Тоғай Мурод чизган суратлар (Қозоқбой Йўлдошев билан суҳбат) (2008)

Тоғай Муроднинг бетакрор қисса ва романлари минг-минглаб китобхонлар юрагидан жой олди, қалбини ларзага солди. Уларни йиғлаб-йиғлаб ўқидик, кулиб-кулиб ўқидик. Чуқур инсоний дард бор эди бу асарларда, кулгу аралаш изтироблар бор эди… Мутолаа давомида ўқувчи ўзида қандайдир руҳий тозаришни ҳис этади, кўнглида чин инсоний туйғулар уйғонади.

Адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошев билан бугунги суҳбатимиз Тоғай Мурод асарларининг ёш авлод таълим-тарбиясида тутган ўрни ҳақида бўлди.

— Бир кўрган таниш, дейдилар, икки кўрган билиш.Тоғай Мурод билан қачон танишдингиз-у, уни қачон кашф этдингиз? Ўша пайтларга нима кечди хаёлингиздан, илк таассуротларингиз алдамадими сизни?

— Тоғай Мурод билан деярли тенгдошмиз. Ҳаётнинг қизиқлигини қаранг, бир юртда, бир шаҳарда яшаб юрсак-да, шахсан танишиш бахтга муяссар бўлмаганман. Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Айрим ошналарим: «Тоғай Мурод билан танишиб барака топмайсан, қайтанга қалбингдаги унга бўлган бор ихлосинг сўнади. Унинг табиати жудаям оғир», деганди. Қолаверса, Тоғай Мурод ҳар хил давраларга кам қатнашарди. Баъзида унинг буюклиги ҳам шундан бўлса керак деб ўйлаб қоламан. Лекин 1989 йилдами… бир йиғинда бир марта кўзимизга кўзимиз тушиб эди. Шунга қарамай мен унинг асарларини битта қолдирмасдан ўқиб борардим. Шунчаки оддий асарлар қатори эмас, бошқача юрак билан, ўзгача бир меҳр билан мутолаа этардим. Шу жараёнда Тоғай Мурод сийрати ва суратини чизиб бордим. У жуда мағрур ва унча-мунча одамларни тан олавермайдиган, бировга ёқимлироқ кўринишни хаёлига ҳам келтирмайдиган ўжар одам бўлган бўлса керак, деб ўйладим.

2001 йилда Тоғай Мурод «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романини менга жиянидан ҳеч нарса ёзмасдан, бир оғиз гап айтмасдан бериб юборибди. Мен анчадан бери унинг ижоди ҳақида озми-кўпми ёзиб ҳам турардим.. Аммо ўшанда Тоғай Мурод мени ҳам бир ўқувчи сифатида гапларим, қарашларим билан ҳисоблашаркан, қизиқаркан деган қаноат пайдо бўлди менда. Орадан анча вақт ўтиб «Отамдан қолган далалар»ни ҳам худди шу тарзда бериб юборибди.

Тоғай Мурод билан танишишимиз асосан китоблари орқали бўлган. Айниқса, романига илова қилинган «Мен» номли сўнгсўз қаттиқ таъсир қилганди. Боиси, асарлари сийратини, ички оламини теран очиб берган.

-Адибнинг асарларини дарсликка киритилишида ҳам ҳиссангиз бор, деб эшитамиз. Сизни бунга нима мажбур этди. Қолавеса,»Юлдузлар мангу ёнади» болаларга нима беради?

— Тўғри. Тоғай Мурод ижодида нафақат ўқувчилар, балки ҳамма ўрганиши лозим бўлган яхши хислат, ибрат бўладиган воқеалар тасвирларига кенг ўрин берилган. Унинг «Юлдузлар мангу ёнади» қиссаси болаларга орият, инсонийлик, мардлик, инсонлик шаъни, йигитлик ғурурини ҳимоя қилишни, ўша ғурурнинг чинакам баҳосини билишни сингдиради. Қиссани бошланишида ёш полвон Шукур курашдаги рақиби Эрмат билан олишда йиқилади. Асарнинг шу ерда ажойиб тасвир бор:

«Шукурга алам қилди. Эрматга қўлини мушт қилиб кўрсатди.

— Сен билан янаги тўйда олишаман ! — деди.

Эрмат баковул рўпарасида ўтириши билан бир талай бола чопиб келиб ёнига чўккалади.

Шукурга тарафкаш болалар бир-бирига сўз бермай талашди, баковулга эланди:

— Бова, Эрмат полвон билан мени олиштиринг, у қалин ошнамни йиқитди.

— Йўқ, Эрмат полвон билан мен олишаман. Шукур холамнинг ули!

— Бова, Эрмат полвонга мени чиқаринг, Шукур бизнинг ҳамсоямиз!»

Кўриниб турибдики, ушбу қисса болаларда орият тўйғусини шакллантиради. Кишида ўз яқинлари, халқи, миллати орини олишни, ватанпарварлик туйғуларини уйғотишга хизмат қилади. Мен бизнинг халқимиз кураш билан шуғуллансин, курашимиз халқаро ареналарга чиқсин деган мақсадда эмас балки яқинларимиз учун жавобгарлик ҳиссини туйишни ўрганайлик деб шу тўхтамга келдим. «Юлдузлар мангу ёнади» орқали болаларимизда ана шундай ҳисларни шакллантирмоқчи бўлдим. Бу биринчи жиҳати.

Иккинчидан, унинг китоблари болаларга ўзбек тилини гўзаллигини намоён этади. Анови тухумдек силлиқ ёзилган асарлар воқеалари қандай эсимиздан чиқиб кетса, тили ҳам ўқувчига шундай юқмайди. Бу хилдаги асарлар фақат хабар бериш билан чекланиб қолган. Тоғай Мурод асарларининг эса ўз мусиқасига эгалиги билан китобхонни ўзига жалб қилаяпти. У шунчаки тил ёки ахборот воситаси эмас, балки мусиқа воситасидир ҳам. Қолаверса, эстетик функтсияси-да бор. Тоғай Мурод прозаси шеър билан билан битилгандек таассурот ўйғотади. Кейин Тоғай Мурод асарларида нафақат тасвирларни, қиёфаларни-да кўришимиз мумкин. Одатда биз ҳарфларни ҳарфларга қўшиб маъно чиқарамиз. Унинг асарларини ўқиётган вақтимизда, яъни ҳарфларни ҳарфларга қўшганимизда мусиқа таралади. Ана шу битта сўзнинг вазифаси мулоқот воситаси бўлса, Тоғай Мурод сўзга бир қатор қўшимча функтсияларни юклай олди. У сўз мусиқа бўлиб янграйди. У сўз қўшиқдек қалбларни ларзага солади. У сўз рассом сингари портрет чизади. Яъни сўзларнинг ўзи билан билвосита кўнгилни ўзгача бир нурга тўлдиради. Қисса охирида Бўри полвон ошнаси Насим билан хаёлан гаплашади. Унинг ҳар бир сўзи таъсир кучи билан инсонни сескантиради, ҳаяжонга солди. Ана шу сўзлардан келиб чи³адиган ғоягина эмас, балки уларнинг айтилиш оҳанги, Бўри полвониниг ички кечинмаларининг берилиш йўсини ҳам бир мусиқийдир. У сўз маъноси ҳам, оҳанги ҳам ўқувчини шунга бўлган талабини қондиради. Яна Тоғай Мурод асарлари ўзбекча сўзларнинг илоҳий қудратидан сабоқ беради.

Қозоғистондаги ўзбек мактаблари ёзилган 9 синф дарслигига адибнинг «От кишнаган оқшом» қиссасини ҳам киритилди. Ахир Тоғай Муродни дарсликларга киритмасликнинг сира иложи йўқ-да. Негаки, бу асарлар шедевер асарлар-да! Зиёдулла образи орқали инсоннинг нозик кечинмалари, зиддиятлари очиб берилади. У кал бўлса-да, кўнглининг шу қадар нозиклиги, ғурури шу даражада баландлиги, эркаклиги ва атрофини ўраб турган кишиларнинг нақадар қаллоблиги, сотқинлиги-ю қўрқоқлиги қандай ифодаланганлини кўринг-а. «От кишнаган оқшом» қиссаси дунёдаги адолат ва адолатсизлик ҳақидаги гўзал ҳамда даҳшатли асар. Бу қисса адибнинг бошқа асарлари сингари эзгуликка даъват этади, эзгулик ва разолатнинг мангу курашишдан баҳс этади. Тоғай Мурод асарларини ўқисак миллатимиз юксалишига, маънавияти баландроқ, кўнгли тозароқ бўлишига хизмат қилади, деб ўйлайман.

Яна бир гап, 1999 йилда адабиётшунос олим Умарали НОРМАТОВ раҳбарлигида «ХХ аср ўзбек адабиёти» деган китоб чоп этилди. Мазкур китобда Тоғай Мурод алоҳида ижодий сиймо сифатида берилди. Шундан буён эса адиб олий ўқув юртларида мунтазам ўқитилиб келинаяпти. Айни пайтда Тоғай Мурод ижоди юзасидан ҳеч бўлмаганда йилда битта ёки иккита диплом ёзилмоқда…

— Севимли адибларимиздан Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад «Тоғай Мурод қиссаларини ўқир эканман, ҳар гал янги бир ёзувчини кўргандек бўламан. У кечаги ҳаммани қойил қолдирган «Юлдузлар мангу ёнади» ёки «От кишнаган оқшом» қиссаларини ёзган Тоғайга ўхшамайди. «Ойдинда юрган одамлари»ни бошқа Тоғай ёзган, деб ўйлайсиз. Ҳа, унинг асарлари сира бир-бирини такрорламайди.» деб ёзган эди… Бу гапда жон бор. Лекин парадокс шуки, Тоғай Мурод қаҳрамонларини ҳар бирида ёзувчини кўраверамиз.

— Мен ҳам шу фикрдаман. Назаримда Зиёдулла калда, Деҳқонқулда, Бўри полвонда, ҳатто Ботир фирқада ҳам Тоғай Мурод борга ўхшайди. Шунингдек, улар қандайдир бошқача. Тоғай Мурод асарларидаги ритм хусусида номзодлик иши ёқланганидан кўпчиликнинг хабари бўлса керак. Ҳали унинг ижоди, маҳорат сирлари ҳақида кўплаб илмий ишлар ёзилади. Тоғай Мурод ўз ҳасратларини, қолаверса халқининг азоб-истиробларини юрагига яқин олиб асар ёзди. Бу дардни кўтариб юриш оғир. Тоғай Мурод «Мен ўзбек халқига ҳайкал қўяман!» деганида катта ҳасрат билан бирга ызига ишонч мужассам. Адиб асарларида катта ижтимоий дард кўриниб туради.Чунки у бировни дардини ўзиники билиб асар ёзди. Шунинг учун унинг «Мен»и ва «Биз»и қўшилиб кетган.

— «Мен қайтиб келаман» китобининг тақдимот маросимида «Тоғай Муродга бизнинг олдимизда турибди. Унга етиб олишимизга ҳали кўп қовун пишиғи керак», дегандингиз. Ўшанда нималарни назарда тутгангиз?

— Чинакам битиклар инсоният таққиётидан илгарилаб кетади. Мана, Алишер Навоий биздан олти юз йил илгари яшаган бўлса, у мантиқан жамиятдан шунча вақт орқада қолиб кетиши керак эди. У компютерни билмайди, машинани кўрмаган, деганларидай ва ҳаказо. Аслида, биз ҳали Навоийга етиб борганимизча йўқ. «Ўтган кунлар»ни яратилганига саксон бўлди. Ким бу асарни тўла ўзлаштиролдим дея олади? Шу маънода Тоғай Муродни биз тушиниб олдик ёки у яшашдан тўхтади, деб бўлмайди. Унинг асарлари яшайверади, кейинги авлоднинг ўқувчиларини ҳам жалб қилаверади, йиғлатаверади, куйдираверади. Невараларимиз, эвараларимиз,чевараларимиз ҳам Тоғай Мурод асарларини ўқиб, ўзбеклигини ҳис қилиб, кейинги авлодларга ҳам тавсия этаверади… Мен шундай ўйлайман.

— Мен ҳам.

Азим Рўзиев суҳбатлашди.