Умарали Норматов “13-студия” кўрсатувида

Умарали Норматов — мунаққид, адабиётшунос; 1931 йил 3 январда Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги Рапқон қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) филология факультетида (1952-1957), сўнг аспирантурасида (1959-1962) таълим олган. 1962 йилдан Миллий университет ўзбек адабиёти кафедрасида ишлайди, филология фанлари доктори (1979), профессор (1979). «Ҳозирги ўзбек ҳикоячилиги тараққиёти тенденциялари» мавзусида номзодлик, «Ҳозирги ўзбек прозаси (Традиция ва новаторлик проблемаси») мавзусида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган. 1974-2000 йиллари Ҳозирги ўзбек адабиёти кафедрасига мудирлик қилган. Бу йиллари кафедрада О.Шарафиддинов, А.Алиев, А.Расулов, Н.Худойберганов, С. Содиқов, Д.Қуронов, Б. Каримов,  У..Ҳамдам, Р. Қўчқоров, А. Улуғов сингари истеъдодли мунаққид-адабиётшунослардан иборат илмий жамоа шаклланди; мазкур жамоанинг саъй-ҳаракати туфайли О. Шрафиддинов бошлиқ миллий танқидчилик мактабига асос солинди.

У. Норматов 1957 йилдан матбуотда кўрина бошлади, 500 дан ортиқ мақолалари, 50 дан ортиқ адабий-танқидий асарлари, дарслик, ўқув қўлланмалари чоп этилган. Адабиётшунос-олимнинг адабий-танқидий ишлари яхлит ҳолда замонавий адабий жараён ҳамда янги ўзбек адабиёти тарихи, тараққиёти масалаларига бағишланган; унинг қаламига мансуб миллий адабиётимизнинг нодир асарлари таҳлили, ўзига хос талқини, бу адабиётнинг ўнлаб намояндалари адабий портретлари, ниҳоят, янги ўзбек адабиётининг ўзига хос хусусиятлари, тараққиёт тамойилларига оид илмий-назарий ишлари аҳамияти адабий жамоатчилик томонидан эътироф этилган. Мунаққиднинг «Насримиз уфқлари» (1974), «Етуклик» (1982), «Қалб инқилоби» (1986), «Қодирий боғи» (1996) китоблари замонавий ўзбек адабиётшунослигининг ютуғидир.

Умарали Норматов танқидчи-адабиётшунос сифатида мустақиллик йилларидаги миллий адабий жараённи қадам-бақадам синчиклаб кузатиб, адабиётимизда пайдо бўлган янгича адабий-эстетик тамойилларни аниқлаш, бугунги адабий жараённинг назарий муаммоларини тадқиқ этиш йўлидан борди. «Умидбахш тамойиллар», «Тафаккур ёғдуси», «Қаҳҳорни англаш машаққати», «Кўнгилларга кўчган шеърият», «Устоз ибрати», «Ижод сеҳри», «Ижодкорнинг дахлсиз дунёси», яқингинада ўқувчилар қўлига етиб борган “Қодирий мўъжизаси«ва „Нафосат гурунглари“ китоблари, матбуотда эълон этилган юзлаб адабий-танқидий мақолалари айни шу муаммоларга бағишланган.

Асарлари рус, турк, тожик тилларида чиққан.

Умарали Норматов 1991 йилдан умумтаълим мактаблари учун тубдан янгиланган адабиёт дастури ва дарсликлари яратиш бўйича муаллифлар гуруҳига раҳбарлик қилди, 5, 9, 11-синфлар учун дарслик, қўлланмалар муаллифи сифатида қатнашди; унинг иштирокида олий ўқув юртлари учун «ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи», «Янги ўзбек адабиёти» китоблари яратилди.

У. Норматов ҳозир „Жаҳон адабиёти ва назария“ кафедрасида профессор лавозимида ишлайди; бакалавриат босқичида „Ҳозирги адабий жараён“, „Ўзбек адабий танқидчилиги тарихи“, магистратура босқичида эса „Илмий тадқиқот асослари“, „Ҳозирги адабий жараён муаммолари“ фанларидан дарс беради. Унинг раҳбарлигида 12 та фан номзоди, 3 та фан доктори етишиб чиққан. 50 дан ортиқ фан докторлиги ва номзодлиги диссертациялариг оппонентлик қилган. У Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ҳузуридаги фан доктори илмий даражасини олиш учун диссертациялар ҳимояси бўйича Бирлашган ихтисослашган кенгаш аъзоси.  1966 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси сифатида адабий жараёнда фаол иштирок этиб келади

У. Норматовнинг адабиётшунослик, таълим-тарбия соҳасидаги хизматлари муносиб тақдирланган. У Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби (1981), „Қалб инқилоби“ китоби учун Ҳамза Ҳакимзода номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989);  Ўзбекистон Республикаси Халқ маорифи аълочиси нишони (1992),  «ТошДУ моҳир педагоги»(1998) унвони соҳиби. Адабий-танқидий мақолалари учун «Шарқ юлдузи», «Гулистон», «Тафаккур» журналлари мукофотларини олган.