Юксак интилишлар кўзгуси (Бойбўта Дўстқораев билан суҳбат) (2015)

Ўзбек миллий матбуотининг тамал тоши қўйилганига, яъни биринчи миллий газетамиз — “Тараққий” чоп этилганига яқинда 100 йил тўлади. Президентимизнинг 1993 йили 24 июндаги “Ўзбекистон Республикаси матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги фармонига биноан, “Тараққий” газетасининг биринчи сони чиққан сана — 27 июн Республика матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни этиб белгиланган. Дарҳақиқат, миллий матбуотимиз илк намуналари “Тараққий” ва унга издош газеталардир. Бу нашрлар ХХ аср бошларида Ватан озодлиги, миллат тараққиёти йўлида жонини фидо қилган маърифатпарвар боболаримизнинг минбари эди.

Юртимизда кенг нишонланадиган матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан журналистикамизнинг тарихий саҳифалари, матбуотимиз асосчиларининг фаолияти ҳақида эслаб ўтишни жоиз топдик. Матбуотимизнинг жонкуяр тадқиқотчиларидан бири, таниқли олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Бойбўта Дўстқораев билан суҳбатимиз ана шу мавзуда бўлди.

— Устоз, биламизки, бугун юртимизда кенг нишонланаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини белгилашда “Тараққий” газетасининг илк сони чиққан сана асос қилиб олинган. Лекин унгача ҳам юртимизда ўзбек тилида газета чиқиб тургани тарихдан маълум. Сиз миллий матбуотимизнинг пайдо бўлиш омиллари, шаклланиш ва ривожланиш босқичларини чуқур ўргандингиз, бу борада салмоқли ишларни амалга оширдингиз. Бошқа нашрлардан фарқли ўлароқ, “Тараққий” ва унга издош газеталарнинг миллий журналистикамиз тарихидаги ўрни, аҳамияти ҳақида гапириб берсангиз.

— Дарҳақиқат, журналистика тарихига назар солсак, “Нега айнан “Тараққий” газетасини ўзбек матбуотининг илк намунаси сифатида кўрсатамиз?”, деган савол туғилади. Чунки бу газетагача ҳам Туркистонда 1870 йилдан “Туркистон вилоятининг газети” чиқиб турар, унда маҳаллий зиёлиларимиз ҳам мақолалари билан қатнашиб туришар эди. Лекин бу газета мустамлака бўлган халқнинг устидан ҳукмронликни янада кучайтириш мақсадида ташкил қилинган, чор ҳукуматининг манфаатларини кўзлаб чиқарилар эди.

Рус маъмурлари маҳаллий аҳолини газета чиқаришларидан қаттиқ хавфсирарди. Улар халқнинг миллий онги уйғониб, ўз ҳолатини англаб етиши ва натижада миллий озодлик ҳаракатига отланишидан ҳадиксирарди. Маҳаллий зиёлиларни чалғитиш мақсадида 1906 йилнинг январида ўзларининг содиқ хизматкори Иван Гейер муҳаррирлигида ўзбек тилида “Ўрта Осиёнинг умргузаронлиги. Тараққий” номли газета ташкил қилиб, гўё бу билан маҳаллий аҳоли манфаатларини ҳимоя этувчи газета юзага келди, деган тасаввур уйғотмоқчи бўлдилар. Лекин тез орада маълум бўлдики, у ҳам Туркистон губернаторлигининг расмий газетаси “Туркистон вилоятининг газети”дан фарқ қилмасди.

Маҳаллий халқ орасида муштарийси қолмаган, обрўси тушиб кетган бу газета 1906 йилнинг апрелига бориб тўхтайди. Шу вазиятдан зиёлиларимиз усталик билан фойдаланадилар. Хусусан, Мунавварқори мазкур газетанинг моддий-техник асосида маҳаллий аҳолининг манфаатларини ҳимоя қила оладиган даврий нашрга эга бўлиш учун қаттиқ ҳаракат қилади. Мунавварқорининг саъй-ҳаракатлари билан маҳаллий тилни яхши биладиган, айни пайтда рус тилида ҳам бемалол гаплаша оладиган Исмоил Обидий “Тараққий” газетасига муҳаррирликка таклиф қилинади. Бу тараққийпарвар зиёлиларимиз чиқарган илк газета эди.

“Тараққий” дастлабки сонлариданоқ маҳаллий аҳолига чор мустамлакачилари сиёсатининг моҳиятини, миллий зулм, мустабидлик нима эканлигини, озодлик қанчалик буюк неъматлигини англатишга ҳаракат қилди, мусулмонларни жаҳолат ботқоғидан олиб чиқишга даъват этувчи материаллар берди. Тез орада газета маҳаллий халқ орасида катта обрўга эга бўлди.

Шуниси борки,матбуотнинг қудратли кучга эгалигига қаттиқ ишонч ҳосил қилган маҳаллий зиёлиларни энди газета чиқаришдан тўхтатиб бўлмасди: миллий уйғониш содир бўлганди. “Тараққий” газетаси ҳукумат томонидан ёпилгач, 1906 йилнинг сентябрида Мунавварқори “Хуршид” газетасини чиқаришга муваффақ бўлди. Бу маҳаллий зиёлиларимиз томонидан чиқарилган иккинчи газета эди.

“Хуршид” газетаси ҳам, ундан кейин чиққан “Шуҳрат”, “Осиё”, “Тужжор” газеталари ҳам тез орада ҳукумат томонидан ёпилади.

Миллий матбуотимизнинг илк қалдирғочлари — “Тараққий” ва унга маслакдош бўлган газеталар маърифат орқали миллатни уйғонишга, тараққиётга ундадилар. Гарчи улар фаолияти қисқа фурсатда тўхтатилган бўлса-да, маҳаллий аҳоли вакиллари газета чиқариш малакасини эгаллаб, матбуотнинг кучли мафкуравий қурол эканига, бу борада қатъий ва изчил ҳаракат қилиш лозимлигига қатъий ишонч ҳосил қилдилар. Бу эса миллий журналистикамиз ривожида катта аҳамиятга эга бўлди.

“Тараққий” газетаси миллий матбуотимизнинг илк нашри ҳамда Ватанимиз равнақи, миллатимиз бахти йўлида курашганларнинг илк минбари бўлгани учун ҳам ушбу нашр биринчи сони чиққан санани нишонласак, қутласак арзийди.

— Демак, ўзбек матбуоти босиб ўтган бир асрли тарихий тараққиёт йўли осон кечмаган. Сизнинг “Ўзбекистон журналистикаси тарихи” китобингизда ўша даврдаги тўсиқ ва таъқиқлар батафсил ёритилган. Тарихнинг таҳликали, оғир шароитида таъқибу тазйиқлар остида фаолият юритган зиёлилар, фидойи матбуотчилар, журналистлар, уларнинг фаолияти ҳақида қисқача маълумот берсангиз.

— Дарҳақиқат, миллий нашрлар юзага келган кунданоқ уларнинг йўлига тўсиқ қўйилди. Жумладан, “Тараққий”нинг илк сонлари чиқиши ҳамоно “Туркистон вилоятининг газети” унга қарши чиқди. Бу эса, мустабидлар билан озодлик курашига отланган маҳаллий аҳоли вакиллари орасидаги муросасиз ҳаракатни акс эттирувчи мафкуравий тўқнашув эди. “Туркистон вилоятининг газети” муҳаррири Н.Остроумов бу курашда маҳаллий аҳолининг айрим вакилларини ишга солди, газетасида танқидий мақолалар бериб, Мунавварқорига, умуман, “тараққий”чиларга қарши айрим уламо, мударрис, талабаларни, халқни гиж-гижлади. Ушбу газетада “Бир мулла” ёки “Бир муллавачча”, “Бир мадрасада истиқомат қилгувчи” кабилар тилидан ўндан ортиқ мақола “Тараққий” ва унинг муҳаррири Исмоил Обидийга қарши эълон қилинди. Натижада, 21 августда “Тараққий” газетаси муҳарририятига полициячилар бостириб киришиб, газетанинг тайёрланаётган навбатдаги сони мусодара этилди, муҳаррир И.Обидий қамоққа олинди. Кейинги чиққан нашрлар муҳаррирлари Мунавварқори, Абдулла Авлоний ёки 1913-1914 йилларда газеталар чоп этган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Убайдулла Асадуллахўжаев сингари муҳаррирлар ва улар билан бирга фаолият юритган журналистлар ҳам тазйиқу таъқиблар остида фаолият юритишган. Шўро ҳукумати даврида журналистлик фаолияти билан шуғулланган зиёлилар ҳаёти ҳам енгил кечмади. 1920 йилларда уларга қўйилган айрим айблар кейинчалик қатағон даврида “иш берди”. Умуман олганда, матбуотимизнинг бир асрлик тарихини миллатимизнинг асл фарзандлари чеккан заҳмату фидойиликлар, орзу-армонлар кўзгуси, дейиш мумкин.

– Сиз кўп йиллар журналист кадрлар тайёрлашдек масъулиятли жараёнда фаоллик кўрсатиб, талабаларга миллий матбуотимиз тарихидан сабоқ чиқариб олиш, замонавий журналистиканинг илғор тамойилларини ўргатишда кўмаклашиб келяпсиз. Айтингчи, бугунги ўзбек журналистикасини унинг ўтмиши билан қиёслаганда қандай хулосаларга келасиз? Ўзбек журналистикаси ривожини таъминлашда матбуот, умуман, оммавий ахборот воситалари, уларнинг ходимлари олдидаги айни пайтда долзарб бўлиб турган вазифалар нималардан иборат?

— Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини қўлга киритгач, ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳалари қатори оммавий ахборот воситаларига муносабат тубдан ўзгарди. Журналистикага эътибор янада кучайди. Янги, жамият манфаатларини акс эттирадиган оммавий ахборот воситалари тизими юзага келди. Уларнинг сони мисли кўрилмаган даражада ошди. Нодавлат, мустақил, тармоқ, реклама йўсинидаги студиялар, газета ва журналлар юзага келди.

Муҳими, ижодкорнинг қадр-қиммати ошди. Эркин фикрлаш ва фикр айтиш учун йўл очилди. Журналист дунёқараши ўзгарди. Дунёда бўлаётган воқеалардан хабардор, хорижий тилларни яхши биладиган, компютер технологиялари билан қуролланган журналистларнинг янги авлоди вояга етди.

Ахборот глобаллашуви жадаллашган ва ахборот коммуникациялари фавқулодда шитоб билан ривожланиб бораётган бугунги кунда журналист олдига қўйиладиган вазифалар давр билан ҳамқадам бўлишни ва янада кенг миқёсли, тезкор ҳаракатни тақозо этмоқда. Бугун журналистларимиз олдида юртимизда кечаётган ислоҳотлар жараёни ҳақида халқимизни кенг хабардор қилиш, даврнинг муҳим ўзгариш ва янгиланишларини кўрсатиб бериш, дунёда содир бўлаётган воқеаларга тез ва холис муносабат билдириш, ёш авлоднинг онгию қалбини ёт таъсирлардан асраш каби долзарб вазифалар турибди.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, “…сиёсат ҳақида гапирганда сиёсатчи, иқтисодиёт ҳақида гапирганда иқтисодчи бўлиб фикр юритишни, маънавият ва маърифат ҳақида маърифатчи, ҳаётий-фалсафий муаммолар хусусида файласуф бўлиб баҳсга киришишни – мана шундай юксак қобилият ва маҳоратга эга бўлишни ҳаётнинг ўзи журналистларимиз олдига энг муҳим вазифа қилиб қўймоқда”.

Ўйлайманки, боболаримиз орзу қилган бугунги давр фарзандлари ҳам ўз аждодларига муносиб бўлиб, Ватан ва халқ олдидаги бурчларини оғишмасдан адо этишади.

Нилуфар Намозова суҳбатлашди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 26-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!