Мирзо Улуғбек (видео)

Улуғбек ўзбек халқи тарихида буюк астроном ва математик, давлат арбоби сифатида из қолдирган. Шоҳрухнинг ўғли, Амир Темурнинг набирасидир Соҳибқироннинг “беш йиллик юриш”ида (1392-96) Ироқдаги Мордин қалъасини қамал қилиш чоғида туғилган. Шарафуддин Али Яздий “Зафарнома” асарида ёзишича, Амир Темур ҳузурига чопар келиб Улуғбекнинг туғилгани ва мунажжимлар бу невара келажакда ҳам олим, ҳам ҳукмдор бўлишини башорат қилганлари хушхабарини етказади. Соҳибқирон хурсандлигидан Мордин қалъаси қамалини тўхтатиб, унинг халқига юкланган тўловни бекор қилади. Унинг ўз набирасига Муҳаммад Тарағай ва Улуғбек деб исм қўйганини ҳам мунажжимларнинг юқоридаги башорати билан боғлаш мумкин. Амир Темур Улуғбек тарбиясига алоҳида эътибор берган ва уни давлат аҳамиятига молик тадбирларда қатнаштирган. Клавихонинг қайд этишича, Улуғбек бобосининг хорижий элчиларни қабул қилиш маросимларида иштирок этган. 1404 йил Конигилда ўтказилган тантаналарда Амир Темур олтита набирасининг (жумладан, Улуғбекнинг) никоҳ тўйларини ўтказган. Тўйда Соҳибқирон Улуғбекка Тошкент, Сайрам, Янги (ҳоз. Тароз), Ашпара ва Мўғулистонни то Хитой ҳудудигача суюрғол қилиб берган. Амир Темур Ўтрорда вафот этган чоғда Улуғбек ҳам ўша ерда бўлган.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!