Ўткир Ҳошимов: “Қаламкаш сўзлар уммонида ўзини денгизчидек эркин ҳис этмоғи керак” (2008)

Китобхон билан учрашмаган қаламкаш йўқ. Бундай суҳбатларда ўқувчилар ижод жараёни, асарнинг қандай туғилиши, бадиий ижоднинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида саволлар билан мурожаат қиладилар.
— Ижод жараёнида асар тили, сўз устида ишлаш қандай кечади? Сўз бойлигини кўпайтириш учун нима қилиш керак?
— Сўз қудратли, таъсирчан ва масъулиятли қурол. Ижодкорнинг сўз бойлиги қанча катта бўлса, ёзиш жараёни шунча тез ва табиий кечади. Бу борада четроқдан бўлса ҳам иккита мисол айтиш мумкин. Бундан анча йил аввал денгизга дам олишга борганимда савдо кемасида капитан ёрдамчиси бўлиб ишловчи одам билан ҳамхона бўлиб қолдик.

Кўпни кўрган, билимдон киши экан. Унинг бир одати бор эди. Ҳар куни чўмилишга борганда бир қўли билан газетани боши устида баланд кўтариб олади-да, иккинчи қўли билан ёнбошлаб сузган куйи денгиз ичкарисига юз-икки юз қулоч жойга сузиб боради. Сўнг сув устига чалқанча тушиб, соатлаб газета ўқиб ётади. Нима учун чўкиб кетмаслигини сўраганимда ғалати гап айтди. “Оддий одамлар ерда юрганида ўзини қанчалик эркин сезса, ҳақиқий денгизчи ҳам уммонда ўзини шундай эркин ҳис қилиши шарт. Денгиз менинг ўз уйим, ўз дардим”.
Яна бир мисол. Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари шўро хоккейчилари билан канадаликлар ўртасида “аёвсиз жанглар” бўларди. Канадаликлар орасида Бобби Халл деган жуда моҳир ва “жангари”си бор эди. Рақиблари билан муштлашавериб соғ жойи қолмаган, “минг чандиқли одам” лақабини олган Боббидан “хоккейчи бўлиш учун нима қилиш керак” деб сўрашганида бошқалар текис йўлда юрганда ўзини қандай эркин ҳис қилса, хоккейчи ҳам муз устида шундай юриши, оёғида конки борлиги хаёлига келмаслиги керак”, деб жавоб қилган эди.
Шу мантиқдан келиб чиқадиган бўлсак, ҳақиқий қаламкаш ҳам сўзлар уммонида ўзини денгизчидек эркин ҳис этмоғи, қачон қандай сўз ишлатишни билмай иккиланиб қолмаслиги керак. Одатда асар туғилиши жараёнида керакли сўзларнинг ўзи қуйилиб келади. Бироқ “қуйилиб келган” сўзларнинг дуч келганини ишлатиш тўғри эмас. Чинакам ижодкор ўнта муқобил сўз орасидан битта энг кераклигини танлаб олиши, яъни сўз уммонида сузаётиб, “бўш чиғаноқ”ни эмас, “ичида гавҳари бор” чиғаноқни олиб чиқиши лозим.
Ўзига талабчан қаламкаш ҳар бир сўзнинг маъносинигина эмас, келиб чиқишини ҳам яхши билмоғи шарт. Ўринсиз ишлатилган битта сўз бутун бошли асар ҳуснини бузиши мумкин. Ҳақиқий бадиий асарда манзара ва муҳит, ранг ва оҳанг, ҳид ва таъм, инсон қиёфаси ва феъл-атвори яққол кўриниб туради. Шоир ёки адиб гуллаган шафтолизорни шундай тасвирлайдики, китоб ўқиётганингизда боғ ичига кириб сайр қилаётгандек, енгил шамол эпкинида устингизга шафтолининг пуштиранг гуллари унсиз ёғилаётгандек бўлади. Ярим кечаси олисдан ўтиб бораётган поезд ғилдираклари овозини шундай тасвирлайдики, ўша товушни сиз ҳам эшитиб, олис-олисларга кетиб қолгингиз келади. Қовун полизини кўз ўнгингизга шунақанги аниқ келтириб қўядики, димоғингизда ҳандалак иси гуркираб кетади.
Сюжет қурилиши, воқеалар ривожи, деталлардан тўғри фойдаланиш, руҳий ҳолатнинг аниқ ва теранлиги, характер яратиш, буларнинг ҳаммаси тил маҳорати билан боғлиқ мураккаб муаммолар. Ҳатто бир қарашда анчайин “осон” юмушдек кўринган портрет чизишда ҳам катта истеъдодлар ажралиб туради. Асар қаҳрамони қиёфаси шунчаки “портрет” эмас, тирик одамга айланади. Бундан ташқари бадиий асарда сўзнинг ички мусиқаси — оҳанги бўлиши шарт.
Агар бадиий асарда ички ритм, мусиқа бўлмаса, унинг оддий хабар ёки воқеалар тафсилотидан фарқи қолмайди.
Истеъдодли қаламкаш учун табиат тасвири ҳам шунчаки “пейзаж” эмас. Асардаги одамнинг аҳвол-руҳияси, кечинмалари, динамикаси ва ҳатто талай “тагмаънолар”ни ҳам оддий пейзажга бемалол “жойлаш” мумкин.
Дейлик, саҳар чоғи чимилдиқдан чиқиб келган бахтиёр куёвга тонготар манзараси қандай кўринади? “Тонг ёришган, тоғ устида қуёшнинг олтин гардиши ярақлаб турар эди…” Ҳозиргина жанг майдонидан чиққан, кун бўйи автоматларнинг қасира-қусир отилишию, снарядлар портлашидан асаблари тамом бўлган, устига устак яқин дўстининг қонга беланган жасадини кўриб, жонидан тўйиб кетган аскар йигит кўзига ботиб бораётган офтоб қандай кўриниши мумкин. “Ҳаммаёқ тутунга тўлган, осмонда чанг-тўзон муаллақ туриб қолган… Олисда қонга ботган калладек қип-қизил қуёш уфққа чўкиб борар эди…”
Бир манзаранинг ўзи қаҳрамон руҳиятидан келиб чиқиб икки хил маъно ташиши мумкин. “Осмонда юлдузлар ёрқин-ёрқин порлаб, уч кунлик ҳилол тиллақошдек ярақлаб турар эди”. Бу — бир ҳолат. “Кирланган докадек хира булут ортида шом еган ой маъюс мунғайиб турибди”. Буниси — бошқа ҳолат.
“Қор учқунлади” деган ибора билан “Гупиллатиб қор ёғди” деган иборада бир хил табиат ҳодисаси — қор ёғиши тасвирланяпти. Аммо динамика, ҳаракат икки хил. Ёки “Шабада эсди, дераза ортидаги бир туп терак япроқлари эркаланиб рақсга тушди” деган жумла билан “Тўсатдан қаттиқ шамол турди, дераза ортидаги бир туп терак япроқлари жонсарак қалтираб қолди” деган жумлада икки хил ҳолат бор. “Ойдин кечалари гуллаган ўрик тагида ётсангиз, осмоннинг аллақайси бурчида учиб бораётган турналарнинг шодон қийқириғи эшитилади” ёки “Ойдин кечалари япроғи сарғайган ўрик тагида ётсангиз, булут қоплаган осмоннинг аллақайси бурчида учиб бораётган турналарнинг ҳорғин ноласи қулоққа чалинади” деган жумлаларда икки хил фасл, икки кайфият, икки хил туйғу мавжуд…
Сўз бойлигини ошириш учун нима қилиш керак, деган савол ҳам табиий. Ижодкор қанча кўп ўқиса, сўз бойлиги шунча ошади, деганлари рост. Бироқ фақат китоб ўқиш билан сўз хазинасини тўлдириш қийин. Бу хазина халқнинг ўзида ётибди. Бир сўзга ўнта маънони юклайдиган аския деган нарса фақат ўзбекда бор!
Сўзнинг тағин бир хазинаси — бозор! Бозорга кириб, ақалли икки соат айлансангиз, шунақанги “теша тегмаган” гапларни эшитасизки, бунақасини йигирма жилдли изоҳли луғатдан тополмайсиз. Персонаж тилини индивидуаллаштираман деб бош қотириб ўтиришга ҳожат қолмайди. Диктафонга муҳрлаб олсангиз бир вақтлар Абдулла Қодирий қаҳрамон тилидан ўзини ҳам, атрофдагиларни ҳам қойилмақом қилиб тасвирлаган ҳикояларнинг замонавий “намуна”ларини ёзишингиз мумкин. Афсуски, биз “оёғимиз остидаги” хазинани кўравермайсиз. Албатта, бундай имкониятдан фойдаланиш керак. Бироқ бундай хазина “соф олтин” дегани эмас. Бир вагон қумдан бир мисқол олтин ажратиб ололсангиз ҳам катта гап…
Бошида айтганимиздек, асар туғилиши жараёнида керакли сўзларнинг ўзи қуйилиб келади. Бироқ бу муаллифни “қайта ишлаш” деган оғир, “қора меҳнат”дан халос қилолмайди. Ҳар қандай пухта қўлёзмада ҳам такрор сўзлар, тафтология, бирининг ўрнига бошқа — аниқроқ ва чуқурроқ маъно ташийдиган иборани қўллаш зарурати бўлиши мумкин. Асар тили устида ишлаш борасида Қаҳҳор домлачалик ўзига талабчан ёзувчи бўлмаса керак. Ўз ибораси билан айтганда “сўзни тонналаб олиб, граммлаб сотадиган” адиб саҳифадаги битта сўз ўзгарса, ўша варақни ташлаб юбориб, қайтадан ёзиши, шу тариқа ҳар бир саҳифани ўртача ўн беш мартадан қайта кўчиришини эслатиб ўтади. Балки шунинг учундир Абдулла Қаҳҳор асарларида бирон сўзни қисқартириш ёки қўшиш у ёқда турсин, бирон сўзнинг ўрнини алмаштиришнинг ҳам иложи йўқ. Бу ҳам ёзувчилик меҳнати нақадар маъсулиятли эканидан дарак беради.
Хуллас сўз — қалам аҳлининг энг қудратли, нозик ва айтиш мумкин, муқаддас қуролидир…
— Бадиий асарда миллий колорит асосан нималарда акс этади?
— Ўтган асрнинг буюк ёзувчиларидан бири Михаил Шолоховнинг гапи бор. Китобхон деразанг рўпарасида қандай дарахт ўсишини, станицанг олдидан қандай дарё оқиб ўтишини билмаса, сен қандай ёзувчи бўлдинг?
Бу гапда теран ҳақиқат бор. Аввало, асар тилининг ўзи “миллий колорит”. Негаки шоир ва адиб асарларида миллий тил бойлиги, товланишлари акс этади. Қолаверса, қаҳрамонлар портрети, пейзаж, удумлар китобхонда ўша халқ, ўша миллат ҳақида тасаввур уйғотади. Асарда Замон ва Макон тушунчаси бўлмоғи табиий. Ҳозир ер юзида 1600 дан ортиқ миллат яшайди. Ҳар бирининг ўз тили, ирқи, либоси, урф-одатлари бор. Дейлик, ўзбек дўппи кийса, мексикалик сомбреро кияди. Инглизлар майитни тахта тобутга солиб дафн этса, ҳиндлар жасадни ёқиб юборади. Марказий Осиё деҳқони қовун экса, Жанубий Америка фермери шакарқамиш ўстиради… Булар ҳам “колорит”. Бироқ улар миллийликнинг ташқи — зоҳирий кўриниши. Миллий характер теран тасвирланган асарда, аввало, одамларнинг ўзига хос руҳий олами акс этади. Буниси, энди, анча мушкул юмуш…
Бошқалар қатори ўзбек адабиётида ҳам миллатнинг ўзига хос олами чуқур ва ишонарли тасвирланган асарлар доим бўлган ва бугунги авлод вакиллари — ёш, истеъдодли шоир, адиблар ижодида ҳам давом этаётир.
Устозлар асарларидан баъзи мисоллар келтириш мумкин. Менимча ўзбек халқининг бетакрор оламини энг гўзал ва ишонарли тасвирлаган адиб — Абдулла Қодирийдир!
“Ўтган кунлар” романининг бошида шундай тасвир бор. Марғилонда, Отабек қўнган карвонсарой ҳужрасига Раҳмат билан Ҳомид кириб келади. Бир оздан кейин хонага Ҳасанали ҳам киради. Отабек унга “ота” деб мурожаат қилади, ҳол-аҳвол сўрайди. Шундан сўнг “баъзи юмушлар буюрсам майлими… бизга чой қайнатиб берсангиз”, деб илтимос қилади. Ҳасанали чиққач, Раҳмат Отабекдан бу киши кимлигини сўрайди.
Адибнинг кейинги тасвирига эътибор беринг. “Отабек Раҳматнинг саволига жавоб бермай, эшикка қаради. Ҳасаналининг ҳужрадан узоқлатиб, сўнгра жавоб берди: — Қулимиз…”
Қизиқ, Отабек нима учун ўзининг қулига салом беради? “Ота” деб мурожаат қилади? Юмуш буюришдан олдин “майлими” деб рухсат ҳам сўрайди? Бу ҳам етмагандек, Раҳматнинг саволига “чолни узоқлатиб”, шундан кейин жавоб беради? Бошқа адабиётда, дейлик Европа адибининг асарида шундай вазият тасвирланса, хўжайин қулига “ота” деб мурожаат қилиш у ёқда турсин, “сен”лаб гапирган, бояги саволга эса унинг ўзини олдида “буми, бу менинг қулим” деб жавоб берган бўлур эди. Отабек эса ундай қилолмайди. Негаки, у — ўзбек.
Бир эмас, минг карра қул бўлган тақдирда ҳам Ҳасаналининг ёши улуғ. Оиланинг ўз аъзосидек бўлиб қолган. Отабек унинг дилини оғритишни хаёлига ҳам келтирмайди…
Бошқа мисол. Ғафур Ғуломнинг “Менинг ўғригина болам” деган ҳикоясида ғаройиб воқеа тасвирланган. Етим набираларини қандай боқишини билмай хаёл суриб ўтирган кампирникига ўғри оралайди. Кампир уни кўриб қолгач ўғри — томда, кампир — айвонда ўтириб, замонанинг оғирлигидан ҳасратлашиб кетадилар. Иккови хўп дардлашгач кампир ўғрига девор четидаги дарахтга осилиб пастга тушишини, “она-бола” ўтириб, бир пиёлагина чой ичиб кетишини таклиф қилади. Ўғри эса шундай жавоб қилади. “Чой ичолмайман. Тонг ёришиб қолса, мени таниб қоласиз. Уяламан”… Мана буни ҳақиқий “ўзбек ўғриси” деса бўлади!
Миллий характер тасвирини Саид Аҳмаддан ҳам ўрганиш керак. “Уфқ” романида қизиқ эпизод бор. Ҳамма урушда жон олиб, жон бериб юрибди, Иноят оқсоқол исмли имонсиз чол эса чайқовчилик қилиб, бойлик тўплаш билан овора. Кунлардан бирида уни мелиса бир тўп газлама билан қўлга туширади. Ҳибсхонага олиб кетаётганида чол айтади. “Мени қўйиб юбормасанг қарғайман. Боланг ўлсин, дейман. Қўйиб юборсанг дуо қиламан”. Мелисанинг ҳам ёши ўтиб қолган. Яқинда урушда юрган катта ўғлидан “қора хат” келган. Олдида кичик ўғли — ёш бола қолган холос… Мелиса ўйлаб туради-да, чайқовчини сўкиб-сўкиб қўйиб юборади. Балки бошқа миллат вакили бу тасвирга ишонмаслиги, ҳатто мелисани қоралаши мумкин. Аммо болажон ўзбек китобхони воқеа тагида ҳақиқат ва айнан ўзбекона феъл-атвор борлигига ишонади…
Романда Азизхон деган ўт-олов йигит яхши кўрган қизи Лутфинисани тўй бўлаётган жойидан олиб қочади. Албатта, бу — ўзбек халқи учун бегона ҳолат. Бундай воқеа мингтадан битта бўлса-бўлади, бўлмаса — йўқ. Бироқ ёзувчининг маҳорати шундаки, асар давомида китобхон бутунлай бошқача манзарага дуч келади. Икки ошиқ-маъшуқ, икки қочоқ неча ойлаб пана-пастқам жойларда юришади, бировларникида ётиб қолади, канал қазишда ишлашади… Азизхон бирон марта севиклиси Лутфинисанинг билагидан ҳам ушламайди: никоҳ ўқитмасдан бировнинг қизига қўл тегизиш мумкин эмас! Башарти бошқа адабиётда шундай ҳолат тасвирланса, қиз роман охирига боргунча бир эмас, иккита болали бўлиш мумкин эди. Ниҳоят, Саид Аҳмад аканинг тағин бир асари — “Келинлар қўзғолони” комедиясини эсланг. Фармонбиби ёши бир жойга бориб қолган, саводи ҳам “мундайроқ” оддий бир кампир. Нима учун унинг бири мелиса, бири ҳисобчи, яна бири дўхтир ўғиллари, ҳар қайсиси бола-чақали етти келини кампирнинг оғзидан чиққан ҳар сўзига “лаббай ойижон!” деб туради! Нимасидан қўрқади унинг? Тағин ўша ҳақиқат. Фармонбиби ҳам, ўғил ва келинлари ҳам ўзбек. Ўзбекда ота-онани эъзозлаш, қадрлаш деган удум бор. Албатта, комедияни дастлаб кўрган ажнабий томошабинга бу ҳолат эриш ва ҳатто ишонарсиз кўриниши мумкин. Бироқ томоша охирига бориб у қайси миллат вакили бўлишидан қатъий назар Фармонбибини ҳам, болаларини ҳам, умуман, ўзбекларни яхши кўриб қолади.
Миллий колорит шунчаки “экзотика” эмас, халқнинг асрлар давомида шаклланган дунёқараши, тафаккури, феъл-атвори, борингки қисматини кўрсатувчи воситадир. Бундай асарлар узоқ умр кўради.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 17-сонидан олинди.