Ўткир Ҳошимов: «Китобхон меҳрини ялиниб ҳам, буюриб ҳам, сотиб олиб ҳам бўлмайди» (2010)

… «Илҳом» дегани мавҳум тушунча эмас. Ижодкор қавми учун илҳом ҳал қилувчи омиллардан бири. Аллома шоир ва адиблар бу масалага кўп тўхталишган. Масалан, Тургенев “Илҳом – Худонинг инсонга яқин келиши,” дейди.

Бошқа адиблар қатори менинг ҳам ўз ижодий мезонларим бор: “Худо кўнглига солмагунча ҳақиқий ижодкор қўлига қалам олмайди.” Бу билан ижодий ҳолатни илоҳийлаштирмоқчи эмасман. Бироқ амалда барибир шундай. Аэронавтика ва космонавтикада ғалати қоида бор. Унинг номи “контакт” деб аталади.

Космик кема ёки ҳаво кемасини парвоз қилдириш учун “контакт”, яъни алоқа тугмаси босилади. Агар ўша ондаёқ кема ёки самолёт мотори гуриллаб ишлаб кетмаса, парвоз бекор қилинади. Қизиғи шундаки, “контакт” айнан ўша лаҳзада рўй бериши керак. Бир сония олдин ҳам, бир сония кейин ҳам бўлмаслиги шарт! Асар ёзиш учун ҳам шундай вазият туғилиши лозим. Буни илҳом келиши ёки асарнинг туғилиш они деб аташ тўғри бўлур эди. Ойлаб, гоҳо йиллаб ўйлаб юрганингиз бир лаҳзада қалбингиз ва онгингизни чақмоқ каби ёритиб юборади. Асар ўзидан-ўзи, шиддат билан, ички завқ ва ҳаяжон билан қоғозга тўкилади. Бир йилда уддалай олмаган юмушингиз бир ойга қолмай рўёбга чиқади. Менда бу жараён тез кечади. Масалан, “Баҳор қайтмайди” қиссаси йигирма кунда, “Тушда кечган умрлар” романи бир ойда ёзилган. Бироқ бу бутун бошли роман бир ойда тайёр бўлди, деган гап эмас. Аслида бу – бир неча йил ва яна бир ой демакдир! Яъни асар бир неча йиллар давомида ўйлаб юрилади ва бир ойда қоғозга тушади. Мен бу жараённи “ёзиш” деб аташга қаршиман, буни “туғилиш жараёни” демоқ керак. Чунки ҳақиқий бадиий асар ёзилмайди, тирик фарзанд каби туғилади.

Юқорида айтилган роман тарихидан бир мисол айтишим мумкин.

Шўро замони охирлаб қолган кезлар эди. Бир томонда бемақсад Афғон уруши боряпти. Иккинчи ёқда “ўзбек иши” баҳонасида халқимиз бошида қатағон қиличи ўйнаяпти. Бир куни Афғондан, бир куни мамлакат ичкарисидан аскар йигитларимизнинг темир тобути келиб турибди. Худди даҳшатли туш каби… Бу фожиаларни тасвирлаш учун афғон урушидан мажруҳ бўлиб қайтган ўнлаб йигитлар билан гаплашганман. “Ўзбек иши” деган туҳмат кимга, нима учун керак бўлиб қолганини ҳам ўрганганман. Асар воқеаларининг оқими ҳам, умуман, маълум. Бироқ улар қоғозга тушмаяпти, асар туғилмаяпти…

Шундай кунларнинг бирида бетоб бўлиб касалхонага тушдим. Дўхтирлар кесамиз дейди, мен кўнмайман… Кеч куз оқшоми эди. Маъюс ва файзсиз оқшом… Учинчи қават балконига чиқиб сигарет чекиб турсам, шамол турдию, рўпарадаги чинорми, ёнғоқми дарахтидан битта хазон учиб килиб оёғим остига тушди. Босган эдим, “қисир-қисир” қилиб майдаланиб кетди. Бўлғуси асарнинг биринчи жумласи туғилди. “Куз – ўлим тўшагида ётган беморга ўхшайди. Оёқ остида касалманд хазонлар инграйди…” Бу – “Тушда кечган умрлар” романининг бутун руҳиятини, ундаги одамлар қисматини ифодаловчи жумла, ички мусиқа эди! Икки йил давомида “тутқич бермай юрган” саҳифалар аллақандай бир ой ичида қоғозга тушди…

Яна бир гап. “Ижокор учун айнан шу ҳолатни – чақмоқли лаҳза”ни ушлаб қолиш, яъни “контакт” тугмачасини вақтида босиш катта аҳамиятга эга. Агар сиз “чақмоқ чақиши ва момоқалдироқ бўлишини” кутмасдан ёзсангиз, асар чала туғилган болага ўхшаб қолади. Агар “чақмоқли лаҳзалар”ни ўказиб юборсангиз, ёзишдан ўзингиз совуб қоласиз, бу ҳолда ҳам асар тўлақонли бўлмайди…

… Биринчи бадиий асарим – “Тўрт мактуб” деган ҳикоям 1963 йил 17 апрель куни “Тошкент ҳақиқати” газетасида босилган. Сўнг шу ҳикоя асосидаги “Чўл ҳавоси” қиссаси ўша йили октябрь ойида “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилган. Пахта теримида ҳашар қилиб юрганимизда шу асар ҳақида атоқли адиб Абдулла Қаҳҳордан хат келгани ҳақида воқеалар айрим эсдаликларимда баён этилган. Хуллас, Абдулла Қаҳҳордек алломанинг университет талабасининг биринчи асарига юксак баҳо бериб, “лов этиб аланга билан бошланган ижоднинг келажаги порлоқ бўлади” деб руҳлантириши ёш қаламкаш учун қанчалик қувончли ва айни пайтда елкасига нақадар масъулиятли юк бўлиб тушганини англаш қийин эмас… Шу кунгача нимаики ёзмай, елкам ортидан Қаҳҳор домла тикилиб тургандек, “хўш, мулла, буёғи қандай бўляпти?” деб дашном бераётгандек бўлаверади…

… Яна бир шиорим бор. Бугун ёзиладиган асар кечагидан, эртага ёзиладигани бугунгидан яхшироқ бўлиши шарт. Ижодкор ўзини ўзи такрорлашга ҳаққи йўқ… Қолаверса, ҳали якунига етмаган асар ҳақида гапириш туғилмаган бузоққа арқон эшишга ўхшайди. Худо хоҳласа, яхши ниятлар бор. Ёш ижодкор дўстларимга айтадиган битта гапим бор. Китобхон меҳрини ялиниб ҳам, буюриб ҳам, сотиб олиб ҳам бўлмайди. Худо ўқувчи меҳридан бегона қилмасин. Асар ёзаётганда шунга алоҳида эътибор беринг!

КИТОБХОН БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ

(Учрашувлардаги савол-жавоблар)

* * *

– Ёзувчилик ҳунарининг энг қийин жойи нима?

– Асар қаҳрамонларига «жон ато этиш», яъни уларни тирик инсонларга айлантириш. Шундагина китобдаги одамлар («персонажлар» эмас, айнан одамлар) ўқувчининг яқин кишисига айланади. Китобхон унга қўшилиб ўйлайди, изтироб чекади, севади ёки нафратланади.

* * *

– Кўп асарларингизда аёлларнинг ички олами, руҳияти жуда аниқ тасвирланган. Бунга қандай эришгансиз?

– Чиндан ҳам шундай бўлса-ку, қувонган бўлардим-а! Аёл психологиясини аниқ тасвирлаш у ёқда турсин, чуқурроқ англаб етишнинг ўзи олий математиканинг ўн номаълумли тенгламасини ечишдек гап. Аёл руҳияти кўпинча гўзал ва шаффоф баҳор булутига ўхшайди. Ярим соатдан кейин қаёққа сузишини ўзи ҳам билмайди…

* * *

– Ёзувчи бўлажак асаридаги ҳар бир детални олдиндан тўплаб юрадими ёки ижод жараёнида уларнинг ўзи хаёлга келадими?

– Униси ҳам, буниси ҳам бўлиши мумкин. Бироқ «бўлажак» деталларни ёзиб юрадиган одатим йўқ. Ёзиш жараёнида уларнинг ўзи қандайдир табиий равишда эсга тушади. Устоз Абдулла Қаҳҳор айтганидек, детал ҳусн бўлиши, албатта, қандайдир маъно ташиши, асарга аниқлик киритиб, уни бойитиши шарт. Лекин керакли детални топиш ҳар доим ҳам осон кечавермайди.

Деталнинг ишонарли бўлиши ижодкордан синчковлик ва изланиш талаб қилади. Бу масалада атоқли адиб Саид Аҳмад таниқли танқидчи Умарали Норматов билан суҳбатда ғалати мисол келтирилган.

«Уфқ» трилогиясида тўқайга ўт кетиши манзараси бор. Адиб асарнинг биринчи вариантида бу ҳолатни ўз тасаввурича ёзганини, аммо кўнгли тўлмай Сирдарё бўйидаги бир хўжаликка бориб, бўлим бошлиғининг рухсати билан ўзи тўқайга ўт қўйиб тажриба қилганини эслатади. «Шундагина аввал ёзган бобимдаги ёнғин тасвири нақадар ғариб эканини билдим, – дейди ёзувчи. – Қамиш барглари аввал ёниб, учидаги попугига ўтни узатар экан. Барги ёниб бўлган, танаси ҳали ўт олмаган қамиш учидаги попуги худди шамга ўхшаб ёниб тураркан. Ердаги хашаклар билан қўшилиб қамиш танаси ёнар экан. Сал шамол эсса, ўт ёнбошлаб ерни олов тили билан ялаб, илондек ўрмалаб кетар экан. Қамишлар орасидан учиб чиққан қушлар фарёд уриб, қора тутун орасида чарх уради. Баъзан қуёнми, каламушми, ўтдан қочиб чиқади… Романдаги ёнғин боби шундан кейин бошқатдан ёзилди…»

Детални аниқлаш зарурати менда ҳам бўлган.

Болалигимда Ача хола деган лўли хотин келиб турар, гоҳ синиқ кўзгу, гоҳ аллақандай чизиқлар тортилган саккиз қиррали тош билан фол очар эди. Бу манзарани кўп кўрганман. Бироқ «Дун­ёнинг ишлари» китобида шу манзарани тасвирлаётиб, нарда ўйинидаги «тош»га ўхшаш ўша нарсанинг оти нималигини ҳеч тополмадим (Табиийки, болалигимда буни сўрамаганман, бунинг кераги ҳам бўлмаган). Аммо асарда ўша «тош»нинг нима деб аталишини ёзмаслик мумкин эмас. Асар, айниқса, насрий асар ниҳоятда аниқликни талаб қилади…

Ўйлаб-ўйлаб Чорсу бозорида фолбин лўли хотинлар ўтириши эсимга тушди. Оилам Ўлмасхон икковимиз фолбин излаб бордик. (Бир ўзим «фол очираётганимни» кўрганлар нима деб ўйлайди). Хуллас, бордик. Лўли хотинни топдик. «Фол очирадиган» бўлдим. Лўли энди «нечта дўстиму, қанча душманим» борлигини айтиб дийдиёсини бошлаганда «фол очадиган тоши» бор-йўқлигини сўрадим. Тош бор экан. «Тош билан» фол очдирмоқчилигимни айтдим. Ола хуржунидан худди ўша – болалигимда кўрганимга ўхшаш тош олиб, тағин санай бошлаган эди, тошнинг оти нималигини суриштирдим. «Фалон сўм бермасанг айтмайман» деди. Хуллас, мўлжалдаги пулни олгач, «бу тошне муҳра дейдилар, аков!» деди.

Шундай қилиб, фолбиннинг муҳрасини аниқлагунча анчагина сарсон бўлдим. Бироқ «Дунёнинг ишлари»ни қачондир, қайсидир фолбин ўқиб қолса уялмайман!

Дарвоқе, гап лўлилар тўғрисида бораркан, асарда деталнинг ўрни ҳақида бир мисол келтириш мумкин. «Қатағон» ўтган асрнинг саксонинчи йилларида марказ томонидан юртимиз бошига солинган кулфатлар, «ўзбек иши», «пахта иши» деб номланган зўравонлик ҳақидаги фожиа – трагедия. Спектакл бошида терговчи Мясников ноҳақ қамоққа тиқилган совхоз деректори Жумановнинг уйига келиб, унинг хотини Ҳанифани сиқувга олади. Шу пайт эшикдан лўли хотин кириб келади. Мясниковга эргашиб юрган «маҳаллий ҳуқуқшунос» Бердиев уни ҳайдамоқчи бўлганида Мясников шунчаки эрмак учун гўё «фол очирмоқчи» бўлиб, лўлига кафтини тутади. Лўли унинг қўлини ушлаб, «қўлингдан қон ҳиди келопти, сенинг ниятинг ёмон», дейди. Сўнг Ҳанифага қараб, «сен, келин мулло, нега буларни уйингга киритдинг, буларнинг кўзи хунук, уйингда амал бор!» деб хитоб қилади. Бердиев уни ургудек бўлиб ҳайдаб чиқаради…

Савол туғилади. Фожиавий асарда лўли нима қилиб юрибди? Устига устак лўли хотин кейинчалик спектакл­да бирон марта кўринмайди. Бу образнинг нима кераги бор? Аслида лўли трагедияда ўз вазифасини бажарган. Биринчидан, у Мясниковга “қўлингдан қон ҳиди келопти!” деганда уни фош қилаяпти. Иккинчидан, томошабинни бўлажак фожиалар ҳақида огоҳлантиргандек бўляпти. Ва, ниҳоят, Ҳанифага “уйингда амал бор” дегани ҳам бежиз эмас. Мясников бу хонадоннинг ҳожатхонасига наркотик модда яшириб кетади ва шу баҳонада Ҳанифани ҳам ҳибсга олмоқчи. Бу “сир” фожианинг энг сўнгги пардасида очилади…

Шу тариқа кичик бир детал катта ва ҳал қилувчи хизматни ўташи ҳам мумкин.

* * *

– Ҳамма асарларингиздан ўзингизнинг кўнглингиз тўлганми?

– Бу саволга ҳеч ким “ҳа” деб жавоб беролмаса керак. Албатта, ўзини ҳурмат қилган қаламкаш кўнгли тўлмаган асарни эълон қилишдан тийилади. Бироқ оилада ўнта фарзанд бўлса, ўнови ўн хил бўлганидек, асарлар ҳам ҳар хил бўлиши мумкин. Фарзандларнинг ҳаммаси ота-онага бирдек суюкли бўлгани каби асардаги камчиликлар муаллифга дарров кўрина қолмаслиги ҳам мумкин.

Қизиғи шундаки, бундай саволга беш аср аввал ҳазрат Навоий бобомиз кўп ибратли жавоб қилган эканлар.

“Шеър ҳам чун кишигадур фарзанд,
 
Кўнглига қуту бағрига пайванд,
 
 
 
Чун ўғул айбини ато кўрмас,
 
Кўрса ҳам қилғанин хато кўрмас…”

Навоийдек даҳо шундай деб турганларидан кейин бошқаларни қўяверинг!

* * *

– Асарларингизда ҳар хил тентак-девоналар учраб туради. “Дунёнинг ишлари”да “Шайх”, “Икки эшик ораси” романида Парча… Жиддий асарларга девоналарни киритиш шартми?

– Адабиётда бу янгилик эмас. Навоий ва Шекспирда, Пушкин ва Достоевскийда, Ғафур Ғулом ва Абдулла Қаҳҳорда, Василий Шукшин ва Нодар Думбадзеда бундай образлар бор ва улар шунчаки “эрмак” учун асарга киритилмаган. Аксинча, жиддий вазифани бажаради. Ёрқин мисолни Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романидан олиш мумкин. Биласиз, романда “Қовоқ девонанинг белбоғи” деган боб бор. Атиги уч саҳифа. Қизиғи шундаки, Қовоқ девона деган телба асарда бир марта кўринади, холос. Қодирийдек атоқли адибнинг “Ўткан кунлар”дек жиддий романида девона нима қилиб юрибди? Бунинг устига фақат бир марта кўринадиган одамнинг нима кераги бор? Ҳамма гап шундаки, Қовоқ девона романда жиддий тагмаъно ташувчи вазифасини бажарган. Ёдингизда бўлса, бир нотаниш одам девонани кўчада тўхтатиб, гапга солади. Яқинда ким ўғлини уйлантирганини суриштиради. Девона билан “Қоратегиндан келган” “кўз оғриғи” орасида бўлиб ўтган телба-тескари суҳбатдан маълум бўладики, Юсуфбек ҳожи Отабекни уйлантирган. “Кўз оғриғи” – Ҳомид.

Ёзувчи унинг исмини айтмайди. Бироқ китобхон Қовоқ девонанинг “юзингга қачон чечак чиқди” деган саволидан бу кимса Ҳомид эканини англайди. Ҳомиднинг нияти Отабек уйланганини аниқ билиб олгач, фитна қилиб, унинг номидан Кумушга “талоқ хати” ёзиш. Китобхон буни кейинчалик билиб олади.

Шу ўринда адиб чинакам ёзувчилик ихтироси деб аташ мумкин бўлган бошқа бир “юк”ни ҳам мана шу “шапалоқдек” бобга жойлаган. Гап шундаки, “Ўткан кунлар”да Марғилондаги тўй, “қизлар базми”, никоҳ ўқиш гўзал ва батафсил тасвирланган. Отабекнинг Тошкентда Зайнабга уйланиш тўйи манзараси эса умуман йўқ! Албатта, Тошкентдаги тўй Марғилондагидан фарқ қилиши аниқ ва истеъдоди ўртароқ ёзувчи бу тўйни ҳам тасвирлаши мумкин эди. Қодирий ундай қилмайди. Фақат Ҳомид билан девонанинг телбаваш суҳбати поёнида битта жумла бор. Қовоқ девона Ҳомидга бундай дейди:

– “Тўй ўтганда келибсан, тентак! Менга-чи бир тоғора ош тегди!”

Мана шу жумла тагида фақат улуғ адиб айтиши мумкин бўлган теран маъно ётибди. Тошкентда бўлган тўйнинг Отабек учун қилча ҳам нурли нуқтаси йўқ. Бу тўйнинг бутун қувончи бир девонанинг бир тоғора ош ейиши билан ўлчанади! Мана, нима демоқчи адиб!

Шу тариқа жиддий асарлардаги довдир-тентаклар бошқа “эс-ҳуши жойида” одамлар кўтара олмайдиган юкни ташиши мумкин.

Сиз айтган мисолга келсак. “Дунёнинг ишлари”даги Шайх ҳам телба. Умрида бирон марта йиғламаган. Фақат кулади. Аммо Она вафот этганида кўксини ёқавайрон қилиб дод солади ва унинг фарёди ҳамманикидан табиийроқ, самимийроқ эканини ҳамма билади. Чунки каттаю кичик барча масхара қилиб келган, ҳар томондан камситилган бу бандани фақат Она одам ҳисоблаган ва унга меҳр берган. “Икки эшик ораси”даги Парча эса ўзи билмаган ҳолда доим рост гапни айтиб қўяди. Хотинлар пиёз ўтоқ қилаётганда Парча Раънога қараб туриб “Вой, анаву Раънохонни очилиб кетганини қарайла, эри уришда юрган хотингаям ўхшамайди!” деб хитоб қилади. Бир ёқда Раънохоннинг, иккинчи ёқда Умар закунчининг ичидан қиринди ўтиб кетади. Негаки, икковининг “дон олишиб юришини” Парча ўзи билмаган ҳолда фош қилиб қўяяпти. Қолаверса, Умар закунчи бошқа ҳеч ким эмас, айнан шу “жинни” туфайли биринчи марта жазоланиб, “тиллахонага” қулаб кетади ва нажасга “чўмилади!” Асарда Парча адо этган тағин анча “юмушлар” ҳам бор…

Хуллас, бир қарашда “иккинчи даражали”дек кўри­надиган довдир-телбалар, ўғри-кисавурлар, лўли ва тиланчилар асарга бежиз киритилмайди.

* * *

– Асарларда афсоналар, ривоят ва мифлардан фойдаланиш кенг қўлланилмоқда. Бу ҳолат сизнинг китобхонларингизда ҳам учрайди. «Баҳор қайтмайди»да Қонқус ҳақидаги афсона, «Дунёнинг ишлари»да Ҳаққуш ва Офтоб ҳақидаги ривоятлар, «Тушда кечган умрлар»да Қурбоной холанинг эртак­лари… Жиддий реалистик асарда ҳар хил афсоналарни ишлатиш шартми?

– Аввало шуни айтиш керакки, афсона ва ривоятлар, эртак ва мифлар жаҳон адабиётининг бешиги саналади. Инсон ёзувни кашф қилмасидан минг йиллар аввал пайдо бўлган эртак ва афсоналар авлоддан авлодга ўтиб келган. Арабларда “Минг бир кеча” туркуми, ҳинд эпослари, ўзбек халқ достонлари бебаҳо хазинадир. Бундай бойлик ҳамма халқда ҳам бор. Қолаверса, ёзма адабиётнинг энг гўзал намуналари ҳам кўпинча шу жанр асосига қурилган. Шарқда Алишер Навоий, Ғарбда Шекспир каби алломаларнинг асарлари…

Қадимий юнон шоири Гомерни биласиз. У эрамиздан олдинги саккизинчи асрда, яъни бундан 2800 йил аввал яшаган. Машҳур “Илиада” ва “Одиссея” достонларига эса ўзидан тўрт аср бурун рўй берган Троя урушини асос қилиб олган. Демак, достон тарихи бундан 3200 йил нарига бориб тақалади.

Эрамизнинг ўн тўққизинчи асрида қизиқ воқеа рўй беради.

Немис олими Генрих Шлиман Америка Аляскасида “олтин васвасаси” авжига чиққан пайтда ўша ерга бориб банк очади ва бир неча тилни билган тадбиркор одам бўлгани учун ишлари юришиб кетади. Шлиман “Илиада”да тасвирлаган Троя хазинасини топишга аҳд қилади. У Грециядаги дўстига хат ёзиб, юнон қизга уйланиш нияти борлигини баён қилади ва ўз шартларини қўяди. Бўлажак келин бир қанча тилни эгаллаган бўлиши, “Илиада” ва “Одиссея” достонларини ёддан билиши шарт. Қизнинг қандай оиладан бўлишининг аҳмияти йўқ! Агар шу шартларга жавоб берадиган келин топилса, эр-хотинни катта бойлик ва шон-шуҳрат кутади…

Шлимандек тадбиркор одам кўзи ожиз Гомер неча замон аввал “тўқиган” афсонага нега ишонгани қоронғи. Бироқ унинг барча шартларига жавоб берадиган қиз топилади. Шлиман ёш хотини билан Троя уруши тасвирланган жойларни излашга тушади. Ҳайратланарлиси шуки, у 1870 йили, тўрт йил давом этган археологик қазилмалардан сўнг айнан ўша достонда ёзилган Микена шаҳри харобаларидан Троянинг битмас-туганмас олтин-жавоҳирлар хазинасини топади. 1900 йилда эса инглиз олими Артур Эванс Крит оролидан тағин ўша достонда тасвирланган бошқа хазинани ҳам топишга муваффақ бўлади.

Бундан чиқадиган хулоса шуки, ҳар қандай афсона тагида ҳақиқат бўлиши мумкин. Инсон тафаккурига сиғдира олган фантазия эртами-кечми ҳақиқатга айланиши бор гап. Бунга қадимий мифларда тасвирланган “ойнаи жаҳон”лар, “учар гиламлар”, тилсимни айтмагунча очилмайдиган “сирли сандиқ” – комьпютерлар мисол бўла олади. Қолаверса, эртак ва афсоналар, ҳикоят ва ривоятлар эзгуликка давъат этади. Шу маънода улардан фойдаланиш керак. Ҳамма гап қай даражада ўринли фойдаланиш ва қандай маъно юклашда. Замонавий адабиётда бунинг ёрқин мисолини Чингиз Айтматов ижодида кўриш мумкин. Манқурт ҳақидаги афсонада нақадар теран маъно бор! Ёки “Оқ кема” қиссасидаги Она буғуни олинг! Она буғу шунчаки буғу эмас, бутун бир халқни, миллатни қирилиб кетиш хавфидан асраб қолган халоскор тимсоли.

Атоқли адиб бу тимсол орқали ўзини ўраган табиатга қўл кўтариш ўз онасини бўғизлашдек гуноҳ, демоқчи. Инсонга хос бўлган бешафқатлик, очкўзлик, қалби сўқирлик қандай даҳшатли оқибатга олиб келиши мумкинлигини айтиб, китобхонни огоҳлантирмоқчи.

Бизнинг адабиёт вакиллари – талай шоир ва адиб­лар ҳам афсона ва мифлардан ўринли ва унумли фойдаланмоқдалар. Сиз айтган мисолга келсак, Қурбоной холанинг афсоналари шунчаки яхшиликка ундовчи насиҳат эмас. Уларда асардаги бир-бирига қарама-қарши турувчи икки қутб – Комиссар ва Қурбоной дунёсини очишга ҳаракат қилинган. Комиссар назарида Қурбонойнинг чивинчалик ҳам, чувалчангчалик ҳам қиммати йўқ. У ўзини бунақа “ярим одамлар” устидан ҳукмронлик қилувчи қудратли шахс санайди. Йиллар давомида шундай бўлган ҳам. Қурбоной бир қарашда чиндан ҳам “ҳеч ким эмас”. Чаласавод оддий фаррош. Аммо маънавий бойлиги билан, иймон-эътиқоди билан Комиссардан ўн поғона баланд туради. Комиссар ҳар кимдан иллат қидирса, Қурбоной ҳаммадан фазилат излайди. Комиссар оддий манқурт эмас, “ақлли”, ўқимишли жоҳил. Шуниси билан айниқса хатарли. Бир сафар у Қурбонойга “ҳар куни намоз устида мени қарғасанг керак?” деганида Қурбоной “сизнинг нимангизни қарғайман, Худо ҳаммасини кўриб-билиб турибди-ку” деб жавоб беради. Бир қарашда бу мутеълик бўлиб кўриниши мумкин. Аммо бу ўринда бошқа маъно ҳам бор. Қурбоной Комиссарнинг Худо урган банда эканини яхши билади. Чиндан ҳам шундай. Комиссар мустабид тузумнинг фармонбардори ва айни шу тузумнинг қурбони. Фариштадек беозор хотини бир зумда вафот этади. Янги “замонавий” хотини кўз ўнгида унга хиёнат қилади, бир ўғли чет элга қочиб кетади, бир ўғли ундан юз ўгиради… Бир вақтлар ҳаммани титратган кимса энди ўзи яккамохов бўлиб қолган, кулбасида кечалари қўрқувдан додлаб уйғонишга маҳкум…

Хуллас, барча тасвир воситалари қатори афсона, ривоят, эртак ва мифлар асарнинг бош мақсадига, ундаги одамлар қисматини очишга хизмат қилса, улардан фойдаланиш керак…

“Ёшлик” журнали, 2010 йил, 3 (232)-сон.