АҚШ элчихонаси аёлларга эҳтиром рамзи сифатида фильмлар фестивали ўтказмоқда

1 март куни Тошкентдаги “Next Mall” кинотеатрида Аёллар тарихи ойлиги ҳамда Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган Америка фильм фестивалининг очилиши маросими бўлиб ўтди. Маросимда АҚШнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен қатнашди.

Фестиваль давомида хотин-қизларнинг жамият тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси, уларнинг заковати, матонати ва жасорати ҳақида ҳикоя қилувчи фильмлар намойиш этилади.

“Бундай олий мақсадни кўзлаш фақат америкалик аёлларга хос эмас. Ўтган уч йил мобайнида мен билан бирга ишлаган ўзбекистонлик хотин-қизлар ҳам заковат, мардлик, ижодкорлик ва қатъият каби муҳим инсоний фазилатларни ўзида намоён этганига гувоҳман”, – деб таъкидлади элчи Спратлен хоним.

Фильмлар фестивали “Next Cinema”да 1 мартдан бошлаб Халқаро хотин-қизлар куни – 8 мартга қадар давом этади. Cоат 10:00 дан 22:00 гача хилма-хил олти фильм кўрсатилади.

АҚШ элчихонаси фильмларни аслиятда, яъни инглиз тилида томошабинлар эътиборига ҳавола этади. Картиналарда ақл-заковат, жасорат ва тиришқоқлик сингари илғор ғоялар ҳамда олий мақсадларни ўзида мужассам этган америкалик аёллар тимсоли ўз аксини топган.

Америка фильмлари фестивали Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги маданий алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, инглиз тилини билиш даражасини оширишга қаратилган. Фильмларда бош ролни ижро этган аёллар илму фан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, бизнес ва саноат, таълим ва спорт соҳаларида эришган ютуқлари билан ажралиб туради.

АҚШ элчихонаси матбуот хизматига кўра, фестиваль жамоатчилик, талабалар ва маҳаллий ташкилотлар вакиллари учун очиқдир. Барча фильмлар учун чипталар бепул бўлиб, уларни Тошкент шаҳри Бобур кўчаси 6-уйда жойлашган “Next Cinema” кассаларидан олиш мумкин. Бир киши бир кунда иккита бепул чипта олса бўлади.