Ўкинч ва умид (Талъат Солиҳов ва Олим Отахонов суҳбати) (1991)

Мазкур суҳбатда адабиётшунос олим Талъат СОЛИҲОВ ва ёзувчи Олим ОТАХОНОВ ҳозирги замон жаҳон адабиётида роман жанри тараққиёти ва ўзбек романчилиги муаммолари ҳақида фикр юритадилар.

О. ОТАХОНОВ: – Ҳар бир китобхонни ўзга халқларнинг адабиёти ва бу адабиётлар ҳаётни қай даражада акс эттираётгани қизиқтиради, ўқувчи бу адабиётларга хос бўлган кўплаб жумбоқларга жавоб топгиси келади, шунга интилади ва бу табиийдир. Тили, дини, удумлари турли-туман халқларнинг адабиёти ҳам турлича. Шу ранг-баранг адабиёт боғида, таъбир жоиз бўлса, ўзбек адабиёти деб аталмиш ниҳолнинг ўсиши қандай? Бошқа дарахтлар сингари у ҳам мева бераяптими? Суҳбатимиз аввалида сизга шу савол билан мурожаат этмоқчиман. Лекин шуни айтиб ўтмай иложим йўқ: суҳбатдан мақсадимиз шу масалаларга тўла-тўкис жавоб бериш эмас. Балки адабий фикр ихлосмандларининг эътиборини озгина бўлсин озиқлантиришдир.

Талъат СОЛИҲОВ: – Олимжон, тўғри, бир суҳбат доирасида сиз қўйган муаммоларга жавоб бериш, албатта, қийин. Қийингина эмас, иложи ҳам йўқ. Шунинг учун ҳозирги суҳбатимиз балким умумий муаммолар ҳақида бўлар, адабиётимизнинг умумий ҳолати ҳақида бўлар, лекин мен бир нарсани таъкидламоқчи эдим. Биз ўзбек адабиётидаги ютуқларни танқид қилиш ёки инкор этиш мақсадида бу суҳбатни уюштираётганимиз йўқ. Лекин бу – ўзбек адабиётининг муаммоларидан кўз юмиш, улардан четга чиқиш мумкин ёки лозим, деган гап ҳам эмас. Ҳозир ҳаёт шундайки, аввалги муаммоларнинг устига янги-янги муаммолар қўшиляпти. Бу муаммолар фақат ҳаётий ёки ижтимоий эмас, балки эстетик тафаккуримизга, эстетик дидимизга, адабиётга муносабатимизга, адабиётни, санъатни тушунишимизга боғлиқ. Шунинг учун бу муаммолардан, бу мунозаралардан четга чиқолмаймиз ва бунга ҳақимиз ҳам йўқ. Айтмоқчиманки, ўзбек роман-чилиги тўғрисида сиз айтган муаммолар атрофида суҳбат қилсак жуда яхши бўларди.

О. ОТАХОНОВ: – Ҳозир биз яшаётган дунё қиёфаси, мисли кўрилмаган даражада деса ҳам бўлади, тез ўзгараяпти. Илм-фан тараққиётининг шиддатли оқими инсоннинг тафаккурига бағоят кучли таъсир этаяпти. Бугунги кунда адабиётнинг, романнинг вазифаси нимадан иборат бўлиши керак? Ёки бу жанр муайян вазифани ўз зиммасига олиши керакми? Бугунги адабиёт ижтимоий тараққиёт натижаларини илғаб олмасданоқ илм-фанда янги-янги кашфиётлар қилиняпти. Бу кашфиётлар башариятнинг ҳаётига, инсоният тафаккурининг ўзгаришига олиб келаяпти. Ғарб адабиётида кўплаб оқимлар мавжуд. Уларда адабий намуналар яратилмоқда. Нисбатан илгарироқ, тажриба сифатида дунёга келган адабий мактаблар эса бугун шаклланиб, янги йўллар изламоқда. Ўтган асрнинг буюк даҳолари – Балзак, Толстой, Диккенс сингари ижодкорларнинг мерос сифатида қолган адабий қуролларининг “эскиргани”, бугунги адабий жараёнда “яроқсиз” ҳолга келиб қолганлиги ҳақида турли хил фикрлар айтиляпти, мунозаралар кетаяпти. Мана шундай даврда ўзбек романчилигида аҳвол қандай? У, борингки, кейинги 30 йил ичидами, 20 йил ичидами нималарга эришди? Унинг ҳозирги мавқеи-даражаси, кўлами, ранг-баранглиги қониқарлими?

Т.СОЛИҲОВ: – Эсингизда бўлса, бир суҳбатимизда бадиий тафаккур, ижтимоий тафаккур ва ана шу тафаккурлар ўртасидаги муносабат, бизнинг миллий адабиётимиздаги тафаккур жаҳон бадиий тафаккури даражасига кўтарилганми, йўқми – шулар ҳақида гаплашгандик. Мен фақат бир нарсани эслатишни истар эдим. Жамиятда бўлаётган янгиликлар, ўзгаришлар – буларнинг ҳаммаси тафаккуримизнинг тараққиётига, шу тараққиётнинг тезлашишига сабаб бўлаяпти, дедингиз. Бу тўғри гап, лекин қисман тўғри. Чунки, бахтга қарши, ижтимоий тафаккурнинг тараққиёти, иқтисодий тафаккурнинг тараққиёти, айниқса, сиёсий тафаккурнинг тараққиёти ҳозир бизда, мамлакатимизда шу даражада тезки, бадиий тафаккур ана шу тафаккур орқасидан етиб боролаётгани йўқ. Анча орқада қолаяпти. Бунга адабиётнинг ўзидан мисоллар келтириш мумкин. Фақат ўзбек адабиёти эмас, умуман, кўп миллатли совет адабиёти ана шу тезкор ўзгаришларни, инқилобий ҳодисаларни бадиий акс эттиришда муайян даражада заифлик кўрсатаяпти. Лекин чин асарлар жуда кам. Ҳозир шов-шув бўлган асарларнинг кўпчилиги, рус адабиётида бўладими, грузин ёки украин адабиётида бўладими, 20–30- йилларда ёзилган А.Платоновнинг “Чевенгур” романи ёки М.Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” романи ва бошқа, бугунги кунда юксак даражада баҳоланаётган асарлар шу имкониятлар, ўша тафаккур доирасида юзага келган эди. Булар ўша пайтдаги жаҳон адабиётининг энг сара романлари эди. Булар энди бизга бир кашфиёт бўлиб кўриняпти. Чунки, аввало, биз у пайтда яшамаганмиз, билмаймиз. Қолаверса, бу романлар ўша пайтда кўпчиликка маълум бўлмаган. Энди нашр этилаётир. Кўриб турибсизки, бизнинг ҳозирги тараққиётимиз даражасига мос келадиган, ана шу тезкорликни ўзида мужассам қилган, янги бадиий тафаккурни ўзида жамлаган асарлар ўша пайтда – кўп фикрлиликка, ҳур фикрлиликка муайян даражада имкон бўлган даврда яратилган. Вақт ўтиши билан бу асарлар тақиқланиб, адабиётнинг тараққиётига ҳеч қандай таъсир кўрсата олмади, чунки уларга чек қўйилган эди. Бизда, ўзбек адабиётида ўша пайтда ҳам бунақа асарлар ёзилган эмас. Фақат Чўлпоннинг шеърлари ва “Кеча ва кундуз” романи, Фитратнинг драмалари ва илмий мақолалари бундан мустасно. Булар бармоқ билан санарли даражада. Бахтга қарши, шуларни ҳам ҳозир китоб ҳолида чиқараётганимиз йўқ. Кўриниб турибдики, мана шу сиз айтган тезкорлик шу куннинг адабиётида, шу куннинг бадиий тафаккурида ҳали ўзининг аксини топмаётир. Бу эса жуда катта камчилик.

О. ОТАХОНОВ: – Гапингиздан шундай хулоса келиб чиқадики, эртанги адабиётнинг тамал тошини, асосини бугун қўйиш керак бўлади. Биз эртага кечаги адабиётни таҳлил қилиб, кечаги адабиётии ўрганиб юрамиз. Демак, бизда ҳали йиллар ўтган сари, ўн йиллар ўтган сари бугунги ва эртанги адабиёт жаҳон адабиёти олдида тунов кунги, ўтган кунги адабиёт бўлиб қолаверар экан-да. Шу йўллардан чиқиш, адабий-бадиий тафаккурнинг ривожланишига ҳисса қўшадиган асарлар яратиб, китобхонни ҳам шунга тарбиялаб, савиясини шундай романларни тушунадиган даражага олиб чиқиш учун қандай ҳаракатлар қилиш керак бўлади? Фақатгина шундай асарлар яратишнинг ўзи етарлими?

Т. СОЛИҲОВ: – XXI аср адабиёти, деб аталадиган ҳодисанинг пойдевори ҳозир қўйилиши керак. XXI аср адабиётининг пойдевори XXI аср келгандан кейин қўйилиши мумкин эмас. Чунки адабиётда муҳим бир нарса борки, уни анъана деб аташади. Лекин анъананинг иккинчи бир нозик томони шундан иборатки, баъзан биз буюк анъаналарнинг атрофида ўралашиб қолиб, ўша анъаналарга ёпишиб олиб, бундан бошқа нарса йўқ, бундан бошқа нарса бўлмаслиги керак, деган фикрга келиб қоламиз. Назаримда, XXI аср адабиётининг пойдеворида иккита муҳим нарса бўлиши керак: бири – миллий анъана – адабиётимиз, санъатимиз соҳасидаги миллий анъана ва иккинчиси – жаҳон адабиётининг даражаси, жаҳон бадиий тафаккурининг даражаси ва жаҳон адабиётида эришилган тажриба. Ана шу нарсалар пойдеворнинг асоси бўлади, пойдеворнинг пойдевори бўлади, агар хоҳласангиз, пойдеворнинг ғишти ҳам, лойи ҳам шундан иборат бўлади.

Биласизми, мен ҳозир бир нарсани эсладим. Турғунлик даври деб аталган пайтда (у пайтда студент эдик) мен бир мақолани ўқиган эдим. Унинг муаллифи ҳозир эсимда йўқ, қаерда чоп бўлганини, сарлавҳасини ҳам эслолмайман. Лекин унда адабиётнинг тараққиётини тушуниш учун, ада-биётнинг тараққиётини амалга ошириш учун унинг келажаги ҳақида фикр (прогноз) бериш керак, яъни унинг келажагини пайғамбарона назар билан кўра олиш зарур, деган фикр бор эди. Бахтга қарши, шу нарса бизда умуман амалга ошгани йўқ. Мана шу фикр ўша мақолада учқунга ўхшаб бир йилт этди-ю, сўнди-кетди. Бироқ адабиётнинг келажаги ҳақида башорат зарур, бу социологик тадқиқотлар асосида юзага келадими, шахсий-индивидуал тафаккурнинг ёки умумтафаккурнинг тараққиёти, хусусиятларига таяниладими ёхуд танқидчининг, адабиётшуноснинг ўз шахсидан келиб чиқадими, ҳар қалай, бадиий тафаккур тараққиёти шуни тақозо этади. Келажакни олдиндан кўра билишга ҳаракат қилишдан чўчимаслик керак. Хўп, янглишсак янглишибмиз-да, бу катта гуноҳми жуда! Мана шу нарса керак, жуда зарур.

Ғарб адабиётшунослигида структурал адабиётшунослик деб аталадиган

бир йўналиш бор. Бу бизнинг умумий адабиётшунослигимиз доирасидан – биз кўникиб қолган адабиётшунослик доирасидан четга чиқадиган структурали йўналиш. Ана шу йўналишда прогноз деган нарса мавжуд. Ба-шорат қилишга ҳаракат, ҳеч бўлмаганда ҳаракатнинг ўзи жуда муҳим нарса. Сиз жуда яхши кўрадиган ҳодиса – экспериментал адабиёт ҳам шунга ўхшаган нарса. Башорат ҳам эксперимент. Балки муваффақиятли чиқар, балки муваффақиятсиз. Лекин муваффақиятсиз чиққан пайтда ҳам биз нима қилмаслик кераклигини ўрганиб оламиз. Муваффақиятли чиқса, нур устига нур.

О. ОТАХОНОВ: – Талъат ака, назаримда, ўзбек совет романчилиги, агар ўхшатиш жоиз бўлса, ўзига тўқ кишининг узоқ давр мобайнида секин-аста камбағаллашиб, қашшоқлашиб бориш жараёнини эслатади. Бу билан нима демоқчиман. Мана, қаранг, Қодирий асос солган, янги йўналишдаги адабиёт, деб тан олинган роман жанрининг илк намунаси – “Ўтган кунлар” романи. Айтиш лозимки, бу роман муваффақиятли чиққан. Яратилганига озми-кўпми 60 йилдан ошди. Аммо шу 60 йил ичида инсоният тафаккури ма-даният соҳасида, илм-фан бобида ҳар қандай зиддиятли мураккаб йўлни босиб ўтган бўлса-да, олға силжиди, илгарилади. Бироқ, эҳтимол бу шаккокликдай туюлар, ўзбек романчилигида жиддий силжиш бўлди, деёлмаймиз. Мана, ўзбек романи бадиий жиҳатдан шаклланиб боришини мисоллар орқали кузатинг: “Кеча ва кундуз”, шундан кейин ёзилган романлар: “Сароб”, “Навоий”, “Уч илдиз”, “Ўқитувчи”, “Наврўз”, “Уфқ”, “Умид”, “Сўнгги бекат”, “Икки эшик ораси”, “Лолазор”… Менимча, шу пайтда, айтайлик, Асқад Мухторнинг “Чинор”, Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, Пиримқул Қодировнинг “Қора кўзлар” романлари орқага кетиш жараёнини бироз секинлаштирди. Таъбир жоиз бўлса, жанр сифатида роман-нинг обрўсини сақлаб турди. Лекин, афсуски, бу вақтинчалик экан. Ҳолбуки, шу турғунлик деб аталаётган даврда ҳам бошқа жумҳуриятлардаги халқ-ларнинг адабиёти озми-кўпми яхши асарларнинг ҳам эгаси бўлиб чиқди. Ўша жойларда эсда қоладиган, бармоқ билан саналгудек бўлса ҳам, яхши, пухта асарлар эълон қилинди – Болтиқбўйи адабиёти, грузин адабиёти, озарбойжон адабиёти, қирғиз адабиёти… Бизда эса шу ҳодиса жуда секин юзага чиқаяпти. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

Т. СОЛИҲОВ: – Бу жуда мураккаб савол. Чунки бу муаммонинг ўзи жуда зиддиятли. Аммо бунақа саволларга жавоб берадиган вақт келди. Ҳозир биз жавоб бермасак, биздан кейин келадиганлар беш йил, ўн йилдан кейин жавоб бермайди ва шу тариқа жавоб беришга ҳам кеч бўлади.

Тўғри айтдингиз, сталинча қатағон йиллари, ундан кейин турғунлик йиллари совет миллий адабиётларида кам бўлса-да, ажойиб асарлар яратилди. Расмий сиёсатга, расмий системага, расмий бадиий тафаккурга ва адабиёт сиёсатига қарама-қарши ўлароқ шундай асарлар яратилди. Масалан, Й. Авижюснинг “Йўқолган гўша” романи. Қаранг, бу бутунлай янги тафаккурдаги бадиий асар эди. Ҳолбуки, 60-йилларда яратилган. Ҳатто мажбур бўлишган шу асарга Ленин мукофотини беришга. Чунки “Йўқолган гўша” Совет Иттифоқи адабиётидагина эмас, балки жаҳон адабиётидаги энг бақувват роман эди.

О. ОТАХОНОВ: – Нодар Думбадзенинг жажжигина қиссаси – “Қуёшни кўраяпман” асари ҳам ўша йилларда чоп этилиб, Бутуниттифоқ Ленин комсомоли мукофотига сазовор бўлган эди. Қаранг, шу кичкина қиссада ниҳоятда ўзига хос бир халқнинг уруш йилларидаги ҳам аламли, ғамгин, ҳам қувноқ кунлари ҳақида ҳикоя қилинади… Ўша йиллари Чингиз Айтматов қиссалари, сал кейинроқ Ч.Амирэжибининг “Дата Туташхиа” каби романлари яратилди. Бизда шундай асарларнинг яратилишига нима монелик қилди?

Т. СОЛИҲОВ: – Мен студентларга лекция ўқиётган пайтимда бир нарсани кўп таъкидлайман, чунки мен ўзим шунга қаттиқ ишонаман: ёзув-чида табиий, катта кўламдаги бақувват истеъдоддан ташқари ҳақиқий жасорат ҳам бўлиши керак. Жасоратнинг эса турли поғоналари бор: паст поғонаси, ўрта поғонаси ва юқори поғонаси. Паст поғонаси шундан иборатки, ёзувчи ҳам ўзимиз қатори одам. Бола-чақасини боқиши, оиласини таъминлаши керак. Болаларига бир бурда нон топиб бериши лозим. Ана шуни ўйлаб у баъзан айтмоқчи бўлган гапларни айтмайди. 6у биринчидан. Иккинчидан, сиз юқорида айтиб ўтган ёзувчилар жаҳон адабиёти билан бевосита алоқадаги ижодкорлар. Улар бир қоронғу хонага ўзини қамаб қўйган эмас, ўз хоҳиши билан ўзини тутқунликка солган ёки узлатга чекинган ёзувчилар ҳам эмас. Такрор айтаман, улар жаҳон адабиётидан хабардор ёзувчилар. Чингиз Айтматовнинг бир машҳур немис танқидчиси билан бўлган суҳбатидан Томас Манн ҳақида ва Томас Манннинг адабиётга мифни олиб кирганлиги, роман-мифни яратганлиги тўғрисидаги гапларини ўқиб, мутахассис сифатида ҳайратга тушдим. Қаранг, шу гапларни Авижюс ҳақида ҳам гапирса бўлади. Чингиз Айтматовнинг ўзи ҳақида ҳам гапирса бўлади, бошқа баъзи ёзувчилар ҳақида гапирса ҳам бўлади. Бизнинг юксак анъаналаримиз бор, деймиз. Шунинг ўзи гўё етарлидай бизга. Мана – иккинчи сабаб. Мен яна бир сабаб ҳақида тўхталмоқчиман. Балки бу одамларнинг кўнглига бироз ботмайдиган мулоҳазадир.

Бизни ўстирмай турган касаллик, умуман инсонга хос бир хусусият – дангасалик, интеллектуал дангасалик, тафаккур дангасалиги. Шу сабабли биз кўп китобларни ўқимаймиз. Мен фақат бадиий китобларни назарда тутаётганим йўқ, балки фалсафий китобларни, тарихга, психологияга оид китобларни кўп ўқимаймиз. Одатда, озгина билиб олсак бўлди, кейин ҳаммасидан хабардордай юраверамиз. Энди мана шу нуқсонларни енгиб ўтиш учун жасорат, оғир меҳнат, ҳур хаёл керак. Яна такрорлайман: бизга етишмайдиган нарса – жасорат. Бошқа яна кўп сабаблар бор-ку, лекин муҳими шу.

Ўзбек романининг турли даврлардаги тараққиётини сиз Абдулла Қодирийдан бошладингиз. Гап шундаки, “Ўтган кунлар” романи ёзилган, босилиб чиққан пайтда ўзининг поэтикаси нуқтаи назаридан жаҳон адабиётининг, жаҳон романчилигининг энг юқори тараққиёт нуқтасига кўтарилган асар эди. Жаҳон адабиётида машҳур бўлган, мавжуд бўлган биронта асардан “Ўтган кунлар” романи паст турмайди. Лекин унинг бошига кулфат тушди. Роман тақиққа учради. Абдулла Қодирийнинг ўзини қатл қилишган бўлса, романни ҳам қатл этишди. Лекин роман ўлмаслиги керак эди, ўлмади. Натижада ўзбек адабиёти роман жанрини қайтадан кашф қилишга мажбур бўлди. Тушунасизми, ўзбек романи тараққиёти етиб келган жойдан, ўзбек адабиёти юксалган жойдан давом этгани йўқ, балки янгидан кашф қилинди. Ойбекнинг “Қутлуғ қон”ида, “Сароб”да роман жанр сифатида янгидан кашф қилинди. Лекин орадан яна бир муддат ўтди. Энди “Сароб” қатағон қилинди. “Навоий” романининг бошига тушган кулфатлар-чи. Мана, яна тўсиқ қўйилди романнинг тараққиёти йўлига. Бахтга қарши, баъзи бир ёзувчиларимиз ҳам бунга катта ҳиссасини қўшишди.

Янги романчилигимизнинг энг яхши намуналаридан бири “Улуғбек хазинаси”идир. Бу традицион роман. Роман структураси нуқтаи назаридан, жанрнинг тараққиёти нуқтаи назаридан бақувват роман, пишиқ роман, ўқиладиган роман. Романда янги поэтика яратилган эмас. Янги структура яратилган эмас. Тўғри, айни чоқда бу камчилик ҳам эмас. Бу – романнинг ўзига хослиги. Лекин романда бир янгилик бор. Мен мана шу янгиликни Фрейдга, Кафкага олиб бориб боғлардим. Шундай бир воқеа бор асарда. Эсингиздами, Абдуллатифнинг психологик ҳолати. Улуғбекнинг – отасини ўлдиргандан кейинги ҳолати. Унинг ўз қилмишидан даҳшатга тушиши… босинқирашлари, ботиний онг… Мана шу онгда рўй бераётган ҳодисалар. Ярим мистик, ярим фантастик ҳодисалар… Лекин ҳаммаси реал ҳодисалар. Бу нарса бизнинг романчилик учун янгилик эди. Бу ажойиб бир нарса. Биз учун ажойиб бир кашфиёт. Тўғри, жаҳон романчилигида бундай кашфиёт бўлиб ўтган, лекин биз учун барибир кашфиёт. Бироқ, ҳамма гап шундаки, биз учун кашфиёт бўлган романнинг структурасидаги мана шу янгиликни ким давом эттирди? Ҳеч ким. Ҳатто, Одил Ёқубовнинг ўзи ҳам бу бадиий кашфиётига қайтмади. Унинг кейинги романларидан бири – “Кўҳна дунё”да бунақа нарсалар йўқ. Ёки шунга ўхшаган бошқа бир ҳолатни олайлик. Пиримқул Қодировнинг янги “Авлодлар довони” романида шоҳ Акбарнинг узлатга чекиниши, ўрмон ичига кириб кетиб, тарки дунё қилишида – ўша жойда ажойиб бир психологик тасвир бор. Шу даражадаги тасвир адабиётимизда йўқ эди. “Улуғбек хазинаси”даги бошқа, бу бошқа. Лекин бу ҳам бадиий кашфиётдир. Савол туғилади: нима учун бизнинг романнависларимиз шу кашфиётлардан фойдаланишмайди. Қудрати етмайдими? Билими етмайдими? Қудрати етмайди, дейиш бир ҳисобдан баҳслироқ, албатта, чунки бизда истеъдодли романнавислар етарли. Балки, билими етмас. Билими етмайдиган бўлса ўқиб-ўрганиш мумкин. Хуллас, кўраяпсизки, кашфиётлар бор. Ҳаммаси шу жойнинг ўзида бўлган кашфиётлар. Менда шундай тасаввур туғиладики, ҳар битта роман, жилла қурса, ҳаммаси бўлмаса ҳам, муайян даврнинг романи ўз ҳолича кашфиёт бўла олади. Лекин кейин ёзилган романларда олдин эришилган тажрибалар давом эттирилиши керак.

О. ОТАХОНОВ: – Айтмоқчисизки, бамисли қўриқ ер очилиб, экин экилмай, шундайлигича қолиб кетгандай…

Т. СОЛИҲОВ: – Ҳа, шундай. Роман – бу бир система. Ҳозирги суҳбатимизда айтилаётган роман деган тушунчада мен фақат ўзбек романини тушунмайман. Жаҳон романчилиги – бу система. Ҳар қандай яхши ёзилган миллий роман жаҳон романчилиги системасидан тушиб қолиши, элакнинг тўридан тушиб кетиши – бу фожиа. Мана шуни тушунишимиз керак. Жаҳон адабиётида мавжуд бўлган романнинг савиясига интилиш керак. Мен жаҳон адабиёти бўйича иш олиб бораман, Ғарб адабиётининг табиати, тажрибаси ҳақида мутахассис сифатида гапираман, бу ўринда мен совет адабиёти ёки ўзбек адабиётини жаҳон адабиётига қарама-қарши қўймоқчи эмасман. Билъ-акс, романчилигимиз мана шу даражага кўтарилиши кераклигини айтмоқчиман, холос. Стендалнинг бир гапи бор: “Адабиёт – катта йўлга қўйилган кўзгудир”. Адабиёт ана шу кўзгуни сизнинг юзингизга рўбарў қўяди. Кўзгуда сиз қандай кўринаяпсиз – мана шу реал ҳақиқат. Мақсад адабиётшуносликни ўзбек адабиётшунослиги даражасидан жаҳон адабиётшунослиги даражасига кўтариш. Шуни тушунсак, жаҳон адабиётига хос бўлган муаммолар – бу бизнинг адабиётимиздаги муаммолар ва бизнинг адабиётимиз муаммолари – бу жаҳон адабиётининг муаммолари даражасига чиқариш мумкин.

О. ОТАХОНОВ: – Яқин-яқингача жаҳон адабиётига хос бўлган муаммоларни ўрганиб, шу ўрганиш жараёнида айрим жиҳатларни ўзимизнинг адабиётимизга олиб кириш учун ҳаракат қилинса, гўё Ғарб адабиётининг айрим жиҳатларини эмас, балки Ғарб мафкурасини олиб кираётгандек туюларди. Бу ерда эса сиз, мафкурани эмас, роман структурасини, роман поэтикасини, жаҳон адабиётидаги тажрибада синалган ранг-баранг роман шаклларини ўрганиш ва ўзимизда қўллаш асосида адабиётимизни ривожлантиришга ҳисса қўшиш ҳақида гапираяпсиз. Бизда бу мафкура, деб қаралади.

Т. СОЛИҲОВ: – Мен қаттиқ ишонаманки, жаҳон адабиётидаги ўша умумий йўналишлар, умумий муаммолар ва умумий тажрибалар биз учун ёт нарсалар эмас. Улар бизни инкор қилмайди ҳеч қачон. Қолаверса, мафкурани ҳам ўрганайлик, яхшиси бўлса олайлик, ёмонини инкор қилиб, ташлаб юборайлик. Масалан, бир пайтлар Горькийнинг гапидан келиб чиқиб, адабиёт – яратувчилик, адабиёт фақат қаҳрамонликни, қаҳрамонларнинг қаҳрамонлигини акс эттириши керак, дейиларди. Шафқатга чақирадиган асарларни ҳатто реакцион адабиёт деб келдик. Хўш, нега Аҳмад Яссавийни шу чоққача инкор қилиб келдик? Сўфи Оллоёрни инкор қилиб келдик. Ахир уларнинг ҳаммасида: руҳи, борлиғи, асарларига сингиб кетган бир нарса бор – бу раҳм-шафқат. Жаҳон адабиётидаги жуда катта ёзувчиларнинг асарларида мана шу раҳм-шафқат мафкураси узилмас ип бўлиб ўтади. Нима учун ўз адабиётимиздаги бу нодир намуналарни тикламаслигимиз керак? Демак, мафкурани ҳам тўғридан-тўғри, бекордан-бекорга инкор қилишимиз маъқул эмас экан… Бу худди ўз бойлигимизни ўзимиз ўғирлаётгандек гап-ку! Албатта, реакцион мафкуралар бор, миллий тафаккуримизга, миллий ҳаётимизга, психологиямизга тўғри келмайдиган нарсалар бор. Уларни албатта инкор этиш керак. Айтайлик, фашизм… Айтайлик, шовинизм…

О. ОТАХОНОВ: – Адабиётда прогноз ҳақида сўзлашдик. Сизнингча, ўзбек романининг эртаси қандай бўларкан? Назаримда, ҳар бир жараён ҳақида, ҳаётда юз берган ҳар бир ҳодиса ҳақида биз турли-туман фикрлар юритишга, ўзимизнинг мустақил қарашларимизни ифода этишга, уларни собитлик билан ҳимоя қилишга одатланишимиз керак. Ҳозиргача шу жиҳатдан оқсаб келдик.

Т. СОЛИҲОВ: – Олимжон, башорат қилиш қийин муаммо ва самара бериши ҳам амри маҳол. Назаримда, романнинг келажаги ҳақидаги гап юқорида сўзлашганларимизга боғлиқ. Келажакнинг романи миллий адабий-маданий анъаналардан, жаҳон адабиёти тажрибаларини ижодий ўзлаштиришдан дунёга келади. Эксперимент бўлмаса – илм-фан йўқ. Ёзувчилар ўз ижодларида қанчалар кенг йўл очсалар, шунчалик яхши. Шу йўллардан ўтиб балки ўзбек романчилиги ҳам жаҳондаги Лотин Америкаси романчилиги мактаби, япон, турк, рус романи мактаби, француз романи мактабига ўхшаган ўзининг мактабига эга бўлади.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”. 1991 йил, 1 февраль