Озод Шарафиддинов. Умр бўйи давом этадиган синов (1988)

— Озод ака, ижозатингиз билан суҳбатимизни болалик, ўқувчилик йилларингиздан бошласак. Сабаби, чинакам ижод уруғи аслида инсон қалбига болалик йилларида тугилади ва одам улғайган сари уни безовта қилиб, вужудида ажиб бир туғёнга, ғалаёнга айланиб боради. Шундан бўлса керак, болалигида лоақал ўзича тўрт сатр «шеър» тўқимаган, ўзича ашула хиргойи қилмаган ёки «ажи-бужи» расмлар чизмаган ўқувчини топиб бўлмайди.

— Бажонидил, суҳбатни болалик йилларидан бошлайлик. Чунки болалик йиллари қандай кечмасин, ҳар бир одамнинг ҳаётидаги энг бахтиёр йиллар бўлар экан. Шунинг учун уни эслаш ҳамиша мароқли. Аммо мен саволингизни «болаликдаги бахтиёр дамларингизни айтиб беринг» деган маънода англамадим. Афтидан «қалбимга ижод уруғи» қандай тушганини сўраяпсиз, шекилли. Тўғрисини айтсам, буни билмайман. Аниқ билганим шуки, 10—11 ёшимда биринчи ўқиган асарим менда жуда чуқур таассурот қолдирди, Бу — арман ёзувчиси Ованес Тўманяннинг «Чинор» деган романи эди. Бунда бир етим боланинг бағоят аччиқ ва аламли саргузаштлари баён қилинган эди. Ҳикояни ўқиб, ўша муштипар етимчанинг қисматидан аччиқ-аччиқ йиғлаганман. Шу-шу китоб ўқийдиган бўлиб қолдим. Орадан кўп ўтмай, бу иштиёқ енгиб бўлмайдиган эҳтиросга айланди. Юқори синфларга ўтганимда 30- ва 40-йилларда ўзбек тилида чиққан ҳамма бадиий асарларни ўқиб чиқиб бўлган эдим. Хуллас, мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ адабиётчи бўлишни аниқ ҳис қилган эдим. Фақат ўқишга ҳавас қачон ва қандай қилиб ижодга йўл бошлаганини аниқ айта олмайман. Мактабда шеърлар ёзар эдим, аммо студентлик йилларимда уларни жуда бўшлигини фаҳмлаб қолдим. Биринчи «мақолам» 1950 йилда «Пионер» журналида босилди. Бу Маяковскийнинг болаларга аталган шеърлар китобига тақриз эди. Ўшанда шапалоқдек тақризга 10 сўм (!) қалам ҳақи тўлашганини кўриб ҳайрон қолгандим. Назаримда, мақолани босишгани учун журналга мен ҳақ тўлашим керакдай эди.

— Сизнинг ўқувчилик йилларингиз совет кишилари ҳаётида жиддий ўзгаришлар юз бераётган пайтларга дуч келади. Бир томонда қутб қаҳрамонлари: Папанинчилар, Челюскинчиларнинг жасоратлари, Чкаловнинг АҚШга қилган тарихий парвози; бир томонда эса миллионлаб бегуноҳ кишилариинг ҳар хил уйдирма сиёсий айблар тамғаси остида репрессияга дучор қилиниши… Албатта, ёш ўқувчи бу мураккаб ҳодисаларии бирданига англаб, моҳиятини тушуниши қийин. Шундай бўлса ҳам, мурғак қалб билан киши нималарнидир сезиши, изтиробга тушиши, қийналиши табиий. Сиз ана шу мураккаб ҳодисаларни қандай қабул қилгансиз! Бир эслаб кўринг-чи?!

— Гапингиз тўғри, мен тенги одамларнинг болалик йиллари жуда мураккаб, зиддиятли даврга тўғри келган эди. Аммо, айтишим керакки, шахсан мен болалик йилларимдаги фожиали ҳодисаларни англаган эмасман. Менинг болалигим — мен тенги бошқа миллионлаб одамларнинг болалиги каби «Бахтли болалигимиз учун доҳий Сталинга раҳмат!» деган шиор остида ўтган. Биз ўша йилларда содир бўлган воқеаларнинг ҳаммасини завқ-шавқ билан, ифтихор билан қарши олардик. Бирон нарсага шак келтириш, бирон нарсадан гумон қилиш бизга ёт эди, Сиз айтган Челюскинчилар эпопеяси, Папанинчилар, Чкаловлар, Осипенколар қалбимизни ифтихор туйғусига тўлдирарди. Уларнинг ёнига стахановчилик ҳаракатини, ДнепроГЭСни, Катта Фарғона каналини қўйиш мумкин. Биз учун дунёда мамлакатимиздан кўра қудратлироқ, буюкроқ мамлакат йўқ эди. Энг севган қўшиғимиз «Эртага уруш бўлса…» эди. Душман зотики бор, унинг ҳаммасини бир ҳамла билан маҳв этишга қодирдек эдик. 1941 йилда уруш бошланганда мен пионер лагерида эдим, шунда болалар ўртасида катта низо чиққан. Улар икки гуруҳга ажраб кетган эди, чунки биринчи гуруҳ «бизнинг қўшинлар уч ҳафтада ғалаба қозонади» деса, иккинчи гуруҳ «бўлмаган гап, уруш бир ҳафтада ғалабамиз билан тамом бўлади», деб бонг уришган эди. Қизиқ, ўшанда 12 ёшда эдим.

— Яқинда «Огонёк» журналида академик В. И. Гольданскийнннг суҳбати эълон қилинди. Ёшлигида тарихчи бўлишни орзу қилган олим бундан эллик йиллар олдин мактабларда тарих фани қандай ўқитилганини хотирлар экан, дарсларда билим олиш ўрнига СССР тарихи дарслигидаги қайси суратларни йиртиб ташлаш ёки қайси фамилиялар устига қора сиёҳ суркаш асосий машғулотга айланиб қолганини афсус билан эслайди. Шунга яқин фикрларни машҳур кинорежиссёр А. Довженко ҳам таъкидлайди. Унинг ён дафтарида қайд этилишича, 40-йилларда тарих факультетларига кириб ўқишни ҳеч ким хоҳламас экан, бу соҳа олимлари, профессор ва ўқитувчиларининг ҳадеб қамалавериши ҳаммани бездириб қўйган экан. Ҳозир шу даврга оид фактлар, ҳужжатлар кун сайин ойдинлашиб, илдизлари, сабаблари очилиб бормоқда. Бугун ҳаммамиз биламизки, шахсга сиғиниш йилларида адабиёт, айниқса, ўзбек адабиёти катта зарар кўрган.

Шунга қараганда, академик Гольданский тарих дарсларида дуч келган ҳодисага Сиз адабиёт дарсларида ҳар қадамда тўқнашган бўлсангиз керак?

— Репрессиялар… Албатта, улар кўз ўнгимизда содир бўлганди. Албатта, ҳар куни ўнлаб «халқ душманлари» қамалаётганини эшитиб, ҳайрон бўлардик. Лекин очиғини айтганда, хурсанд ҳам бўлганмиз. Чунки синфий душманларимиз борлигига, ичимизда бизни кўролмайдиган, пайимизни қирқишга уринадиган зараркунандалар кўплигига астойдил ишонардик. Улар қўлга олинса, яхши-да. Душман камаяди, йўлимиз равон бўлади. Ҳар бир қамалган душман бизга, «жонажон отамиз, халқлар Доҳийси» Сталиннинг бугак ғалабасидай, унинг беқиёс донолигининг янги далилидай туюларди. Шунинг учун мактабда дарсликларимиздан, дафтарларимиздан «халқ душманлари»нинг суратларини, номларини қора сиёҳлар билан ўчириб ташлардик. Уларни тилга олмасликка, улар ҳақида гапирмасликка уринардик. Ҳатто ўзимиз ҳам ҳар хил ёзувлардан, шиорлардан, суратлардан зараркунандалик белгиларини қидириб топардик.

— Шумдай ғалати воқеа менинг ҳам эсимда қолган. 1952 йилнинг кўклам пайти эди, шекилли. Ўртанча опам 7-синфда ўқирди. Бутун синф район газетасига обуна бўлган экан. Газетанинг янги сонини синф бошлиғи биттадан тарқатиб бераётганда опамга йиртилган нусха тегиб қолибди. «Бошқасини бер», деса, синфком унамабди. Опам газетани очиб кўрмасдан туриб: «Йиртиқ газетангни кераги йўқ. Ўзинг ўқийвер» — деб аччиқ қилиб иккига бўлиб ташлабди. Газетанинг ички саҳифасида Сталиининг катта расми бор экан, қоқ ўртасидан йиртилиб кетибди. Ана шундан кейинги тўполонни кўрсангиз! «Палончининг қизи доҳий Сталиннинг расмини йиртиб ташлабди!», «Бузғунчи!», «Душман!» деган шов-шувлар, пичир-пичирлар… «Фаол», «ҳушёр» ўқувчиларнинг бир гуруҳи шу заҳотиёқ «масаласи муҳокама қилинсин!», «мактабдан ҳайдалсин!» деб мактаб маъмуриятига ариза беришган… Бутун мактаб оёққа турган. Оилада ҳамманинг қути ўчиб кетган. Опам бечорани ҳар куни турткилашади, қарғаб-сўкишади. Хайриятки, холам Маҳмудова Ўғилой мактаб директори эди. Адамнинг коммунистлигию колхоздаги хизматларини ҳамда холамнинг кафолатини ҳисобга олишиб, виговор бериш билан бу ишни амаллаб тинчитишган эди. Шу мисолнинг ўзиёқ вазият қанчалик мураккаб бўлганини кўрсатади.

— Репрессия йилларидан хотирамга бир манзара муҳрланиб қолган. Биз у пайтларда Охунгузар билан Қози кўчанинг ўртасида, ғишт кўприк деган жойда турардик. Бухарин, Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев ва бошқалар устидан суд бошланганидан кейин, уйдагилар ҳар куни эрталаб мени Эски Жувадаги газета дўконига юборишарди. Ўшанда одамлар газета келмасидан бир-икки соат аввал дўкон ёнида узундан-узоқ навбатга туришарди. Бунақа катта очередларни кейинчалик уруш йилларида нон дўкони ёнидагина кўрганман. Очереддагилар жуда батартиб туришарди, жанжал-тўполон, ур-сурлар бўлмасди, лекин кўпчиликнинг гази тунд, қовоғи солиқ экани, одамлар ўзаро жуда кам гаплашгани эсимда.

Хуллас, болалик йилларимда репрессиялар фожиасини юракдан чуқур ҳис этмаган эдим.

Қама-қамаларда аллақандай ғайри табиийлик борлиги ҳақида, қандайдир адолатсизликка йўл қўйилаётгани тўғрисида биринчи марта 50-йилларнинг бошидаги репрессиядан кейин ўйлай бошладим. Айниқса, Шайхзода ва Саид Аҳмад қамалгандан кейин. Ахир, уларни шахсан танир эдим. Бир неча марта Шайхзоданинг суҳбатларини, лекцияларини эшитиб, бу одамнинг донолигига, билимдонлигига қойил қолган эдим. Айниқса, унинг самимиятини айтмайсизми! Уруш пайтларида эса бу одамнинг «Кураш нечун?», «Капитан Гастелло», «Семенченко, офарин!», «Тўпчи Муҳаммад» каби ўнлаб шеърларини ёдлаб, кўпчилик олдида декламация қилиб айтиб юрардим. Шундай одамнинг халқ душмани эканига, бирор аксилинқилобий ташкилотга аъзо эканига, Ўзбекистонни чет эл империализмига неча сўмгадир сотмоқчи бўлганига ақл бовар қилмас эди.

Саид Аҳмад-чи? У биздан бир-икки кўйлакни кўпроқ йиртган бўлсада, биз анча яқин эдик. Биз бошловчи-ҳаваскорлар бўлсак, Саид Аҳмад икки-учта китоб чиқарган ёш ёзувчи эди. Эндигина 30 га кирган Саид Аҳмад жуда қувноқ, ўта ҳазилкаш, ҳар қандай даврани яйратиб юборадиган иқтидорга эга эди. Шу хусусиятлари асарларида ҳам мана ман деб кўриниб турарди. Унинг устига яқиндагина шоира Саидага уйланиб, оилавий ҳаётнинг сурурини эндигина тотиб кўра бошлаган эди.

Ўзимиз билган Саид Аҳмадки «халқ душмани» бўлса, одамларнинг соғи йўқ экан-да? Лекин бу гал ҳам бунақа шубҳа-гумонлар бизни кўп ҳам ўртагани йўқ. Биз ўша кезларда университетда ўқир эдик — авжи эрк ҳақида, адолат ҳақида, яхшилик ва ёмонлик, олижаноблик ва разиллик тўғрисида бир-биримизга гап бермай тортишиб юрган кезларимиз. Лекин буни қарангки, биронтамиз ўшанда овозимизни кўтариброқ: «нималар бўляпти ўзи? Биз билган ўртоқларимиз, акаларимиз, устозларимизнинг гуноҳи нима? Айтинглар, биз ҳам билиб қўяйлик!» дейишга ярамабмиз. Аксинча, жиндай ҳайрон бўлиб юргандан кейин, ўша пайтда кенг тарқаган тасалли билан ўзимизни овутиб қўя қолганмиз: «Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур? Айби бўлмаса, бегуноҳ одамни қамамайди». Яна қайта-қайта бир гапни дуодай такрорлайверганмиз: «Доноларнинг доноси, башарият қуёши Сталин ҳаммамизнинг бахтимизни ўйлайди. Унинг даврида ҳеч қанақа адолатсизликка йўл қўйилмайди».

«Шахсга сиғиниш» деб аталган разолатнинг бутун даҳшатини партиямизнинг XX съездидан кейингина тушуна бошладик. Унинг ҳамма зарарларини англаш жараёни шу йиллар давомида бир лаҳза ҳам тўхтагани йўқ, ҳозир ҳам давом этмоқда.

— Университетдаги лекцияларингиздан бирида уруш пайтида шароит оғирлигига қарамай, китоб ўқишга иштиёқингиз пасаймаганини айтган эдингиз. Ҳозирги фурсатдан фойдаланиб, шу йиллар ҳақида, илк устозлариигиз, дўстларингиз ҳақида батафсилроқ гапириб берсангиз. Шунингдек, сиз Москвада аспирантурада ўқиб, адабий таҳсилни қиёмига етказган бахтли олимлардан бири саналасиз. Пойтахт адабий муҳити, устозлар ибрати, рус ёзувчи ва олимлари билан шахсий мулоқот ва дўстлик, фикр алмашишлар, танқидчи сифатида шаклланишиигизда катта роль ўйнагани шубҳасиз. Ҳарҳолда, булар ҳақида ўзингиз гапириб берсангиз яхши бўларди.

— Албатта, ҳар қандай одамнинг ўсишида, балоғатга етишида устозларнинг роли катта. Мен биринчи устозим сифатида ўрта мактабда дарс берган ўқитувчим Қудрат Аҳмедовни биламан. Ҳозир у киши филология фанлари кандидати, Низомий номидаги Давлат педагогика институтининг доценти, республиканинг таниқли методистларидан. Қудрат Аҳмедов жуда ғамхўр ва меҳрибон ўқитувчи, айни чоғда билимдон мураббий эди. Мен у кишидан адабиётнинг алифбесини ўрганганман. Классикларимизнинг буюклиги нимада эканлигини адабиётнинг нафосати қанақа бўлишини ўрганганман. У кишидан аввал менинг адабиётга муҳаббатим стихияли бир туйғу бўлган бўлса, Қудрат Аҳмедов туфайли бу туйғу саришта бир шаклга кирди, муайян мақсад кашф этди. Қудрат ака устозларим ичида биринчи бўлиб, менга ўзбек адабиёти учун ифтихор туйғусини сингдирди.

Олий ўқув юртидаги устозларим ҳам кўп нарса беришди. Айниқса, Ғулом Каримов, Субутой Долимов, Ҳомил Ёқубов, Н. Крепенцев, М. М. Саксонова, Д. Я. Вифлеемский каби олимлар адабиёт оламидаги билимларимни чуқурлаштиришга катта ёрдам беришган. Шундоқ бўлса-да, Москвадаги устозларим менинг олим сифатида шаклланишимда фавқулодда роль ўйнашди. Булар К. Л. Зелинский, М. К. Добринин, М. И. Ритман-Фетисов, М. И. Богданова, Г. И. Ломидзе каби атоқли олимлардир. Улар биргаликда менга илмий тафаккур сирларини ўргатишди. Бунинг қандай бўлишини конкрет тасаввур қилишингиз учун бир мисол келтираман: мен ўнинчи синфни битириб, «Етуклик аттестатини» олганимда, очиғини айтсам, ўзимга-ўзим жуда буюк кўриниб кетган эдим. Назаримда, миямга илм сиғмай кетган эди. Гўё ҳазрат Навоий менга аталган мисраларини адашиб Фарҳод ҳақида айтиб юборгандай:

Дунёда қолмади ул билмаган илм,
Билиб таҳқиқини касб этмаган илм.

Шу кайфият билан университетга келиб, беш йил ўқидим. Қарасам, ҳали биз билмаган илм анча экан. Ўшаларни қунт қилиб ўрганса, дунёдаги энг билимдон одамга айланиш мумкин. Университетни битириб, Москвага аспирантурага борганда гарчи билимим беш йил аввалгидан мукаммал бўлмаса-да, ҳали ҳам чакки эмас эди. Бурним кўтарилган, унча-мунча тенгқурларни эмас, баъзи бир домлаларни ҳам менсимас эдим. Диссертация ёзишга киришдим. Билимим «ҳаддан зиёд кўп бўлганлиги» учун, диссертациянинг ҳам бир бобини ҳаш-паш дегунча ёзиб ташладим-да, илмий раҳбарим К. Л. Зелинскийга кўрсатдим. У киши апил-тапил варақлаб кўрди-да, «бўпти, ёзаверинг, бўлади» деб оқ фотиҳа берди. Енг шимариб ишнинг давомини ёзишга киришдим. Яна ҳаш-паш дегунча 50—60 бетни қоралаб қўйдим. Қораладим-у, иш сустлашди, сўнг кўп ўтмай бутунлай тўхтаб қолди. Негаки, ёзганларимдан ўзим ҳайрон эдим. Ётоғимиз тўла аспирант, аммо бир ярим йил давомида мен «ишим яхши кетяпти, муддатида диссертациямни тугатаман» деган биронта ҳам аспирантни учратмадим. Аксинча, ким билан гаплашмай, ҳамманинг ҳасратидан чанг чиқади: «ёзиш қийин, уч кун ўтириб ярим бет ёзолмадим, иш юришмаяпти». Қизиқ, наҳотки бир ётоқ аспирантнинг иши юришмаса-ю, ёлғиз меники юришса? Наҳотки, шунча одам ичида ёлғиз ўзим қобилиятли бўлсам? Бундай ўйлар ёзилган нарсани тузукроқ таҳлил қилишга олиб келди. Иккинчи боб «Ўзбек лириқкасида Ватан мавзуи» деб аталарди. Ўйлаб қарасам, бинойидек ёзилган: чиройли жумлалар, цитаталар, сиёсий жиҳатдан тўғри тезислар… Аммо бироз қуруқлиги ҳам бор, аравани шалдиратиб олиб қочилган жойлари ҳам кўп. Анча жойда бирор шеър тилга олинади-да, кейин унинг мазмуни баён қилиб берилади, шундан сўнг Ватан ҳақида, уни севиш тўғрисида дабдабали гаплар бошланади. Нима бўпти, бошқаларда ҳам, ҳатто тажрибали адабиётшуносларда ҳам бунақа гаплар кўп-ку! Ўзимга-ўзим тасалли бердим-у, лекин барибир бўлмади. Шундан кейин бир сатр ҳам ёзолмадим. Ниҳоят аспирантура тугашига беш-олти ой вақт қолди. Илмдан эса дарак йўқ. Шундай кунларнинг бирида домлам йўқлаб қолди. Дарҳол институтга етиб бордим. У ишнинг биринчи бобини синчиклаб ўқиб чиқибди. Жиндек зарда билан 120 саҳифали бобни қўлимга қайтариб берди: «Бўлмади, — деди у. — Бунда илмнинг «и» ҳарфи ҳам йўқ. Учига чиққан декларативлик, риторика. Фикр йўқ. Қуруқ гап. Фақат поэмаларга бағишланган сўнгги саҳифалардагина жиндай жон борга ўхшайди». Бу гапни эшитдиму лол бўлиб қолдим. Гўё домла «Мункарнакир»нинг тўқсон ботмонлик гурзиси билан бошимга бир уриб, мени тариқдай тирқиратиб юборган эди. Ётоққа келиб, қўлёзмани варақладим. Унда тагига чизилмаган жумла, ёнига сўроқ аломати қўйилмаган ёхуд «бўлмайди», «расво», «эс борми?», «нималар деяпсиз?», «қаёқдан тушгансиз?» каби иборалар ёзилмаган саҳифа йўқ эди. Аввал жуда қаҳрим келди. Бир неча кунгача ухламай тўлғониб чиқдим. Лекин секин-секин танамга ўйлаб қарасам, ўша гапларнинг ҳаммаси тўғри. Ахир, илм дегани мен ўйлаганимча осон бўлса, ҳамма ёппасига олим бўлиб кетмасмиди? Домланинг қўлёзма ҳошиясига ёзган мулоҳазалари менга илмий тафаккур қандай бўлишини кўрсатиб берди, илмдаги сафсатадан қочишга ундади. Қаҳр ўрнини миннатдорлик туйғуси эгаллади. Ўша қўлёзмани мен ҳозиргача асрайман ва тез-тез варақлаб тураман.

Хуллас, москвалик олимлар ёрдамида мен яна бир ҳақиқатни кашф этдим — ўзимдаги билим деб ҳисоблаб юрганларнинг кўп қисми оддий кўпик экан, мен билган нарсалар билишим керак бўлган нарсалар олдида денгиздан бир томчи экан. Шу тарзда ҳеч нарса билмаслигимни билиб олдим. Билим дегани бир гранит қоя эканки, уни одам умрбод кемириб ўтиши керак экан. Мана, 30 йилдирки, ҳамон кемириб ётибмиз.

— Рус революцион-демократ танқидчиларининг ижодингизга таъсири қандай бўлган? Сиз айни замонда Белинский, Добролюбов асарларининг таржимонларидан бири сифатида ҳам эътироф этиласиз…

— Устозлар ҳақида гап кетганда, мен рус революцион демократларини ва, айниқса, Н. А. Добролюбовни тилга олмай ўтсам бўлмас. Уларнинг китоблари бамисоли бир хазина, хазина бўлганда ҳам туганмас хазина. Мен 1957 йилда Добролюбов мақолаларини таржима қилдим ва унинг танланган асарларини нашрга тайёрлаш бахтига муяссар бўлдим. Шунда мен бу даҳо йигитнинг ичқи лабораториясига яқиндан киргандай бўлдим, унинг ғоялари оҳанрабосини яққол ҳис қилдим. Ўша йиллардаги баъзи бир мақолаларимда ҳатто Добролюбовга ошкора тақлид қилишга уриниш бор. Ҳозир ҳам устозларим кўп. Европа олимлари ичида ҳам, рус совет адабиётшунослари орасида ҳам. Бугун ўзим қатори қалам тебратаётган ўзбек мунаққидларидан ҳам анча нарса ўрганяпман.

Адабий танқид — мангу синов. Унга илова қилиб, ижод бутун умр давомида амал қиладиган шогирдлик ҳамдир деса бўлади.

— Ўзбек ёзувчилармнинг танқидчилик фаолиятингиздаги роли қандай? Мен шеърият ҳақидаги айрим мақолаларингизда хассос шоир ва олим Мақсуд Шайхзоданинг илмий асарларига хос эҳтирос изларини сезгандай бўлган эдим… Бу гапни айтишимга сабаб яна шу нарсаки, айрим ҳамкасбларимиз ёзган мақолаларни ўқиганда одам жуда қийналиб кетади. Мазмунни, янгича нигоҳнику қўяверайлик, фикр ифодасида ҳам шира, эҳтиросни излаб тополмайсиз…

— Менинг танқидчи сифатида шаклланишимда ўзбек адиблари ва шоирларининг роли бениҳоя катта, албатта. Мана, ёш ҳам бир жойга бориб қолди, ижод оламига кириб келганимга ҳам ўттиз беш йил бўлди. Шу йиллар мобайнида ўзбек ёзувчиларининг кўпчилиги билан бирда ота-боладек, бирда ака-укадек, бирда устоз ва шогирддек муомалада бўлиб келдим, Шу йиллар мобайнида менга куч берган ҳам, қўллаб-қувватлаган ҳам, хатолар ва адашишлардан огоҳ қилган ҳам, жамики ишларимдан хабардор бўлиб мени парваришлаб келганлар ҳам шулар. Ўзбек ёзувчиларисиз мен ҳаётимни тасаввур қилолмайман. Улар ичида биринчи устозим деб Абдулла Қаҳҳорни биламан. Бу тўғрида матбуотда бир неча маротаба ёзганим учун, бу ерда батафсилроқ тўхтаб ўтирмайман.

Менинг адабий танқид билан жиддийроқ шуғулланишимга биринчи бўлиб ундаган, ундагангина эмас, тепамда туриб, биринчи жиддий мақоламни ёзишга мажбур қилган, кейин кўриб чиқиб, маслаҳатлар берган, мақола узил-кесил тайёр бўлгач, уни «Шарқ юлдузи» журналига жўнатган, мақола эълон қилингач, мен билан баравар қувонган одам Пиримқул Қодиров эди. Гап «Бадиий таржиманинг баъзи принциплари» деган мақола ҳақида кетяпти. Бу воқеа 1953 йилда содир бўлган эди. Ўшанда мен Москвада Жаҳон адабиёти институтида аспирант эдим. Пиримқул эса СССР Ёзувчилар союзида ўзбек адабиётидан консультант ва айни чоқда, Адабиёт институтида аспирант эди. У тез-тез бизнинг ётоққа келиб турар, мен ҳам унинг уйига бориб туришни канда қилмасдим. Биз нима мавзуларда гаплашмайлик, Пиримқул гапни айлантириб, нега ёзмаслигим масаласига бурарди. Ва ҳар гал жуда қатъий оҳангда ёзишим кераклигини таъкидлар эди. Очиғини айтганда, Пиримқулни кўп жавратмаслик учуноқ бояги мақолани ёзишга киришдим. Аммо мақолани ёзиш жараёнида бу иш ўзимга ҳам жуда ёқиб қолди. Айниқса мақола босилиб чиққач, Тошкентдан, журнал редакциясидан, баъзи бир ёзувчилардан мақола муайян қизиқиш уйғотгани ҳақидаги хабарларни эшитиб, анча кўнглим кўтарилди. Шундай қилиб, Пиримқул мени танқидчи сифатида йўргаклаб олган эди, десам бўлади.

Кейинчалик Тошкентда Мамарасул Бобоев, Миртемир, Зулфия каби шоирлар билан, Одил Ёқубов, Саид Аҳмад каби прозаиклар билан дўстлашиб қолдим. Улар ва яна анча-мунча бошқа ёзувчилар менинг танқидий фаолиятимнинг рўёбга чиқишида катта роль ўйнаган. Мен ҳозирга қадар носир ва шоир дўстларимнинг менга хайриҳоҳ муносабатини жуда қадрлайман.

— Чинакам ижод табиатида турғунлик, ҳамма кўникиб қолган шаблон — схемаларини инкор этиш, яхши маънодаги исёнкорлик мавжуд бўлади. Адабиёт оламида бунга минглаб мисоллар келтириш мумкин. Лоақал Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфиларнинг шеърият оламига кириб келишини ёки ҳозир фаол ижод қилаётган Муҳаммад Солиҳ, Шавкат Раҳмон, Усмон Азимовлар ижодини эслаш кифоя. Шу маънода мен 50-йилларнинг иккинчи ярмида ёзилган лирика ҳақида мақолаларингиз ва «Замон, қалб, поэзия» тўпламингизни ўзига хос жасорат намунаси деб биламан. Унда сиз танқидчиларимиздан биринчи бўлиб шеъриятдаги қуруқ риторика, дабдабабозлик, қофиябозликка қарши, китобийликка қарши ўт очган ва адабиётда истеъдодсиз одамларга ўрин йўқлигини исботлаб берган, ҳатто казо-казо шоирлар ижодидан мисоллар келтириб, улар шеър эмаслигини дангал айтган эдингиз. «Тўғри гап туққанингга ҳам ёқмайди» деган гап бор. Бундай адолатли аччиқ гаплар қандай реакция берганини бугунги кунда биз фақат тасаввур қила оламиз. Сиз эса ўз нуқтаи назарингизни ҳимоя қилиш учун муросасиз курашгансиз. Бу осон бўлмагандир? Ахир шу йилларда «болта кўтариб» тикка ташланганлар ҳам кўп бўлган чиқар?

— Албатта, дўстларимнинг кўпчилигига, уларнинг доимий мададига қарамасдан, менинг ижоддаги йўлим силлиқ, равон, осон кечган эмас. Бу йўл поёндозлар тўшалган йўл эмасди, менга кам гул тутишган, менга кўпроқ гулнинг тикани насиб бўлган. Мени кўп марта матбуот орқали ёки ҳар хил адабий анжуманларда танқид қилишган. Бу, албатта, табиий ҳол — ижодда доимо тортишувлару баҳслар, мунозаралар бўлиб туради, доимий равишда фикр алмашув жараёни давом этади ва шундан ҳақиқат туғилади. Аммо анча-мунча ҳолларда танқид ниқоби остида очиқдан-очиқ мени ёмонотлиқ қилишга, йўқ гуноҳларни устимга ағдаришга уринишлар бўлган. Бундай танқидчилар кўпинча жазавага тушиб кетиб, таънаю дашномларда ҳар қандай чегарадан чиқиб кетишади ва шунақа бемаъни гапларни айта бошлашадики, улар билан мунозара қилиб ўтиришга ҳам ҳожат қолмайди. Мен бундай ночор ва ношуд «танқидчиларвга рўпара келганимда, уларга ачиниб кетаман. Аммо бошқа бир тоифа танқидчилар бор — бундай танқидчилар сира ҳам юзма-юз майдонга тушишга журъат этолмайди. Ўз даъвосини кўпчилик олдида рўйи-рост айтмайди, бунинг устига орқаворотдан «фалончи ундай экан», «фалончи бундай экан» деган иғволар тарқатади. Яна бир тоифа адабиётчилар борки, улар янада усталик билан иш тутишади — ундайлар роса пайт пойлашади ва ўрни келганда бирор «сиёсий айб»ни тақишади-ю, сизни жамоатчиликка ёмон кўрсатишади. Бундан ташқари, сизни қўрқитиб, ўзларига тобе қилиб олишга, айтган йўлларига юришга мажбур қилишга уринишади. Адабиётга янги кириб келган кезларимда шундай бўлган эди. Эндигина бир-иккита мақолам чиққан, бир куни поэзия секциясининг бошлиғи Мамарасул Бобоев мени чақириб олиб, бир шоирнинг танланган асарлари қўлёзмаси ҳақида доклад қилишни менга топширди. Ҳали ёшман, яъни ғўрман, бировни танқид қилсам, оқибати ёмон бўлиши мумкин, деб ўйлашни билмайдиган пайтларим. Хуллас, докладда қўлёзма сира аямасдан танқид қилинди. Албатта, мен ҳар бир танқидий мулоҳазани фактлар билан далиллашга, исбот қилиб беришга уринган эдим. Доклад «қўлёзма босиб чиқаришга ярамайди» деган хулоса билан тугалланди. Докладнинг хулосасини тўғри деб топишди. Ҳеч ким унга қарши чиққани йўқ. Мен ҳам ўша куни Ёзувчилар союзидан ўз вазифасини дўндириб адо этган одамдай мамнун бир ҳолатда кетган эдим. Кейин бир неча муддат юрагим пўкиллаб юрди. Ҳар ҳолда таниқли бир шоирнинг бутун ижодини «бўлмайди»га чиқардим, қандоқ бўларкин? Йўқ, ҳеч нарса бўлмади. Орадан бирор йил ўтгандан сўнг ўша «Танланган асарлар» деярли ўзгаришсиз нашр этилганини айтмаганда, ҳеч нарса бўлмади. Мен ҳатто танқидга бунақа мардона муносабатни кўриб, ўша авторга ҳурматим оша бошлади. Момақалдироқ сира кутилмаганда гумбирлади. Орадан анчагина вақт ўтгач, Ўзбекистон зиёлиларининг қурултойи бўлди. Бу анжуман нечоғлик мўътабар эканини, унга ўзбек зиёлиларининг гули тўпланганини айтмаса ҳам бўлади. Мажлис давомида ўша қўлёзмаси ҳақида мен доклад қилган шоирга ҳам сўз берилди. У гапи давомида бирдан мени тилга олди. Нима деди денг? «Ёш танқидчи фалончи фистончиев фаол ишлаяпти-ю, аммо адабиётни танқид қилишга берилиб кетяпти. У адабиётимизнинг ютуқларини кўролмаяпти. Унда нигилизм кучли!» Бу сўзларни қўштирноқ ичига олган бўлсам-да, улар стенограммадан олинган цитата эмас. Мен нотиқ гапининг мазмунини айтаяпман. Кўриб турибсизки, бу танқид эмас эди. Чунки «нигилист» дегани ошкора сиёсий айб эди. Совет маданиятининг, совет тузумининг ютуқларини кўролмай, уларни камситадиган, уларга атайин қора суркайдиган одам шундай деб аталади. Мажлисда ҳеч ким нотиқни қўллагани ҳам, маъқуллагани ҳам йўқ. Лекин шунга қарамай, муайян доираларда анча йилгача шу тамға ортимдан соядек эргашиб юрди. Менга тааллуқли бирор масала ҳал қилинадиган бўлса, ҳал қилувчи ўртоқ «фалончиев дейсизми? Бу қайси фалончиев?» деб сўрайди. «Қайси бўларди, анави нигилист-да» — деб жавоб беришади. «Келинг, қўйиб туринг ўшанингизни», деб хулоса чиқарилади. Шу тарзда мени «қайириб» олишга уринишлар кўп бўлган. Мени ғоясизликда ҳам айблашган, миллатчи деб ҳам кўришган, кимларнингдир думи деб аташган ва ҳоказо…

Бундай одамлар курашда доимо ғирром йўллардан боришади. Яна бир мисол: биламиз, Абдулла Қаҳҳорнинг «Тобутдан товуш» комедияси қўйилгандан кейин бир ярим йил ўтгач, унинг тўғрисида кескин танқидий мақола эълон қилинди. Бу мақола назарий жиҳатдан ҳам, амалий жиҳатдан ҳам нотўғри эди. Бу адолатсизлик билан ёзилган, нима қилиб бўлса-да, Абдулла Қаҳҳорга қора чаплаш мақсад қилиб олинган эди. Мақоланинг охирида менинг шаънимга ҳам жуда қаттиқ гаплар айтилган эди. (Менинг комедия ҳақидаги «Ғазабли қаҳқаҳа» деган тақризим муносабати билан). Табиийки, «замона зўрники» деб қилинган бунақа «ҳужумлар» сира ҳам асабни мустаҳкамлашга хизмат қилмади. Мен Ёзувчилар союзига мурожаат қилдим — мудҳиш бир адолатсизлик рўй берганини, мақола бошдан-оёқ бўҳтондан иборат эканини айтиб, уни ошкора муҳокама қилишни талаб қилдим. Ўшанда имоним комил эдики, муҳокама ўтказилса, адабий жамоатчилик мақоланинг ҳақиқий баҳосини берарди. Союзимизнинг ўша пайтдаги раҳбари менинг қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдириб чиқариб юборди. У муҳокама масаласини ўйлаб кўриш кераклигини айтди-ю, аммо бу масалага қайтмади.

Ҳозир замон ўзгарди — ошкоралик, демократия замони бошланди. Албатта, эндиликда бунақа инсофсизликлар анча барҳам топди. Аммо улар бутунлай йўқолди деб қувонишга ҳали эрта. Ҳозир ҳам аҳён-аҳёнда бўлса-да, танқиддан субъектив мақсадларда фойдаланиш, уни бировдан ўч олиш қуролига айлантириш ҳоллари учраб турипти. Масалан, 1987 йилда эълон қилинган «Адабиёт ва санъат» деган тўпламда Асқарали Шароповнинг мақоласи бор. Мақола автори танқидчи Абдуғафур Расулевнинг «Танқидчилик уфқлари» деган китобини танқид қилиб, чангини чиқариб юборган. Мен бу ўринда Асқарали Шаропов билан мунозарага киришмоқчи эмасман — буни бошқа жойда, бошқа муносабат билан қилармиз. Ҳарҳолда, А. Шароповнинг «танқид»ида холисликдан кўра бошқа ниятлар кўриняпти, шекилли.

Мен юқорида босиб ўтилган йўлнинг баъзи бир мушкулотларини тилга олар эканман, буни «кўриб қўйинглар бизни» деган мақсад билан мақтаниш учун қилганим йўқ. Қайта қуриш даврида биз босиб ўтилган йўлни муфассал таҳлил қилиб, ундаги ижобий тажрибани қабул қилиш билан бирга, ўсишимизга халақит берган, оёғимизга кишан бўлиб осилиб турган, асабимизни бузиб, саломатлигимизни кемирган барча иллатларни итқитиб ҳам ташлашимиз керак. Танқидчилигимиз ҳам эртанги кунга ҳамма кирларидан покланиб кирсин.

— Бадиий ижод соҳасида муваффақият қозона олмаган одамлар танқидчи, адабиётшунос бўлади деган гап бир вақтлар қулоғимга чалинганда очиғини айтсам, хафа бўлган эдим. Ҳарҳолда ҳар бир касб, ҳунарнинг ўзига хос сир-асрори, баланд-пасти бўлади. Адабий танқидчи бўлиш — баъзилар ўйлагандек жудаям осон эмас: гўё сен ҳаммадан баланд турасан, ёзувчилар, шоирлар ҳукмингга мунтазир; хоҳласанг кўкка кўтариб қўясан, хоҳласанг ерга уриб чил-парчин қиласан… Менга қолса, «Чидаганга чиқарган» деган гап айнан танқидчилик ҳақида айтилгандек туюлади.

— Гапингиз жуда тўғри, Ортиқбой! Адабий танқид адабиётнинг ўзига хос мустақил соҳаси эканини, танқидчи бўлиш осон иш эмаслигини мен авваллари ҳам бир неча марта таъкидлаган эдим. Баъзилар «танқидчи ўзи асар ёзолмайди-ю, бошқаларнинг ёзгани ҳақида фикр юритади», деб таъна қилишади. Бундайларга нисбатан бир танқидчи «қуймоқнинг яхши-ёмонлигини айтиш учун одам ўзи тухум қилиши шарт эмас» деб жавоб берган экан. Бу — ҳазил, албатта. Аммо чинига кўчсак, кўрамизки, адабий танқид бадиий ижоднинг энг қийин соҳасидир. Танқидчи бўлиш учун ўзига хос бетакрор истеъдодга, юксак дидга, ўткир қаламга эга бўлиш керак. Афсуски, бизда танқиднинг муқаддаслигини, мураккаблигини унча тушунмайдиган ёки тушунишни истамайдиган «танқидчилар» ҳам кўп. Улар танқидчининг ишини жуда жўн тасаввур қилйшади — бирон асарни ўқиб чиқишади-да, унинг мазмунини баён қилиб беришади ва «асарнинг фалон жиҳати актуал аҳамиятга эга», сюжети пишиқ, ўзи яхши деб ёхуд, аксинча, чўзилиб кетган, фалон воқеаси ортиқча, фалон қаҳрамон керак эмас, деб ҳукм чиқаради. Табиийки, бунақа танқиддан на ёзувчига, на китобхонга фойда бор. Бунақа «танқидчи» ҳеч кимнинг ҳурматини қозона олмайди ҳам.

Ҳақиқий танқидчи бадиий асар бағрига яширинган чинакам гўзалликнинг кашшофи бўлиши керак. Бу гўзаллик асарда олға сурилган янги ва дадил фикрда ҳам, китобхонни олға етакловчи умумлашмаларда ҳам, унинг тўқимасига сингиб кетган нафосатда ҳам мужассам топган бўлади. Табиийки, бундай кашшоф бўлиш учун чуқур билимга ва ўткир фикрга эга бўлиш шарт.

Ҳозир танқидчилик касбини энг қийин касблардан бирига айлантирган яна бир омил ҳақида гаплашайлик. Ёзувчи ҳам, танқидчи ҳам ижодкор бўлсалар-да, уларнинг ўртасида катта фарқ бор: ёзувчи асарини кўпчиликка атаб ёзади, китобхон уни ўқийди, унинг фикрларига қўшилади ё қўшилмайди, ўзича мулоҳаза юритади, муайян хулосалар чиқариб олади. Танқидчининг иши бошқачароқ. У ёзилган асарни таҳлил қилар экан, унинг фазилатларини мақтайди, ўзига нуқсон бўлиб туйилган ўринларни танқид қилади. Қизиғи шундаки, унинг мақтови асар авторида, албатта, ижобий эмоциялар қўзғайди — мақтов ҳаммага ҳам ёғдай ёқади, аммо танқидий фикрлари ёзувчининг ғазабига сазовор бўлади. Унинг сочи тик бўлиб, танқидчини чангитиб сўка бошлайди, уни нодонликда, адабиётни тушунмасликда, бағри тошликда, қора юракликда ва ҳоказо ва ҳоказо гуноҳларда айблайди. Шунчаки айблаб қўяқолса ҳам майли-я, уни ўзининг энг ашаддий душмани деб ҳисоблай бошлайди, ҳар мажлисда унинг шаънига оғир ботадиган гаплар айтади, очиқ хатлар

ёзиб, бўлар-бўлмас айблар ёғдиради. Бундай ҳужумларга бардош бериш жуда қийин, албатта. Уларнинг таъсирида бир томонлама бўлиб қолиш, фақат мадҳи сано айтиш йўлига ўтиб олиш осон. Аммо танқидчига ҳурмат олиб келадиган фақат бир нарса бор — у ҳамиша объектив бўлиши, ўз қаламини ҳалоллик билан тебратиши керак. Ҳар қанча қийин бўлмасин, у ҳақиқатни гапириши, адолатли бўлиши шарт. Танқидчи ҳақиқатнинг фидокор хизматкори бўлгандагина майда-чуйда имтиёзлар учун, ўткинчи мукофотлару рағбатлар учун товусдек товланавермасдан, принципиал мавқеларда изчил тура олсагина унинг овози муайян салмоқ касб этади. Бу эса жуда қийин, бутун умрни талаб қилади. Шундай қилиб, танқид умрбод давом этадиган синовдир.

— Ҳозир қайта қуриш шабадалари ҳаётимизнинг барча соҳаларига янги ҳаво олиб кирмоқда. Турғунлик йилларида депсиниб қолган барча муаммолар баралла муҳокама қилинмоқда, уларни бартараф этиш йўллари изланмоқда. Лекин муаммолар шунчалик кўпки… Келинг, адабиёт соҳасида кўнглимизда тугун бўлиб ётган масалалар устида гаплашайлик. Бугунги ошкоралик ва демократия замонида танқидчилигимиз олдида турган энг долзарб вазифа нима деб ҳисоблайсиз?

— Кейинги пайтларда ўзбек танқидчилиги ҳақида жуда кескин фикрлар айтиш расм бўлиб бораяпти. Ҳатто уни адабиётимиздаги ҳамма нуқсонларнинг ягона сабабчиси сифатида кўрсатишга уринувчилар ҳам бор. Баъзи бирбвлар эса турғунлик йилларида содир бўлган ҳаётдаги кўпгина салбий ҳодисаларни ҳам адабий танқиднинг пассивлиги, унда офаринбозликнинг авж олгани билан изоҳлашдан тоймайди. Тўғри, адабий танқидчилигимизда нуқсон кўп. Ҳақиқатан, турғунлик йилларида унинг нуқсонлари жиддий иллатларга айланиб кетди – танқид ўзининг гражданлик позициясини бой бера бошлади, унинг ижтимоий-эстетик миссияси анча сусайиб қолди, айрим нопок «танқидчилар» эса танқидни хушомад ва лаганбардорлик қуролига айлантириб, ундан таъмагир ниятларда фойдаланиш авж олди. Булар ҳаммаси тўғри, лекин шу билан бирга танқидни ҳамма иллатларнинг ягона сабабчиси қилиб кўрсатиб бўлмайди. Ҳамма иллатлари ва нуқсонларига қарамай, ўзбек танқидчилиги турғунлик йилларида йўқолиб кетди ёки ривожланишдан бутунлай тўхтаб қолди деб бўлмайди. Ўзбек совет танқидчилиги халқимиз революция туфайли эришган жиддий ютуқлардан биридир. Тўғри, унинг тараққиёт йўли осон кечгани йўқ — унда драматик саҳифалар, қайғули адашишлар, аламли йўқотишлар кўп бўлган. Лекин шундоқ бўлса-да, танқидчилигимиз машаққатларни, хатоларни енга бориб, адабиётимизнинг мустақил соҳаларидан бири даражасига кўтарилди. Турғунлик йилларида ҳам танқидчиликнинг олға силжиши тўхтаб қолгани йўқ — жуда оз миқдорда бўлса-да, адабий жараёнга фойдаси тегадиган, китобхонларнинг дидини, адабиёт ҳақидаги тушунчаларини шакллантиришда ижобий роль ўйнаган танқидчилар ва танқидий асарлар бор эди. Жумладан, 1967 йилда босилган «Адабиётимизнинг ярим асри» деган тўплам ёхуд «Инқилоб ва адабиёт» деган китоб шундай асарлар жумласидандир. Лекин шу айрим ютуқларга қарамай, биз танқидчилигимизнинг умумий аҳволидан мамнун бўлолмаймиз. Ҳали адабий жараённинг деярли ҳамма муаммолари ўзининг танқидчисини кутиб ётибди. Танқидчилигимиз ҳамон бир қобиққа ўралиб яшаяпти. Биз фақат ўзбек адабиётига тааллуқли жузъийроқ масалалар билан ўралашиб қолиб, иттифоқ миқёсига деярли чиқмаяпмиз. Мен бу ўринда албатта Москвада мақола ёхуд китоб эълон қилишни назарда тутаётганим йўқ. Асаримиз қаерда эълон қилинишидан қатъи назар унда бутуниттифоқ адабиёти учун муҳим бўлган салмоқли мазмун, ўткир ва самарали фикрлар бўлмоғи зарурлигини кўзда тутяпман. Ҳа, бугунги танқидчилигимизда жуда кўп нуқсонларни туғдираётган, унинг тез илгарилашига жиддий халақит бераётган бош сабаб — фикрнинг дефицитлигидир. Танқидчилигимизда воқеа ва ҳодисаларнинг моҳиятига кириб борувчи, ҳаёт ва адабиётдаги инсоннинг муҳим маънавий-психологик муаммоларини замон контекстида бутун мураккаблиги билан очиб берувчи бақувват умумлаштирувчи қувватга эга бўлган, ёзувчини ҳам, китобхонни ҳам ўйлашга ундовчи оригинал, мустақил, самарали фикр йўқ ҳисоби. Шунинг учун ҳам танқидий асарларимиз муттасил босилиб турганига қарамай, унинг фойдали ҳаракат коэффициенти деярли нолга тенг.

Хўш, нега шундай? Ахир ўзбек танқидчилари орасида чинакам истеъдод эгалари ҳам кам эмаску? Бунинг устига улар салмоқли ижодий тажрибага эга, билимлари ҳам анча-мунча пухта. Нега шундай бўлатуриб, ҳар қандай танқидий асарнинг бирламчи негизини ташкил қилувчи фикр бобида бу қадар кескин танқислик мавжуд? Бунинг боиси бор, албатта. Назаримда биз танқидчилар учун ички эркинлик етишмайди. Ҳа, биз ёзаётганимизда адабиётга алоқадор масалалардан ташқари яна минг хил нарсани ўйлаймиз ва энг муҳими, «фалон нарсани фалон десак, охири нима бўларкин? Кетидан бир нарса чиқмасмикин? Муҳаррир қандай қараркин? Ёзганимни ўтказармикин? Йўқми?» деганга ўхшаган хавотирликлар кўнгилдаги гапларни рўй-рост айтишга йўл қўймайди. Яқинда бир редакцияда шундай воқеа бўлди: муҳаррир ўзига қалтисроқ туюлган бир асарни босишдан бош тортди ва буни шундай изоҳлади; «Ҳеч ким биздан фалондай асарни нега босмадинг деб таъна қилмайди, лекин бунақа асарни нега босдинг дейдиганлар албатта топилади». Афсуски, бизнинг қўрқоқлигимиздангина далолат берувчи бундай мантиқ фақат муҳаррирларгагина хос эмас. Ҳар биримизнинг ичимизда шунақа бир муҳаррир ўтиради ва у ҳамиша жиловимиздан маҳкам тортиб туради.

Бундай журъатсизлик, оригинал ва кескин фикр айтишдан қочиш, сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмай иш юритишга мойиллик, ички эрксизлик муҳит ва шароитнинг забонсиз муте бир қули тарзида фикрлашдан нарига ўтмаслик ва ўтолмаслик ижодкорда шахсга сиғиниш туфайли туғилиб, қон-қонига сингиб кетган хусусиятдир.

Лекин шахсга сиғинишнинг жамики зарари, даҳшатли оқибатлари миллионлаб одамларнинг қамалгани-ю, ҳалок қилингани эмас. Шахсга сиғиниш қамалмай очиқда қолган одамларни ҳам четлаб ўтгани йўқ — уларни ҳам руҳан майиб қилиб кетди. Ўтган йили атоқли совет ёзувчиси Анатолий Рибаковнинг «Арбат фарзандлари» деган романи эълон қилинди. Бу асар              фақат    адабиётда эмас, умуман, ижтимоий-маданий ҳаётимизда жуда катта воқеа бўлди. Менимча, бу асарда аввалги кўп асарлардан фарқ қилароқ, Сталиннинг том маънода тўла қонли, кўпқиррали бадиий образи яратилган. Унда репрессияларга мурожаат қилишнинг ижтимоий ва субъектив сабаблари психологик жиҳатдан чуқур далилланган ҳолда очиб берилган. У 20-йилларнинг бошида давлат тепасига келиши биланоқ ҳокими мутлақлик учун кураша бошлаган. Табиийки, мустақил фикрлашга ўрганиб қолган ва ўз фикрини ҳар қандай шароитда ҳам рўйи-рост айтишдан чўчимайдиган одамлар — Ленин гвардиясининг жангчилари унга ўз ҳокимиятини ўрнатишда жиддий халақит берардилар. Шунинг учун Сталин ишни уларни тор-мор қилишдан бошлади. Кейин тарихни қайтадан тўқиб-бичиб чиқди, революция ишида хизмати сингган кўпгина одамларнинг номини ўчириб, уларнинг ўрнига ўзининг номини қўйиб чиқди. Кейинчалик эса, мустақил фикрлаши мумкин бўлган зиёлиларнинг қайси тоифага мансублигидан қатъи назар, кўпини репрессияга дучор қилди. Репрессия балосидан фақат русларгина эмас, украин ва белоруслар ҳам, грузин ва озарбайжонлар ҳам, ўзбек ва қозоқлар ҳам, бошқа халқлар ҳам катта талофат кўришди. Афтидан, унга оғзидан чиққан ҳар бир гапни маъқуллаб турадиган, ҳар қандай мустақил фикрдан маҳрум бўлган, «ўйлаб нима қиламан, мен учун Сталин ўйлаяпти-ку!» деган принцип билан ҳаёт кечирадиган, ҳар қандай фармонни ўйлаб-нетиб ўтирмасдан қойиллатиб ўринлатадиган, яхши кўриниш учун дўппи олиб кел деса, каллани олиб келадиган одамлар керак эди. Бундай шароитда руҳият масалалари орқага чекинади, виждон ҳайқириғи сусаяди. Фақат қорин ташвиши, нима қилиб бўлса-да, тирик қолиш ташвиши биринчи ўринга чиқади. Бундай шароитда манқуртлар урчийди. Сталин репрессиялардан ташқари мамлакатнинг ҳар гўшасида қўрқув ҳукмрон бўлишига интилган ва бунга эришган ҳам. Бу йилларни ҳеч иккиланмай, «қўрқув салтанати» деб атаса бўлади. Шуниси қизиқки, қўрқув туйғуси катталарнигина мажруҳ қилиб қўя қолмаган, балки 30-йилларда ва ундан кейин болаларнинг ҳам вужуд-вужудига сингди. Қандай қилиб дейсизми? Мана бундай қилиб: мен мактабда ўқиб юрган йилларимдаёқ, бувимдан ҳам, онамдан ҳам битта гапни кўп эшитардим: «эҳтиёт бўл, душманинг кўп, улар пайингни қирқишади!» Мен бу гапларга кулиб қўяқолардим — ёш боланинг қанақа душмани бўлади? Яна ҳар қадамда «тилингга эҳтиёт бўл, дилингдагини юзага чиқарма, бу замонда чап кўзинг ўнг кўзингга душман, деворнинг ҳам қулоғи бор, ишонмагин дўстингга, сомон тиқар пўстингга» қабилидаги гаплар янграб турарди. Буларнинг бари бирлашиб, аста-секин мияга сингиб борар ва ҳуда-беҳудага қамалганлар ҳақидаги хабарлар қўшилиб, қўрқув туйғусини қалбдаги ҳукмрон туйғуга айлантирарди. Шу тарзда ҳали оқни қорадан тузукроқ ажрата олмайдиган мурғак бола ҳам ҳар бир гапида, ҳар бир ишида эҳтиёт бўлишга, ҳадиксирашга, кўп гапини юзага чиқармай, ичига ютишга мажбур бўларди.

Вақти-соати келиб, шахсга сиғиниш фош қилинди, Сталин даврида йўл қўйилган адолатсизликларга барҳам берилди, ҳаётимизда ленинча нормалар қайта тиклана бошлади. Буларнинг ҳаммаси яхши, албатта. Лекин юқорида кўрганимиздек, шахсга сиғинишнинг ҳужайраларга сингиб кетган жиҳатлари борки, уни йўқ қилиш осон кўчаётгани йўқ. Мана, шахсга сиғинишнинг фош қилинганига 30 йилдан ошмоқда. Қайта қуриш даврига қадам қўйганимизга ҳам икки-уч йил бўлиб қолди. Лекин шунга қарамасдан, фикрлашдаги маҳдудлик, ички эрксизлик аввалги кучида тўла сақланиб қолган бўлмаса-да, ҳамон яшашда давом этяпти, ҳамон ички муҳаррир тизгинимизни бўшатмай тортиб турибди. Афтидан, бундан қутулиш жараёни анча чўзиладиганга ўхшайди. Ҳарҳолда, биз манқуртлик иллатидан бутунлай қутулмай туриб, ичимиздаги «қул»ни жиндай-жиндайдан ситиб чиқармай туриб, том маънодаги руҳий эркинликка эриша олмаймиз. Бусиз эса, бемалол эркин фикрлаш ҳам йўқ. Буларга демократияни изчиллик билан ривожлантириш орқали эришилади. Шахсга сиғинишга қарши кураш ҳам яна давом этиши керак. Буни таъкидлаётганимнинг сабаби шундаки, биз бу курашни сабабсиз бўшаштириб юбордик. Ҳатто 60-йилларнинг ўрталаридан бошлаб, матбуот саҳифаларида, китобларда яна «шахсга сиғиниш» деган ибора учрамай қолди — уни тилга олиш ман этилди. Энди ҳозирги ёшларнинг аҳволини олинг. Улар «шахсга сиғиниш нима, унинг моҳияти қанақа, оқибати нима бўлди?» деганга ўхшаш масалалардан бутунлай бехабар. Бу гаплар лекцияларда айтилмайди, айтилса ҳам, узуқ-юлуқ тарзда, қимтиниб туриб айтилади; китобларда ёзилмайди, дарсликларда тилга олинмайди, ҳолбуки, бугунги иллатларнинг илдизи кўп ҳолларда шахсга сиғинишга бориб тақаляпти-ку! Бинобарин, бу масаладаги тарғибот, ташвиқот ишларини сира ҳам йиғиб қўйиб бўлмайди. «Коммунист» журналининг 1987 йил 7-сонида журналхонларнинг хатларига обзор берилган. Хатлардан бирида КПСС Марказий Комитетининг «Шахсга сиғиниш масаласи»да чиқарган маълум қарорини бугун янги таҳрирда қабул қилиш зарурлиги айтилган. Бу фикрга тўла қўшилиш керак.

— Чингиз Айтматов «Огонёк» журналидаги суҳбатида узоқ вақтлар миллатлар ўртасидаги муносбатлар тилга олинмай келингани ва оқибатда биз кўп нарсаларни йўқотганимизни афсус билан таъкидлади. Бу суҳбатни яқингинада «Литературная газета» саҳифаларида Янис Петерс ҳам эслаб ўтди. Миллатлараро чинакам дўстлик — интернационализм энг аввало тенглик — бир-бирини ҳурмат қилиш асосидагина ривожланади. Бу ўринда миллатларни бир-бири билан туташтирувчи тилга муносабат ҳал қилувчи роль ўйнайди. Аммо тил соҳасидаги ишларимиз, айниқса, она тилига эътибор етарли деб бўлмайди.

— Тўғри айтасиз, тил борасида, тил маданияти, тилга муносабат масалаларида гаплашиб оладиган муаммолар кўпайиб қолган. Турғунлик йилларида тил соҳасида ҳам анча-мунча салбий ҳодисалар содир бўлди. Тил хўжалигимиз қаровсиз қолди. Тасодиф эмаски, бундан чорак аср муқаддам тил соҳасидаги нохуш ҳодисалардан ранжиган Абдулла Қаҳҳор ташвиш билан ёзган эди: «Кўчада бирон кимса ҳаракат қоидасини бузса, дарҳол милиционер ҳуштак чалиб тўхтатади, аммо бутун бошли бир халқ тилининг қоидалари бузилса, бунга менсимай муносабатда бўлса, ҳеч кимнинг парвойига келмайди». Чиндан ҳам, тил соҳасидаги лоқайдлигимиз, баъзан эса, сохта фаоллигимиз шундай оқибатларга олиб келдики, улар умумий маданий ривожимизга жуда катта салбий таъсир кўрсатмоқда. Бугунги қайта қуриш даврининг руҳи уларга барҳам беришни тақозо этмоқда. Ҳар ҳолда, тил хўжалигимизда ҳам қайта қуриш лозим бўлган анча-мунча масалалар бор.

— Мен кейинги 20—30 йил ичида она тилимизнинг қадри, аҳамиятини тарғиб қилувчи бирон жиддий асар эълон қилингани ёки катта бир йиғилиш ёки тадбир ўтказилганини эслолмайман.

— Гапни рус тилидан бошлай қолайлик. Бугунги кунда республикамизда рус тилининг аҳамиятини тушунмайдиган одам йўқ дейиш мумкин. Биз рус тилини ҳақли равишда иккинчи она тилимиз деб биламиз. Бизнинг кўпмиллатли мамлакатимизда рус тили аллақачон халқлар дўстлигининг қудратли қуролига айланган. Халқлар рус тили орқали ўзаро алоқа қилади, бир-бирининг маданий-маънавий бойликларидан баҳраманд бўлади. Бугунги кунда одам қайси соҳада ишламасин, рус тилини билмаса, ўз соҳасида бирон-бир жиддий муваффақиятга эриша олмайди. Шунинг учун ҳам ҳар бир ўзбек учун рус тилини мукаммал билиш ҳам фарз, ҳам қарз, катта ҳаётий зарурият. Аммо, афсуски, биз турғунлик йилларида рус тили ҳақида узундан-узоқ маърузалар қилиб, унинг шаънига мақтовлар ёғдириб юраверган эканмиз-у, амалда рус тилини ўрганиш ўлда-жўлда экани парвойимизга ҳам келмаган экан. Бу соҳада ҳам, бошқа кўп соҳалардагидек, гапимиз бошқа-ю, ишимиз бошқа экан. Бугунги ёшлар ўртасида, айниқса, қишлоқ ёшлари ўртасида рус тилини «твоя, моя» даражасидан ортиқроқ биладиганлари, фикрини рус тилида оғзаки ва ёзма тарзда бемалол баён қилиб берадиганлари жуда кам. Шуниси ачинарлики, ҳатто олий ўқув юрти талабалари ўртасида ҳам рус тилида бемалол китоб ўқий оладиганлари жуда кам. Бу муаммонинг қирралари кўп. Мен бу ўринда улар ҳақида батафсил гапирмоқчи эмасман. Мен фақат бир масалага диққатни жалб қиламан. Биздаги ёшларнинг кўпчилиги ўрта мактабни тугатган ёхуд махсус ўрта билим юртларини, ҳар хил ҳунар-техника ўқув юртларини битирган. Бинобарин, улар ўн йил даврмида рус тилидан таҳсил кўрган. Шундай экан, нега энди кўпчилик ёшлар рус тилини яхши билмайди? Бунинг сабабларидан бири шундаки, биз рус тилини ўқитиш соҳасида аллақачон эскириб кетган самарасиз методлар асосида иш олиб борамиз. Ўқитиш методимиз ҳам эски, ўқув планлари ҳам эски, ўқув қуроллари, дарсликлар ҳам эски. Улар тилни йиллар мобайнида шошилмай, аста-секин ҳижжалаб ўрганишга мўлжалланган. Ҳолбуки, бугунги кунда илм-техника ривожланган бир шароитда, тил ўрганиш борасида кўплаб техник воситалар майдонга келган, компьютерлар, телевидение хизматга шай турган шароитда ўртача қобилиятли одам истаган тилни бир-икки йил ичида ўрганиб олиши мумкинлиги исбот қилинган. Афсуски, булар тўғрисида гап кетганда мутасадди муассасалар қулоқларига пахта тиқиб оладилар. Ҳозир мактаб ислоҳот даврини кечиряпти. Йслоҳот мактаб ҳаётининг юза қатламларигагина алоқадор бўлиб қолмасдан, айрим фанларни, шу жумладан, рус тилини ўқитишни илмий асосда тубдан яхшилаши керак. Ҳозир айрим ўртоқлар, бу вазифани рус тили ва адабиётига ажратилган соатларини кўпайтириш йўли билан ҳал қилмоқчи бўляптилар. Бунақа жўн арифметик йўл масалани мутлақо ҳал қилмайди. Шунга эришмоқ керакки, ўқувчи 6—7-синфдаёқ рус тилида бемалол гапирадиган, ўқийдиган ва ёзадиган бўлсин. Бунинг яна бир афзаллиги шундаки, рус тилини пухта эгаллаган ўқувчи юқори синфларда бошқа фанлардан билимини мустаҳкамлашда ундан самарали фойдаланиши мумкин.

Рус тилини ўрганишдаги ночорликлар менга мутлақо тасодифий эмасдек кўринади. Бунинг илдизини тил хўжалигидаги тартибсизликлардан, тил маданиятига беписанд қарашдан излаш керакка ўхшайди. Гап шундаки, рус тилини ўрганишгина эмас, она тилини ўрганиш соҳасидаги ишларимиз ҳам анча мунча ночор. Она тили ҳам мактабда мунтазам ўқитилишига қарамай, одамлар кўп ҳолларда она тили бобида ғирт саводсиз бўлиб қолмоқдалар. Мен бу ўринда мактабни битириб чиққан ҳар бир одам тил қоидаларини, лексика-ю фонетика, морфология-ю синтаксис қонуниятларини беш қўлдай билсин деяётганим йўқ. Кўпинча шундай бўладики, бирон раис ё бригадир, звено бошлиғи ёхуд оддий колхозчи кўпчилик олдида икки оғиз гапини эплаб гапиролмайди. Фақат уларгина эмас, айрим зиёлилар, ҳатто йирик-йирик олимларнинг ҳам она тилида дудуқланиб, зўрға гапиришини кўрганда одам жуда ранжийди. Уларнинг сўз бойлиги жуда ғариб, жумла тузишлари эса умрида қўлига лой ушламаган одамнинг девор уришини эслатади. Гапнинг эгаси боғдан келса, кесими тоғдан келади.

Бундай ҳолларда «Савод масаласи чатоқроқ-ку?» деб таъна қилсангиз, «Э, биродар, қизиқ экансиз, биздан тилни сўраб нима қиласиз, биз тилчи бўлмасак…» деб жавоб беришади. Бундаги мантиққа қаранг — гўё тилчи бўлмаган одамларнинг ҳаммаси саводсиз бўлишга ҳақлидай…

Она тили бобида саводсизлик шунчаки ўткинчи ҳодиса эмас, балки мунтазам давом этиб келаётган иллат эканини ҳар йили олий ўқув юртларига бўладиган кириш имтиҳонлари ҳам яққол исбот қилади — унда қўлида етуклик гувоҳномаси бор абитуриентларнинг анча-мунчаси иншодан «2» олади.

Табиий савол туғилади — хўш, нима учун шундай бўляпти? Нима учун аҳвол йилдан-йилга тузалиш ўрнига ёмонлашиб боряпти? Менингча, бунинг асосий сабаби, она тилини ўрганиш масаласига беписанд қарашимизда. Кўпдан бери биз она тилини ўқитиш масаласини давлат аҳамиятига молик масала сифатида қарамай қўйганмиз, у бизнинг назаримизда шуғулланмаса ҳам бўлаверадиган жузъий масала бўлиб қолган. Яқин йилларда айрим олимлар «ўзбек тилининг истиқболи йўқ, у бошқа тилларга қўшилиб кетади» деган сохта «назария»ни олға суришарди ва шунга асосланиб тилдан «эскиган» деган баҳонада кўпгина сўзларни қувиб чиқариш, уларнинг ўрнига фақат совет-интернационал сўзларини ишлатишни тавсия қилишарди.

Бу эса миллий нигилистларнинг тил бобидаги зарарли ҳаракатларини авж олдирди. «Миллий нигилистлар» деган терминни муомалага биринчи бўлиб Чингиз Айтматов олиб кирди. У «миллий нигилистлар» миллатчилардан ҳам зарарли тоифа эканини, чунки улар ўзларининг хом-хатала ишлари билан миллий туйғуларни таҳқирлашини таъкидлади. Мен бунга илова қилиб, уларни миллий муносабатлар бобидаги чайқовчилар, деб атар эдим. Уларнинг энг характерли хусусияти шундаки, улар ҳар қадамда ўзларини «ашаддий» интернационалистлар қилиб кўрсатишади. Бунинг оқибатида Маданият институти, Театр-рассомлик институти, Чет тиллар институти каби моҳиятига кўра ўзбек тилини ўқитиш зарур бўлган ўқув юртларида ўзбек тили кафедраси ёпиб қўйилади ёки қисқартирилади… Худди шу «ашаддий» интернационалистларнинг ҳаракати билан ўрта мактабларда она тилига ажратилган соатлар қисқартирилди. Бу уринишлар, кўпинча жуда кулгили самара беради, лекин бу уларни тўхтатиб қололмайди. Масалан, мен ўзи рус тилини дурустроқ билмаса-да, «интернационалист» эканини намойиш қилиш учун ўзбек аудиториясида мажлисни рус тилида олиб борган ёки рус тилида доклад қилган одамларни кўрганман. Бироқ билмайдики, улар ўзларининг чаласаводлиги билан рус тилини таҳқир этишган, холос. Бундай одамларнинг яна бир «фазилати» бор. Уларнинг ичи қора, шубҳа-гумонга тўлиб кетган. Уларнинг назарида кимда-ким «она тили» деган иборани қўллаган бўлса, у — миллатчи, шунинг учун бир қатор шоирларнинг она тилига бағишланган шеърлари уларнинг ғазабини қўзғади. Энг ёмони шунда эдики, турғунлик йилларида ана шундай муттаҳамларга, ҳаром йўллар билан карьера пиллапояларидан кўтарилувчи кимсаларга қарши ошкора эътироз билдириб бўлмас эди. Минг қатла шукурки, у замонлар орқада қолди. Бугун биз тил бобида яна қайтадан эзгу принципларни барқарор қилмоғимиз керак. Бу принциплар ҳамма тиллар тенг ва баробар эканини, ҳар қандай тилнинг равнақи учун барча шароит яратилиши зарур эканини, ҳар қайси халқ ўз она тилини ривожлантириш йўли билан бориши кераклигини таъкидлайди. Ҳа, биз тараққиётимиз давомида кўпгина тузатиб бўлмайдиган хатоларга йўл қўйдик — Оролни қуритишимизга сал қолди, сув ва ҳавони анча-мунча заҳарлаб улгурдик, бизнинг ризқ-рўзимизни таъминлайдиган ерни ишдан чиқарай деб қолдик, шаҳар қуриш баҳонасида не-не боғ-роғларга болта солдик… Энди тилимизга эхтиёт бўлайлик. Асрлар давомида ота-боболаримиз, авлод-аждбдларимиз гаплашиб келган тилимизни, минг йиллик маданиятимизни асраб келаётган тилимизни авайлайлик. Биздан фарзандларимизга, невараларимизга ғариб ва бенаво бир тил қолмасин…

— Абдулла Қаҳҳорнинг машҳур «Синчалак» қиссаси ҳақидаги «Келажакка чорловчи повесть» номли мақолангиз эълон қилингунча сизни «шеърият танқидчиси» деб ҳисоблашарди. Шу вақтларда биз студентлар ўртасида «Озод ака шеърни зўр тушунади. Матёқуб ака прозани зўр таҳлил қилади» деганга ўхшаш қарашлар кенг тарқалган эди. Ҳолбуки, кейинчалик шеърият ҳақидаги мақолалардан ташқари А. Мухтор, О. Ёқубов, П. Қодиров ва бошқа ўнлаб насрнавислар ҳақида яхши мақолалар эълон қилдингиз. Ўзингиз шу жараёнга қандай қарайсиз? Маълум бир жанр ёки соҳа билан чекланиб қолиш чинакам танқидчининг фазилати бўла олмаса керак?

— Танқидчининг қизиқиш доираси кенг бўлиши керак—у имкони борича кўпроқ нарсаларни қамраб олмоғи даркор. Тўғри, буни бир томонлама тушунмаслик керак. Бутун умрини фақат Алишер Навоий ижодига бағишлаган ёхуд ҳаёти давомида фақат Горькийни ё Маяковскийни ўрганадиган олимлар бўлади. Уларнинг ўз соҳаларида айтадиган гаплари жуда салмоқли ва мўътабар. Лекин имоним комилки, бундай олимларнинг қизиқиш доираси фақат битта шоир ёки ёзувчи ижоди билан чекланмайди. Академик Лихачевни эслайлик. У асосан, қадимги рус адабиётидан мутахассис. Бироқ у, айни чоқда, ўрта асрлар адабиётини ҳам, XIX аср адабиётини ҳам, совет адабиётини ҳам яхши билади. У назарий масалаларда қанчалик эркин қалам тебратса, умуммаданият масалаларида ҳам шунчалик бемалол фикрлайди. Албатта, ҳамма ҳам Лихачев бўлавермайди. Албатта, навоийшунос олим фақат Навоий ижодидан асарлар яратиш билан чекланиши мумкин, бироқ шунда ҳам унинг қизиқиш доираси кенг бўлиши керак — у шарқ адабиёти ва шарқ тарихини, Европа адабиёти ва Европа тарихини ва яна аллақанча нарсаларни билиши керак.

Бугунги адабиёт билан шуғулланадиган мунаққид фақат проза ёхуд фақат поэзия соҳалари билан чекланиши мумкин. Бироқ у ўзини чекламаса-ю, қардош адабиётлар билан ҳам, рус адабиёти билан ҳам, жаҳон адабиёти билан ҳам шуғулланса, улар ҳақида тадқиқот характерида бўлмаса ҳамки, оммавий тарғибот характеридаги мақолалар эълон қилиб турса, нур устига нур бўларди. Бу ўринда ҳеч кимга қатъий рецепт бериб бўлмайди. Фақат бир нарсани талаб қилиш мумкин — мунаққиднинг қизиқиш доираси кенг бўладими ёки тор бўладими, ундан қатъи назар ёзгани ҳамиша теран ва қизиқарли бўлиши керак.

Мен қизиқиш доирасининг кенглиги жиҳатидан кўпгина рус мунаққидларига қойил қоламан. Москвада менинг мунаққид дўстим бор — Ю. И. Суровцев. У бугунги рус адабиёти билан шуғулланади. Ундан ташқари грузин адабиёти ҳақида ҳам китоби бор. Тадқиқотларидан бири Литва адабиётларига бағишланган. Яна австрия ревизионистларини фош қилувчи назарий китоб ҳам эълон қилган. Албатта, китоблар баҳсли ўринларга эга. Лекин ҳаммаси ҳам ғоят теран, ғоят билимдонлик билан ёзилган. Бунинг устига Ю. И. Суровцев СССР Ёзувчилар союзининг секретарларидан бири. Унинг ишчанлигига, билимдонлигига қойил қолмасдан илож борми? Ҳа, ўрганамиз десак ибрат бўладиган ўрнаклар кўп.

Суҳбатни Ортиқбой Абдуллаев олиб борди.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1988 йил, 2-сон