Истиқлол фидойилари: Абдурауф Фитрат (видео)

“Истиқлол фидойилари: Абдурауф Фитрат”
Сценарий муаллифи: Бегали Қосимов
Режиссёр: Ғайрат Шодмонов

Абдурауф Абдураҳим ўғли Фитрат маданиятимиз тарихига шоир ва носир, драматург ва публицист, тилшунос ва адабиётшунос, тарихчи ва файласуф, санъатшунос ва жамоат арбоби сифатида киради. У 1886 йили Бухорода зиёли оиласида туғилган. Бухоро, Истамбул мадрасалари ва дорилфунунларида ўқиган. У араб, форс, турк тилларини мукаммал билганлиги туфайли Шарқнинг буюк алломалари ижодини яхши ўзлаштирган.

Адибнинг отаси савдо ишлари билан шуғулланган бўлиб, 1918 йилгача Қашқарда туриб қолган. У асосан, онаси Мустафо биби (Бибижон) тарбиясида бўлиб, у туфайли Бедил, Навоий, Фузулий, Зебунисо, Увайсий каби улкан шоирларнинг ғазалларидан хабардор бўлган.

Фитрат 1909 йили Туркияга ўқишга бориб, 1913 йилгача Истамбул дорилфунунида таҳсил кўрган. Туркияда ташкил топган «Бухоро таълими маорифи» уюшмасида фаоллик кўрсатган. Унинг илк тўплами 1911 йилда «Сайҳа» («Чорлов») номи билан чоп этилган. «Сайёҳи ҳинди», «Мунозара» каби асарлари ҳам шу йилларда Туркияда нашр этилган.

1909—1913 йилларда Туркия дорилфунунида ўқиётганида жадидчилик ғоялари билан танишиб, шу ғоялар билан суғорилган асарлар ёзган. У Туркиядаги таҳсили даврида ўзига Фитрат (зукко, доно, билимдон) деб тахаллус олган.