Имом ал-Бухорий ва Имом ат-Термизий (видео)

Имом ал-Бухорийнинг исми Муҳаммад, куняси Абу Абдуллоҳ, лақаби баъзан имом ал-муҳаддисийн (муҳаддисларнинг имоми, пешвоси), баъзан амир ул-муъминийн фил-ҳадис (ҳадис илмининг амири, султони) ва насаби Муҳаммад ибн Иброҳийм ибн ал-Муғийра ибн Бардазбаҳ ибн Базазбеҳдир. Сўнгги икки исми ибн Бардазбеҳ ибн Базазбеҳ)дан кўриниб турибдики, имом ал-Бухорийнинг асл насаби ажамларга бориб тақалади. Бу фикр талай адабиётларда қайд қилинган бўлиб, кўпчилик муҳаддисларнинг таъкидлашларича, «Бардазбеҳ» сўзи арабча «зориъ» (зироат, деҳқончилик билан шуғулланувчи киши) маъносини билдиради. Машҳур олим имом ас-Субкий ўзининг «Табақот аш-шофиъийя ал-кубро» («Шофеъий улуғ табақалар») номли йирик асарида Бардазбеҳнинг отасини Базазбеҳ деб кўрсатган.Имом ал-Бухорий ҳақида ёзган кўпчилик олимлар эса унинг насабини фақат Бардазбеҳга боғлаб тугатганлар. Афсуски тарихчилар Бардазбеҳ, унинг отаси Базазбеҳ ҳақларида деярли ҳеч қанақа маълумот келтирмаганлар. Баъзи олимларнинг хабарларига кўра улар икковларининг келиб чиқиши ажамдан бўлиб, уларнинг динларига эътиқод қилганлар. Имом ал-Бухорий отасининг бобоси ал-Муғийра Бухоро ҳокими Яман ал-Жуафийдан ислом динини қабул қилган бўлиб, Бухорони ватан тутиб яшаб қолган. Ўша пайтдаги таомулга кўра, агар бирон киши ислом динини кимдан қабул қилса, ўша кишининг қабиласига мансуб ҳисобланган. Бу одат қабул қилинган динга содиқликнинг белгиси бўлиб, арабча нисбат ул-вилў фил-ислом (ислом динига содиқлик нисбати) деб аталиши одат тусига кирган эди. Албатта ал-Муғийра ҳам ўша даврда оммавий тус олган ушбу урфдан ҳоли бўлмаганлигидан унинг ўзи ҳам, ундан кейинги туғилган авлодлари ҳам, шу жумладан имом ал- Бухорий ҳам Жуъафий деб атала бошладилар. Имом ал-Бухорийнинг насли-насаби ҳақида тарихчилар келтирган маълумотлардан яна шуни қайд қилиш керакки, унинг бобоси Бардазбеҳнинг исмини баъзилар аслида ал-Аҳнаф деб келтирганлар. Аҳнаф деб одатда энг ақлли, доно кишиларганисбат берилган, гўёки сахий, қўли очиқ кишилар «Ҳотамтой» деб айтилгани сингари. Бундан кўриниб турибдики, имом ал-Бухорийнинг бобосининг ҳақиқий исми Бардазбеҳ бўлса-да, у оқил, зукко инсон бўлганлигидан ал-Аҳнаф лақаби билан ҳам аталган.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!