Санжар Назар. Адабиёт — йўл излаш, демак… (2015)

“Шарқ юлдузи” журнали: — Бадиий асар тарбия воситасими? Яхши китоб эзгуликка, ёмони ёвузликка етаклашига ишонасизми?

Санжар Назар: — Саволга савол билан кимлар жавоб беришини яхши билсам-да, ўзимни тия олмадим: «Шу савол бошқа бир жамиятда ҳам берилиши мумкинмиди?» Ўзи билан ўзи гаплашаётган одамларга ўхшаб қолиш орқали ўқувчи кўз ўнгида аллақачон гавдаланган тимсолни янада тиниқлаштирган ҳолда айтаман: «Қийинов». Чунки адабиёт нима, унинг жамиятдаги роли қандай эканлиги аллақачонлар аниқлаб олингандек. Аммо нега унда сиз ўртага ташлаётган саволлар бизда бу қадар долзарб, табиий ҳамда ўринли? Ушбу саволнинг жавобига узоқдан келишга мажбурман.

Бундан 3-4 йил аввал ижодкор аёлларимиздан бири китобини нашр қилдириш мақсадида келди. Инграшга ўхшаш оҳанг берилган нутқида «биз сўз мулозимлари», «сўзга хизмат», «баланд (тоза) бир сўз излаётган бизлар» каби ибораларни шунчалик кўп ишлатдики, ахийри сабрим чидамай портладим: «Опа, шу нима дегани?» Опага бу савол шу қадар шаккок­лик бўлиб туюлдики, тили калимага келмай қолди. Балки шунчаки жавоби йўқ эди бу саволнинг. Зотан, бу чиройли ибора ва жумлаларда маъно йўқ ҳисоби. Жимжима ва олифталикдан бошқа ҳеч вақо йўқ эди, чамамда. Воқеадан бир неча кун ўтиб опанинг ўртамиёна шеърларини таҳрир қилиш учун кўздан кечирар эканман, бир ҳақиқатга гувоҳ бўлдим: бу – адабиёт эмас эди. Балки муаллиф кўп таъкидлаганидек, сўз эди. Шунчаки сўзлар. Бор-йўғи, сўзлар йиғиндиси. Опа адабиёт нималигидан умуман бехабар эди. У ўзининг адабиётга алоқаси бўлмаган қораламалари учун алоҳида ном ўйлаб топган экан. Кейинчалик кўплаб аҳли қаламларнинг турли-туман жимжимали «ёлғон»ларига бот-бот тўқнаш келдим. Ёзганларига «кўнгил товланиши», «руҳ жилваси» ва яна бир нималар деб ном берган, адабиётни «кўнгил иши»га йўйганларнинг аксарияти ўз ижоди асл адабиёт эмаслигини ич-ичидан ҳис қилиб, шуурорти англамларида тан олган бўлсалар, не ажаб!

Замонавий ўзбек адабиётидаги «модерн» ҳодисасининг изоҳи ҳам аксарият ҳолларда зикр этилганларга жуда яқин. Рассом Шокир Зокиров суҳбатларимиздан биридан шундай деганди: «Мусаввир ўз камолотининг маълум бир поғонасида реалликка «сиғмай» қолади. Мавжуд шакллар ва уларга мутаносиб табиий ранглар орқали фикрларини етказиши имконсиз бўлиб қолади. Шунда у реалликни «синдира» бошлайди». Биздаги модернизм реалликка етолмаганларнинг йўналишига айланди. Демак, ҳар бир модернист вазн, туроқ ва қофиядан юксалиб, ушбу воситаларни тарк этиши керак эди, аммо уларнинг аксарияти ёзганларини вазнга сололмай, сатр­ларига қофия тополмай модернистга айланишди.

Адабиётшуносликда ҳам шунга яқин ҳолатлар ҳукмрон бўлди. Ҳар ким хаёлига келганини гапирди, исбот талаб қилсангиз, «Бу менинг субъектив қарашим», деган «далил»га дуч келардингиз. Буюртма мақолалар пайдо бўлди. Таҳлилий мақолаларнинг кўпчилигини ўқишдан олдин: «Қаерлик бу мунаққид, кимлар билан улфатчилик қилади?» – деган саволлар туғилиши табиий ҳолатга айланди.

Унгача қарийб бир аср давомида адабиёт шунчаки тарғибот қуроли бўлиб хизмат қилганлигини ва шу нуқтаи назардан туриб ўрганилганлигини эътиборга олсак, бугун «Адабиёт нима?» – деган саволга жавоб излаётганлигимиз асло ғайритабиий ҳолат эмас.

Аслида, адабиёт тарбиянинг ўзидир. Эзгуликка муҳаббат, ёвузликка нафратни, ҳақиқат, адолат, гўзаллик ҳиссини, дидни, инсониятга, ҳаётга муҳаббатни, Яратганга бандалик туйғусини бадиий асар воситасидагина қиёмига етказиб тарбиялаш мумкинлигига ишонаман. Бадиий адабиётсиз зўр физик, математик, кимёгар, доктор бўлиш мумкин, аммо бу соҳаларнинг даҳосига айланиш имконсиз, деб ўйлайман. Адабиёт – мафкура, ғоя, дунёқарашларни ёйиш ва ўзгаларга сингдиришнинг гўзал шакли.

Менинг назаримда, бугун инсоният ўз инсонийлигининг энг юқори чўққисида турибди. Бу чўққига олиб чиқадиган пиллапоялар Гомердан Бодлергача, Софоклдан Зюскиндгача, Бедилдан Абдулла Орифгача мерос бўлиб келаётган бадиий тафаккурнинг олмос тиғлари ёрдамида йўнилган. Биз бугунги ёвузлик ва ноҳақликларга баҳони мислсиз эзгулик ҳамда адолатнинг булоғидан қониб сув ичган бир ҳолатда бераётганлигимизни ҳам унутмаслигимиз зарурдир, балки. Кечаги, тубанликдалигимиздаги мезонларда ўлчанганда бугунги аҳволимиз орзу эмасмиди?! Бу орзуга етишда бадиий асарлар йўлчи юлдузу пўлат қанот бўлмадими?!

Бузуқ киши учун яхши китобдаги эзгу ғоялар масхаралашгагина яраганидек, покиза фикратли инсон ҳам ёмон китобдан ёвузликни яхшироқ таниб, ўз йўлининг тўғрилигига кўпроқ амин бўлишни ўрганиши мумкин. Масалан, Г.Г.Маркеснинг «Мустабиднинг кузи» асарини мен кўпчиликка тавсия қиламан. Назаримда, бу асар Ҳитлер, Муссолини, Пиночет кабиларни таниб олишда яхши ёрдамчи бўлиши мумкин. Аммо асарни ўқиганлардан аксарият ҳолларда қарама-қарши фикрларни эшитаман. Маркес ўз бадиий ҳақиқатини очишда қўллаган дастаклари ҳаммага ҳам маъқул келавермайди. Айримлар ёзувчининг мақсадга етиш учун қўллаган тасвир-тафсилотларини ҳазм қилмасдан, асар қаърига беркитилган хазинадан йўл бошидаёқ воз кечиб қўя қоладилар. Бошқалар қора ва чиркин бўёқларни эмас, улар воситасида шаклланган ҳақиқатнигина кўришади.

Хос ўқувчи учун яхши китоб, ёмон китоб, деган тушунча йўқ бўлса керак. Дид ва эътиқод маълум даражага етгач, уларни бузиш мумкин эмас. Аммо ҳали шаклланмаган дид, дунёқараш учун асар танлаш ўта муҳим. Шаклланиш жараёни эса янада муҳимроқ. Менга қолса, мактабларда кичкина синфларданоқ мутолаа дарсларини киритиш зарур. Китоб танлаш, асарни тушуниш ҳижжалаб ўргатилиши керак.

— Энг катта адабиёт юрагимизда яшайди. Демак, адабиёт ҳар биримизнинг, ҳаммамизнинг ичимизда. Лекин адабиётга “яқин” бўлганимиз ҳолда нега дунёда зулм бор? Нега бугун инсоният янги йўл қидирмоқда? “Йўлини йўқотган дунё”да адабиётнинг ўрни ва роли борми? Нега у, яъни адабиёт дунёнинг йўлини йўқотишига жим қараб тур(а)ди? Энди-чи, адабиёт дунёнинг равишига таъсир этиб, унинг янги, муносиб йўл топишига илҳомлантирувчи куч бўла оладими-йўқми?..

Олдинги саволингизга жавоб бера туриб, бу масалага тўхталиб улгурган эканмиз. Дунёда зулм буткул йўқ бўлишини шахсан мен тасаввур қила олмайман. Э.Фромм «Инсон бўрими ёки қўй?» асарида инсон бир пайтнинг ўзида ҳам қўй, ҳам бўри эканлигини атрофлича таҳлил қилган эди. Золимлик ва мазлумлик ҳар биримизда яшайди. Баъзида қўй бўлиб бўри сувратида юрамиз, бошқа пайт эса қўй терисини ёпинган бўрига айланамиз.

Зулм мавжудлиги эмас, унинг ҳукмрон бўлиши муаммо. Чамамда, ҳозир инсоният ўз тарихининг зулм энг оз бўлган бир даврида яшаётир. Менга маълум тарихда одамзод ҳозиргидан кўра биофил – ҳаётни, тирикликни севувчироқ ва қадрловчироқ бўлмаган. Жумладан, адолатни ҳам. Бунда кўпроқ инсониятнинг энг илғор вакиллари етиб борган нуқта, касб этган камолот назарда тутилмоқда. Бугун зулм ҳукмрон бўлган нуқталар, жамиятлар ҳам мавжуд, аммо уларнинг олдида маёқ янглиғ забт этилган марралар ёғдуси турибди. Бу марраларга эса илм, маърифат ва, албатта, бадиий тафаккур қанотларида етиб борилган.

Мен анчадан буён қизиқ бир формулани илғагандек бўлиб юраман. Адабиёт соҳасида аксарият классиклар «туғилиш»идан олдин жиддий бир фалсафий қараш дунё юзини кўрган бўлади. Бу қарашни бағрида етилтирган жамият ислоҳ этилади ва шу ислоҳотлар пўртанасида буюк ижодкорлар юзага қалқиб чиқади. Навоий нақшбандийлик ва темурийлар давлатининг ислоҳотлари маҳсули эди. Чўлпону Усмон Носирлар жадидчилик, Сартр, Камюлар экзистенциализмнинг маҳсули бўлган. Ҳар қачон ва ҳаммада ҳам шундай эмас. Лекин бу кўп такрорланадиган бир ҳолатни эътиборсиз ҳам қолдириб бўлмайди. Нима демоқчиман? Йўл излаш, аслида, адабиётнинг вазифаларидан биридир. Ҳар бир пайдо бўлган улкан фикр адабиётга айланар экан, жамиятга таъсир қилар экан, майли, доимо эмас, кўпинча, буни яна бошқа қандай тушуниш мумкин?

Ортиқча некбинлик, қирмизи кўзойнакчилик бўлиб туюлмасин-у, аммо мен гуманизмнинг таназзул ва инқирозини кўра олмаяпман ҳеч. Аксинча…

Инсоният йўл қидираётганлиги бор гап. Аммо ўз йўлини излаётган одам йўлсиз эмас-ку, ҳатто у тўғри йўлдаги одам-ку.

Адабиётнинг якка ўзи дунёни ўзгартириб юбора олмас, аммо адабиётсиз ҳам дунёни ўзгартириш қийин кечади. Юқорида ёзганларимда шуни исботлашга ҳаракат қилдим.

— Битта асар жамиятга икки хил таъсир кўрсатадими? Нима учун?..

Битта асар икки хил эмас, минг хил таъсир кўрсатади. Фақат бир шарт бор: яхши асар бўлса. Яхши асар нима? Матн. Агар матн бақувват бўлса, универсал ҳам бўлади, унга чексиз маънолар юкланиши мумкин. Навоий ва Машрабдан қандай қилиб атеист ясашгани ҳали унут бўлиб улгурмади-ку. Қолаверса, бугун истеъдодли шоир борки, ҳаммасидан тасаввуфий маънолар топиш урф бўлганлиги ҳам бунга мисол.

Маркиз де Садни ёки Жованни Бокаччони ўқиганларнинг ҳаммаси ҳам ёмон одам бўлиб қолмаган дейман-у, талабаликдаги бир дўстимнинг гапи эсимга тушади. У баъзи асарларни бир варақлаб кўрарди-да, «Мен учун эмас бу китоб, ичимдаги ёмон жинимни семиртирар экан», – дерди.

Назаримда, ўқувчининг ақидасини бутлаб, дунёни қабул қилиш йўсини тўғри йўналишга буриб қўйилса кифоя. Масалан, 17 ёшимгача менга шахсий кутубхонамизда мавжуд бўлган «Минг бир кеча», Мопассаннинг «Азизим»и ўқиш учун тақиқланган эди. Албатта, мен уларни биринчи имконият туғилиши биланоқ олиб, яширинча ўқиб чиққанман. Аммо бу китоб­лар нима учун тақиқланганлигини тушунолмаганман. Ҳозир тушунаман. Ўзим ҳам болам учун бу китобларни тақиқлаган бўлар эдим. Аммо бу шунчаки кексараётган одамнинг қарашларига чанг солаётган консерватизмдан бошқа нарса эмасмикан, деб иккиланишдан ҳамон тўхтаганим йўқ.

Тимоти Райбакнинг «Ҳитлернинг шахсий кутубхонаси» асарини ўқиб лол қолганман. Ёвузликнинг мутлақ тимсоли бўлган фашистлар доҳийси «Дон Кихот», «Робинзон Крузо», «Том тоғанинг кулбаси», «Гулливернинг саёҳатлари»ни, Гёте ва Шиллерни ўқиган. Демак, битта асардан асли бузуқ одам бузуқлигига, асли тузук одам эса тузуклигига қувват олаверар экан-да.

— Хос ва омма диди ҳамда адабиёти ҳақида сиз нима деган бўлардингиз? Ҳаммага “ҳамма нарса”ни тақдим қилиш қандай оқибатларга олиб келади? Маънавий иммунитети ҳали етарлича шаклланмаган ёш авлодга қандай асарлар тавсия этиладию қандайлари йўқ?

Омма адабиёти деганларини сақичга ўхшатаман. Овора бўлиб чайнайсиз-ку, танингизга бирон-бир наф йўқ. Воқеаларнинг кетидан қувиб-қувиб биронта фойдали хулосага бошингизни уриб олмайсиз. Омма адабиёти бўлмаганида кўп яхши бўларди, аммо, афсуски, бор. Кераксиз тош сифатида у доимо оғирлик қилаверади. Бу ҳаммага маълум гаплар. Менинг қарашим эса қуйидагича. Майли, омма адабиёти бўладими, сариқ адабиётми, ўз ўрнида, ўз йўлида мавжуд бўлаверсин. Фақат бошқа мавқега даъво қилмаса бас. Фақат бу ҳам асл адабиёт деб уқтирилмаса кифоя. П.Коэльо, Х.Мураками ёки Б.Акунин билан бўлгани каби.

Бир пайтлар «санъат – санъат учун» қабилида ёзилган «Улисс»сифат мураккаб асарларни хослар адабиёти, деб тушунар эдим. Бугун ундай ўйламаяпман. Масалан, Холид Ҳусайний деган ёзувчининг «Шамол овчиси» («The Kite Runner») асари ўта содда ва равон тилда, ҳамма тушунадиган услубда, катта ҳақиқатлар ҳақида ёзилган. Патрик Зюскинднинг «Парфюмер» асари кимгадир детектив, ким учундир кўпқатламли чуқур рамзий асар. Аслида, бу Навоий боболарнинг услуби. «Лайли ва Мажнун»ни олинг. Авом ҳам, хос ҳам мазза қилиб ўқимайдими бу асарни?!

Бадбахт Ҳитлернинг ўқиган китобларини санаганимиздан кейин «Маънавий иммунитети ҳали етарлича шаклланмаган ёш авлодга қандай асарлар тавсия этилади-ю, қандайлари йўқ?» – деган саволга жавоб бериш ҳам қийин. Демак, адабиётдан олдин «маънавий иммунитет»ни шакллантириб олиш керак экан-да. «Маънавий иммунитет» мен эслаб ўтган бутланган ақиданинг ўзи, аслида. Одам бу синов дунёсидан ким бўлиб яшаб ўтишини аниқлаб олса, мақсадни топиб тўғри йўл тутса, асар танлаб ўтирмайди.

— Умидбахш ва тушкун адабиётнинг ўқувчи ва жамиятга таъсири масаласида нималар дея оласиз? Замонавий дунёнинг бугун қандай адабиётга эҳтиёжи бор?

Ўспиринлик даврларимда кўпроқ шеърлар ўқиб қайғуга ботганимни эслайман. Лекин бу қайғу тушкунлик билан бир нарса эмас. Бу дарднинг кўчиши эди, чамамда. Шеърдаги дардни юқтириб олармидим?! Ҳозир ўша ҳолатимни кўп соғинаман. Нимагадир яна ўша пайтлардаги каби китоб ўқиб дардга чўмсам, юлдузлар билан, шамол билан ва ўз-ўзим гаплашсам тозариб қоламан, деб ўйлайман. Айтмоқчиманки, адабиётдаги некбинлик ва тушкунлик ўта шартли тушунча бўлса керак. Масалан, Кафканинг «Эврилиш»и воситасида ўқувчи инсон қалбининг, шуурининг қоронғи пучмоқларига назар ташлаш имкониятига эга бўлади. Гўёки одамзоднинг ёқимсиз «асли»ни кўриб қолгандек бир ҳолатга тушган одамнинг аҳволи қандай бўлади? Тушкунми? Менимча, йўқ. У энди ўзини яхшироқ таниган, ўз ожизликларини биладиган мавжудот сифатида бироз бўлса-да комиллашади, деган хулоса тўғрироқдек. Каренинанинг ўлими муҳаббатнинг ўлими эмас, ошиқнинг ўлими, холос. Муҳаббатнинг эса тантанаси. Ҳаммаси яна ўша «тўғри ақида»га бориб тақаляпти. Умидбахш ва тушкун адабиёт эмас, некбинлик ва тушкунликка йўналган одамлар бирламчироқ. Ярим тўлғазилган пиёлага некбин ва тушкуннинг муносабати ҳаммага маълум. Адабиёт ҳам ярим пиёла сув мисоли, у ҳали тўлатилмаганми ёки ярмигача бўшатиб қўйилганми, буни ўқувчи дунёқараши, тафаккур тарзи ҳал қилади.

Асар ўқувчига таъсир қилиш орқалигина жамиятга таъсир ўтказиши мумкин. Ўқувчига таъсир ҳақида эса гаплашдик.

Одамларни, ҳаётни янада яхшироқ, чиройлироқ, меҳрибонроқ қиладиган адабиётга эҳтиёж бор. Бағрикенгликни тарбиялайдиган асарларга эҳтиёж бор.

— Ўтмиш меросни ҳар бир замон ўз мезонлари чиғириғидан ўтказиб туриши керакми? Нима учун?

Аввало, ҳар бир замоннинг ўз мезони бўлиши, замонлар оша мезонлар ўзгариши нотабиий ҳолат. Ҳамма замонларга хос мезонлар кўпайиши керак. Яқин ўтган замонамизнинг чиғириғидан бутун бошли капиталис­тик Ғарб дунёсининг маънавий бойликлари, Сўфи Оллоёр ва Чўлпонлар ўтолмаган. Аксинча, ўша замоннинг чиғириғигагина мосланган кўплаб асарлар бугунга келиб бир неча ўн йилдаёқ унут бўлиб улгурди. Акутагава айтганидек: «Бизнинг бахтимиз классикларнинг борлигида». Классиклар замонасоз чиғириқлардан бутун ўтган, асл адабиёт ҳақида дарак бериб турадиган манбага ўхшашади.

— Инсон тирик экан, ҳар доим танлов қаршисида туради. Худди уч йўл бошидан чиқиб қолган эртак қаҳрамони каби. Ҳар қанақа мулозаматни бир четга суриб қўйиб айтганда, тўғри танлов қилишда адабиётнинг роли борми-йўқми, бўлса, қай даражада?

Агар тўғри танлов қилишда адабиётнинг роли катта эканлигига ишонмаганимда, ҳар қанақа мулозаматни бир четга суриб қўйиб, шунча вақт сарфлаб саволларга жавоб ёзмасдим. Бу ролнинг даражаси аҳамиятли эканлигига ишонмаганимда ҳам.

Биронта оилада ота-она боласига: «Ёмон одам бўл, ўғри-қаллоб бўл», – демайди, ҳатто ўзлари ўғри-қаллоб бўлишса ҳам. Ҳар битта ота-она боласига: «Яхши бўл, тўғри юр, одобли бўл», – деб насиҳат қилади. Шундай экан, ёмон одамлар қаердан пайдо бўлишади? Кейинчалик ёмон одамнинг ота-оналари: «Мен ёмон бўлма деганман, яхши бўл деганман», – дея ёзғиришади. Нега болалари яхши бўлмаган? Назаримда, қалб ва шуурга ҳикмат, эзгулик ўрнашиши учун, содда қилиб айтганда, бола «яхши бўл» деган насиҳатни олиши учун қалб тайёр, зеҳн очиқ бўлиши керак. Тошга сочилган дондан буғдой майсаси кўкариб чиқмаганидек, юмшатилмаган қалбдан, ҳозирланмаган шуурдан насиҳат ўрин эгаллаб, эзгулик илдиз отмайди. Қалбни юмшатишнинг, шуурни ҳикматга ҳозирлашнинг йўлларидан бири, эҳтимол, биринчиси адабиётдир. Ҳозир бу жараённинг қандай кечишини таҳлил қилиш мавриди эмас. Мавриди бўлганда ҳам бунга ақлим етишига гумон қиламан. Аммо адабиёт воситасида миллат, мамлакат тарбия топишини аниқ биламан. Бадиий асар ўқир эканмиз, буюклар фикри билан фикрлаймиз, мазлумлар кўнгли билан оҳ чекамиз, қаҳрамон ҳаётини яшаб, курашиб ҳақни ботилдан ажратишга кўникамиз. Ҳеч компьютерда ўйнаётган болангизни кузатганмисиз? Ўйин қаҳрамони сакраганда, у ҳам сапчиб тушганига, қаҳрамонга ўқ отилганда, у ҳам чап бериб ўзини олиб қочганига эътибор қилганмисиз? Ўйиндан сўнг кўзини юмганида, компьютердаги тасвирлар қайтадан жонланаётганини завқ билан сўзлаб берганми болангиз? Бадиий асар ўқиётган одамнинг ҳолати ҳам жуда бошқача бўлмас?! Наҳотки, болангиз китоб ўқир экан, Дон Кихот янглиғ хаёлий тегирмонларга қарши жангга отланмайди, деб ўйласангиз, Мишкин бўлиб телба дунёга соғлом назар билан боқмайди, Алпомиш бўлиб ўз элининг ори учун қалқиб кетмайди, деб ишонсангиз?! Ғафур Ғуломнинг «Шум бола»си билан «миясининг қатиғи» чиқиб турган болага ўғирлик қилмаслик ҳақида насиҳат беринг-чи.

Суҳбатнинг бошида адабиёт тарбиянинг ўзидир, деган эдик. Тарбия эса «ё ҳаёт, ё мамот» масаласидир. Бу ёғи оддий мантиқий силлогизм услубида ойдинлашади: адабиёт – «ё ҳаёт, ё мамот» масаласидир.

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 2-сон


Санжар Назар 1974 йилда туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎЗМУ)нинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Мақолалари матбуотда ва тўпламларда чоп этилган. Ҳозирда «Akademnashr» нашриёти раҳбари.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!