Ашхабод Барқарор транспорт тизими бўйича биринчи глобал конференцияга ҳозирлик кўрмоқда

Жорий йил 26-27 ноябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхабодда БМТ шафелигида Барқарор транспорт тизими бўйича биринчи глобал конференция бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси атташеси Хантурди Тўраев 18 ноябрь куни элчихонада ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Мамлакатлар ва минтақалар ўртасида иқтисодий алоқалар тиғизлашаётган бугунги кунда иқтисодий робитани кучайтиришда транспорт-транзит коридорларининг аҳамияти ошиб бормоқда. Мамлакат ва минтақаларни боғловчи автомобиль, темир йўл ва ҳаво йўлларини бунёд этиш фақат иқтисодий манфаат келтириб қолмай, тинчлик, бунёдкорлик ва тараққиётга ҳам хизмат қилади. Шу боис мамлакат ва минтақада транспорт соҳасини ривожлантириш бошқа давлатлар қатори Туркманистон ташқи сиёсатининг ҳам муҳим йўналиши саналади”, – деди Хантурди Тўраев.

Қайд этилишича, транспорт тизимига оид глобал анжуманнинг Ашхабодда ўтказилаётгани ҳам буни тасдиқлаб турибди. Мазкур анжуман БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 22 декабрдаги 70/197-сонли резолюцияси ҳамда БМТ Бош котиби таклифига кўра уюштирилмоқда.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ва халқаро ташкилотнинг бошқа тузилмалари раҳбарлари ҳамда дунё мамлакатларининг транспорт вазирлари – жами 2000 га яқин меҳмон иштирок этиши кутилаётган анжуманда соҳанинг долзарб масалалари муҳокама этилади. Жумладан, анжуман давомида барқарор транспорт ва атроф-муҳит, энергетика ва транспорт, жамоат транспортини ривожлантириш, транспорт соҳасида ҳамкорлик ва унинг ҳуқуқий асослари, халқаро транспорт коридорларини ташкил этиш ва ривожлантириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги каби масалалар кўриб чиқилади.

Конференция якунида иштирокчиларнинг баёноти, шунингдек, бир қатор муҳим халқаро конвенция ва битимлар имзоланиши режалаштирилган.

Туркманистон элчихонаси атташеси Х.Тўраев матбуот анжуманида ўз мамлакатининг транспорт тизимига оид стратегияси хусусида ҳам батафсил маълумот берди.

Расмий Ашхабод илгари сураётган транспорт стратегияси Марказий Осиё, Каспий, Қора ва Болтиқ денгизлари минтақалари, Ўрта ҳамда Яқин Шарқ ва Жануби-шарқий Осиёни бирлаштирувчи янги геоиқтисодий макон яратишни кўзда тутади.

Туркманистоннинг муҳим савдо йўллари туташган ҳудудда жойлашгани бу борада бир қатор халқаро лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради. Масалан, 1000 километрга чўзилган Қозоғистон–Туркманистон–Эрон темирйўл магистрали Шимол–Жануб транспорт коридори лойиҳасининг таркибий қисми саналади.

“Мазкур темирйўл Қозоғистон, Туркманистон ва Эронни, шунингдек, Форс кўрфази, Жанубий ва Жануби-шарқий Осиё мамлакатларини боғловчи стратегик йўл ҳисобланади. У юк ва йўловчи ташиш ҳажмини оширади, ташиш харажатларини камайтиради, вақтни тежашга хизмат қилади”, – деди атташе Х.Тўраев.

Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда, шунингдек, Туркманистон–Афғонистон–Тожикистон темирйўлининг аҳамияти катта. 2013 йилнинг июнида бошланган мазкур халқаро лойиҳа ҳам катта иқтисодий манфаат келтириши кутилмоқда.

Туркманистонлик дипломат Ўзбекистон–Туркманистон–Эрон–Ўмон транзит коридорининг аҳамиятига ҳам тўхталди. Мазкур йирик лойиҳа 2011 йил апрелда Ашхабодда имзоланган тўрт томонлама битим асосида амалга оширилмоқда.

Таъкидланишича, расмий Ашхабод Афғонистон–Туркманистон–Озарбойжон–Грузия транспорт коридорини ташкил этишга ҳам катта эътибор қаратмоқда.

Атташе Х.Тўраев авиация соҳасидаги ўзгаришларга тўхталиб, жорий йил 18 сентябрда фойдаланишга топширилган Ашхабод халқаро аэропорти хусусида атрофлича маълумот берди. 1200 гектар майдонни эгаллаган замонавий аэропорт соатига 2000 йўловчи ўтказиш қувватига эга. Уни қуришга 2,3 миллиард АҚШ доллари сарфланган.

Туркманистон транспорт логистикасини ривожлантириш хусусида сўз борар экан, бу борада Каспий денгизи улкан имкониятлар туҳфа этишини таъкидлаш жоиз. Айни вақтда Туркманбоши портини модернизация қилиш устида иш олиб борилмоқда. Лойиҳа якунида портнинг юк ўтказиш қуввати икки баробарга ортиб, йилига 17 миллион тоннага етади.  

“Тез муддатда Каспий денгизи ва унга яқин ҳудудлар товар айирбошлаш бўйича пешқадам марказга айланади. У орқали Туркманистон, Эрон, Ўзбекистон, Ғарбий Хитой, Афғонистон, Қоғоғистон ва океанга чиқиш имконияти чекланган бошқа мамлакатлар Европа билан савдо қилиш имконига эга бўлади”, – деди атташе Х.Тўраев.

Таъкидланишича, Туркманистоннинг бетараф мақоми ва мамлакатдаги барқарорлик бошқа соҳалар қатори йирик транспорт лойиҳаларини ҳам рўёбга чиқариш имконини беради.

Собир Салим

Шу мавзудаги мақола: 

Туркманистонда мустақилликнинг 24 йиллиги нишонланди. 01.11.2015