Ғафур Ғулом. Вақт (видео)

ВАҚТ

Ғунча очилгунча ўтган фурсатни
Капалак умрига қиёс этгулик,
Баъзида бир нафас олғулик муддат –
Минг юлдуз сўниши учун етгулик.

Яшаш соатининг олтин капгири
Ҳар бориб келиши бир олам замон.
Коинот шу дамда ўз куррасидан
Ясаб чиқа олур янгидан жаҳон.

Ярим соат ичида туғилиб, ўсиб,
Яшаб, умр кўриб ўтгувчилар бор;
Кўз очиб юмгунча ўтган дам — қиммат,
Бир лаҳза мазмуни бир бутун баҳор.

Бир оннинг баҳосин ўлчамоқ учун
Олтиндан тарозу, олмосдан тош оз.
Нурлар қадами-ла чопган секунднинг
Барини тутолмас ай(ю)ҳаннос овоз.

Йигит термилади қизнинг кўзига,
Киприк сузилиши, майин табассум…
Қўша қаримоққа муҳр бўлади
Ҳаётда икки лаб қовушган бир зум.

Яшаш дарбозаси остонасидан
Зарҳал китоб каби очилур олам,
Тириклик кўркидир меҳнат, муҳаббат,
Фурсатдир қилгувчи азиз, мукаррам.

Бебаҳо дамларнинг тирик жони биз,
Ҳар они ўтмишнинг юз йилига тенг.
Ўзбекнинг барҳаёт авлодларимиз,
Ҳар нафас мазмуни фазолардан кенг.

Қатрада осмон акс этганидек
Жаҳондай маънодор қорачиғимиз.
Ғолиб асримизга куёшдан машъал,
Замон кўрасининг сўнмас чўғимиз.

Замона соати занг урар мудом,
Минглаб ҳодисалар минутларга қайд,
Қаҳрамон туғилди, шаҳар олинди,
Бир гигант қурилди шарафли бу пайт.

Рейхстаг устига ғалаба туғин
Қадашда отилган адолат ўқи –
Ялт этган умри-ла барқарор қилди
Башарнинг муқаддас, олий ҳуқуқин.

Ғалаба амри-ла, мағлуб немиснинг
Генерали қўл қўйди. Уч секунд фақат…
Шу малъун имзода одамлар ўқир
Миллион йил фашистнинг умрига ланъат.

Азиз асримизнинг азиз онлари
Азиз одамлардан сўрайди қадрин.
Фурсат ғаниматдир, шоҳ сатрлар-ла
Безамоқ чоғидир умр дафтарин.

Шуҳрат қолдирмоққа Геростратдек
Диана маъбадин ёқмоқ шарт эмас.
Кўпларнинг бахтига ўзликни жамлаб,
Шу улуғ бинога бир ғишт қўйсак бас.

Ҳар лаҳза замонлар умридек узун,
Асрлар тақдири лаҳзаларда ҳал,
Умрдан ўтажак ҳар лаҳза учун
Қудратли қўл билан қўяйлик ҳайкал.

Ҳаёт шаробидан бир қултум ютай,
Дамлар ғаниматдир, умрзоқ соқий.
Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди,
Умримиз боқийдир, умримиз боқий.

Ғафур Ғулом


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!