Академик Азизхон Қаюмов вафот этди

Адабиётшунос, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1995), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1983), филология фанлари доктори (1961) Азизхон Қаюмов 2018 йил 16 февраль куни Тошкент шаҳрида вафот эди.

Азизхон Қаюмов 1926 йили Қўқон шаҳрида туғилган. Пўлатхон Қайюмовнинг ўғли.  Филология фанлари доктори, профессор Лазиз Қаюмовнинг акаси.

Азизхон Қаюмов Ўрта Осиё давлат университетининг шарқ факультетини тугатган (1949). Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида илмий ходим (1949—57), ЎзССР Министрлар Советида фан ва олий ўқув юртлари бўйича катта референт (1957— 58), Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти директори (1958—61), Ўзбекистон КП МК фан, олий ўқув юртлари ва мактаблар бўлими, сўнг фан ва маданият бўлими мудири (1961—63), Ўзбекистон Маданият вазири, вазирнинг биринчи ўринбосари (1963—64), ЎзССР Министрлар Совети ҳузуридаги Кинематография давлат комитети раиси (1964—74), Тошкент маданият институти ректори (1974—79), Ўзбекистон Фанлар академияси Қўлёзмалар институти директори (1979—98), Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейида етакчи илмий ходим (1998 йилдан) бўлиб ишлаган.

Асосий илмий ишлари Қўқон адабий муҳити мавзуида. «Махмур» (1956), «Ҳозиқ» (1957), «Ғозий» (1959), «Садди Искандарий» (1975), «Алишер Навоий» (1976, 1991), «Ҳайрат ул-аброр» (1977), «Фарҳод ва Ширин» сирлари» (1979), «Нодир саҳифалар» (1991), «Бу оҳанг ила бўлғайсен Нақшбанд» (1993) каби асарлари Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий меросини ўрганишда муҳим ҳисса бўлган.

Азизхон Қаюмов машншунослик соҳасида ҳам самарали иш олиб бориб, бир қанча ўзбек мумтоз шоирларининг асарларини нашрга тайёрлаган.

Азизхон Қаюмов Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1980). «Шуҳрат» медали (1996), «Эл-юрт ҳурмати» ордени (2003) билан тақдирланган.

Унинг матбуотда сўнгги чиқиши «Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмоновга очиқ хат» бўлган, унда олим Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи биносида кир ювиш фаолият тури билан шуғулланадиган хусусий тадбиркорнинг иш юритиши мақсадга мувофиқ эмаслигини баён қилган эди.

Олимнинг яқинлари таъзия изҳор этамиз.