўла обида сирига етиш иштиёқида сайёҳлар юқорига ўрлайди. Бир неча минг чақиримга чўзилган, устида икки от арава бемалол юра олган девор нураб, каттагина қисми тупроққа қўшилиб кетган. Лекин унинг қолдиқлари ҳам XXI аср инсонларини ҳайратга ғарқ этишга қодир. Буюк девор узала тушиб ётган аждарҳони эслатади. Улкан мавжудот турфа хатарлардан қўриқлаш учун қадим афсоналардан шартта чиқиб келган-у, бамайлихотир ётиб олгандек гўё. Бу иншоот васфида талай асотиру ривоятлар тўқилган. “Дунёдаги энг узун қабристон”, “Қайғу девори”… яна не бир “ёрлиқ”лар билан аталади у. Сираси, уни минглаб жон эвазига инсоният қудратига қўйилган ёдгорлик дейиш мумкин.

Пекинда кўришга арзийдиган масканлар сероб: Осмон ибодатхонаси, Ёпиқ шаҳар, қўша-қўша саройлар, опера театри, расадхона, геология музейи… Қани энди, вақтингиз бемалол бўлса-ю, ҳар бирини соатлаб кезиб чиқсангиз!

… “Ислоҳотлар меъмори” Дэн Сяопин 1970-йилларда Хитойда улкан иқтисодий ўзгаришларга қўл урди. Янги ислоҳотлар эса “Пекин баҳори” деб аталди. Ўша маҳаллар ғунча туккан ниҳоллар вақт ўтиб мўл-кўл мевага кирди. Чин давлатининг бош кенти ўтмишда ғанимлардан иҳота бўлсин деб девор қурган бўлса, бугун дўстлар билан алоқаларни яхшилаш учун тараққиёт кўприкларини бунёд этяпти…

С.Салим

Муаллиф олган суратлар