АҚШ элчиси Памела Спратлен қишлоқ хўжалигига оид анжуманда қатнашди

16 февраль куни  Тошкентда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) “Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш” (AVC) лойиҳаси доирасида “Мева ва сабзавотчиликда совитгич омборхоналари: бугунги ҳолат ва Ўзбекистонда ривожланиш истиқболлари” мавзусида амалий семинар ўтказди. Бу  ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар беради. Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда уюштирилган анжуманда соҳага ихтисослашган 70 нафар тадбиркор ҳамда 30 дан зиёд давлат органлари, хусусий сектор ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди. Тадбирда, шунингдек, АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен иштирок этиб нутқ сўзлади.

Анжуманда Ўзбекистонда совитгич омборхоналари саноатини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

“Умумжаҳон совитгич омборхонлари имкониятлари” ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 2016 йилда дунёдаги энг яхши 20 та мамлакат рўйхатига киритилган.

“Ўзбекистон қисқа вақт ичида юқори натижаларга эришди. Унинг бу соҳада дунё бўйлаб кучли 20 та мамлакат қаторига киргани қувонарлидир. Бу нафақат истеъмолчиларга йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан баҳраманд бўлишга, балки фермерларга узоқдаги бозорларда ўз маҳсулотларини яхшигина нархларда сотишга ҳам имкон яратади. Ўзбекистон яқин келажакда ушбу соҳада энг яхши 10 та мамлакат қаторига қўшилади, деб умид қиламан”, – дейди Умумжаҳон совитгич захиралари уюшмасининг халқаро дастурлари бўйича директори Ричард Трейси.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2011 йил 7 апрелда “2011-2015 йиллар даврида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги 2011 йилдан буён совитгич захиралари бўйича турли амалий машғулотлар ўтказиш, 300 нафардан зиёд совитгич омборхоналари раҳбарлари учун юқори даромад келтирувчи технологияларни маҳаллий шароитда фойдаланишга мослаштириш ҳамда истеъмолчилар учун Ўзбекистон бўйлаб маҳсулотларни юқори сифатда ишлаб чиқарилишини таъминлаш мақсадида ўзаро ташрифлар ҳамда миллий алмашув дастурларини ташкил этган ҳолда ушбу соҳани қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Шу мавзудаги мақола:

АҚШ Оролбўйи мутахассисларини ўқитишга кўмак беради. 15.02.2017