Тасаввурнинг синиқ кўзгуси (шоир Фахриёр билан фольклоршунос олим Жаббор Эшонқул гурунги)

Шеър билан “дастурлаш”…

– Бир бастакор, ҳар бир товуш аслида мусиқа, фақат унинг мусиқа эканини эшитиш қобилияти борлар ҳис қилади, деган эди. Агар шу фикрни шеър томон бурсак, атрофимизни ўраб турган барча нарса – аслида шеър. Чунки шеър – мусиқанинг сўзга кўчган шакли. Фақат бизни шеър ўраб турганини, бизни қуршаб турган оламнинг ўзи шеър эканини ҳамма ҳам кўравермайди, ҳис қилавермайди. Шундай эмасми? Шунинг учун “Шеър ўзи нима?” деб сўрашга одам ийманади. Лекин масала шундаки, шеърнинг нималигини ҳам биламиз, ҳам билмаймиз. “Биламиз” деганимиз умумий таърифлардан ва ёдимизда турган учта-тўрт шеърдан туғилган тасаввур, холос. Аслида шеърнинг нималигини худди адабиёт, мусиқа каби ҳамиша ҳам теран ҳис қилавермаймиз… Шунинг учун мен барибир шу саволни бераман: шеър сиз учун нима?

 – Қадим замонларда инсон ҳар доим ўзини табиат кучлари, қонунлари олдида ожиз санаган, уларнинг моҳиятини англаб етмаган. Шу сабабли унга журъати, сабри, қаноати ва ана борингки, қўрқув ёки ваҳимага жавобан туғилган ҳисларини ифода қилиш орқали жавоб қайтаришга одатлана борган.

Эътибор қилинса, у ўта таранг вазиятларда – хоҳ қувонч бўлсин, хоҳ қайғу бўлсин – юрагида гупириб турган ҳиссиётлари ифодаси бўлмиш тўқимадан – шеърдан – айтимдан фойдаланади.

Қувонса ҳам шеър айтади, йиғласа ҳам. Тинчлантириш, ухлатишга мўлжалланган аллада ҳам энди туғилган болага Яратгандан ўзи яхши деб тасаввур қиладиган тақдирни сўраб бериш истаги мужассам. Она эртага фарзанди қандай инсон бўлишини билмайди – яна мавҳумликка рўпара бўлади. Шунинг учун номаълум келажакни Яратганнинг иродаси билан “дастурлаш”га интилади, яъни хаотик кўринаётган келажакни тартибли, ўзига маъқул келадиган тарзда кўришни истайди.

Ҳар қандай яхши ният ана шу номаълумликни мақсадга эришиш йўлида ўз истаги йўлига солишдан иборат.

Шеър ҳам инсон истакларининг ифодаси сифатида ана шу “дастурлаш”га хизмат қилади. Ҳақиқий илҳом билан ёзилган шеърлар кўзгу мисоли келажакни ҳам туманли, ғира-шира, ташбиҳлар воситасида акс эттиради, аммо буни фақат инсоннинг ички дунёси инъикоси деб қарашга одатланган киши пайқаши қийин. Пайқаганлар ҳам баъзан уни, шоир ўз тақдирини башорат қилди, қабилида тор тушунади ва шеърга ижтимоий ҳодиса сифатида қарашга ё ботинмайди, ё буни англаб етмайди.

Гапим қуруқ бўлмаслиги учун 60-70-80-йиллар шеъриятидаги бир тамойилни мисол келтирмоқчиман. Эсингизда бўлса, Эркин Воҳид, Абдулла Ориф, Рауф Парфи каби шоирлар ижодидаги жамиятда устувор метанаррациялар: ура-урачилик, мафкураю сохта доҳийларга мақтовбозликдан қочиш – буни танқидчилик инсоннинг ички дунёсини кашф қилиш сари бурилиш деб атаб келади – тоталитар тузумга норозилик сифатида ифодаланган эди. Албатта цензура бунга йўл бермасликка интилар, лекин адабиёт, жумладан, шеърият ташбиҳу бошқа топилмалар орқали унинг тақиқини айланиб ўтиш йўлларини устакорлик билан топаётган эди.

Кейинчалик айни норозилик шаклий изланишларда ҳам ифодасини топди ва янгича йўналишга бурилди. Аслида ўша 70-80-йиллардаги шакл “бузилиши” жамият сўнгги ўттиз йил давомида дуч келаётган муаммоларнинг башорати эди десак, адашмаган бўламиз. Шунинг учун шеърга фақат шахсий ёки адабий ҳодиса сифатида қараш унчалик тўғри эмас.

Жамиятда ҳукм сураётган тотал ёлғонга жавоб, ҳаттоки мухолиф фикр тарзида вужудга келган норозилик шеърияти ундан воз кечишни истаётган эди. Шунинг учун шаклий ўзгаришларни фақат кимгадир эргашиш деб қараш мутлақо нотўғри. Шеър шаклининг эркинлашуви жамият парокандаликка юз тутаётгани, янаям тўғрироғи, хақлнинг кўнглига шеър орқали юққан тузумдан норозилик ҳисси тобора моддийлашиб, чак-чак томиб, мафкура тошини тешаётгани инъикоси эди. Балки бармоқ вазнидан шу сабабли қочилгандир. Чунки тартибсизликни, парокандаликни туроғи, қофияси, бўғинлари “тартибли” вазнда ифода қилиб бўлмаслигини интуитив тарзда ҳис қилган шоирлар сарбастга қўл урганмикан, деган бир иштибоҳ кечади одамнинг хаёлидан.

Майли, бир лаҳза бармоқда ифода қилишнинг имкони ҳам бор эди, деб ўйлайлик. Унда нега сарбаст айнан шўролар ҳокимияти фаторат топиши арафасида урфга айланди?

Хуллас, саволлар кўп. Бунга мавриди келиб, адабиётшунослик жавоб берар.

“Шеър нималигини биламан деб китоб титиб юргунча, унинг ўзини ўқиб қўя қолсанг бўлмайдими?!” деган экан бир адабиётшуносимиз шогирдига. Домла аслида тўғри айтган. Бошини, шеър нима экан, деб қотириб нима қилади? Ундан кўра, шеърни ўқисин, кейин таҳлил қилсин, айрим жузъий нуқсонларини аниқлаб, умуммаънода истеъдод намунаси десин… Бизда минглаб ўзига хос қиёфага, ўзига хос шаклга, ўзига хос маънога эга шеърлар бир хил таҳлил қилиниб, бир хил баҳо берилган. Бу сизнинг шеърларингизга ҳам тааллуқли. Элликдан ҳам ошдингиз. Шеърларингиз билан ўзбек шеъриятига ўзига хос йўналиш, ўзига хос ифода усулини олиб кирдингиз. Лекин, назаримда, ҳамон Фахриёр деган шоирнинг адабиётдаги ўрнини баҳолаш масаласи очиқ қолмоқда. Ҳеч ким сиз шеъриятга олиб кирган шаклни ҳам, ифода тилини ҳам, оҳангни ҳам, шеърларингиздаги технократик мажозларни ҳам етарли таҳлил қила олгани йўқ. Демак, шоир Фахриёр ижодий эътироф нуқтаи назаридан ёш шоирлар билан бир қаторда. Бу сизни хафа қилмайдими? Сабаби нимада деб ўйлайсиз? Ҳар қандай ўқувчи учун, матбуотда бот-бот такрорлаётганидек, бу саволларга постмодерн услубида ижод қилаётган шоирнинг ўз жавоби қизиқарли туюлади. 

– Замонавий шеъриятни – модерн ёки постмодерн ифода йўсинини заминидан узилиб қолган ёки ойдан тушган шаклбозлик эмас, бугунги шеърни янгилаш эҳтиёжи деб қараш лозим. Албатта, бармоқ вазни ҳали имкониятларини тўлиқ намоён қилиб бўлгани йўқ, шунинг учун верлибр ёки постмодерн шеърга эҳтиёж борми, деган савол туғилиши табиий.

Жавобим шуки, адабиёт ҳар доим тилнинг, адабий жанрларнинг ички имкониятлари баробарида ташқи – ўзга адабиётлар орттирган тажриба билан ўзаро чоғиштириб, синтез қилиш орқали ривожланади, унинг сарҳадларини кенгайтириб боради.

Бугунги миллий адабиётимиздаги изланишлар, истайсизми, йўқми, ўз заминига таянади, четдан таъсирланиш орқали адабий тафаккур имкониятларини кенгайтиришга интилади, унинг чегараларини мавҳумлик, мутлақо янгича кодлашлар – рамзлар сари суриб боради. Янги асарлар яратилишига майдон ҳозирлайди.

Бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ.

Бироқ янгича изланишлар, ҳар қанча оригинал ташбиҳлар билан безалмасин, ҳали ўзининг аниқ шаклу шамойилини, ритмини, сўзни исроф қилмаслик меъёрларини, чегараларини – поэтикасини қатъий белгилаб олгани йўқ. Бу борада ҳар бир ижодкорнинг тайёргарлиги, истеъдод миқёси билан боғлиқ изланишлар тажриба тариқасида давом этмоқда.

Сел оқиб ўтиб, ўзан ҳосил бўлгандан сўнг ундан оқаётган сув тиниқлашиши учун муайян вақт керак бўлади. Буни тезлаштириш учун илғор, ҳозирги шеърий тажрибаларни яхши тушунадиган, уларни таснифлаб, сарасини сарага, пучагини пучакка ажрата оладиган адабий танқид ҳам керак.

Борми ўша танқид? Умуман, бизда модерн, постмодерн шеърий тажрибалар алоҳида тадқиқ қилиниб, уларда мавжуд қонуниятларни очишга ҳаракат қилинган бирорта тадқиқотни айта оласизми?

Тўғри, уринишлар бор, таҳлилга ҳаракатлар бор, лекин тўлақонли тадқиқотни кўрмаяпман.

Шеърни ўқиш ҳам, мағзини чақиш ҳам, керак бўлса, таҳлил ҳам қилиб кўриш керак. Шунда ижодкор уни санъат даражасига кўтаргани ёки кўтара олмагани маълум бўлади. Бунинг учун жаҳон тажрибасини ҳам ўрганган ҳолда бугунги янги шеъриятнинг ўзига яраша қонуниятларини белгилаб олиш зарур.

Саволингизнинг иккинчи қисмига келсак, мен ҳам қаламдошлар қатори қўлимдан келган ва қилишим керак, деб ҳисоблаган ишни қиляпман. Уни биров эътироф қилиши-қилмаслиги – юзинчи, ҳатто ундан кейинги масала…

Жаҳон адабиётидаги шеърий тамойилларни имкон қадар кузатиб боряпман, ёзаётганларимни ўшалар билан солиштириб кўриб, қилаётган меҳнатим беҳуда кетмаётганини кўряпман.

Ҳозир эсимда йўқ, кимдир “руҳ эҳтиёжи” деган иборани қўллаган эди. Модомики шундай экан, замонавий шеъриятни тушунмаётганимизни биз замонавий руҳиятни, руҳнинг бугунги мақомини, бугунги тилини тушунмаяпмиз дегани эмасми? Нима, биз шеърни тушунмайдиган ёки қабул қилолмайдиган даражада руҳиятдан узоқлашиб боряпмизми? Чинакам шеъриятни эмас, юзаки, қофиябозлик ва турли чақириқ, даъват, насиҳатгўйликни бугунги авлодга шеър деб тортиқ қилаётганимиз ёки рағбатлантираётганимиз шеърни тушунишдан узоқлашиб кетганимизни билдирмайдими? Мабодо чинакам, асл шеърни тушунмаётган ва қабул қилолмаётган, асл нарса билан сохтасини бир-биридан ажрата олмаётган эканмиз, дидимиз ёлғон ёки сохта экан-да… Есенин ўксиниб ёзгани эсингиздами: “Демьян Беднийлар тенги эмасман”. Беднийни адабиёт унутди, Есенин эса ёшариб боряпти… Бу оддий мисол оммавий дидимизга, шеърга муносабатимизга сабоқ бўлмасмикин?  

– Гапингизга қўшиламан.

Яқинда Фаридиддин Атторнинг  “Авлиёлар тазкираси”ни ўқиб тугатдим. Унда Ҳабиб Ажамий ҳақидаги ривоятлардан бирида Ҳасан Басрий Қуръон ўқишда унчалик саводи яхши бўлмаган Ҳабиб Ажамий билан намоз ўқиётганда, бир ҳарфни бошқаси билан чалкаштириб юборади. Шунда Ҳасан Басрий, бунинг орқасида намоз ўқиш раво эмас, қироатни тўғри ўқиб билмади, деб намозини бузади ва бошқа жойга ўтиб, алоҳида давом эттиради.

Ўша кечаси унинг тушига Аллоҳ таоло кириб, “менинг ризомни топган эдинг, бунинг қадрига етмадинг… У намозни Ҳабибнинг ортидан ўқисанг эдинг, менинг барча ўқиган намозларингдан ортиқ эди. У намоз барча намозларнинг аълоси эди. Топган эдинг, аммо сен у намозниким, унинг намозидан чиқиб, ўзинг танҳо ўқидинг, раво эмас. Мени уни қабул қилмайман! Агарчи сенинг тилинг тўғри эди ва унинг кўнгли тўғри эди. Менинг ризоим унинг кўнглида эди, сен ундан қолдинг!” дейди (таржима услуби ва тиниш белгилари сақланди – Фахриёр).

Кўнгилдаги энг нозик, инжа ва рост кечинмаларнинг ифодаси бўладиган шеърга ғараз, тамаъ ёки ёлғон аралашса, ўлади. Албатта, уни шу ҳолича ҳам байроқ қилиб кўтаришлари мумкин. Аммо юракдан чиқмаган шеърми, достонми, прозами – барибир юракка етиб бормайди, ўқувчини ишонтирмайди. Яъни у руҳсиз бўлади.

Бир пайтлар рус файласуфи Василий Розанов маросим амалларини номига адо этувчи, ҳеч бир ҳиссиёти бўлмаган кишиларни фоҳишага тенглаштирган эди.

Бу ижодга ҳам тегишли.

Биз кўпинча шаклга, юзаки нарсаларга ёпишиб олиб, моҳиятни эътибордан қочирамиз. Муҳаррирнинг ёки юқорироқ идорада ўтирган адабиёт ёки санъат кураторининг, нега Ватан ҳақида шеър ёзмайсизлар, деган дашномини эшитишга ўрганиб қолганмиз. Э, биродар, Навоий ҳазратлари нега Ватан ҳақида Бойқаро ёки бошқа бир сарой аъёнининг топшириғи билан шеър ёзмаган, деб эътироз билдира олмаймиз. Чунки ҳақиқий санъат асари буюртма ёки давлат гранти  билан эмас, ижодкорнинг руҳий эҳтиёжидан келиб чиқиб ёзилади ва ҳар доим уни ўраб турган муҳит таъсирида пайдо бўлади, бинобарин, у ҳеч қачон, ҳатто бошқа сайёралар ҳақида ёзганда ҳам, ўзга адабиётлар таъсирида экспериментлар қилганда ҳам  муҳит – Ватандан узоқлаб кетмайди. Фақат муносабати ўзига хос, бошқаларникига ўхшамагани учун ундан ётсираш керак эмас.

Ўша китобда Бағдод уламолари Мансур Ҳалложни “Ана-л-Ҳақ” (“Мен Худоман”) дегани учун ўлдиришга фатво ёзади ва Жунайд Бағдодийга ҳам, ёз, деб буюрадилар. Шунда Жунайд сўфий тўнини ечиб, мадрасага бориб, уламо тўнини кияди ва “Биз унинг зоҳирига ҳукм қиламиз, ботинини Ҳақ билади”, дейди.

Шунинг учун фақат зоҳирга қараб иш кўриш, ёлғон урчиб кетишига сабаб бўлади, жамиятни парокандалик сари етаклайди.

“Имло луғати” синдроми

 – Ортега-и-Гассет, адабиёт хос кишиларнинг юмуши ва завқига айланади, деб одамга тушкун хулоса беради. Юқорида биз шеърни тушунмаётгани учун айбни ўқувчи ёки адабий танқиднинг дидига юкладик. Лекин бошқа томондан, дўппини олиб, ўйлаб қаралса, бугунги кунда янгича, постмодернча ёзаман деб, ўзи ҳам тушунмайдиган нарсаларни қоралаётганлар ҳам кўпайганини тан олиш керак. Атайин ребуснамо шеърлар ёзиш, кейин, менинг шеърларим мураккаб бўлгани учун бошқалар тушунмаяпти, деб ўзининг дунё адабиёти шоҳсупасидагилар билан ёнма-ён қўйиш ҳоллари ҳам бор гап. Бу ҳолат ҳам ўқувчини шеърдан узоқлаштирмаяптимикин? Умуман, адабиётни атайин ребусга айлантиришга қандай қарайсиз? Ребус асарлар туғиладими ёки тўқиладими? Асл шеър туғилишини инобатга олсак, унда ребус шеърлар асл эмас экан-да…  

– Бугунги кунда ҳақиқий шеър ўқувчиси шоирларнинг сонидан ҳам кам экани бор гап ва Ортега-и-Гассет домланинг гапига қўшилишдан ўзга иложимиз йўқ. Буни кимдир “Санъат санъат учун”, бошқа биров эстетизм, яна нимадир деб атайди. Лекин бундан моҳият ўзгармайди.

Сиз айтаётган фақат мураккаб, бировлар тушунмаслиги учун шеър ёзишга интилиш ва бу билан мақтаниб юриш дуруст иш эмас. Чунки шеър ёзиш дарди бўлмаган, фақат ўзини кўрсатиш учун эрмак эмас. Бекорга боболаримиз нафақат шоир, ҳатто шеърхон олдига ҳам, “Дилда дардинг бўлмаса, сардафтаримни ковлама”, деган талабни қўймаган. Дарди йўқ шоир ҳам, шеърхон ҳам ундан узоқ юргани маъқул. Ана, эрмак керак бўлса, кино кўрсин, олди-қочди нарсалар ўқисин.

Энди “ребуснамо шеър” деган иборага келсак, модерн йўналишдаги машқлар камчиликларини ҳам истисно этмаган ҳолда, айрим танқидчиларнинг янгича шеър нима эканини тушунмаганини хаспўшлаш учун ўйлаб топган баҳонаси эканини ҳам айтиш жоиз деб ҳисоблайман.

Оммавийлик билан хосликнинг фарқи қаерда деган савол ҳам долзарб бўлиб турибди. Модомики, замонавий адабиётдаги кодларни ўқий олмаётган эканмиз, демак, ўзимизни ҳам англаш даражамиз ҳам пасайяпти ёки умуман ўзимиздан, ўзлигимиздан узоқлашиб, бошқа томонга қараб кетяпмиз.  

– Бир пародоксал ҳолатни кузатаман: ҳамма шеър ҳақиқий санъат намунаси бўлишини истайди ва шуни шоирдан талаб ҳам қилади. Бу – яхши. Аммо санъат асари бўлгандан кейин уни тушуниш учун дид баробарида озроқ савия билан билим ҳам керак эмасми? Нима учун шоир ёки ёзувчи ҳамма нарсани чайнаб ўқувчининг оғзига солиши керак? Ўзи талаб қилаётган санъат асари унга чиндан ҳам керак бўлса, ўшани тушуниш учун у ҳам меҳнат қилсин, жонини койитсин.

Сиз айтаётган хослик оммалашмаслиги мумкин, бироқ бу билан унинг аҳамияти пасайиб қолмайди.

Такрор бўлса ҳам айтаман: ўқувчини ўша хосликни англай, кодларни ўқий олиш йўлида тарбиялаш лозим.

– Нега кеча стадионларга тошиб чиққан шеърият бугун, кичик давралардан, китобларнинг 500-1000 та ададидан, ижтимоий тармоқлардан нарига ўта олмаяпти? Умуман олганда, адабиётнинг вазифасини нимада деб биласиз?  

– Тўғри, бугун 60-70-йилларда ўта оммалашиб кетган шеъриятнинг мухлиси кам. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор.

Биринчидан, ўша вақтлар, боя айтиб ўтганимдай, шеър мухолиф фикр ёки қарашлар вазифасини ўтаган, публицистик руҳ устувор, мавжуд ижтимоий норозилик ташбиҳ ёки қочиримлар билан айтилаётган эди, қолаверса, мафкура ёлғонларидан чарчаган халқнинг шунга эҳтиёжи бор эди.

Иккинчидан, ҳозирги кунда ахборот олишнинг ҳам, эрмакнинг ҳам мингта йўли бор. Шунга мослашган оммавий маданият (тутуруқсиз қўшиқлардир, енгли-елпи фильмлардир, олди-қочди адабиётдир)   қайсидир маънода ҳақиқий санъат турлари, жумладан, адабиётни чеккага суриб қўйгани ҳам, афсуски, бор гап.  Ўқувчи эса, ниманидир ўқияпман-ку, деб ўзини овутади. Шу билан маънавий эҳтиёжини қондиргандай бўлади.

Аслида бу – хато тушунча.

Нейробиолог Жереми Беннеттнинг айтишича, инсон мияси объектив воқелик билан тасаввурнинг фарқига бормайди. Инсон ҳамиша ўзи истаган нарсани кўради, масалан, бирорта автомашина сотиб олсангиз, беихтиёр шаҳар кўчаларида кўпроқ ўша русумдаги автомобилларга эътибор бера бошлайсиз.

Кўряпмизки, одам изланмаса, миясини ишлатиб, бирор мақсад сари интилмаса, бори билан овора бўлиб қолаверади. Эрмак воситалари мингта бўлиши мумкин, аммо ҳеч нарса одамни китобчалик, ўқиганда ҳам фойдали китоб ўқиганчалик юксалтирмайди. Бунинг учун эса озроқ меҳнат қилиш, тиришқоқлик даркор. Бундан ташқари, янги услубдаги шеърлару прозани тарғиб қилишнинг, яъни дон билан сомонни бир-биридан ажратиб берадиган аниқ механизми бўлиши шарт.

Биз адабиётнинг фундаментал вазифасини одоб ёки инсоннинг ички дунёсини  кашф қилиш билангина чегараламоқчи бўламиз. Ваҳоланки, унинг талқинидаги образлар, ташбиҳлар ҳар қандай ўқувчи учун фикр, ҳатто кашфиётларга етакловчи ғоялар генератори, фантазия ва илҳом манбаи сифатидаги амалий аҳамиятига кўп ҳам эътибор қаратмаймиз. Бугунги кунда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган телевизор бир замонлар классик адабиётда “ойнаи жаҳон”, яъни ғоя сифатида мавжуд эди. Ёки фольклордаги учар гиламларни эсланг.

Бундан ташқари, ёзувчилар банк карталари (Эдвард Беллами) ва инсон тана узвларини кўчириб ўтказиш (Станислав Лем), сувости кемаси ва Ернинг тортиши кучини енгиб ўтиш (Жюль Верн), лазер, эскалаторлар, электр станциялари (Герберт Уэлс), ернинг сунъий йўлдоши (Артур Кларк), бармоқ изи билан очиладиган эшик қулфи (Рэй Бредбери), интернет (Марк Твен) пайдо бўлишини башорат қилган, ўша соҳаларда изланаётган олимларга туртки берган эди.

Янги услубдаги шеърлар ёки проза хусусида шуни айтиш лозимки, айрим маданиятшунослар Ғарб жамиятининг ҳозирги тараққиётида модерн адабиёт муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилганини эътироф этмоқда. Шунинг учун янгиликдан ётсирамай, уни яхшилаб тадқиқ қилиш, камчиликларини ҳам кўрсатиб бериш зиён қилмайди.

Бунга, бир томондан, адабий танқид бугунги изланишларнинг туб моҳиятини, улар нима заруратдан пайдо бўлганию миллий адабиётдаги ўрни қанақа эканини очиб бера олмаётгани сабаб бўлса, иккинчи тарафдан, сиз қатори шоирлар ҳам айбдор эмасми? Шу кунгача айрим акаларимизнинг давраларда, мен модернистман, шеърларимни ҳеч ким танқид қила олмайди, деган иддаоларини ҳисобга олмаганда, на бир экспериментчи шоир, на бир модернист ёзувчининг шу йўлни тутганини асослаб берувчи бирор манифестини ёки тушунтиришини ўқимадик ҳам, эшитмадик ҳам… 

– Ғарбда ХХ аср бошларида қўзиқориндай потраб чиққан турли модерн оқимларга жавобан Сталиннинг топшириғи билан ўйлаб топилган ҳамда адабиёт ва санъат устида қолип қилиб ташланган социалистик реализм услуби яккаҳокимга айланди. Бошқа ҳеч қандай оқимга йўл берилмади, мафкуранинг қонсираган қиличи ҳар қандай ҳурфикрли кишининг бошини аямай кесиб турди. Истамаганлари 37-38-39-йиллардаги қатағон йилларида отилиб кетди.

Шўролар даврида цензура қолипига сиғмай, чоп этилмай қолган асарлар “самиздат” ёки “тамиздат” шаклида тарқатилиб, қўлма-қўл ўқилар эди.

Ҳатто Россияда ҳам 90-йилларга келибгина турли постмодерн оқимлар (неодекадентлик ва ҳк.) юз кўрсата бошлади. Ўзимизда эса фақат 80-90-йилларда Фарғона шаҳрида вужудга келган ва фақат рус тилида ижод қилган шоирларни (Шамшод Абдулла, Ҳамдам Зокиров ва ҳк.) бир мактабга бирлашганини истисно тариқасида мисол қилиб келтириш мумкин. Лекин бундай мактаблар ўша йиллардаги умумий “тренд”дан четда юза келди. Кейинчалик бошқа жойларда ҳам мактаб даъво қилиб чиқиш ҳоллари бўлди.

Ўзбек тилидаги шеъриятда эса бирор мактаб ёки оқимга бирлашиш, афсуски, яширин тарзда ҳам кузатилмади. Аммо ўша йилларда жаҳон адабиётидан таъсирланиш натижасида бошқача усуллар пайдо бўла бошлади – бу янгиланишнинг аниқ бир йўналиши, мактаби, етакчиси бўлмагани сабабли стихияли тарзда кечди.

Ўша пайтлар танқидчилар эсанкираб қолгани, изланишлар илдизларини вақтида топа олмагани ва янги адабий ҳодиса қонуниятларини тушунтириб беришга ожиз қолганининг ўзига яраша сабаби бор эди.

Агар Ғарбда тафаккурнинг барча йўналишлари (фалсафа, санъат, адабиёт, маданият) муайян воқеа-ҳодисалар, жамиятдаги ўзгаришлар таъсирида ривожланган бўлса, бизга янги оқимлар бошқа адабиётлардан кириб келди. Ким қайси адабиётдан улги олган бўлса, ўшанинг таъсирида экспериментлар қилди, қиляпти. Шунинг учун бугунги экспериментлар ва изланишларнинг умумий жиҳатлари кўп бўлса-да, уларни бир илдиздан, сиз айтмоқчи бўлган бирор манифестдан ўсиб чиқди, деб бўлмайди. Бугун модернчилар машқларида ҳамма нарса қоришиқ: модерн ҳам, постмодерн ҳам бор. Яна ўзини муқобил адабиёт вакилиман деб юрганлар қанча. Қолаверса, янгича йўналишда қалам тебратаётган шоиру ёзувчиларнинг бирор тўгарак ёки гурунгга бирлашганини билмайман.

Майхўрлик қилинадиган давралар эса ҳисоб эмас.

Бироқ бу ўзимизни, шахсан менинг ўзимни оқлаш учун баҳона бўлмаслиги керак. Янги адабий оқимларни оммалаштириш фақат танқидчи ёки адабиётшуноснинг иши эмас. Келгуси авлод фалончини ўқийдими ёки писмадончиними, деб фол очиб ўтирмасдан, нима демоқчи эканимиз, ижодий принципларимиз, ифода усулларимизни қайси рамзлар билан кодлаётганимизга изоҳ берайлик. Керак бўлса, Ёзувчилар уюшмаси ёки олий адабиёт курси – агар у ҳалиям бор бўлса – қошида Назар Эшонқул, Абдували Қутбиддин ёки Баҳром Рўзимуҳаммад сингари олтмишни қоралаётган ёзувчи-шоирларнинг маҳорат дарсларини ташкил қилайлик, ёш ижодкорларга сабоқ берсин, тажрибасини ўргатсин, янги йўналишдаги асарларида нима демоқчи эканини тушунтирсин.

Тўғри, бировга ёзишни ўргатиб бўлмайди, лекин ёзишга уқуви бўлган ёшлар бундай сабоқлардан қандай ёзиш ҳақида хулоса чиқариб олаверади.

Мен бундан 5 йилча олдин чоп этилган “Америка ҳикоялари” муаллифларининг ўз ҳикояларига берган изоҳларини ўқиб ҳайрон қолганман. Аввал ўша китобдаги 4 та ҳикояни, сўнгра ўша изоҳларни таржима қилганим учун улар менга ҳикояларга бутунлай бошқа ракурсдан қарашни ўргатди. Изоҳлар ўша ҳикояларни тўлдиргани билан қимматли бўлди. Ҳар бир ижодкорнинг лабораторияси ҳеч бир китобда ёзилмаган, ҳаттоки ёзиб бўлмайдиган тажриба билан тўла – уни фақат бевосита мулоқот орқали авлоддан-авлодга ўтказиш мумкин.

Яна бир гап.

Нима учун алгебра ёки физика формулалари нима эканини билиш учун ўша фанларни тинмай ўқиш кераклигини тушунган ўқувчи шеърият, умуман, адабиётдан фақат осон, тайёр нарса кутади, жонини койитгиси келмайди?

Ҳозирги изланишлар шеъриятини кўпчилик тушунмаётганини мен “Имло луғати” синдроми деб атамоқчиман. Уни яқинда Америкадаги ўрта мактаб ўқувчилари учун фанлардан инглизча луғатни ўзбекчага таржима қилаётиб, ўзимча кашф қилгандай бўлдим.

Сер солиб қарасам, имло луғатида маъно жиҳатидан мутлақо бегона сўзлар кетма-кет келаверади. Тасаввур қилинг, уларнинг фақат алифбо тартибида келиш қонуниятидан хабардор бўлмаган киши бир-бирига уриштириб, маъно чиқараман деб овора бўлиши мумкин.

Янги шеър ҳам худди шундай.

Унинг тенденцияси – тамойилидан (шу сўзнинг пешонаси шўр экан, уни ўзига дахли бўлмаган “принцип”га тиркайвериб, маъносини чалкаштириб, титиғини чиқариб юбордик) образлар тизимидан хабардор бўлмаган ўқувчи имло луғатидаги сўзлар қаторидан маъно излаётган одамга ўхшаб қолади – ҳаммаси таниш сўзлар, аммо маънони уқиб ола билмайди. Чунки у шоир акамиз Абдували Қутбиддин айтмоқчи – “Изоҳсиз луғат”.

Шеърларингизни ўқиётганда ифода йўсинингиз бошқаларникига ўхшамаслигини кўраман. Бир қарасанг, ифода воситалари тилимизга бегонадай, бир қарасанг, ташбиҳлар ўзимизнинг мақоллар, маталлар, ибораларни ўйнатиб, бошқача мазмун бериб ёзилгандай. Умуман, Фахриёрнинг шеър поэтикаси нима? Унинг шеърлари ҳақиқатан ҳам, айрим танқидчилар иддао қилаётганидай, Ғарбга тақлидми ёки адабий тафаккуримизни чет эл адабиёти анъаналари билан чоғиштиришга уринишми? 

– Бир пайтлар бир ёзувчи акамиз, ука, тиниш белгиларисиз ёзиб, олифталик қилмоқчи бўласиз, Ғарбга тақлид шартми, деб дашном бермоқчи бўлган эди. Ўшанда у кишига, араб ёзувида битилган адабиётимиз ҳам тиниш белгиларисиз ёзилган-ку, десам, тўғри, буни ўйлаб кўрмаган эканман, деб кулиб қўйган эди.

Ўша ёзувчига ўхшаб, ҳар бир экспериментдан шубҳаланиб, Ғарбни ахтаравериш тўғримикан?

Эсингизда бўлса, рус танқидчилари Фарғона шеърият мактаби вакиллари ижоди ҳақида Ўрта Ер денгизи бўйи мамлакатлари, хусусан, Италия герметистларига эргашиб, шеърлар ёзганини айтиб, ғалати бир қонуниятни – улар шеърияти ва прозасида на макон бўлмиш Ўзбекистон ёки Фарғона водийси, на ёзилган рус тили руҳи йўқлигини – кашф қилган эди.

Лекин мен у-бу нарса қоралаётганда, гарчи ифода усули бегонароқ туюлса-да, ўзбек руҳидан келиб чиқиб ёзаман. Халқ тили, оғзаки ижоди намуналаридан кўп фойдаланаман. Ташбиҳ ясаётганда сиз айтаётган мақолу маталларни, ибораларни бошқача йўсинда талқин қилишга интиламан. Бу фикримни янгича, кутилмаган тарзда ифода қилишга имкон беради.

…темирқозиқ юлдузига боғлар
зиндонбанд алпомишнинг
эгасиз қолган бойчиборини
отнинг з
                  и
                     н
                        а
                           л
                              а
                                 н
                                    г
                                       а
                                          н
кишноқларидан
нарвон ясаб зиндонга ташлар
ботирни қутқариб олмоққа…

(“эгасиз ва хулосасиз” шеъридан.)

“Алпомиш” достонида паҳлавонни Бойчибор думини зиндонга ташлаб, қутқариб олади. Агар бу шеърда ҳам шунақа дейилса, ҳеч қизиғи қолмас эди. Бу ерда Темирқозиқ юлдузи – кечаси адашганларнинг, глобал маънода эса, умуман, адашганларнинг йўл топиб олиши учун мўлжал. Кишноқдан зинапоя ясалиб, шу йўл билан Алпомишнинг қутқарилиши ўша эртакдаги бўрттиришнинг бошқа бир кутилмаган варианти бўла олмайдими? Қайси отнинг думи қирқ газ ўсади?

Шу маънода шеърдаги ташбиҳ – эртаклардаги бўрттиришнинг бир кўриниши, холос. Демак, ташбиҳу бўрттириш ўзимизники бўлгандан кейин Ғарбга тақлидда айблаш қанчалик ўринли?

Тўғри, Ғарб шеъриятини ўқиганда, уларни таржима қилганда, унинг таъсири бўлиши табиий. Лекин бу асло тақлид эмас – синтез.

Поэтика ҳақида шуни айтишим мумкинки, ҳар қандай туроғу қофияли шеър фикрлашдаги изчилликни бузади – таржимонлик тажрибамдан чиқарган аччиқ хулосам шу бўлган.

Юзаки қараганда, оҳанг, қофия сатрлардаги узилишларнинг ўрнини “тўлдириб” туради. Оддий ўқувчи буни аксарият ҳолларда сезмайди ҳам, лекин таглама ёки таржима қилиш чоғида бу яққол кўринади. Айни мантиқ бузилган ҳолатлар шеърнинг бошқа тилларда ҳам она тилидагидай эффект беришига халақит қилади ва кўпинча таржималари бошқа тилда қайтадан тўқилади.

Энди у – мутлақо бошқа шеър. Анъанавий шеъриятни камситмаган ҳолда – чунки у менга ҳам бегона эмас – кўпроқ верлибрни танлаётганим сабаби ана шунда. Яна бир эътиборли жиҳати шуки, верлибр мутлақо ўзгача фикрлашга, янгидан-янги ташбиҳларни қўллашга ўргатади. Ва энг қизиғи, ўша тажриба анъанавий шеърлар ёзишимда ҳам қўл келмоқда. Агар бармоқ вазнида туроқ ва қофия фаол бўлса, верлибрда метафора шеърни ҳаракатлантириб туради. Верлибрнинг мана шу хусусияти кейинги йилларда анъанавий – бармоқ вазнида ёзилаётган шеърларга ҳам таъсир ўтказа бошлади.

Ўзингизни қайси “изм”га мансуб деб биласиз? 

– Ҳар хил йўналишда изланаётганим учун фалон “изм” мен учун маъқул дейишим қийин. Аммо 80–90-йилларда пайдо бўлган метаметафоризм, яъни шеърнинг метафорага таяниши менга руҳан яқин.

Ҳозирги экспериментларни, постмодерн адабиётни миллий адабиётимизнинг келажаги деб қараш қанчалик тўғри? 

– Мен ҳеч қачон модернизм ёки постмодернизмни у ёки бу адабиётнинг келажаги деб қарамаганман. Ўша услубда ёзилган гениал асарлар адабиётимизга ҳам тажриба сифатида таъсир этиши, янги-янги романлар, шеърлар ва бошқа жанрлардаги асарлар ёзилишига туртки бериши мумкин.

Вақт ўтиши билан дунё тобора глобаллашиб, ахборот алмашувнинг тезкор ва янгидан-янги воситалари пайдо бўлиб, ўшалар таъсирида адабиётга янги оқимлар ҳам кириб келиши ҳеч гап эмас.

Шу билан бирга анъанавий услубда ёзилди, деб ҳисобланаётган роману қиссалар, шеърларни ўқиётиб, уларнинг ҳам имкониятлари кенг эканини, фақат буни рўёбга чиқариш учун даъвогина эмас, истеъдод ҳам кераклигини кўраман. Мурод Муҳаммад Дўст прозаси, эсселарини қаранг. Илгари танқидчиларимиз ундан фақат латифа ахтариб юрган бўлса, кейинчалик Тиловолди Жўраев муаллиф “Лолазор” романини ёзишда онг оқими сингари ХХ асрнинг модерн йўналиши усулларидан моҳирона фойдаланганини таҳлил қилиб, исботлаб берди.

Хонтахта – тўртта ғишт билан битта фанера

Бугун янги аср остонасида турган одамнинг санъатга муносабати ўзгардими ёки бадиий дидида эврилишлар юзага келдими? Бу эврилишлар ижобий эмас, салбий томонга юз бураётганга ўхшамайдими?  

– Шеър шоирнинг ички эҳтиёжидан пайдо бўлса ва у бошқаларнинг ҳам дарди ифодасига айлансагина, ижтимоийлашади.

Менинг қатъий тушунчам бўйича шеър, умуман, адабиёт ҳар доим ўқувчидан бир қадам олдин юриши, унга дунёга янгича қарашни ўргатиши шарт. Ўқувчи эса вақт ўтиши билан ўша асар савияси сари кўтарилиб келади.

Бугунги кунда алламбало маданиятлар, ҳатто оммавий маданият ҳақида гапирамиз-у, лекин адабий, хусусан, шеър ўқиш маданияти ҳақида ҳеч нарса демаймиз. Оммавий маданиятга қарши курашиш кераклигини англаб етяпмиз. Ўша сиз айтаётган олди-қочди шеърлар оммавий маданият “намунаси” эмасми? Қизиғи шундаки, Ғарб оммавий маданиятини зарарли деб ҳисоблаб, ўтган 25 йил мобайнида ўзимизнинг отарчилар “миллий оммавий маданияти”мизни яратишга йўл қўйиб бермадикми, уларни энг катта саҳналарга олиб чиқиб, томоша қилиб, яна камига қарсак ҳам чалмадикми? 1-2 та қўшиқни чала-чулпа айтиб-айтмай, 3-4 та шеърни ёзиб-ёзмай хизмат кўрсатган артисту халқ шоири бўлганлар қанча! Бу адолат ҳиссига путур етказмайдими, давлатнинг одиллигига бўлган ишончни сўндирмайдими?

Шеър ўқиш маданияти ўз-ўзидан пайдо бўлиб қоладиган нарса эмас. Мактаб партасида 10-11 йил ўтириб, адабиёт дарсларида фақат “қизил”, яъни давлат сиёсатини олқишлайдиган декларатив шеърлар ёдлатилган ўқувчини наҳотки бугунги шеърни қабул қилишга тайёр деб ўйласак? Айтмоқчиманки, мактаблар, ҳатто олий ўқув юртларида адабиёт ўқитиш иши тубдан ислоҳ қилиниши лозим.

Адабий дидни тарбияламай туриб, инсоннинг адабиётга, умуман, санъатга муносабатини ўзгартиртиш қийин. 

Шу ўринда бир нарсани ҳам айтиб кетмоқчиман – мен учун санъат асари қайси услубда ёзилганининг мутлақо аҳамияти йўқ. Мен учун битта мезон бор: у санъат талабига жавоб берса бўлди. «Томга қўйдим шотини, анави кимнинг хотини» қабилидаги қофияга ўралган, қофиядан бошқа ҳеч нарсаси бўлмаган, кўчадаги пистафуруш ҳам ундан ўтказиб қофиялаштириши мумкин бўлган гаплар «шеър» дейилганини кўрсам, ғашим келади.  Бунақа «ижод намуналари”ни нуфузли нашрлар чоп этганида ёхуд ноширларимиз чиройли муқоваларга ўраб, китобхонга тақдим этганида, энг баттари,  наздингда туппа-тузук адабиётшунос олимларимиз бу «қоралама»ларни  кўкка кўтариб, ҳатто салкам Алишер Навоийга, Чўлпонга тенг қўйиб мақтаб тургани кўриб баттар ҳайратга тушасан, жаҳлинг чиқади. Беихтиёр, ё бу олимлар Алишер Навоий ва Чўлпон ижодидан мутлақо бехабар ёки ўртада мен тушунмайдиган нимадир бор. Навоий ёхуд Чўлпонни сал-пал англаган одам бунақа фикрламаслиги, мағзава нарсаларни ёзмаслиги керак эди деб ўйлайсан 

– Кейинги пайтларда адабиёт ва санъатнинг деярли барча жанрларида майдалашиш, ҳатто айтиш мумкинки, бачканалашиш рўй берди. Бу ҳодисани кинорежиссёр акамиз Жаҳонгир Қосимов жуда топиб, “хонтахта” – тўртта ғиштни тикка қилиб, устига битта фанера ётқизилса, хонтахта тап-тайёр – деб атаган эди. Ёзилаётган китоблару тасвирга олинаётган фильмларни, мақолалару телекўрсатувларни қаранг – ҳаммаёқ “хонтахта”. Жараёнга мана шу битта сўз билан адабий, кинотанқидчи ёки санъатшунос эмас, айнан кинорежиссёр тўғри “диагноз” қўйиб бераётгани одамни ҳайратга солади.  Айрим кино ёки адабий танқидчиман, санъатшуносман деган шоввозлар ўша “хонтахта” асарларни халққа “едириш” учун кўкларга кўтариб мақташдан ҳазар қилмаётгани одамни таажжубга солади. Ҳатто ўша кинофильмларнинг бир пулга қиммат эканини била туриб, маълум ҳақ ёки ошхўрлик эвазига мақтаб берадиган, ўзи маданиятшунос деб атайдиган акахонлар ҳам пайдо бўлди.

Бир пайтлар “Ўзбеккино” миллий агентлиги қошидаги хусусий киностудияларда тасвирга олинган фильмларга прокат гувоҳномаси беришдан олдин экспертлар назаридан ўтказиб олинар эди. Шундан сўнг улар муҳокама қилиниб, камчиликлари айтилар ёки талабларга жавоб берса, прокат гувоҳномаси бериш ҳақида агентлик раҳбариятига тавсия берилар эди.

Бир сафар ўзини зўр сценаристман деб юрадиган бир оқсоқол ҳар қандай танқиддан паст фильмни мақтай кетса бўладими? Ҳамманинг оғзи очилиб қолди.

Мен чидаб туролмай, норозилик билдирдим ва нега бир пулга қиммат фильмнинг камчиликларини кўра-била туриб, бунчалик мақтаяпсиз, десам, камчилигини мажлисдан кейин режиссёрнинг ўзига айтаман, деса бўладими? Яна сабрим чидамай, унда экспертлар кенгашининг нима кераги бор, бизни аҳмоқ қилиб, бу ерга чақириб ўтирмасдан ўзларингиз керакли ҳужжатни бериб юборавермайсизларми? – дедим.

Хуллас, ўша муҳокама жанжал билан тугади.

Бунақа масхарабозликка тоқатим  бўлмагани учун кейинги мажлисларга бормай қўйдим.

Одамда имон бўлмаса қийин экан.

Қизиғи шундаки, ўша “отахон” яқинда бир чет эл радиосига берган интервьюсида ўзи бир пайтлар ёнини олиб, масхарабозлик қилган “хонтахта” фильмларни танқид қилибди.

Ўзингиз холисанлилло айтинг, унинг қайси сўзига ишонайлик?

Энди, ташхис эмас, диагноз деганимга келсак, “диагноз” сўзнинг “одамларга хос иллат” деган маъноси ҳам бор.

Бир нарсани тан олайлик, совет цензураси бекор қилиниши билан ижодкорнинг қўлига эрк берилгани, дейлик, у мустақил бўлиб қолгани сабабли шеър, умуман, ижодга бўлган илгариги талаблар, таассуфки, сусайиб кетди. Тўғри тушунинг, бу эски тузумни қўмсаш эмас – сарой ва унинг атрофидаги айрим акахонларга ўхшаб, Толстойга неваралик даъво қилиш ниятим ҳам йўқ.

Қанчалик “санъат” деб бақирмайлик, у юқорининг талаби ёки буюртмаси билан “одам” бўлмайди. Агар шунақа бўлганида, ҳозир турли дабдабали унвону бошқа сийлиқ олаётганлар Навоий ҳазратларидан ҳам ўтиб кетар эди. Худога шукрки, бундай эмас. Санъат “қуйи”, яъни ижодкор даражасидаги табиий, айтиш мумкинки, соғлом рақобат натижасида пайдо бўладиган бадиийлик мезонлари асосида ривожлансагина, бирор арзирли натижа кутиш мумкин.

Соғлом рақобат бўлиши учун эса муҳит керак.

Нафсиламрини айтганда, пасайиш фақат адабиётда эмас, санъатнинг деярли барча турларида рўй берди, яъниким у “оммавийлашди”, оммани эргаштириш ўрнига унинг даражаси томон “шўнғиди”, ҳатто айтиш мумкинки, ҳирсига, шаҳвоний истакларини қондириш воситасига айлана бошлади. Албатта, буни бозорнинг “талаб ва таклифи” билан тушунтириш мумкиндир, аммо олдинги талабларнинг йўқлиги ижодкорни йўлдан оздиргани, кўнгилнинг ҳар турли кўчаларига кириб чиқишга мажбур қилаётгани бор гап.

Аммо ҳақиқий адабиёт барибир бор, кам бўлса-да, у ёзиляпти, ўқиляпти. 2009 йилда Москвада “Дружба народов” журналида бир давра суҳбати уюштирилгани эсимда.  Унда бош муҳаррир, ёзувчи Александр Эбаноидзе ушбу журналнинг адади жуда камлиги тўғрисидаги саволга, инсон танасида жуда кам миқдорда кумуш бўлар экан, у танадан ювилиб чиқиб кетса, инсон нобуд бўлади, деб ҳазил аралаш жавоб берган эди.

Ҳақиқий адабиёт жамият танасида ана шундай кумуш вазифасини ўтайди.

Кейинги пайтларда китобхонлик ҳақида кўп гап-сўзлар бўляпти. Бу яхши, албатта. Лекин ўқувчига сара китобларни етказиб бериш механизмини ҳам тиклашни ўйлаб кўриш вақти келмадимикан? Илгари китоб мингта чиғириқдан ўтказилиб, нашр қилинар, чоп этилгандан сўнг ҳам яхши ёзилмаган бўлса, адабий-танқидий журналларда “пўстаги қоқилар”, казо-казо ёзувчилар ҳам танқидчилардан безиллаб турар эди. Энди эса бир пайтлар танқидчиман деб юрган казо-казолар ёзувчи ёки шоирнинг “адвокати”га айланиб олган, фақат мақташ, “Нобель мукофотига тавсия қилиш” билан овора.

Шундан ботирсинган шоввозлар китоб устига китоб чиқариб ётибди. Биладики, ҳеч ким танқид қилмайди. Бир-иккита отарчи қўшиқ қилиб айтса, давраларда номини тилга олса бўлди – ундан зўр чўнтак шоири йўқ. Фалончининг қўшиғи учун шеърлар ёзиб бераман деб мақтанадиган қофиябозлар борлиги ғалати.

Ҳозир ҳаммамиз сўкаётган совет даврида танқид руҳи, ҳақиқий ижодий муҳит ташкил эта олган Ёзувчилар уюшмаси қани? Кимдир, ана, бинойидай ишлаб турибди-ку, деб айтиши мумкин, лекин унинг мажлисларига бир-икки марта кириб кўрган эс-ҳуши жойида одам булар ҳаммаси хўжакўрсинга, юқорига ҳисобот бериш учун ўтказилаётганини билади.

Президентимиз ёзувчиларга, ҳамма шароитни қилиб берамиз, деяпти. Бу яхши, албатта. Бироқ ташкилотнинг туваги тиллодан қилиб берилган тақдирда ҳам унинг ҳозирги катталари ҳақиқий ижодий муҳит яратиши даргумон. Улар тўғри сўздан ўлардай қўрқади.  Гап тегиб қолмасин деб тўғрисўзлиларни уюшма тадбирларига чақирмайди. У ерда тепага ёқмайдиган бирор тўғри гап айтиб юборилса, ўша куни паттасини қўлга олишини, имтиёзлардан айрилиб қолишини билади. Фақат етовда юришдан, “партия/ҳукумат” топшириқларини бажаришдан бошқасига ярамайди.

Яна бир масала. Нашриётлар, газета-журналлар кўп бўлгани яхши, лекин уларда керакли мутахассислар (адабий муҳаррирлар, мусаҳҳиҳлар) етарлими? Бевосита муҳаррирлар  – журналист эмас! – тайёрлайдиган олий ўқув юртининг ўзи борми? Нашриётларга ҳамма шароитни яратиб берган тақдирда ҳам ўша мутахассислар етарли бўлмаса, сиз айтаётган “томга қўйдим шотини, анави кимнинг хотини» қабилидаги қофиябозлик давом этаверади.

– Шеърият билан инқилоб ҳали кўп ўрганиладиган мавзулардан бўлса керак. Чунки кўпгина шоирларнинг шеърларини ўқисангиз, мақсад шеър эмас, мафкура эканини англаб етасиз… 

– Бир пайтлар Рауф Парфи раҳматлик бирор нарса илинжида ёзил(аёт)ган шеърлар ҳақида “тамаъ адабиёти” деган иборани ўйлаб топган, “хонакилаштирган” эди. Энди бу ҳам камлик қила бошлади, шекилли, унвон сўраб, эшикма-эшик юрадиган, уни интернет орқали очиқдан-очиқ мукофот сўрайдиган тоифа пайдо бўлди.

Сиз мафкура деганда шуни назарда тутаётган бўлсангиз керак.

Аммо истиқлол учун курашган, миллат эминлиги орзусида ижод қилган, курашган шоирлар шеъриятини мен мафкурага боғлаш фикридан йироқман. Уларнинг аксарияти ҳали ҳам замона зайли билан ё қувғинликда юрибди, ёки бўлмаса, бугунги мафкурага мослаша олмагани, тўғрироғи, бировни беҳуда мақташни ўзига ор деб билгани учун чекка-чеккада шеърини ёзиб, нашр қилдира олмай, ночор кун кечиряпти. Чунки улар бўлар-бўлмасга “Ватан!” деб ҳайқиришга ор этади, замонасозлик қилгиси, “буюк келажак” қачон келишини телевизорга мўлтираб, кутиб ўтирган халқни бошқаларга қўшиб алдагиси келмайди.

Эсингиздами, ўзимиз ҳам бир пайтлар Ленин билан партия ҳақидаги шеърларни кўп ёдлаганмиз. Ҳали оқ билан қоранинг фарқига унчалик бормаган пайтларимиз шеър дегани шу бўлса керак, деб ўйлаганмиз.

Қизиғи шундаки, кўзимизни ҳам шеърият очди – у ҳақиқий шеърият эди.

Энди у коммунизмни мақтамаслигини очиқ айтмаса ҳам ботинда унга қарши кечаётган норозилик ҳиссини гоҳ миллатни улуғлаб, гоҳ мафкура пийпалаб ташлаган тарихий шахсларнинг номига қўнган гардни, қат-қат чангни  тўнининг енги ёки бари билан артиб, тозалашга кириша бошлаган эди. Миллий уйғонишнинг бунақа кўринишларига қарши жирканч курашнинг ҳадисини олган шўролар учун бу иш чўт бўлмас – бунақа шоиру ёзувчилар пешонасига миллатчилик тамғасини босар ёки бўлмаса, хуфя идораларга сўроққа чақиравериб, тинкасини қуритар, бу ҳам камлик қилса, цензура итига талатар эди. Бечора миллиятчи шоир ёки ёзувчи баъзан муроса қилишдан ўзга чораси қолмас эди.

Тан олиш керак, ҳар қандай ижодкорнинг ватандошлик позицияси бўлиши шарт. Унга ўша позициядан келиб чиқиб, шеър ёзишни тақиқлашга ҳеч қимнинг ҳаққи йўқ. Аммо шуни ҳам унутмаслик зарурки, ҳар қандай шеър бадиий қиммати бўлгандагина шеър бўлади.

Бор-йўқ талаб шу.

Эътиқодсиз буюк асар ёзиб бўлмайди

Француз адибларидан бири «Эътиқоди бўлмаган миллатнинг адабиёти ҳам бўлмайди», дейди. Адабиёт, умуман, санъат, эътиқод билан қанчалик боғлиқ? Алишер Навоий ижодини англай олмаётганимиз сабабларидан бири ҳам шу эмасмикан?! «Ижод – ибодат» десак, эътиқоди шаклланмаган инсон қандай ижод ҳақида ўйлаши мумкин? Умуман, сизнингча, ижодкор эътиқодсиз бўлиши ҳам мумкинми?  

– Эътиқод – кимлар учундир нисбий тушунча. Уни сиз бир хил тушунасиз, қолганлар – бошқача. Гапим аниқроқ бўлиши учун яна юқорида келтирганим Мансур Ҳаллож воқеасига айтамиз.

Уни ҳамма “Анал-Ҳақ” дегани учун Аллоҳ таолога ширк келтирганликда айблайди ва Бағдод халифаси ўлимга ҳукм қилади. У эса осилмоқни эрлар меърожи деб атайди, қўл-оёғинии кесадилар, “ишқ таҳоратини бу қон билан қилдим, чунки “ишқнинг намози қон билан таҳорат қилмагунча дуруст бўлмас, ишқ фақиҳининг китоби ичида ишқнинг икки ракаат намози фақат қон билан дуруст бўлади”, деб ёзилган дейди.

Хуллас, уни ўлдириб, жасади бурда-бурда қилинганда, ҳар бир бўлакдан “Анал-Ҳақ” деган овоз келади.

Уни кўпчилик, ҳатто авлиёлар ҳам динимиздаги энг оғир гуноҳ – мушрикликда айблайди, бинобарин, эътиқодсиз деб ҳисоблайди.

Айни чоқда тазкира сўнггида келтирилган мана бу ривоят ибратлидир.

Шайх Шиблий бир кеча Мансур ҳаллож қабрига бориб, унинг ёнида нмоз ўқийди ва намоздан сўнг Аллоҳга муножот қилади:

– Илоҳим, бу бир мўмин муваҳҳид банда эди, бу балоларга нима сабабдан учради?

Бир оздан сўнг унинг кўзи уйқуга кетади ва аллоҳ таоло унга тушида:

– Эй Шиблий, бу балоларни менинг сиримни у бегоналарга ошкор қилгани учун бердим, – деган нидо келади.

Адабиётга манфаат истаб кирган, уни воситаи жоҳ қилиб олган, истаган пайт уни сотиб кетишга тайёр кимсалар ҳам, афсуски, учрайди.  Санъат бундай кимсалар қўлида даҳшатли қуролга айланади – сўзига ишонган жамоатни хоҳлаган томонига эргаштириб кетиши мумкин. Лекин халқимиз ҳозирги кунда сўздан кўра яллачиларга кўпроқ ишониши, уларга эргашиши ҳам бор гап. Бир раҳматли амаким, қишлоғимиз одамларини битта сибизиқ билан эргаштириб кетса бўлади, дегани бежиз эмас.

Адабиёт – ҳа         ётнинг инъикоси деган гап бекор. У ҳаётдан олдинга ўтиши ҳам, жамият олдига ўта муҳим маънавий-ахлоқий масалаларни қўйиши ва унга жавоб топиб бериши даркор. Ўткир ва мураккааб ижтимоий масалаларга  жавоб топиб беришга чоғланган ижодкор имонсиз бўлиши мумкин эмас.

Аттор, Навоий, Достоевскийга ўхшаган ижодкорлар эътиқодига суянган ҳолда ҳақиқат ахтаради ва уни бадиий образларда кўрсатиб беришга ҳаракат қилади. “Мантиқ ут-тайр”, Лисон ут-тайр” ёки “Ака-ука Карамазовлар”ни, ўша романдаги  “Буюк инквизитор” бобини эсланг. Эътиқоди бўлмаган одам бунақа саволларни қўя оладими ёки уларга жавоб ахтарадими?

Айрим танқидчилар Достоевкийни ўша романда ёзувчи сифатидаги позицияси сустлиги учун танқид қилади. Агар у қаҳрамонларининг оғзига уравериб, уни ёки буни айтасан, деб тиқиштирақверганида, эҳтимол бу қадар яхши чиқмаган бўлар эди.

– “Инсоният Бодлернинг бир сатрига ҳам арзимайди», дейди Акутагава. Бутун бир инсоният тарихини бир сатрига алмашиб юбориш мумкин даражадаги шеърият бугунги кунда ҳам бор деб ўйлайсизми?  

– Биз совет даврида адабиётни жуда катта, ҳатто жамиятни ўзгартириши мумкин бўлган куч деб ўйлар эдик. Энди билсак, синфий кураш қуроли сифатида мафкурага малайлик қилган экан. Ўша пайтлар ўзини кўрган билан уни ўйнатаётган ипларни кўрмаганимиз учун хулосани янглиш чиқараверганмиз. Лекин ўша пайтларда ҳами адабиётимизда бақувват асарлар яратилганини, улар қоидадан кўра истисно сифатида пайдо бўлганини ҳам айтмасак, инсофдан бўлмас.

Бир пайтлар инсон фикру зикрини жалб қилган адабиёт бора-бора маргиналлашиб қолгани ҳам бор гап. Байроқ қилиб кўтарилаётган, Нобель мукофотига сазовор бўлаётган ижодкорларни кўпчилик танимайди. Ваҳоланки, бугунги жадал ахборот алмашув вақтида имкониятлар мисли кўрилмаган даражада кенгайган ва кечаги даҳонинг асарини бугун электрон китоб бозорларидан олиб ўқиш мумкин.

Лекин қани ўша ёзувчилар: Пауло Коэльоми ёки Боб Диланми?

Баъзан инглиз тилидаги манбалардан мақталаётган ҳиндистонлик ёки америкалик ёзувчиларнинг у-бу асарларини олиб ўқишга ёки таржима қилишга тўғри келади. “Дод” дейдиган, ҳамма талашиб ўқийдиган нарсани кўрмаяпман. Омма талашиб ўқиётган Ҳарри Поттер ҳақидаги китобларни эса ҳақиқий адабиёт дейиш қийин.

Эҳтимол, ҳозирги жаҳон адабиёти эртанги буюк кашфиётлар учун куч йиғаётгандир ва эрта бир куни ўшанақа асарлар, шеърлар ҳам чиқар.

Худо умр берса, ўқирмиз ҳам.

“Ёшлик” журналининг 2018 йил 1-сонида қисқартириб эълон қилинди.