«Akademnashr» халқаро танловнинг “Энг яхши бадиий нашр” йўналишида ғолиб бўлди

«Akademnashr» нашриёти 2015 йил 21-23 сентябрь кунлари Ашхобод шаҳрида ўтказилган “Китоб — ҳамкорлик ва тараққиёт йўли” X халқаро кўргазма-ярмарка ва илмий конференцияда иштирок этиб, тадбир доирасида ташкил этилган танловда Махтумқулининг «Асарлар» китоби учун “Энг яхши бадиий нашр” йўналишида ғолибликни қўлга киритди.

Халқаро ярмаркада Россия, АҚШ, Буюк Британия, Австрия, Германия, Туркия, Италия, Корея, Эрон, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон каби мамлакатларнинг 140 дан ортиқ нашриёт уйлари, Кембриж, Оксфорд, Иллинойс университетлари, Иван Фёдоров номидаги Москва давлат матбаачилик университети, Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Россия Фанлар академияси каби соҳадаги йирик таълим муассалари, йирик ахборот ва маданият марказлари ваккиллари, шунингдек, дунёнинг таниқли адабиётшунослари, таржима усталари, олимлари, безакчи-рассомлари, журналистлари иштирок этди.

Кўргазмага келган китобсеварлар ва мутахассислар нашриёт томонидан тақдим этилган Юсуф Хос Хожибнинг «Қутадғу билиг» асари, Махтумқулининг «Асарлар»и, Абдулла Ориповнинг «Соҳибқирон» драмаси, Рауф Парфининг «Сайланма»си, Назар Эшонқулнинг «Мендан менгача» асари, шунингдек, олмон тилида чоп этилган Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари», Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» асари ва «Буюк Ипак йўли ривоятлари» китоблари, «Ёд оламиз, шодланамиз» рукнида болалар учун чоп этилган рангли шеър китоблар тўғрисида ҳам ўзларининг илиқ муносабатларини билдирдилар.

«Akademnashr» нашриёти 2004 йили ташкил топган бўлиб, маърифий, адабий-бадиий, илмий ва илмий-оммабоп, ижтимоий-публицистик ва ҳуқуқий адабиётлар, луғатлар, плакатлар нашр этишга ихтисослашган.