Аҳмет Довудўғли: “Парламент сайловида демократия ғалаба қозонди”

Туркияда 1 ноябрь куни ўтган муддатдан олдинги сайлов натижалари эълон қилинди. Hurriyet Daily News хабарига кўра, сайловда ҳокимиятдаги Адолат ва тараққиёт партиясининг қўли баланд келган.

Туркиянинг айни пайтдаги бош вазири Аҳмет Довудўғли бошчилигидаги партия парламентдаги 550 та ўриндан 317 таси ёки электоратнинг 49,5 % фоиз овозига эга чиққан. Ушбу сиёсий ғалаба Туркияни сўнгги 13 йил давомида бошқариб келаётган Адолат ва тараққиёт партиясига яна бир бор якка ҳолда ҳукумат тузиш имконини беради.

Туркия қонунчилигига кўра, парламент мандатига эга бўлиш учун муайян партия сайловчиларнинг 10 фоиздан кўпроқ овозини йиғиши керак. Якшанба куни сайловда иштирок этган 16 партиядан тўрттаси мазкур тўсиқни ошиб ўтган. Жумладан, Республика-халқ партияси – 25,3 фоиз, Миллий ҳаракат партияси – 11,9 фоиз, Халқ демократик партияси эса 10,8 фоиз овоз олишга муваффақ бўлган.

Анадўли ахборот агентлиги хабарига қараганда, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған халқ хоҳиш-иродаси ҳамда сайлов натижасини барча ҳурмат қилиши лозимлигини таъкидлаган.

Мамлакат бош вазири, Адолат ва тараққиёт партияси етакчиси Аҳмет Довудўғли эса парламент сайлови натижасини “демократиянинг ғалабаси” деб атаган. Сиёсий арбоб ғолиб партия мамлакатни янада эркин, барқарор ва мутараққий этиш йўлида барча чораларни кўражагини маълум қилган.

Daily Sabah нашрининг хабар беришича, Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича комиссари Федерико Могерини якшанба кунги парламент сайловини “Туркия халқининг демократик жараёнларга кучли интилиши” ўлароқ баҳолаган.

Бу – Туркияда сўнгги беш ой ичида ўтказилган иккинчи парламент сайловидир. Гап шундаки, жорий йил 7 июнда ўтган сайловда Адолат ва тараққиёт партияси 40,8 фоиз овоз билан ғалаба қозонган эди. Аммо бош вазир Аҳмет Довудўғлининг коалицион ҳукумат тузиш йўлидаги 45 кунлик уринишлари бесамар якунланди ва муддатдан олдин сайлов ўтказилди.

Адолат ва тараққиёт партиясига мамлакатнинг айни пайтдаги раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған томонидан 2001 йил августда асос солинган. Ўтган вақт мобайнида ушбу партия 2002, 2007 ва 2011 йиллардаги парламент сайловида ғалаба қозониб, якка ҳолда ҳукумат тузиб келди. 2014 йилдан бери эса партияга Аҳмет Довудўғли етакчилик қилмоқда.

Туркиянинг бир палатали парламенти – Буюк миллий мажлис 4 йилга сайланадиган 550 депутатдан ташкил топади. Қонунчиликка мувофиқ, сайловда кўпчилик овозни олган партия ижроия ҳокимияти, яъни Вазирлар Кенгашини тузишга ҳақли. 330 та депутатлик мандатини ютган партия эса конституциявий кўпчилик ҳисобланиб, конституциявий ислоҳотлар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.

Собир Салим