Туркманистон 2017 йилги Осиё ўйинларига мезбонлик қилади

 

2017 йилда Туркманистон пойтахти Ашхабод шаҳрида ўтадиган V Осиё ўйинлари доирасида қурилиши режалаштирилган спорт инфратузилмасининг 80-85 фоизи тайёр. Қурилиш сифати Осиё Олимпия кенгаши ва халқаро федерациялар мутахассислари томонидан назорат қилинмоқда. Бу ҳақда Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси атташеси Хантурди  Тўраев 24 ноябрь куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Қайд этилишича, қолган иншоотлар келгуси йилнинг биринчи ярмида фойдаланишга топширилади.

Олимпия шаҳарчасининг тамал тоши 2010 йил 5 ноябрда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов иштирокида қўйилган эди. 30 спорт объектини ўз ичига олган кўп тармоқли спорт мажмуасининг умумий майдони 157 гектарни ташкил этади.

Туркманистон ҳукумати Осиё ўйинлари якунланганидан сўнг янги қурилган спорт майдонлари ва меҳмонхонадан мамлакатда спортни ривожлантириш мақсадида фойдаланишни режалаштирган.

Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари Ашхободда 2017 йил 17 сентябрда бошланади. Нуфузли мусобақада Осиёнинг 45 давлати ҳамда Австралия ва Океаниядан 17 мамлакат вакиллари спортнинг 21 тури бўйича баҳс олиб боради. Ўзбекистон терма жамоаси ҳам Осиё ўйинларида иштирок этади.

2010 йил 19 декабрда Кувайтда V Осиё ўйинлари Туркманистонда ўтиши эълон қилинган ҳамда бу борада Осиё Олимпия кенгаши ва Туркманистон Миллий Олимпия қўмитаси ўртасида икки томонлама ҳужжат имзоланган эди.

Осиё Олимпия кенгаши Президенти, шайх Аҳмад Ал-Фаҳад ал-Сабоҳ, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ва Океания Миллий Олимпия қўмиталари раиси Робин Митчел

2014 йил 28 ноябрда эса Осиё ўйинларида Океания мамлакатлари ҳам иштирок этиши борасида ҳужжат имзоланди. Ўшанда Туркманистон Президенти Осиё ўйинлари дастурига туркман миллий кураши ва от спортини қўшишни таклиф қилган ва мазкур таклиф Осиё Олимпия кенгаши томонидан маъқулланган.

Дипломат Хантурди Тўраевга кўра, Туркманистон Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи бўлиб бундай миқёсдаги спорт анжуманини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди. Осиё ўйинларига турли мамлакатлардан 200 мингдан зиёд ишқибоз ташриф буюриши кутилмоқда.

Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари илк бор 2005 йили Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилган. Дастлаб мусобақалар икки йилда бир маротаба ўтказилган бўлса, эндиликда оралиқ муддат тўрт йилга узайтирилди.

Собир Салим