Усмон Азим: «Ватан» де…. Боламнинг қонига» (1988)

«Алпомиш Қалмоққа кетадиган бўлди.

Барчиннинг бўйида уч ойлик гумонаси бор эди. Барчин Алпомишнинг кетарин билиб қимтиниб, уялиб, керагага суяниб, бир сўз деб турган эди:

Сени зор кутарман дилпора.
Ҳижронда ошиқлар бечора.
Айтиб кет, султоним, фарзандинг
Қай сўзни эшитсин илк бора?»

— Гўдак учун илк бор қандай сўз эшитишдан кўра, қандай овқат ейиш, қандай ухлаш, қандай ўйинлар ўйнаши муҳимроқ эмасми? Ахир, гўдак гўдак-да, бари бир ҳали сўзнинг маъносига тушунмайди.

— Бу ўринда қандай овқат ейиш билан илк бор қандай сўз эшитиш ўртасида зиддият  йўқ. Ҳозир маълум бўляптики, биз фарзандларимизга «қандай овқат ейишдан» тортиб, «илк бор қандай сўз эшитиш»гача — кўп ишларни чала ўргатган ёки  умуман ўргатмаган эканмиз. Фарзандларимиз ҳақиқий фаол фуқаро, ватанпарвар бўлиб улғайишлари учун лозим бўлган илк сўзларни эса ёлғоннинг лаганига сузиб, уларнинг олдига қўйган эканмиз. Улардан ҳақиқатни яшириб, яна яхши одам бўлинглар, деб ўзимиз ҳам ишонқирамай насиҳат қилган эканмиз. Энг ёмони шундаки, ота-боболаримиз муқаддас санаган ўша илк сўзларни унутиб қўйган эканмиз  ёки тил учида ҳақиқий юзимизни яшириш учунгина гуриллатиб айтиб юраверган эканмиз. Сўзлар маъноларини йўқотиб, ваъзхонликнинг безагига айланиб қолган экан. «Ватан», «халқ», «ҳақиқат» каби «илк сўзлар» кўпчилик учун оҳори тўкилган буюмдай қадрсиз бўлиб қолганидан хабардормиз. Бу сўзлар, ҳатто баъзиларнинг ғашини келтирарди.

Айримларни «ҳақиқатчи» деб сўкишганларининг ҳам гувоҳи бўлганман.

Энди бир нақл бор: Ойбек домла неварали бўлганларида, чақалоқнинг қулоғига Навоий ғазалларидан ўқитган эканлар…

Хуллас, бугунги кунда фарзандларимизга айтадиган сўзларимизнинг маъносини ўзимиз чуқур англаб етмоғимиз зарур.

Инсон дунёга келгач эшитиши лозим бўлган ўша табаррук сўз нима, ким ҳақида бўлиши керак? Балки «она»дир? Балки «ота»? Ёки «нон»микин? Йўқ, «Барчиннинг сочини силаб, эсон-омонлик тилаб, тасалли бериб сўзларини авайлаб териб турган Алпомиш ёрига бошқа сўзни айтади:

… Оламда кўп эрур ибора,
Бир сўз бор оғриқдан иборат.
У — Ватан! Барчиним, у — Ватан!
Боламга «Ватан» де илк бора.
 
Сўзлагин энг юксак тилакдан,
Бўтадай бўзлаган юракдан.
«Ватан» де…. Боламнинг қонига
Оқиблар кирсин у кўкракдан.

—Усмон ака, инсон дунёга келиб эшитиши лозим бўлган биринчи сўз нега «Ватан» бўлиши керак? Сизнингча, Ватан нима ўзи? Нега у «оғриқдан иборат»?

— «Киндик қонинг тўкилган тупроқ», дейишади. «Киндик қоним теккан тупроққа бориб ўлсам, армоним йўқ», дейишади… Булар  беҳуда гаплар эмас. Киндик қони тўкилган тупроқ билан инсон тақдири ҳали биз англаб етмаган қандайдир бир табиат қонуни орқали чамбарчас боғланган бўлса керак…

Инсон дунёга келиб эшитиши лозим бўлган биринчи сўз «Ватан» бўлмоғи эса — менинг орзум. Ҳамма нарсани пулга сотиб олса бўлади, деб ўйладиган кимсаларга нисбатан бу менинг ягона исёнимдир. “Ватан” сўзи болаларимиз бешиги бошида тез-тез жаранглаб туриши лозим деб ўйлайман. Балки бу Сўз, аввало, ота-оналар учун кўпроқ зарурдир… Ҳар бир қарич она  еримизга жонимиз оғриши, уни жиноятчи, калтабин кимсаларнинг маҳрига топшириб қўймаслигимиз, ўтмишдаги мудҳиш воқеалар қайтиб келмаслиги учун бу Сўзни такрор-такрор, тушуниб-тушуниб, шиддату жасорат билан айтмоғимиз лозим.

Ватан… Нима ўзи?

Қандай қийин савол!

Дарахтни тасаввур қилинг. Унинг илдизи — Ватан. Осмонга интилаётган шохи ҳам — Ватан. Хазонларда учаётган барглари, қурт тушган, қуриган шохлари ҳам — Ватан. Ҳали шаклланмаган куртаклари хаёлидаги мевалари ҳам — Ватан…

Илдизсиз Ватан йўқ.

Мевасиз, уруғсиз ҳам… Шунинг учун ҳам у «оғриқдан иборат». Биз Ватанимиз Ўзбекистонни мукаммал кўргимиз келади. Унинг мукаммаллиги эса бизга — шу  юрт фарзандларига боғлиқ. Аммо бизнинг ўзимиз  мукаммалликдан ҳали нақадар йироқмиз…

Алпомиш тилакларини айтаверди. Фарзандим ўзининг, элининг кимлигини билсин, туғилган тупроғини унутмасин, деди:

Ақлинг ҳеч бўлмасин фаромуш,
Боламни қил яхши парвариш,
Барчиним, боламга яна айт
Отаси — Алпомиш!.. Алпомиш!
 
Елдайин, селдайин бу ҳаёт,
Сафардан қайтмасам умрбод.
Барчиним, аллага қўшиб айт:
Элининг отидир Қўнғирот.
 
Ой чиқса бўлади ойдин, де,
Лочиндай қанотинг ёйгин, де,
Барчиним, суйганда сўйиб айт:
Туғилган тупроғинг Бойсун де.

—Ёшларимизни тарихни билмасликда айблашади. Бунинг сабаби нимада? Ахир биз тарихни мактабнинг иккинчи синфидан ўргана бошлаймиз?

— Бунда фақат ёшларимизнигина айблаш катта хато бўлур эди. Рост, биз ўз тарихимизни яхши билмаймиз. Бунинг сабаблари кўп.

Ўтган даврда адабиёт тарихга жуда кам мурожаат қилди. Чунки яқинга қадар тарихий мавзуда ёзиш, беозор қилиб айтганда, ҳеч кимга раҳмат келтирмади. Ўзбекистон тарихига Сталиннинг шахсга сиғиниш давридаги қараш шу кунга қадар ҳукмронлик қилди десак, хато бўлмайди. Тарихчилар ўзларининг мозий олдидаги масъулиятларини кўп ўринларда унутгандек бўлдилар. «Тарихни қайта ёзиб бўлмайди», деган оддий ҳақиқат ҳам эсдан чиқиб кетди. Тарихчи олимлар орасида у ёки бу масалада очиқ-ойдин баҳс-мунозара бўлганини хотирлай олмаймиз. Иккинчи синфдан тарихни ўргана бошлаган болаларимиз Спитамендан кўра Европадаги салбчилар юришидан яхшироқ маълумот олдилар. Умуман, тарихни бир қолипга солиш, оддий арифметика билан ҳисоблаш, бир томонлама изоҳлаш услубидан тамоман воз кечмоқ зарур. Бу ўтмишда айрим шахслар ўзини доҳий қилиб кўрсатиш йўлида яратган услуб эди.

Бу — биринчидан.

Иккинчидан, тарихимизни ўрганиш учун майдон жуда тор. Биз тарих билан бировнинг «ёрдами»сиз гаплаша олмаймиз. Бунда эски ўзбек ёзувини билмаслигимиз халақит беради. Баъзилар бу ёзув динга йўл очиб беради деб гўдакларча фикрлайдилар. Аммо бу ёзувда Ибн Сино, Беруний, Форобий, Хоразмий, Улуғбек, Навоий каби кўплаб аллома ва адибларимизнинг асарлари ҳам қоғозга тушганини унутиб қўйядилар. Юз минглаб қадимий қўлёзмаларимиз ҳам шу ёзувда бизгача етиб келганини ҳисобга оладиган бўлсак, эски ўзбек ёзувини ўрганиш зарурат эканлигини ҳис қиласиз. Тарихни, ўтмиш маданиятини бир гуруҳ мутахассислар ўрганганда эмас, омма ўзлаштирган ҳолдагина, у келажакни яратиш қуролига айланади.

— Жуда тўғри, Усмон ака. Тарихдан узилиш оқибатида айрим ёшларимизнинг «оммавий маданият»га берилаётганлиги ҳам бор гап. Бугунги ёшлар — 80-йилларнинг йигит-қизлари  «Шашмақом»дан кўра рок-музикани дурустроқ «тушунадиган» бўлиб қолишган. Бугунги Барчинойларимиз орасида кутилмаган хавфли иллат — ичиш, чекиш одат тусига кира бошлаганлиги ҳам беҳад аянчли. Яна шуниси алам қиладики, бу тоифага мансуб ёшларнинг кўпи ўзларини «ўта маданиятли», «ўта замонавий» деб биладилар.

— Бу дунёқарашнинг торлиги — билим саёзлигининг оқибатидир. Бу миллий тарбияни тан олмаганимиз, ўтмиш маданиятимизга, тарихимизга ҳадиксираб, уялиб, ҳатто… жирканиб қарашимиз, интернационализмни кулгили даражада жўнлаштирганимиз, уни билиб-билмай миллийликка қарши қўйганимиз, ўзимизнинг кимлигимизни фарзандларимизга ҳам тушунтириб беришга қурбимиз, билимимиз етмаганлигининг натижасидир. Сиз айтаётган «ўта маданиятлилик»ка интилиш ўттизинчи йиллардаёқ бошланган жараён эди. Ҳозирги «ўта маданиятлилар» «Ўтган кунлар» каби асарларни йўқ қилмоқчи бўлганларнинг набираларидир. Улар «Шашмақом»ни бир пайтлар сарой музикаси деб эълон қилган нигилистлар. Улар фақат ичиш ва чекиш билан чекланиб қолаётганлари йўқ.

Ҳа, айтганча «Шашмақом»ни тушуниш рок музикани тушунишга халақит бермаслиги керак. Иккала музиканинг ҳам ўз мухлислари бўлиши керак.

— Ўрни келганда айтсангиз: умуман, укаларингиз — ёшлар ҳақида фикрингиз қандай?

— Фикрим жуда яхши. Уларга кўп ҳам ақл ўргатавермаслигимиз керак. Ёшларни ҳақиқат билан тарбияласак жуда яхши бўларди.

— Кўпгина шеърларингизда мешчанликни танқид қиласиз. Бугунги мешчаннинг қиёфасини қандай тасаввур этасиз?

— Кўп фожиалар мана шу мешчанликдан ўсиб чиқади. У бюрократни, порахўрни яратади. Мешчаннинг қиёфаси — қиёфасизлик, мослашув. Ўғри қўлга тушмоқда, лекин иблис қайта қуриш йўлида куйиб-пишиб юрибди. Унинг қўли ҳамон узун — мансаби ҳам, эътибори ҳам бор. Унинг ҳар қандай гапини тасдиқлаб турадиганлар ҳам топилади.

— Гап маданиятга бориб тақалган экан, фикрингизни билмоқчи эдим. Маданиятли киши қандай бўлиши керак?

— Тўғри сўзли бўлмоғи лозим.

Алпомиш тилакларини айтаверди. Мансабга учма. Лавозимдор бўлсанг, унутма, минган мансабингдан халқингнинг, Ватанингнинг манфаатларини юқори қўй. Ким бўлишингдан қатъий назар, халқингга ҳоким кўзи билан эмас, хизматкор нигоҳи билан қара:

Бойликка бўлма де харидор,
Бойликдан баландда эл-юрт бор.
Айт, ёвни қақшатган алп бўлсин,
Айт, бўлсин юртига хизматкор.

— Шу ўринда ўзим гувоҳ бўлган воқеа ёдимга тушди. Бир тракторчи ўғлига насиҳат қилаётганининг устидан чиқдим: «Икки кишига бўлса-да, бошлиқ бўл, болам». Меҳнаткаш бир инсонни бундай хулосага нималар олиб келди экан, деб ўйлаб, ўйимга етолмайман. Сиз нима дейсиз, Усмон ака?

— Мен ўйлаб ўйимга етганман. Бу осмон — йироқ, ер — қаттиқлигини бошида синаб кўрган бечоранинг чораси. Шахсга сиғиниш, турғунлик шу аҳволга солиб қўйган.

— Энг катта лавозимларда ишласа-да, юртига бир умр хизматкор бўлиб қолган одамларни биласиз. Улар бунга қайси фазилатлари туфайли эришган деб ўйлайсиз?

— Бундай раҳбарлар кўп бўлган. Ҳозир ҳам кам эмас. Уларнинг «элнинг хизматкори» даражасига етишуви-да, бировнинг дардини ўзининг азобидай ҳис қила билишида омманинг кайфиятини сеза олиш фазилатлари муҳим ўрин тутган, деб ўйлайман. Оқил раҳбарнинг бош фазилати, аввал одамларнинг дардини англаб, сўнг қарор қабул қилишидадир. Нодон эса аввал қарор қабул қилиб, сўнг  уни бажаришга одамларни мажбур қилади.

— Бу гаплардан кейин айтинг, саодат нима?

— Ватанни сева билиш.

«Барчиним, фарзандим шер бўлсин
Юртига суянчиқ эр бўлсин.
Ватанни дилига жо айлаб,
Бахшилар тилида шеър бўлсин.

Ў, биродарлар, Барчин эсли хотин эди! Фарзанд кўрганда боласига нималар деган, билмайман. Аммо биз томонларда бахшилар Алпомишнинг ўғли Ёдгор ҳақида ҳам достон айтишади…»

Усмон Азимнинг «Бахшиёна» туркумидан ёзган шеърларидан бирининг ниҳояси ана шундай.

Қулман ОЧИЛОВ суҳбатлашди. 

“Ёш ленинчи” газетаси, 1988 йил 26 апрель