Йўлдош Эшбек. Йиғлаётган қиз (видео)

ЙИҒЛАЁТГАН ҚИЗ

Бу оғир боғ ичра оғир қадамлар
Ташлаб кетаётган оғиргина қиз,
Дунё кўзларингдан дунё аламлар
Томчилар, ҳар бири бир улкан юлдуз.
Томчилар кўзингдан норасидалик,
Сўзга айланмаган ёниш томчилар.
Бешафқат дийдорми оғир жудолик,
Йўқотиш томчилар, топиш томчилар.
Йўқ, сени алдаган, биров алдаган,
У сени севгандир, йўқ, йўқ, севмаган.
Кўксингга чиройли ўқлар қадаган,
Бировлар алдаган, биров алдаган.
Томчилар кўксингдан келаётган куз,
Оғулар томчилар, гуллар томчилар.
Яқин хотиралар… идрок фаромуш,
Виждонингни ўйиб урар томчилар.
Виждонсиз номусли ниқобин қўймас,
Виждоннинг ҳар дами руҳий изтироб.
Виждонсиз хатосиз кунлардан тўймас,
Виждон бу хатодан улғайган азоб.
Сени юпатмоққа журьат йўқ менда,
Сен менинг кечмишим, умрим бўлаги.
Фақат мен қайғулар тиларман сенга,
Каттакон қувончнинг унсиз ўланин!
Алданмоқ тиларман сенга кўп марта,
Алданмоқ — дунёга назар, англамоқ.
Алданмоқ — кўз ёши қилмоқ, йўқ, артмоқ,
Алданмоқ — курашга отланмоқ демак.
Йиғламоқ тиларман, қайнаб йиғлагин,
Тишларингаи секин қайраб йиғлагин!
Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!
Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!
Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!
Паймонанг тўлгунча, тўйгунча йиғла!
Улар лаззатхўрлар, қароқчилардир,
Умрлари узун, соб бўлмас, эсиз!
Бу дунё — аслида алдоқчилардир!
Бу дунё — аслида йиғлаётган қиз!
Мен сенга қўшилиб йиғлай олмасман,
Фақат бош эгаман қайгунгга сўзсиз.
Мен сенга талпиниб, асло толмасман,
Мен сени севаман, йиғлаётган қиз!

Йўлдош Эшбек