Тафаккур тўлқинлантирган қалб… (Баҳодир Йўлдошев билан монолог) (2014)

Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофоти лауреати Баҳодир ­Йўлдошев ўзбек театр санъати дарғаларидан бири. У саҳналаштирган “Зебуннисо”, “Нодирабегим”, “Ўн учинчи раис”, “Ғариблар”, “Келинлар қўзғолони”, “Қора камар”, “Паранжи сирлари”, “Майсаранинг иши” ва “Искандар” каби спектакллар маданий меросимизга айланган. ­Қолаверса, уста санъаткор кейинги йигирма йил давомида ­­майдон-томоша санъати ривожига ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келяпти.

РЕГИСТОН мажмуаси — бетакрор санъат асари. Бу меъморий обиданинг маҳобати биз қилаётган ишларга муҳтож эмас. Ҳеч қандай томоша қўймасангиз ҳам томошабин Регистон майдонининг ўзига маҳлиё! Лекин орзумиз, қанийди одамлар бир лаҳза бўлса-да, бу ноёб обидани унутганча, ўзбек ашулалари, куй-рақсларини тинглашса! “Шарқ тароналари” учун биз топаётган мусиқа, рақслар — ҳамма-ҳаммаси Регистон ансамбли билан уйғунлашиб яхлит бир асарга айлангандагина мўъжиза рўй бериши мумкин. Ҳақиқат шуки, бизнинг сарадан-сара мусиқа ва рақсларимиз бир ёну Регистон бир ён бўлса, албатта, биз Регистонга таслим бўламиз. Чунки у масканга сарф қилинган куч-идрокни асрларки енга олмаган, бандасига йўл бўлсин!

* * *

Илм, ижод, умуман, гўзалликнинг поёни йўқ. Агар поёни бўлганда фақат битта одам “Ҳамлет”ни саҳналаштирарди. Бошқа режиссёрлар эса бу ҳақда бош қотирмасди. Лекин ўша — воқеаси ҳаммага маълум ягона ­“Ҳамлет”ни юзлаб режиссёрлар яна бошқатдан яратишади. Ҳар бири турли нуқтаи назардан ёндашади ва ўз Ҳамлетини кашф этади. Ёки Алишер ­Навоий ғазалидаги битта байтнинг бир неча хил шарҳи бор. Бу ­дунёда “Навоийни тушуниб бўлдим”, деган азамат бормикан? Ҳазратнинг ҳар бир ғазали ундан олдинги ёзган ғаза­лига жавоб бўлиб келади. Ва кейинги ­ғазали учун саволлигича қолади…

* * *

ЮРТИМИЗ қиёфасини буюк тарихисиз, урф-одатлари, адабиётию санъатисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Фақат ўзбек халқигагина хос аллалару яллалар бор. Юсуф қизиқ, Раҳим Пирмуҳаммедов, Наби Раҳимов, Обид Жалиловлар хизматини ўйлаганда қилаётган ишларинг нақадар майдалигини тушунасан. Мен студиядаги болалардан шу инсонлардек самимий бўлишни талаб қиламан. Катта-катта ишлар қилиб ҳам ҳаётдан таъмасиз, иддаосиз ўтган зотларга нисбатан ҳурмат туйғусини уйғотишга уринамиз. Қизининг жасади устидан келибоқ саҳнага чиқишни тасаввур қилинг? Қайси касб эгаси куч топа олади бунга?

Бу болалар келажаги ҳақида олдиндан “Ҳа, улар ўзбек театрининг порлоқ эртаси, умидим чексиз… ” деб айтолмайман. Улар менинг кемамга келиб-кетаётган йўловчилардан бир гуруҳи. Келади-кетади… Балки кетиб тўғри қилар. Ўзи учун афзалроқ йўлни топар. Йўллар кўп. Лекин шахсни Шахс қиладиган йўллар боши берк кўчалардир. Чиқиб кетишинг учун тайёр йўл йўқ бўлган вазиятдагина дунё сен учун ўз сир-синоатини очади. Ва шунда ўзингнинг кимлигингни англай бошлайсан. Тушунтириб беролмайман, актёрлар ҳаёти, умуман, ижод одамларининг яшаш тарзи қизиқ-да. Ўзининг шунча ғами етмагандай, яна Гамлет ё Дездемонанинг изтиробини ўйлайди. Бу ғавғоларнинг сенга нима ҳожати бор, дейсиз.

Ўнқир-чўнқир бўлса ҳам, барибир, санъаткор гўзал ҳаёт кечиради. У шу ҳаётнинг ўзидаёқ ҳам ­Ромео, ҳам Отелло, ҳам Ричард, ҳам Цезар… Гарчи фожеий бўлса-да, бир қанча тақдирни яшаб ўтади. Ўзининг ҳаёти, бахтсизлиги улар қисмати олдида зарра бўлиб кўринади. Оддий одамлар эса фақат ­битта — ўз ҳаётини яшайди.

* * *

БИР ОДАМ ўтирган мардумга қарата “Бу кишига кабоб олиб келинглар”, деб буюрибди. Ўтирган кимса “Қаердан билдингиз кабоб егим келаётганини”, деб сўраса, у «Кўнглим жуда бўш, ўзгалар танидаги яра, менинг вужудимни оғритади”, деб жавоб берган. Актёр ҳам ўзгалар орзу-истагини сўзсиз уқий олиши шарт. Албатта, кўнгил тарбиясисиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Одатда илгариги спектакллар яхши эди, актёрлар зўр ўйнарди, деган гапларга кўникиб қолганмиз. Йўқ, ҳаммаси пуч гап. Ўзбек театри тарихидаги ҳақиқий актёрларни номма-ном санайман десанг, бармоқларинг ортиб қолади. Актёрлик ниҳоятда мураккаб касб. Саҳнада ўзини эркин тутиб, импровизацияни уддалади дейиш мумкин. Кечирасиз, буни орсиз одам ҳам эплай олади. Мана, тўйларда ҳамма чиқиб ўйнайди, лекин ҳамма раққоса дегани эмас-ку. Шу сабаб бу касбга атайлаб тайёрланган, актёрлик онг-онгига сингиб кетган одамлар зарур. Қолаверса, отамерос туйғу ҳам кўп нарсани ҳал қилади. Яъни — ирсий қобилият! Масалан, ўн етти ёшигача актёрлар оиласида катта бўлган бола санъат институтига ўқишга киради. У шу вақтга қадар — ўн етти йилдирки кино-театр муҳитида ўсган. Энди, ота-онаси ҳеч қачон санъат билан шуғулланмаган, бошқа бола эса ўн етти йилга кеч қолиб киради. Тушунтира оляпманми? Менинг отам дурадгор бўлса, болалигимдан ёғочу ускуналар овозини эшитиб, қулоқ тақ-таққа кўникади. Арра-ранда билан қандай юмуш бажариш мумкинлигини сўзсиз биламан. Ўн етти ёшимдаёқ ўз-ўзидан устага айланаман. Муҳитдан ажралган ҳолда шахс шаклланиши қийин.

Театр муҳитини актёрнинг ролга муносабати ва режиссёр билан жамоанинг ўзаро ҳурмати, ҳамфикрлилик яратади. Агар театрда мўътадил кайфият бўлмаса, сиз у ерда ҳеч нарса саҳналаштиролмайсиз. Ҳар қанча чиранманг спектакл чиқмайди. Оддий мисол, сиз журналистсиз, бир мақола ёзишдан олдин сукунатни истайсиз, яхши мусиқа тинглайсиз ёки ўзингиз севган китобни титкилайсиз… Кейин ёзиш хоҳиши пайдо бўлади. Яъни ўзингизда хоҳиш уйғотиш учун муҳит яратасиз. Энди тушуняпсизми бошқа театрга бориб спектакл қўйиш қанчалар азоб эканини? Чунки улар мендан бегона муҳитда яшашади.

Хиёнатлар ичида энг оғири касбга қилинган хиёнат деб биламан. Белгиланган муддатда ҳар қандай ишни битириш мумкин. Лекин унинг сифати-чи? Иш буюрувчига барибир, у нима бўлса-бўлсин тезроқ “материал”ни қўлга олгиси келади. Унга сизнинг шаънингиз, номингиз ҳеч нимани англатмайди. “Материал” қай кўринишда бўлмасин, хоҳ саҳна, хоҳ экран, ё мақола шаклида, фикрга ҳоким, сўз эгаси — Сиз! Ўзингни қай даражада ҳурмат қила оласан, ички маданиятинг ишга бўлган муносабатда кўринади. Табиат барибир ўз айтганини қилади. У хўжакўрсинчи — шошма-шошарлардан боплаб ўчини олади. Биларсиз, теракнинг тез ўсадиган навидан уй қуриб бўлмайди.

* * *

СПЕКТАКЛ қўяётганимда томошабин олқишларини ўйламасликка ҳаракат қиламан. Муҳими, томошабин менга ҳамдард бўлса… Кўп айтганман, бу ҳамдардликни гуллару чапаклар ифодалаб бера олмайди. Спектаклимни дўстим кўрдимикан, у қандай фикрда экан? Унинг кўнглини топа олдимми? Домлам Тўла ака кўрганда нима дер эди, қаерини тузатарди? Александр Гинзбург ё Брим-чи? Асарни уларнинг нигоҳи билан ҳам кўриб чиқаман. Баъзида устозларим “айтганини” қиламан. Бўлмаса, ўзим уларга “тушунтираман”. Спектакл учун танланган пиеса дил изҳори ё иқрорга айланиши зарур. Ишларимнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқий спектакл бўлган, деб айта олмайман. Лекин таскин бор: қачонлардир кимдир ишингиздан бохабар бўлиб, бир онга бўлса-да, сизга суянса, сиздаги ҳақиқатга ишонса, “мен энди бу ишни қилмайман, бошқача ҳаёт кечираман”, деб ўз ҳоли ҳақида ўйлай бошласа, шунинг ўзи кифоя. Ижоднинг ички қонунияти ҳам одамларни ўйлантиришдир. Одамни ўйлантиролмаган, ўз хаёлига бўйсундиролмаган китоб — бир ҳовуч қоғоз, холос. Ўй суриш қобилиятидан маҳрум кимсага ҳам ачинасан, ҳам қўрқасан.

* * *

ИСТЕЪДОДСИЗЛАР ўз йўлини топиб олаверади. Истеъдод ҳимояга муҳтож, асранг уни, деган фикрда катта ҳикмат бор. Чунки истеъдоднинг тугилган мушти бўлмайди, кўнгли жуда бўш бўлади. Шу учун истеъдодли одамлар ҳамиша бой бериб келишган. Гўзалликнинг иродаси мўрт. Курашувчанлик эзгулик учун мисоли бир бегона ўт, у бу дағалликни ўз бағрига сиғдиролмайди. Истеъдод эгаси одамлар билан эмас, асосан ўз хаёли, ўзлиги билан банд. Унга орзусидаги мукаммалликка интилишига халал беришмаса бўлди. Бу мукаммалликни истеъдодсизлар ўз даражасида — мансаб, шон-шуҳрат, обрў-эътибор ва яна алламбало деб тушунишади. Чин истеъдод фақат битта манзилни кўзлайди — ЕТУКЛИК! Яъни шамоллару алангаларга қилт этмасдан, тик туриш санъати. Ўзингни топиш йўлида эса қарама-қаршиликлар, тўсиқлар ниҳоятда кўп. Атрофдаги одамлар, муҳит бор кучи билан инсоннинг инсон бўлишига халал беради. Нафс, ҳасад, назари очлик каби қора туйғулар ўзингни англашга йўл қўймайди. Қолаверса, ич-ичингдан юксалишингга ёлғиз ўзингнинг кучинг етмайди. Бу учун, албатта, атрофингда сени тушунадиган, хайрихоҳ одамлар бўлиши даркор. Шарқ мутафаккирларида шундай фикр бор: “Искандар замони бўлса ҳам пирсиз юрма”. Яъни одам ­бўламан десанг, олдингда маънавий раҳнамойинг бўлиши шарт.

Эмишки, Суқрот “У ёқда Арасту билан учрашаман”, деган ўйда ўзига олиб келинган заҳарни пайсалга солмай ичган экан. Яъни ажал Суқрот учун гўё Арасту эшигини очиб берувчи бир йўл. Донишманд дийдорига етишиш олдида оғу ҳеч нарса эмас! Устозим Тошхўжа Хўжаев айтардилар: “Агар сен Алишер Навоий, Шекспир каби ижодкорларга ўтмиш шоирлари ё мозийдаги бир одам деб қарасанг, чинданам, олисдаги бир афсона бўлиб қолаверади. Уларни замондошингдек қабул қил. Гўёки сен ҳозир шу зотлар билан учрашасан, гаплашасан…” Шундагина улар бизни ҳам ўзиники қилиб олади. Қўяётган спектаклимни шу сиймолар кўрганда нима дер экан, деб хаёлдан ўтказсанг иш умуман бошқача тус олади. Ўйлашимча, шоирлар “Агарда шеъримга Навоийнинг кўзлари тушганда не дер эдилар”, дея истиҳола қилганда эди, қанчадан-қанча шеърлар, ёстиқдай-ёстиқдай китоблар ёзилмаган бўларди. Лекин ҳаётда бундай принцип билан яшашни ҳаммаям эплайвермайди-да. Нима бўлган тақдирдаям, Навоийларни ўзимиздан узоқлаштирмасдан, яқин дўстдек қабул қилиш, улар билан суҳбатлашиш керак. Чунки олам ҳали тугагани йўқ. Тўрт-беш аср дунё учун ҳеч нарса эмас.

* * *

ДЎСТ, ҳамроҳ ахтараётганда ўй-фикрларингга мос одамни излайсан. Дўстлик доим бир хил мақомда кетмаётгани учун биров бировдан хафа бўлиши ўринсиз. Садоқатсизлигу оқибатсизликда айблаш ўта жўн қараш. Ҳаётнинг ўзи шу. Қайсидир дўстлар чиқиб кетади-ю, ўз-ўзидан бошқалари кириб келади. Чунки ҳаёт ўзгаради, фикрингиз ўзгаради. Дўстликни асраб қолиш қийин. Иккала томон ҳам тенгма-тенг руҳий ҳаракатда бўлгандагина бу муносабат узоқ давом этиши мумкин.

Бир одамдан “Сенинг душманинг қанча”, деб сўрашганда, у “Муваффақиятларимни иккига кўпайтиринг, ўшанча чиқади”, деб жавоб берган экан. Худога шукр, мен ҳам кўрдим… Уларга жавоб — фақат спектакллар. Ахир, кўчага чиқиб, дуч келган ҳар кимсага ундоғ эмас, бундоғ эди, деб чайналиб юролмайсиз-ку… Биласизми, гулни нима гўзал қилади? Унинг рангими? Йўқ, гул тикани билан гўзал. …Бир ҳофизни билардим, кўзи ожиз, юзи чўтир эди. Эй, худо, одам дегани ҳам шу қадар кўримсиз бўладими, деб ўйлайсиз. Лекин куйлаганда у кишидан гўзали йўқ эди. Одамни ишига бўлган муносабати гўзал қилади. Гўзалликка баҳо берадиган пайтда, одатда тақинчоқлару башанг либослар одамни гўзаллаштиради, деб ўйлаймиз. Аслида эса ортиқча безаклар аёл ҳуснига соя солади. Табиий жозибани йўқотади. Либос инсонни эмас, инсон либосни безаши керак.

* * *

ЙИҒИ — Оллоҳ неъмати. Қайсидир бир ёзувчи айтган, агар одам йиғламаса, кўз ёши билан чиқиб кетадиган тузлар унинг юрагини қоплаб, юрак тузга айланиб қолади, деб. Шу учун ҳам кўзёши шўр. Йиғи билан йиғининг фарқи бор. Агар сиз саҳнадаги Ҳамлетга ҳамдард бўлиб йиғласангиз у йиғининг кучи бошқа. Ундаги йиғини ўз йиғинг билан қиёслаб бўлмайди. Сиз дунёни қай даражада идрок қиляпсиз, бу йиғингизнинг кучида ва уни қандай ифодалаётганингизда кўринади. Билмадим, мен инсоннинг йиғиси билан интеллектини бир-биридан айро кўролмайман. Тафаккур тўлқинлантирган қалб ­туғёнининг қадри бўлак.

Қайсидир йил олимпиадада япон қизлари америка қизларига футболдан бой берди. Футболни шарҳлаётган болалар бир-биридан “Қара-чи, японлар йиғлашяптими”, деб сўраганда иккинчи шарҳловчи “Йўқ, японлар йиғламаяпти”, деб жавоб берди. ­Ваҳоланки, японларнинг ички йиғиси ниҳоятда кучли. Бошига бахтсизликлар тушганда ҳам бирорта кадрда ­дод-вой солиб, сочларини юлган японни кўрмадик. Йиғининг сифати ҳам ­миллатнинг характерига боғлиқ.

* * *

САНЪАТ ҳам тариқатга ўхшайди. Масалан, Нақшбанд таълимоти ҳақида ҳуда-беҳуда гапирганинг сари, у сендан ўшанча узоқлашиб кетаверади. Фақат санъаткор гапириши мумкин бўлган хос фикрлар бор, ҳамма ҳам эмас… Бир одамнинг китобини кўриб қолдим. Китоб ичида онаси, болалари, аёли, дўстларининг расми бор. Суратларга қараб туриб, бу бечораларнинг айби нима экан, деб ўйлаб қолдим… Бир уюм қоғоз ичига кириб олиб, “мўлтираб туриш”га нима мажбур қилди? Оллоҳнинг ўзи кечирсин-у, нондан кўра китобни улуғ деб биламан. Китобга ниҳоятда эҳтиёткорлик билан қарайман. Ҳатто тез-тез бир фикр бошимда айланади, шунақанги яхши китобки, уни ёмон одам қўлига олса, ҳарфлари йўқ бўлиб қолади. Ботилга ўзини ўқитмайди. Асарнинг ўзи у кимсанинг кўксидан итаради… Ҳайрон қоламан, қандай қилиб одам ўзи ҳақида ёзади? “Мен фалон ишни қилганимда… Фалончиев баракалла деб елкамга қоқиб қўйган эдилар. Оббо, ман-е, қойил ўзимга…” Ўзига эриш туюлмасмикан? Таржимаи ҳолни умримда бир марта ёзганман, тўрт қатордан ошмаган. Яна сиз, “Китоб ёзмайсизми” деб сўраяпсиз? “Ҳей, ўпкангни босиб ол, сен кимсан ўзинг? Одамлар сенинг “шонли йўлинг”ни ўқишга шу қадар муҳтожми?” деган ички овоз бу “орзу”ни ҳеч яқинига йўлатмайди.

Иқбол Абдураззоқ қизи ёзиб олди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 23-сон