Жалолиддин Мангуберди (видео)

Хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги ҳукмдори, моҳир саркарда. Ануштегинийлардан. Хоразмшоҳлардан Муҳаммаднинг катта ўғли. Онаси – Ойчечак туркман канизакларидан бўлган. Жалолиддин бурнида ҳоли (манк) бўлгани учун Манкбурни номи билан аталган. Кейинчалик бу ном талаффузда ўзгариб “Мангуберди” номи билан машҳур бўлиб кетган. Жалолиддин вояга етгач, отаси уни Ғазна, Бомиён, Ғур, Буст, Такинобод, Заминдовар ва Ҳиндистон ҳудудларигача бўлган ерларда ҳоким ва тахт вориси этиб тайинланган (1215). Бироқ Туркон хотун ва қипчоқ амирларининг қатъий норозилиги сабабли Қутбиддин Ўзлоқшоҳ фойдасига ворисликдан маҳрум этилган. Жалолиддин отасининг ҳарбий юришларида иштирок этиб, ўзининг жасур жангчи, иқтидорли саркардалик қобилиятларини намойиш этган (қадимги Ирғис дарёси бўйидаги жанг).

Чингизхон бошчилигидаги мўғул қўшинлари Мовароуннаҳрга бостириб кириб бирин-кетин шаҳарларни эгаллаб, Самарқандга яқинлашганларида хоразмшоҳ Муҳаммад Каспий денгизи бўйида жойлашган Обескун шаҳри яқинидаги Ашур ада оролидан паноҳ топган. Оғир бемор бўлган Муҳаммад ўғилларини ёнига чорлаб, сўнгги дамда Жалолиддинни ўз ўрнига хоразмшоҳ этиб тайинлаган. Жалолиддин Мангуберди укалари Оқшоҳ ва Қутбиддин Ўзлоқшоҳлар билан бирга Урганч мудофаасига ошиқади. Лекин Урганчдаги қипчоқ амирлари Туркон хотуннинг акаси Хумортегинни султон деб эълон қилиб, Жалолиддин Мангубердига қарши суиқасд уюштирмоқчи бўлдилар. Бундан хабар топган Жалолиддин Мангуберди Темур Малик бошчилигидаги 300 кишилик суворийлар билан ўз ватани – Хоразмни ташлаб Хуросонга кетишга мажбур бўлади. Нисо шаҳри яқинида уни 700 нафар мўғул суворийси кутарди. Жалолиддин Мангуберди шиддатли жангдан сўнг уларни тор-мор келтириб, Нишопурга келди. Бу ердан у барча вилоят ҳокимларига қарши бирлашишга даъват этди, бир ойдан сўнг Ғазни томон юрди. Йўлда унга Ҳирот волийси, қайнотаси Аминалмулк 10 минг кишилик қўшин билан келиб қўшилди. Қандаҳорни қамал қилиб турган мўғул қўшинлари билан 3 кунлик жангда Жалолиддин Мангуберду уларни тор-мор келтирган. У Ғазнага 1221 йил келди. Бу ерда унга халаж қабиласи бошлиғи Сайфуддин Иғроқ, Балх волийси Аъзам малик, афғонлар сардори Музаффар малик, қарлуқлар бошлиғи Ҳасан Қарлуқ келиб қўшилдилар. Уларнинг ҳар бири ихтиёрида 30 минглик қўшин бор эди. Жалолиддин Мангубердининг ўзидаги кучлар эса 60 минг суворий эди. Жалолиддин Мангуберди Валиён қалъасини қамал қилаётган Такажук ва Малғур бошчилигидаги мўғул қўшинига ҳужум қилиб, 3 кунлик жангдан сўнг улар тор-мор келтирган, 1000 дан ортиқ мўғул аскари ўлдирилган, омон қолган қисми Панжшир дарёсидан ўтиб, кўприки бузиб ташлашган. Бу Жалолиддин Мангубердининг мўғуллар устидан қозонган дастлабки йирик ғалабаси эди.