Аҳмет Довутўғли: “Оқсаройда оқ саҳифа очилди”

Туркия ва Ўзбекистон ўзаро муносабатларни ривожлантириш борасида янги йўл харитасига келишиб олди. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли 10 июл куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди. 13 йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистонга илк расмий ташриф билан келган Туркия ташқи ишлар вазири шу куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашди.

Аҳмет Довутўғлининг матбуот анжуманида маълум қилишича, Ўзбекистон раҳбари билан учрашув дўстона руҳда ўтган. Музокаралар чоғи икки томонлама муносабатлар ҳамда минтақа ҳаётига дахлдор бошқа долзарб масалалар муҳокама этилган.

Туркия ташқи сиёсат идораси етакчиси Анқара ва Тошкент муносабатларида янги саҳифа очилаётганига ишонч билдирди.

“Таассуфки, ўзаро муносабатларимизда маълум муддат тўхталишлар рўй берди. Бироқ бугун Оқсаройда Туркия-Ўзбекистон муносабатида янги оқ саҳифа очилди”, деди Аҳмет Довутўғли матбуот анжуманида.

Вазирнинг қайд этишича, икки томонлама музокаралар чоғи бир йилда бир марта ташқи ишлар вазирлари, кейинроқ давлат раҳбарлари даражасида мунтазам учрашувлар ўтказишга келишиб олинган.

Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли ва Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Эрпул Намик Гунер. Türkiye Cumhuriyeti Dışişleri Bakanlığı сурати

Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли ва Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Эрпул Намик Гунер. Türkiye Cumhuriyeti Dışişleri Bakanlığı сурати

2013 йилда икки мамлакат ўртасида товар айланмаси 1 миллиард 347 миллион АҚШ долларини ташкил этган эди. Жаноб Довутўғлининг таъкидлашича, савдо айланмасини яқин йилларда 5 миллиард АҚШ долларига етказиш режалаштирилган. Шунингдек, турк ишбилармонларининг Ўзбекистонга киритган сармоясини 1 миллиард АҚШ долларидан 3 миллиард АҚШ долларига ошириш кўзда тутилган.

Аҳмет Довутўғли Туркия ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ҳали фойдаланилмаган имкониятлар талай экани, хусусан, транспорт, сайёҳлик ва гуманитар жабҳадаги алоқаларни жонлантириш мумкинлигини урғулади.

“Айни пайтда Хитой билан ҳамкорликда “Пекин–Истанбул” темир йўл лойиҳаси амалга оширилмоқда. Қадимий Буюк ипак йўлини тиклаш йўлидаги уринишлардан бири саналган мазкур лойиҳа Ўзбекистон учун ҳам манфаатлидир. Зеро, бу йўл Ўзбекистонга Туркия портларига чиқиш имконини беради. Шу ўринда Туркия портлари Ўзбекистоннинг ҳам портлари эканини таъкидлашни истардим”, деди туркиялик юксак мартабали меҳмон.

Матбуот анжуманида, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳаво қатновларини 7 тадан 14 тага ошириш, шунингдек, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш режалаштирилаётгани ҳам маълум қилинди.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон–Туркия муносабатларида фаоллашув кузатилмоқда. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Сочида ўтказилган қишки Олимпиада ўйинлари доирасидаги сафари чоғи – 2014 йилнинг 7 февралида Туркия бош вазири Ражаб Тойиб Эрдоған билан учрашган эди.

Аҳмет Довутўғлининг таъкидлашича, Тошкентдаги музокаралар айнан Ражаб Тойиб Эрдоған ва Ислом Каримов ўртасидаги учрашувнинг мантиқий давоми сифатида амалга оширилмоқда.

“Ажойиб меҳмондўстлик учун Президент Ислом Каримовга чуқур миннатдорлик билдираман ва яқин фурсатда Ўзбекистон раҳбари Туркияга расмий ташриф билан боришига умид қиламан. Бу борадаги Туркия раҳбариятининг таклифини Президент Ислом Каримовга етказдим”, деди Аҳмет Довутўғли.

Эслатиб ўтамиз, 10 июл куни туркиялик юксак мартабали меҳмон Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев билан ҳам музокаралар олиб борган.

Аҳмет Довутўғли 11 июл куни Бухоро, Самарқанд ва Хива шаҳарларига сафар қилади.

С.Салим