Туркия ва Туркистон йўлларида (Шоир Тўра Мирзо билан суҳбат) (1989)

— Ўзингизга маълум, чет элларга сафар қилиш анчагина мураккаб иш. Ҳар кимга ҳам бу насиб қилавермайди. Қолаверса, бизда бир марта хорижга сафар қилган киши агар иккинчи марта шундай имконият туғилса, ҳеч иккиланмай ундан воз кечиши ҳам мумкин. Нима демоқчилигимни тушунган бўлсангиз керак. Суҳбатимизни сафар тайёргарлиги ва кузатиш жараёни билан қондош Турк элида кутиб олинишингиз орасидаги ўхшашлик ёки фарқлар, яъни илк таассуротларингиздан бошласак.

— Ниҳоят, қанча ташвиш ва асаббузарликлардан сўнг орзиқиб кутилган кун келди. Делегациямиз аъзолари тушган Москва — Анқара — Истамбул учоғи Туркиянинг бошкентига келиб қўнди. Бизни қўниш дарвозасида Туркиядаги Совет элчихонаси вакиллари кутиб олишди. Сўнгра элчихона биносида Советлар Иттифоқининг Туркиядаги элчиси билан сал кам бир соат мобайнида гурунглашдик. Элчимиз рус миллатига мансуб бўлишига қарамай туркий халқларнинг турмуш тарзи, урф-одатидан яхшигина хабардор киши экан. У билан гоҳ турк, гоҳ рус тилида сўзлашдик. Яна шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, элчихона ходимларининг 95 фоизини руслар ташкил этади. Шундай бўлса-да, уларнинг бариси турк тилида эркин, тоза гаплаша олишади.

Элчи билан хайрлашар эканмиз, у менга юзланиб, шуларни айтди:

— Туркия ажойиб мамлакат, ундан кўп нарсани ўрганса арзийди. Мана, ёзувчи экансиз. У билан яхшилаб танишинг, турклар билан очиқ-ойдин гаплашишга ҳаракат қилинг. Кўп нарса билиб оласиз. Қисқаси, Туркия ҳақидаги бор ҳақиқатни рўй-рост ёзинг. Зора, матбуотимиз кишиларимизнинг миясига сингдириб юборган «Туркия — қолоқ мамлакат» деган бирёқлама фикрлар ўзгарса. Менинг тилагим шу. Сафаринглар хайрли кечсин.

Расмий учрашувдан сўнг Дедеман мусофирхонасига йўл олдим. Менинг лолу ҳайрон қолишларим, ҳайратланишларим мусофирхонадан бошланди. Тўғриси, ҳайратомуз воқеа-ҳодисаларни эшитган бошқа-ю, кўз билан кўрган бошқа экан. Осмонўпар бинога яқинлашганим заҳоти худди эртаклардагидек эшик икки томонга очилиб, мусофирхона хизматчиси пайдо бўлди. У қўлимдаги юкларни олиб менга ажратилган хонага чорлар экан, такаллуф билан деди:

— Буюринг, афандим!

Отель ниҳоятда шинам, ораста эди. Бу ерда менга фақат бир нарса алам қилди. Қарангки, бу диёрга келиш учун икки ой ўнлаб ҳужжатларни тўлдириб, қанча қийинчиликлар билан олган паспортимни ҳеч ким текшириб ўтирмади. Менга ишонишди. Бундан ортиқ илк таассурот бўлиши мумкинми!..

— Тўғри айтасиз. Қоғозлар уюми ичидан чиқиб борган кишига қаттиқ таъсир қиладиган факт бу. Оврупо ва Осиёнинг чегарасида жойлашган, ҳам овруполик, ҳам осиёлик деса бўлаверадиган турклар Туркистондан келган туркий миллат вакили сифатида Сизни яна нималари билан ажаблантирди? Чунки, ўзингиз биласиз, бизнинг Туркия билан алоқаларимиз бошқа мамлакатларга нисбатан нимагадир жуда суст. Туркияга бориш бахтига камдан-кам кишиларгина мушарраф бўлишган.

— Бизнинг матбуотимизда Туркия кўпинча саноати ривожланмаган, қолоқ маданиятли мамлакат сифатида ёритилади. Деярли, кўпчилик совет кишиларининг тасаввурида ҳам шундай. Лекин мен Туркия ҳақида соддаларча ёзилган, бирёқлама тасаввур берадиган «таърифларга» унча ишониб-ишонмасдим. Туркия ўйлаганимдан-да гўзал, зангин (бой), ҳур ўлка экан. Ўзимизнинг Фарғона водийси кишиларига, айниқса, марғилонликларга ўхшаб кетадиган қондош турк халқини мен бир умрга севиб қолдим. Қандай очиқ юз, сермулозамат, хушчақчақ одамлар! Қаранг, ўн беш кун давомида овозини кўтариброқ сўзлаган бирор инсонни учратмадим-а. Шунинг учун бўлса керак ёки ҳар куни уруш-жанжални, бир-бирини пайини қирқиш учун зимдан пайт пойлашларни кўравериб кўзим пишиб кетганиданми, ҳартугул ҳамроҳларимдан сўрашга мажбур бўлдим:

— Сизнинг юртингизда ҳам уруш-жанжал бўлиб турадими?

— Ҳа.

Барибир бутун сафаримиз давомида мен биронта уруш-жанжални кўрмадим.

Истамбул шаҳрининг кўчалари жуда тор, транспорт кўп. Биз икки енгил машинанинг тўқнашиб кетганини гувоҳи бўлдик. Ана энди томошани томдан кўрамиз, деб турсак, йўқ, ҳар икки ҳайдовчи бир-биридан узр сўрай бошлади:

— Авф этинг, афандим.

— Авф этинг, афандим.

Ҳуллас, бундай маданиятли, одобли халқни ўттиз уч ёшга кириб биринчи бор учратдим. Боқонидан (мунистр) тортиб, мусофирхона хизматчисигача бир хил самимий, содда.

Туркия — Оврупо ва Осиё кесишган жой. Шунинг учун бўлса керак, туркларда осиёча одоб-ахлоқ, зукколик ва оврупоча тадбиркорлик, эпчиллик мужассам.

Аммо менинг гапларим туркларнинг ҳамма ишлари зўр, камчиликлари йўқ, улар фаришта мисол покиза кишилар экан-да деган тасаввур уйғотмаслиги зарур. Улар ҳам сиз-у бизга ўхшаган тирик инсон. Чунончи, улар ҳам ойнаи жаҳонда ярим-яланғоч аёлларни кўрсатишади. Бироқ одоб-ахлоқ бобида мен турк хонимларига тан бердим. Тўғри, бу ўринда бизда анча чеклаб қўйилган, лекин Туркияда эркин равнақ топаётган ислом динининг ҳам таъсирини инкор этиб бўлмайди. Бунинг учун биргина Истамбул шаҳрида 5 мингдан зиёд жомеъ (масжид) борлигинию, болалар 5-6 ёшидан бошлаб номоз ўқишини эслатишимнинг ўзи кифоя қилса керак.

Менга қаттиқ таъсир қилган, хотирамда муҳрланиб қолган бир воқеага ҳам тўхталиб ўтмасам бўлмайди. Туркия тупроғидаги илк кунимиз мусофирхонадаги хонам деразасидан тикилиб, маҳобатли жомеъга кўзим тушди. Қизиқиб бордим. Тепакўча жомеъи ичкарисига қадам қўйдим-у, кўзларимга ёш қалқди. Йўқ, бу кўз ёшининг сабаби бинонинг ҳайратомуз санъаткорлик билан қурилгани эмас, балки қулоғимга чалинган дуолар эди:

— Ё, оллоҳ! Туркистонлик орқадошларимизни ҳам ўз паноҳингда асрагайсан. Уларни балолардан, офатдан, муҳтожликдан, ҳақоратдан, зулмдан дариғ тутгайсан…

— Кечирасиз, Туркия ва Туркистоннинг ўзаро алоқалари хусусида кенгроқ тўхталсангиз. Турк зиёлилари Советлар Иттифоқидаги туркийлар, жумладан ўзбекларнинг адабиёти ва санъатидан қай даражада хабардор? Туркияда қайси ижодкорларимизни яхши билишади? Умуман, маданиятимиз тарғиботини қониқарли, деб бўладими?

— Аввало, шуни айтишим керакки, инқилобдан кейин Туркия ва Туркистон алоқалари бутунлай узиб қўйилган деса ҳам бўлади. 1921 йилда В. И. Ленин ва Мустафо пошшо Камол Отатурк келишувига кўра уруш қилмаслик ва ўзаро алоқалар тўғрисида шартнома имзоланади. Ўшандан буён бунақа шартномалардан ўн саккизтаси имзоланди. Бироқ Туркия ва СССРдаги Туркий халқлар ўртасидаги алоқалар ҳозиргача ҳам кўнгилдагидек эмас.

Туркияда энг кўп қадрланадиган ёзувчиларимиз Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон, Чингиз Айтматов ва Мамадали Маҳмудовлар экан. Шунингдек, Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси» романи, Жамол Камол ва каминанинг шеърий тўпламлари турк тилида нашрга тайёрланяпти. Вақтли матбуотда Рауф Парфи, Омон Матжон, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, М.Солиҳ, Тоҳир Қаҳҳор, Юсуф Жумаевнинг шеърлари чоп этилган. Ҳофизларимиздан Шерали Жўраев ва Дадахон Ҳасановнинг номлари жуда машҳур. Лекин буларни етарли деб бўлмайди. Фикримча, ўзаро мадцний алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш учун Тошкентда турк адабиёти ва санъатини тарғиб қиладиган Туркия маданият маркази, Истамбулда эса Туркистон маданияти маркази очилиши лозим.

Яқинда Москвада рус-фин нашриёти иш бошлади. Биз ҳам улардан ўрнак олиб, Анқара ва Тошкентда Туркия ва Туркистон қўшма нашриётини ташкил этсак, нур устига аъло нур бўларди. Айтмоқчи, Истамбул, Анқара, Тошкент, Самарқанд дорилфунунлари ўртасида талабалар алмаштириш анъанасини, албатта, йўлга қўйиш керак.

Турклар бобо (ота) юртимиз, деб Туркистонни билишади. Туркистон ва унинг тарихи ҳақида ҳамиша муҳаббат билан ёзишади. Ҳаттоки, биз лотин алифбосини қабул қилганимизда азбаройи алоқаларимиз узилиб қолмасин, деган мақсадда улар ҳам ўзларида лотин ёзувини жорий этишган. Аммо биз оз фурсат ўтмай кирилл ёзувига ўтдигу ўзаро алоқа қилиш қийин бўлиб қолди…

— Туркияни-ку, узоқ деб баҳона қилишимиз мумкиндир. Ўзимизнинг туркий республикалар ўртасидаги алоқалар ҳам кўнгилдагидек эмаслигига нима дейсиз? Қўшни қозоқ, қирғиз, туркман адабиётларини ҳам тузукроқ билмаймиз-а? Қачонгача ўзимиздан-ўзимиз қўрқиб яшаймиз? Халқларимиз қачон «пантуркизм» деган тавқ-лаънатдан қутулишади? Ахир, славян халқларининг қондош-қариндошлиги, ўзаро алоқалари «панславянизм» тамғаси билан ман қилинмайди-ку?

—  Тўғри, гапларингизда жон бор. Хақиқатан ҳам биз, яъни кирилл алифбосини қўллаётган ўзбек, қозоқ, озарбойжон, туркман, татар ва бошқа туркий халқлар бир-биримизни ўқий олмайдиган, тушунолмайдиган даражага келиб қолдик. Сталинча бу ислоҳ туркий халқлар бирлигига, улар маданиятининг ривожланишига жуда катта тўсиқ бўлди. Бу тўсиқни олиб ташлаш, унинг оқибатларини тугатиш учун ҳали кўп ишлар қилиш керак бўлади. Мана, ошкоралик туфайли бу соҳада ҳам озгина олдинга силжиш бор. Баъзан «ошкораликнинг нима кераги бор эди. Бусиз ҳам яхши яшаётган эдик» деган гапларни эшитиб қоламан. Йўқ, бизга ошкоралик нондай зарур. Бунинг сабабини ҳозир кўпчилик тушуниб қолди. В. И. Ленин айтганидай: «Ошкоралик шундай қилички. у ўзи яралаган жойни ўзи даволайди».

— Агар бугунги ёшларимиз ўз тарихларини сал-пал билганларида эди, Фарғона воқеалари, эҳтимол, бу даражада фожиавий тус олмасмиди? Сизнингча, бу биродаркушликнинг илдизлари қаерда, уларни қандай қилиб йўқотиш мумкин?

— Фарғонадаги воқеалар XX асрда туркий дунёдаги энг катта фожиалардан биридир. Фожиа Чингиз Айтматовнинг манқурт ҳақидаги афсонасини ёдимга солди. Туркни ўлдирган ўзбекка, ўзбекни ўлдирган туркка, яъни туркни ўлдирган туркка Зиё Кўкалпнинг тўрт мисра шеърини эслатмоқчиман.

Дема менга, Ўғиз, Кайи, Усмонли,
 
Туркмен, бу от ҳар унвондин устундир.
 
Йўқдур ўзбек, нўғой, қирғиз, қозонли,
 
Турк миллати бир бўлинмас бутундир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 7 июль сонида Ё. Хўжамбердиевнинг «Кўнгил тинчи — ҳақиқат» номли мақоласи босилибди. Муаллиф фожиа илдизларини очиш учун анча ҳаракат қилган. Умуман, мақола дуруст ёзилган. Аммо бир умумлашма фикр менга маъқул бўлмади. Ўзбек халқи қачондан бери ҳасадгўй бўлиб қолди? Балки бирорта киши ҳасад қилгандир. Лекин ўзбеклар туркларнинг яхши яшашларини кўришолмади, деган гап бўҳтон. Охирги бурда нонини ҳам қўшнисига тута оладиган мард улус бировнинг молига кўз олайтирмайди, ҳасад қилмайди.

М.Солиҳ айтганидек, «дунёда бирор бир халқ байналмилал бўлса, бу ўзбек халқидир. Дунёда бирор бир саховатли халқ бўлса, ўзбек халқича бўлар!

Бироқ пахта меҳнатига чидайдиган бирор бир халқ бўлса, бу ҳам ўзбекдир. Денгизи кўлга, боғу чаманзорлари чўлга айланган бирор бир халқ бўлса дунёда, эвоҳ, бу ҳам ўзбекдир…»

Мен Туркияда бир халқ қўшиғини эшитдим:

Ўзбекистон, Туркманистон қилиб қўйганлар,
 
Қозоғистон, Қирғизистон — бўлиб қўйганлар,
 
Она юртим Туркистонни тилиб қўйганлар…

Менинг гапларимдан миллатчилик оҳангини изламоқчи бўлган кимсаларга Ленин 70 йил бурун жавоб бериб қўйган: «Хафа қилинган халқдан ҳеч қачон миллатчи чиқмайди. У фақат таҳқирланган қадр-қимматини ҳимоя қилади, холос».

— Албатта, сафар чоғида ватандошларимиз — собиқ туркистонликлар билан учрашиб, суҳбатлашган бўлсангиз керак. Уларнинг қандай хислатлари эътиборингизни тортди? Элдошларимизнинг ҳаёти, уларнинг Туркистон ҳақидаги ўй-фикрлари кўпчиликни қизиқтириши табиий.

— Туркияда яшаётган туркистонликлар — ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, туркманлар баъзи ёзувчиларимиз тасвирлаганларидек, гадойчилик, тиланчилик қилишаётгани йўқ. Улар фақат она-юрт дийдорининг тиланчилари, холос. Буни шеър ўқиганимда Чиғатой лаҳжасида сизу мендан тоза гаплашадиган, соқоллари кўксиларини қоплаган чоллар йиғлашганида ўз кўзим билан кўриб, ишондим. Ватандошларимиз билан суҳбатлашар эканман, уларнинг тантилиги, зукколигидан ғурурландим. «Туркистон» жамиятининг боқони Аҳад Андижоннинг сиёсий билимига тан бердим. Жаҳоннинг ўнлаб тилларида гапира оладиган бу йигитнинг Орол фожиаси ва Афғонистонда ҳалок бўлган ўзбеклар ҳақидаги мақолаларини ўқиб, ғоят мутаассир бўлдим. Туркия телевидениеси орқали тез-тез чиқишлар қилаётган, асли Афғонистонда туғилган ўзбек ҳофизи Собир Қоргарнинг мунг тўла қўшиқлари юраги тош одамни ҳам йиғлатмасдан қўймайди. Мен кўрган, суҳбатлашган кишилардан фабрика эгаси, тижоратчи Шавкат Ойнуралнинг (отаси қўқонлик) кўзларида Ватан соғинчи чарақларди, отахон ёзувчи Яссавий (Туркистон шаҳридан)нинг юзидаги ажин излари Туркия ва Туркистон йўллари каби чалкаш эди. Улар фақат Ватанни қўмсашади, Ватан нафасини олиб келган кишиларни иззат-икром қилишади, улардан ўз она тилларида бир оғиз ширин сўз кутишади. Обид Ойнурал ва Шавкат Ойнуралнинг айтишларича, Истамбулга келган қайсидир бир ансамблни, «Баҳор»ми ёки «Лазги»ми, кўргани боришибди. Қўргуликни қарангки, ўзбек шевасини эшитишга муштоқ ака-укаларга раққоса қизлар рус тилида жавоб беришибди…

— Туркияда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш муаммолари қандай ҳал қилиняпти? Биласиз, ҳозир бутун дунё шу ташвишлар билан яшамоқда. Қолаверса, Туркия йирик денгизлар мамлакати…

— Суҳбат мавзуини қай томонга бураётганингизни тушундим. Туркия денгизлар оралиғидаги бир диёрким, табиат ундан бор хайр-эҳсонларини аямаган. Қишин-ёзин дастурхонлардан барра кўкатлар, сархил мева-чевалар, ҳеч қандай ядохимикатлар қўшилмаган жаннатий сабзавот ва полиз маҳсулотлари узилмас экан.

Қора денгиз ва Мармара денгиз соҳилларини кезар эканман, ҳам уларнинг мусаффо гўзаллигидан, улкан тўлқинларнинг шиддатидан кўзим қувонди, ҳамда пешонасига битилган бор-йўқ бир денгизини-да бой бериб қўйган мен чўжуқ, маҳмадона фирқа уятдан ерга кирдим. Нега шундай бўлди? Нега кўр ҳассасини иккинчи марта ҳам йўқотди? Нега бобоси қилган хатони невараси ҳам такрорлади? Бу интиҳосиз саволларнинг сабаблари, жавоблари ҳисобсиз.

Биз боболаримиз қўлларидаги ҳассани йўқотишганини билмай қолдик. Ўтмишга тупуриш, ота-бувасининг мозорига пахта экиш, Ер-Онани тепиб ўтиш руҳида тарбияландик. Даҳшатли фожиа бўлди.

Эй, изсиз диёр — денгизсиз диёрнинг чўжуқлари, тингланг!

«Эрамиздан олдинги III минг йилликнинг охири ва II минг йилликнинг бошларида ҳозирги Ўрта Осиё ерларида маданияти гуллаб-яшнаган, меъморчилик ва ҳайкалтарошлик ривожланган, Кунтуғар, Кунюрар ва Куноғар мамлакатлари билан савдо-сотиқ олиб борган, самовот (астрономия) қопқасига калит солган(!), астрономик марказ орқали қишлоқ хўжалик экинларини экиш ва йиғиштириш учун қулай фурсатни аниқлай олган, тенг ҳуқуқли кишилари Ойхудога сиғинган Олтинтепа номли жамоа давлати бўлган. Олтинтепа маданияти ўзининг шимолида яшовчи халқларга ҳам ижобий таъсир кўрсатган.

Кейинчалик, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи эркин кишиларга зуғум қилиб, қулга айлантиришган. Натижада эрамиздан бир ярим минг йил бурун Олтинтепа далаларини шўр босади. У инқирозга юз тутиб, тез орада йўқ бўлиб кетади» («История древнога Востока», Москва, «Висшая школа», 1988, стр. 283— 285).

— Ўйлайманки, сизнинг бироз ҳаяжон билан айтган сўзларингиз ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Энди кўпчиликнинг дилида турган яна бир саволга жавоб берсангиз. Туркияда бизнинг сиёсий системамизга, жамиятимиздаги ўзгаришларга қандай қарашади? Ҳусусан, уларнинг сиёсий фикрлашлари ҳақидаги фикрингиз қанақа?

— Мен Туркияда ўзимни худди Москвадагидек (Тошкентдагидек эмас!) эркин тутдим. Ҳамма саволларга ошкора ва дадил жавоб бердим. Бу ишимдан «Озодлик» радиосининг ходими Чиғатой Кўчар ажабланди:

— Мен умрим бино бўлиб, Советлар бирлигидан келган одамнинг дангал-дангал жавоб беришини биринчи кўришим. Ўзингизга эҳтиёт бўлинг.

Мен ортиқча тортишиб ўтирмадим. Чунки Чингиз Айтматов СССР халқ депутатларининг съездида таъкидлаганидек, биз социализмни қандай қурмаслик кераклигини ўз тажрибамизда исботладик. Сафар давомида баъзи бир нотўғри тасаввурларни қўлимдан келганича тўғрилашга ҳаракат қилдим. Масалан, менга шундай савол беришди:

— Тошкентда руслар учун алоҳида, ўзбеклар учун алоҳида магазин бор экан-а?

— Йўғ-э. Магазинлар ҳаммага баробар хизмат қилади. Фақат пештахталардан ҳеч нарса топиб бўлмайди…

Туркиядаги партиялар ошкора иш юритишади. Лекин уларнинг ишлаб чиқариш, иқтисодий ислоҳотларга аралашиши мумкин эмас. Туркиянинг сиёсий-маданий ҳаёти ҳақида тўла тасаввур ҳосил қилиш учун яна шуни ҳам айтайки, унчалик катта бўлмаган бу мамлакатда мингдан зиёд дарги (журнал) чиқар экан. Турк миллиётчи (миллатпарвар) шоири Зиё Кўкалпнинг қарашлари марксизм-ленинизм классикларининг назарияларига ўхшаб кетади. У ўз қарашларини «Туркчиликнинг асослари» китобида баён қилган. Умуман, Туркияда ҳар қандай фикрни, ҳар қандай мансабдор шахсни танқид қилишга рухсат этилади.

— Одатда ижодий сафарлар янгидан-янги шеърлар, асарлар дунёга келишига туртки бўлади…

— Ҳа, албатта. Туркия сафаридан қайтгач, бир неча шеърлар ёздим. Юқорида эслатиб ўтганим, Туркия республикасининг асосчиси Мустафо пошшо Камол Отатурк амалга оширган ишлар мени ғоят тўлқинлантирди. «Мустафо пошшо Камол Отатурк васияти» номли шеърим ана шу таассуротлардан туғилди:

Мустафо пошшо Камол Отатурк васияти

Туркия турклариндир,
Бу дунё тиклариндир,
Кўкракдан учган садо
Ерлариндир, кўклариндир.
Эркли ўлсанг, эрдирсан,
Эрталисан, шердирсан,
Ўзингга бек ўлмасанг,
Осмонда ҳам ердирсан.
Отанг исмин унутсанг,
Ватан жисми сенга ёт.
Ипак тилингни ютсанг,
Эркаклик ўлар барбод.
Онанг сенга қўл берган,
Эрк юртида йўл берган.
Қўл, оёқ синса синсин,
Ахир бирмас, мўл берган.
Юрт учун бир қўл синса,
Униб чиқар мингта қўл.
Тахтингга ёғий минса,
Бахтингга элтмаюр йўл.
Турким демоқ не мутли!
Бу сўз ўтли, умидли.
Турким деган инсон бор,
Жонли, имонли, юртли.
Бобо турк, анна турклар,
Жоним турк, ҳамма турклар.
Ҳар бир кўнгил ўзининг
Юлдузи бор, кўки бор.
Туркнинг ҳар бир сўзининг
Елкасида юки бор.
Бу тупроқ ҳар қаричи
Эмган бовонг қонини.
«Ол омон!» деб онт ичиб,
Қурбон этқон жонини.
Жон бериб сонга кирдик,
Тун ўриб, тонгга кирдик.
Онт бериб, донгга кирдик.
Қон бериб, жонга кирдик.
Сўзликдан турк элини
Ўгирмоққа қасд этган;
Ёвнинг букиб белини.
Турк эрлари паст этган.
Ёр денгиз, қора денгиз,
Туркка бор чора денгиз.
Овни тутди наҳрига,
Ёвни ютди қаърига.
Дунё саҳни — хирмонга
Дондай сочилган, турким.
Эга чиқмай ошёнга
Оҳ деб соч юлган, турким.
Отатуркнинг бўйнига
Тоғ осилса кўтарар,
Боғ осилса кўтарар,
Соғ осилса кўтарар.
Отатуркнинг бўйнига
Зоғ осилса кўтармас,
Доғ осилса кўтармас,
Оҳ осилса кўтармас.
Отатуркнинг бўйнига
Чўл осилса кўтармас,
Қул осилса кўтармас,
Ғул осилса кўтармас.
Отатуркнинг бўйнига
Йўл осилса кўтарар,
Қўл осилса кўтарар,
Эл осилса кўтарар.
Не мутли турким демоқ,
Умидли турким демоқ.
Юртли, ўтли, совутли,
Йигитли турким демоқ.
Туркия турклариндир,
Бу дунё тиклариндир,
Тун-кун, эл-бел, ер-кўк,
Эрк Ўзига беклариндир.

Анқара – Истамбул – Москва – Тошкент

Суҳбатни Муҳаммад Вали ёзиб олди.
“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 9-сон