Бобур. Агарчи сенсизин сабр айламак, эй ёр, мушкулдур (видео)

Агарчи сенсизин сабр айламак, эй ёр, мушкилдур,
Сенинг бирла чиқишмоғлиқ доғи бисёр мушкилдур.

Мизожинг нозику сен — тунду, мен — бир беадаб телба,
Санга холимни қилмоқ, эй пари, изҳор мушкилдур.

Не осиғ нолаю фарёд хоболуд бахтимдин,
Бу унлар бирла чун қилмоқ ани бедор мушкилдур.

Манга осондурур бўлса агар юз минг туман душман,
Вале бўлмоқ жаҳонда, эй қўнгул, беёр мушкилдур.

Висолинким тиларсен, нозини хуш тортғил, Бобур —
Ки, олам боғида топмоқ гули бехор мушкилдур.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур