Тоғай Мурод: “Бадиий мутолаа инсон кўзини очади” (2003)

— Сиз ҳаётингизда илк бор «Маърифат» газетасига чиқаяпсиз. Шу боис, муҳтарам газетхонларимизга ўзингизни таништирсангиз.

— Мен Сурхондарё вилояти, Денов тумани, Хўжасоат қишлоғида дунёга келдим. Онамиз оғироёқ бўлади. Бир оқшом оғир оёғи билан бир девор қўшнимиз — тоғамизникига боради. Тоғамизникида онамизни тўлғоқ тутади. Момочи излаб, югур-югур бўлади, чоп-чоп бўлади. Аммо, момочи топилмайди. Онамиз енгил кўз ёради. Оғир оёғидан енгил қутулади. Мен ана шундай дунёга келаман.

Йиллар ўтади, биринчи синфга ўқишга бораман. Бир куни Вахшивор қишлоқ советидан мактабимизга вакиллар келади. Биринчи синф болалари учун туғилиш гувоҳномаси тўлдирмоқчи бўлади. Қишлоқ совети вакили онамиз Тожихол Қурбоновани сўроқ қилади:

“Ўртоқ Қурбонова, ўғлингиз қачон туғилган?”

“Ўғлимизми? Ўғлимиз… Нормурод чавандоз отдан йиқилган йили туғилиб эди”.

“У чавандоз қачон отдан йиқилган?”

“Нормурод чавандозми? Шу, беш-олти йил бўп қолди-ёв?”

“Хўп, йилини айтинг, ойини, кунини айтинг”.

“Мен ой-кунини қаердан билайин? Ана сиз, ана Нормурод чавандоз, уйига бориб сўраб билаверинг”.

“Хўп, ўша йилларни тахминан айтинг”.

“Тусмоллаб айтсам, ўша йили… йўлбарс йили эди. Қора узумлар қорайиб пишиб эди. Куни? Куни… Ҳафта боши куни эди, тоғасиникида бир тўда аёллар билан гурунглашиб ўтириб эдик. Аёллар, Нормурод чавандоз отдан ёмон йиқилибди, ўлар ҳолатда эмиш, деб гурунг қилди. Шунда, бирдан тўлғоқ тутиб қолди. Сўнг, мана шу бола дунёга келди. Тоғасиникида туғилгани учун отини Тоғай қўйдик, муродига етиб юрсин деб Тоғаймурод қўйдик”.

“Ўртоқ Қурбонова, бизга аниқ даталари керак, даталари”.

“Нимаси-нимаси?”

“Дата! Йили…”

“Йили… Мулла Қарши Армиядан келган йили эди. Мулла Қаршини аёли Турдихол момо чақалоққа момочи бўлиши керак эди… Дастёр юбориб эдик, келмади. Эрим Армиядан келди, боролмайман, дебди. Агар ишонмасангиз, ана мулла Қарши, ана Турдихол момо, бориб сўраб келинг”.

Вакиллар оғизларини ушлаб кулади, юзларини четга буриб кулади.

— Кейин?

— Кейин, мактабимизда катта кутубхона бўлар эди. Унда Хадича опа деган татар аёл кутубхоначи эди. Хадича опа Қозон шаҳридан келиб қолган эди. Ана шу Хадича опа болаларни кутубхонага аъзо қилолмай сарсон эди. Хадича опа болаларни қўлидан етаклаб, кутубхонага олиб келади. Болалар китоб олмай қочади. Олса-да, китобни ташлаб қочади. Бир куни коридорда ўйнаб юриб эдим, Хадича опа мени қўлимдан етаклаб, кутубхонага олиб кирди. Қўлимга бир китоб берди.

“Эртак китоб. – деди. – Шуни бир ҳафта ичида ўқиб келиб, менга мазмунини гапириб берасан”.

Мен майдагина эртак китобни… бир ойча ўқидим. Ҳар куни беш-олти сатрдан ўқидим. Иккинчи ой деганда кутубхонага гердайиб кириб келдим. Хадича опа мени пешонасига ўтирғизиб қўйиб сўради:

“Қани, бир бошидан бошлаб айтиб бер-чи!”

Мен китоб мазмунини ўзимча айтиб бердим. Эсимдан чиққан жойларни Хадича опани ўзи айтиб турди. Мен такрорладим. Биримиз қўйиб, биримиз ҳикоя қилдик. Хадича опа ҳикоя қилса, мен бош ирғаб тасдиқлаб турдим, мен ҳикоя қилсам, Хадича опа бош ирғаб тасдиқлаб турди. Кейин мен учун алоҳида бир журнал очди. Китоб олинган-топширилган кунларни ёзди. Менга илк бор… баҳо қўйди. Тағин бир эртак китоб берди. Кейин, болалар китобини берди, достон берди. Ундан кейин ҳикоялар китобини берди. Кўпларига тушунмасам-да, ўқиб чиқдим. Хадича опага келиб гапириб бердим. Опани журнали мен ўқиган китоблар номига тўлди, мен олган баҳоларга тўлди. Хадича опа янги журнал очди. Тўққизинчи синфга бориб, мактаб кутубхонасидаги китобларни… ўқиб бўлдим! Шунда, Хадича опа қўлимга тўртта китоб рўйхатини берди. Янги чиққан китоблар, деди. Шаҳарга бориб олиб кел, деди. Мен шаҳардан ушбу китобларни кўтариб келдим. Бир бошидан ўқиб чиқдим. Хадича опага гапириб бердим. “Беш” баҳо олдим. Ўн биринчи синфни битиргунимча шаҳардан китоб олиб келиб ўқидим, Хадича опага ўқиганларимни ҳикоя қилиб бердим, қўша-қўша баҳолар олдим. Мен математикадан ё физикадан “икки” олишдан қўрқмас эдим. Мен кутубхоначи Хадича опадан “икки” олишдан қўрқар эдим.

— Демак, сизни илк бор адабиёт оламига етаклаб кирувчи устозингиз татар халқи вакили, кутубхоначи Хадича опа экан-да?

— Шундай, менда адабиётга ҳавас ҳам ихлос уйғотувчи кутубхоначи татар халқи вакили эди. Биз халқлар дўстлиги деганда икки халқ бир-бирларини нон-туз тутиб кутиб олишини тушунамиз. Йўқ, халқлар дўстлиги пойдеворини мустаҳкамлашни турмушнинг ўзидан излаш керак. Турмушнинг чуқурроқ қатламидан излаш керак. Чор ҳукумати, кейин Қизил ҳукумат татарлардан воситачи — таржимон сифатида фойдаланиб, татарларни балога қолдиради. Татарлар ўрис ҳукумати билан ўзбек халқи ўртасида тилмочлик вазифасини бажарган, холос. Шу билан ўзбек халқи кўзига ёмон кўриниб қолган. Аслида, татарлар ўзбек халқи тараққиётида беқиёс роль ўйнаган. Шу боис, мен “Отамдан қолган далалар” романимда татар халқи образини яратдим. Бу образ кино бўлиб экранга чиқди. Ушбу образ татар халқи олқишига сазовор бўлди. Халқлар дўстлиги, айниқса, туркий халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш учун масалани ана шундай таг-заминидан кўтариш керак.

— Ана шу кутубхоначи сизни адабий ижодга бошлаган экан-да.

— Шундай, ана энди адабий лавҳалар машқ қил, деди Хадича опа. Мен адабий лавҳалар машқ қилдим. Район газетасига жўнатдим. Газета лавҳаларимни босмади. Мен конверт бетларига гуллар чизиб жўнатдим. Адабий лавҳа чеккаларига булбуллар расмини чизиб жўнатдим. Адабий лавҳа тепасига оғзида гул тишлаб турган каптар расмини чизиб жўнатдим. Барибир газета адабий лавҳаларимни босмади. Бир куни район газетасида илк бор мени исми шарифим билан бир мақола пайдо бўлди. Ҳайрон бўлдим. Мен бунақа мақола жўнатмаган эдим. Ҳамма мени табриклади. Мен билдирмай, гердайиб юравердим. Биз шунақа ёзамиз, деб қўйдим. Адабиёт ўқитувчимиз Ҳамза Ҳамроев мени четроққа олиб борди.

“Газетани кўрдингми? — деди. — Ўшани сени номингдан мен қилдим. Газета ходимларига ҳам тайинлаб келдим. Ана энди ғайрат қил”.

Дарҳақиқат, Ҳамроев район, область газеталарини штатсиз мухбири эди. Ана шундан кейин газетада мунтазам чиқиб турдим. Яқинда уйимизга ориқ бир чол кириб келди. Оппоқ соқоллари кўксига тушади. Бу чол ўша адабиёт муаллимимиз Ҳамза Ҳамроев бўлди.

“Умрим падагоглик билан ўтди. — деди Ҳамроев. – Сизни ўқитганим учун педагоглик умримдан мингдан-минг розиман”.

— Сурхон воҳаси – киндик қонингиз тўкилган юрт. Юртингизга борсангиз, сизни яхши кутиб оладиларми?

— Бориб тураман. Оғайнилар бағрига босиб йиғлайди, пешонамдан ўпиб йиғлайди. Қўйлар сўйиб сийлайди. Ўқимишли юртдошлар: “буюгим”, деб эркалатади, “улуғим”, деб суяди. Юрт раислари: “Элимизнинг фахри ва ғурури”, дея елкамга қоқади. Афсус, ўз уйида пайғамбар бўлмас, дейдилар. Ушбу гапни барча улкан зотлар ҳаётига қўлласа бўлади. Айниқса, мен учун. Бир яхшига бир ёмон ҳар ерда бор. Қадамимни санайдилар, ичкилигимни пойлайдилар, салом-алигимни муҳокама қиладилар. Fийбат, иғво, фисқ-фасод қиладилар. Зимдан номимга ёрлиқ ёпиштирадилар, шаънимга лой чаплайдилар. Бу ҳасад, ичи қоралик, кўролмаслик, куйганлик оқибати. Мақсад – елкамдан пастроққа босиб қўйиш, попугимни пасайтириб қўйиш, ўзи қатори қилиб қўйиш. Кейин, кетидан эргаштириб юриш, бурнимдан ип ўтказиб, етаклаб юриш. Улар бу ғаламисликларини ўзбекчилик, одамгарчилик, ошна-оғайнигарчилик, қўни-қўшничилик ниқоби остида қиладилар.

— Сиз эса билиб турасиз?

— Нафақат билиб тураман, бундай ғаламисликларини… ич-ичимдан ҳис этиб тураман. Жуда кўплар ҳайрон бўлар эмиш. Бу ёзувчи уйида ишлайди, кўчага чиқмайди, кўча-кўйдаги гапларни қаердан билади, дер эмиш. Худо менга камдан-кам бандаси учун ато этажак қудрат ато этди. Худо мен учун… интуиция, дея аталмиш қудрат ато этди. Бадиий асарларим ана шу… интуиция маҳсули бўлди. Мен уйимда ўтириб… бор дунёни қалбимда ҳис этиб ўтираман. Дунёнинг юрак уришини эшитиб ўтираман. Масалан, кўнглим… қачон ёмғир, қачон қор ёғишини шивирлаб айтиб туради. Мен учун ким душман, ким дўст, кўнглим пичирлаб айтиб туради. Бирор одамни кўрсам, шу одамни дилида менга нисбатан нима гапи бор, миясида нима гапи бор, тилида нима гапи бор – барчасини кўнглим айтиб туради. Масалан, бирор воқеа бўлди дейлик. Шу воқеани оқибати бир-икки йилдан кейин, ҳатто, беш-олти йилдан кейин нима бўлади – барчасини кўнглим айтиб туради. Мен кўнглимни тилимга чиқармайман. Мен тилимга эрк бермайман. Мени кучим тилимда эмас, мени кучим дилимда. Мен фақат бир вазиятдагина кўнглимдагини юзага чиқараман. Мен кўнглимни… бадиий асарларимда кўз-кўз қиламан. Шу боис, мен кўнглимни яхши-ёмон кўзлардан бекитиб юраман – ҳеч кимга қўшилмайман, ҳеч нарсага аралашмайман. Қафасдаги булбулни кўз олдингизга келтиринг. Ана шу булбулга эрк-демократия беринг, мансаб-мартаба беринг, депутатлик мандати беринг, минбар беринг… Бўлди, булбул узоққа боролмайди. Бирор кориҳол бўлиб, ҳалок бўлади. Булбулга қафас ичида-да қийин. Яхши бор, ёмон бор. Биров қафас тешигидан чўп тиқиб ўйнайди. Биров бармоғини тиқиб ўйнайди. Биров булбулни майна қилиб сайрайди. Биров булбулга пуфлаб ўйнайди. Биров булбулга ишшайиб кулади. Бир сўз билан айтсак, булбулга тинчлик бермайди. Булбулни қафас ичида-да, авайламаса бўлмайди. Адиб қалби… ана шу қафасдаги булбулга ўхшайди! Адиб ўз қалбини ўзи қафасга солиб авайлаши керак. Мени қудратим-да интуициям, мени… фожиам-да интуициям.

— Фожиа?

— Шундай, интуициямнинг қудрати – мен ҳеч бир ёзувчи кўра олмовчи ҳаёт нозикликларини кўраман, ҳеч бир ёзувчи эшита олмовчи ҳаёт оҳангларини эшита оламан, ҳеч бир ёзувчини етти ухлаб тушига кирмовчи асарлар ярата оламан. Интуициямни фожиали томони – мен уйда ўтириб… ерни тагида илон қимирласа билиб ўтираман, ҳис этиб, кўнглимда кечириб ўтираман. Ана бу… ёмон, ёмон! Оқибат, руҳий азоб чекаман. Дунё нега бундай, дея асабийлашаман. Одамлар нега бунақа, дея ҳаяжонланаман. Дунёдан бош олиб кетгим келади. Шу боис, мен тоифаларга яшаш қийин, қийин!

— Унда ким яхши яшайди?

— Довдир-совдир одамлар яхши яшайди, телба-тескари одамлар яхши яшайди, эси кирар-чиқар одамлар яхши яшайди, томи кўчиб кетган одамлар яхши яшайди. Боиси, бундай одамларни кўп нарсаларга ақли етмайди, фаҳм-фаросати етмайди. Дунё шунақа экан, дея узун-қисқа бўлиб юраверади.

— “Юлдузлар мангу ёнади” асарингиз Сурхон полвонлари ҳаёти ҳақида. Асардаги бош образлар – Бўри полвон, Насим полвонларнинг прототипи ҳаётда борми?

— Сурхон полвонлари асарни ўқиб, асардан ўзларини топиб эдилар, асарда ўзларини кўриб эдилар. Неча-неча полвонлар мени бағрига босиб: “Яша, ука, мени ёзибсан”, деб эдилар. Дарҳақиқат, асардаги деярли барча полвонларни ҳаётда ўз прототипи бор эди. Ўша полвонлар ҳозир ҳам ҳаёт. Қарилик гаштини суриб ётибди. Асарда ўзим ҳам бор. Ўзим ҳам баҳоли қудрат давраларда курашиб эдим. “Юлдузлар мангу ёнади” асарим 1976 йили “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилиб эди. Асар, йилнинг энг яхши асари, деб тан олиниб эди. Мен ўшанда 25 яшар болакай эдим. У вақтларда кураш, кўпкариларга ёмон кўз билан қаралар эди. Ўшанда Ўзбекистон спорт комитети ҳузурида республика кураш федерацияси ташкил этмоқчи бўлдилар. Аммо, спорт комитет раҳбарлари оғриндилар. Самбо бор, бўлади, дедилар. Ҳатто, йиғилиш ўтказиш учун…мажлислар залини ҳам очиб бермадилар. Кейин, кураш аҳли спорт комитет подвалига тушдилар. Подвалда кичкинагина… буфет бор эди. Ана шу буфет полвонларга лиқ тўлди. Ўзбекистон кураш федерацияси ана шу подвалда, ана шу… буфетда ташкил этилди!

Раҳбарият сайланди, президиум сайланди. Федерация низоми тасдиқланди. Ана шунда профессор Назаров деган бир киши мени жойимдан турғазиб, шундай деди:

“Ўртоқлар, кураш билан кўпкари сўзларини айтиб бўлмайдиган, ҳатто кураш федерацияси ташкил этиш йиғилиши учун мажлислар зали очиб берилмайдиган бир замонда мана шу укамиз ўзбек кураши ҳақида гўзал бир асар яратди. Келинглар, мана шу укамиз учун бир қарсак чалайлик!”

Ҳозиргина туғилган кураш федерацияси аҳли жойидан туриб, мен учун қарсак чалди. Мен федерация аҳлига қуллуқ қилиб ташқари чиқдим. Бир бурчакка ўтириб… ҳўнг-ҳўнг йиғладим.

— Ҳурматли адибимиз Саид Аҳмад бир китобингизга ёзган сўзбошисида: “Тоғай Мурод адабиётга тутаб эмас, ёниб кирди», деб ёзади. Сиз ушбу баҳони қанақа қабул қилдингиз?

— Мен бу гапни Саид Аҳмадона мардлик ва ҳалоллик, деб қабул қилдим. Айрим нопок адиблар асарларимни ўқиб: «Қадам олишингиз ёмон эмас», «Тенгдошларингиздан кам эмассиз», «Анави асарингизни бир ўқиса бўлади» қабилида сассиқ гаплар қилди. Ҳатто: «Адабиётга аралашиб қолибсиз? Оббо, сиз-ей», дегувчи ичи қора адиблар ҳам бўлди. Саид Аҳмад эса: «Тоғай Мурод ўзбек тилини куйлатди, ўзбек тилининг жами жилваларини офтобга солиб кўрсатди”, деб ёзди. Ҳар бир асаримни ҳалоллик билан кўз-кўз этиб улуғлади. Мукофотлар, унвонлар олишимда бош-қош бўлди. Саид Аҳмад ана шу ҳалоллиги, ана шу мардлиги учун, мана, тўқсон ёшни қоралаб бораяпти

— “Отамдан қолган далалар” романингиз тўрт серияли кино бўлди. Романнинг экран кўриниши сизга ёқдими?

— Мен романни экран учун ё театр учун яратмадим. Мен романни ўзбек адабиётини бойитиш учун яратдим. Шу боис, асарларим экран ё театрга қўйилишини жуда ёмон кўраман. Мутлақо қарши бўламан. Аммо… бундан ўн беш йиллар муқаддам ўзбек адабиёти ва санъати… нонкўрлик даврини бошидан кечирди, муттаҳамлик даврини бошидан кечирди. Бетга чопарлик, юзсизлик, сурбетлик даврини бошидан кечирди. Ўзбек адабиёти ва санъати алғов-далғов кунда қолди. Ўзбек маданиятини яратган санъаткорлар бир бурчакка тиқиб ташланди. Ўзбек адабиётини бойитган адиблар бир четга суриб қўйилди. Улкан адабиёт ва санъат намояндалари мисоли… чиқитга чиқариб ташланди. Бу – бир тўда қайта қурувчи ниқоби остидаги гуруҳлар эди. Демократ ниқоби остидаги тўдалар эди. Ватанпарвар ниқоби остидаги ватанфурушлар эди. Ҳақиқатни айтувчи ниқоби остидаги шаллақилар эди, бузуқилар эди. Мен ушбу даврни “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романимда тўлақонли тасвирлаб бердим. Ана шундай бурчакка тиқиб ташланган санъаткорлардан бири – кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов эди. Ўзбек кино санъатида тўртта манаман деган фильм бўлса, ана шунинг учтасини ана шу Шуҳрат Аббосов яратиб эди. Биласиз, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Сен етим эмассан”, “Тошкент – нон шаҳри”. Наҳотки, ана шундай фильмлар яратган санъаткор… чиқитга чиқариб қўйилса? Биз ана шу фильмларни кўриб ўсдик-ку? Бир сўз санъаткори сифатида мени ана шу туйғулар қийнади. Мен Шуҳрат Аббосов билан таниш эмас эдим. Ҳатто, ҳаётда қўл бериб кўришмаган эдим. Аммо мен сўз санъаткори сифатида ўз сўзимни айтишим керак эди. Ўшанда “Отамдан қолган далалар” романимни беш-олтита кинорежиссёр кино қилмоқчи бўлди. Мен ҳаммасига рад жавобини бердим. Кинокомпания бош муҳаррири телефон қилиб, бир режиссёр билан шартнома тузишга таклиф этди. Мен бу режиссёрни-да рад этдим. Кинокомпания раиси яна бир режиссёрни тавсия этиб, шартнома тузишга чақирди. Мен бу режиссёрниям рад этдим. Ана шунда кинокомпания раҳбарлари мен билан шартнома тузмасдан кино қилмоқчи бўлди. Агар романимни мени ихтиёримсиз кино қилсаларинг, судга бериб, жиноий жавобгарликка тортаман, дедим. Сену менга бориб қолдик. Унда, ўз номзодингизни айтинг, дейишди. Мен Шуҳрат Аббосов номзодини айтдим. Ҳаммасининг пешонаси тиришиб кетди. Боиси… айнан ана шу зотлар Шуҳрат Аббосовни бир четга суриб ташлаб эдилар. Мен ўз сўзимда турдим. Эртаси куни кинокомпанияга бориб, шартнома туздим. Ана шунда Шуҳрат Аббосов билан умримда илк бор салом-алик қилдим, қўл бериб кўришдим. Мени мақсадим битта эди — мен бир бурчакка тиқиб қўйилган ўзбек киносининг тирик классиги Шуҳрат Аббосовни киносанъат аренасига қайта олиб чиқиш эди. Шуҳрат Аббосовнинг мавқеини қайта тиклаш эди. Мен ана шу мақсадимга эришдим. Мен ана шундай ишларим учун… ўзимга ўзим қуллуқ қиламан. Э яша, дея кўкрагимга уриб қўяман.

— Ҳозир мактабларда дарсликлар миллийлаштирилмоқда. Жумладан, адабиёт дарси ҳам. Шу ҳақдаги фикрингиз?

— Мактабларда адабиёт дарси ўқитишда суҳбатимиз бошида мен айтган кутубхоначи Хадича опа усулини қўллашларини таклиф этар эдим. Дунёга келмиш ҳар бир бола индивидуал шахсдир. Индивидуал шахс эса албатта бирор нарсага қизиқади, бирор соҳага мойиллик беради. Бола қайси соҳага қизиқади – болани ана шу соҳага йўналтириб юбориш керак. Бола учун ана шу соҳага кенг йўл очиб бериш керак. Ана шунда бола бирор-бир соҳани мукаммал билади, ана шу соҳа бўйича бирор нарса ярата олади. Аммо, мактабларда ҳар бир боладан барча фанлар бўйича “беш” баҳо талаб қиладилар. Тўғри, бола барча фанлар бўйича “беш” олиб ўқийди. Вояга етгач эса, бирор-бир фанни мукаммал билмайди. Бирор соҳа бўйича етук бўлиб етишолмайди. Оқибат, дунёга индивидуал шахс бўлиб келган бола вояга етиб… умумий одам бўлиб қолади, кўп қатори одам бўлиб қолади, эл қатори одам бўлиб қолади. Юқорида айтилган кутубхоначи Хадича опа усулида дарс ё машғулот ташкил этиш керак. Дарс номини бадиий мутолаа, деб аташ керак. Боиси, бадиий китоб бола кўзини очади, бола руҳиятини ўстиради, болалик ҳис-туйғуларини тарбиялайди. Оқибат, бола хаёллар оғушида бўлади, орзулар оғушида бўлади. Бола романтик бўлиб ўсади. Романтизм эса ҳаётга чорлайди, келажакка чорлайди. Романтизм етилиб, реализмга ўсиб ўтади. Қарабсизки, бола тўлақонли, реал шахс бўлиб етилади. Ўғил-қизларимиз маънавий баркамол бўлсин, десангиз – бадиий китоб ўқитинг. Ўғил-қизларимиз қалбан бой бўлсин, десангиз – бадиий китоб ўқитинг.

Ушбу суҳбат “Маърифат” газетасининг 2003 йилнинг 26 апрель сонида қисқартирилган ҳолда босилган.  


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!