Римма Аҳмедова: “Муҳаббат менинг кўзим бўлди…” (2005)

Агар ғамгин бўлсанг, севинчим — нажот,
Шод бўлсанг, ол, мана, ғамимни бердим.
Қанотинг бўлайин, сен ҳам бўл қанот,
Ҳамдардинг бўлайин, бўлгин ҳамдардим…

Шеърни ич-ичидан ҳис қилиб, шоир туйғуларини авайлаганча, гўёки ундаги дардни ҳуркитиб қўймаслик учун чўчигандек оҳиста ўқийди… Мен Ундан юқоридаги мисраларни бор йўғи бир марта эшитганман. Лекин ҳар гал учрашганимда сўзга кўчган бу ҳиссиётлар нур бўлиб унинг қиёфасидан ёғилиб тургандек бўлади. Дарвоқе, ундан шеър тинглаётганингда шеър муаллифини тамоман унутасан. Гарчи актрисанинг ўзи умрида ҳеч шеър қораламаган бўлса-да, лекин ботинида катта Шоир яшайди. Бу ҳаётни улуғлаган ва ундан ўшанча азобланган ҳам Унинг айнан мана шу шоир юрагидир…

Опанинг маҳзун қиёфасига, кумушга айланган бошига термулиб туриб, дубляж санъатида овози орқали яратган образлари, у иштирок этган спектаклларни кўриб, ўқиган шеърларини тинглаганимда, суҳбатлашганимда шунга амин бўламанки, бу аёлда ҳаммагада насиб этавермайдиган, ҳар қандай чиройданда юксак руҳий истеъдод мужассам. Санъаткорни қандай вазиятда, қай ҳолатда учратма, қиёфасида оғриқлар ўз ҳукмини ўтказган бўлишидан қатъий назар, ҳар қандай тош юракни ҳам эритадиган мунислик борлигини тан оласан. У ҳаётнинг талотўпларига ўзининг сукунатлари, сокин ҳайқириғи билан жавоб бериб келяпти. Шу билан бирга бу аёл қанчалик камтарин бўлмасин, ўз туйғуларини ҳам ҳурмат қила олади. Ўзига нисбатан маънавий талабни ҳамиша катта қўйганидан гоҳида ўзини ҳамда бизни ҳам койийди.

— Ижодкор сифатида мустақил асарлар устида ишлай олмадим. Фақат топширилган, зиммамдаги вазифамни ижро этдим, холос, — дейди у. — Ўйлаб қарасам, бу ҳаётга келиб қилган жиддийроқ ишим, ҳамма қатори уч фарзанд улғайтирибман. Аллоҳ уларни ўз паноҳида асрасин… Ўзинг билмас экансан олдинда ҳаёт сени қанақа даҳшатлари билан кутиб турганини. Дубляжга келсак, саноқли фильмлардангина кўнглим тўлади, ўшалардан иккитаси аллақачон йўққа чиққан. “Маугли” билан “Сангам”нинг биринчи нусхаси ўчиб кетган. Қайта қилган дубляжимиз у даражада муваффақиятли чиқмади. Уч-тўртта фильмни ҳисобламаганда, қолганлари ҳам деярли қўйилаётгани йўқ. Ҳолбуки, актёр сифатида юрагимнинг авра-астарини титкилаб ташлайдиган, кўпроқ меҳнат талаб қиладиган ролларга эҳтиёжим чексиз эди. Ортга қараб, ўтган йилларни бир-бир хаёлдан ўтказсам, барибир, актриса сифатида бахтли эканман. Бахтим шуки, устоз Тошхўжа Хўжаев, Александр Гинзбург, Баҳодир Йўлдошевдек ўз касбининг пирига айланган режиссёрлар билан ишлаганман. Уччаласи ҳам бетакрор режиссёрлар. Булар актёр ишончини қозона олган эди. Шу сабаб ҳам биз образ яратишда кўзлаган мақсадимизга сўзсиз етолардик. Шундай ҳолатлар бўлардики, бугун ўз ижронгдан қониқасан, сенда осмонга кўтаргулик қадар ички қанотлар пайдо бўлади. Аммо эртасига недир бўлади-ю, кечаги ички парвоздан асар йўқ. “Эҳ, аттанг, мана бу ерини кучлироқ қилишим керак эди” деб ич-ичингни еб, ўзингни койийсан, лекин аслида томошабин кечаги ролингни қандай қабул қилган бўлса, бугунгисини ҳам шундай қабул қилган бўлади. Чунки режиссёр тўғри йўналиш берган. Шунинг учун ҳам эмоционал жиҳатдан томошабинга тўғри етиб боради.

Александр Осипович актёрни ўз мақсади томон аста-секинлик билан олиб борарди. Қандай бориб қолганингни ҳам сезмасдинг, гўёки ҳаммасига ўзинг эришаётгандай. У “ҳа яхши, яна бир такрорлайлик-чи, ёмон эмас” деб бафуржа тушунтирарди. Натижада унинг хоҳлагани, менинг ўйлаганимдек бўлиб чиқар эди. Бу режиссёрнинг эмас, гўёки менинг талқинимдек бўларди. Гинзбургнинг биз билан ишлаши, репетиция жараёнлари, актёрларни образ ҳаётига олиб кириши заргарнинг ишидек аста-секинлик билан нозик кечарди.

Устозим Тошхўжа Хўжаев эса бўлакча. Унинг иш жараёни катта полотноларда, турли бўёқлардан йирик-йирик манзараларни акс эттирадиган рассомнинг ишига ўхшайди. Яъни Тўла ака аввалига тушунтирардилар. Актёрнинг ижроси қониқтирмаса, домлам шартта саҳнага чиқардиларда ўзлари ижро этиб берардилар. Албатта, у киши даражасида ҳеч ким ўйнай олмайди, лекин ўшанга қараб интилади. Режиссёр ижроси актёр учун мезон. Тўла ака кучли актёр эди. Гинзбург эса актёр эмасди. У фақат таҳлил қилиб танбеҳ берарди. Муҳими, режиссёр талаб қилаётган нарсани тушуниб, чиқариб бериш керак. Бунинг учун режиссёр актёрдан ҳар томонлама баланд туриши лозим. Агар актёрлар режиссёрдаги кемтикликни сезишса, ижодий жамоа ҳеч қачон шаклланмайди. Режиссёр эса аянчли аҳволда қолади.

Тошхўжа Хўжаев қўлида тарбияланган, Георгий Товстоногов мактабини кўрган Баҳодир Йўлдошев маълум вақт Гинзбург билан ёнма-ён ишлади. Баҳодирнинг илк ишлари ўз даврининг машҳур спектаклларидан бўлган. У театрга шамолдек шовуллаб кириб келди. Шу учун ҳам диплом асари Дюманинг “Ажал минораси”ни кўрган Гинзбург “Менга сенинг ёшлигинг, ғайратинг керак, сенга эса менинг кексалигим, тажрибам керак” деб айтган эди. Гоҳида репетицияларига Баҳодирни олиб кирар, унинг фикрларини тингларди. Бундай муносабат — кекса авлод билан ёш авлод, яъни саҳна сардори билан ёш ижодкор орасида жуда камдан-кам бўладиган ҳолат. Унинг актёрлар билан ишлаш услуби Тўла акамникига яқин эди. Спектаклни тўлалигича тасаввурига тиклаб олар, унинг якунини ҳам олдиндан кўра оларди. Спектакл воқеалари кўз олдида намоён бўлар, ҳар бир образу эпизодларгача яққол кўрарди-да, тезроқ натижасини кўришга шошилар эди. Тонг ёришмасданоқ ишни бошлаб юборарди. Бунга актёрлар ҳам ўрганишганди. Аввалига актёрни ўз ҳолига қўйиб тушунтирарди. Қарасаки, актёр умуман тушунмаяпти. Саҳнага чиқарди-да, ўзи кўрсатиб берарди. Ҳатто, эмоционал жойларда, лабини қаттиқ тишлаганча, кўзёшларини тўхтата олмас эди… Чунки у ҳам устозига ўхшаган табиатан актёр. Унинг ижросини кўрган актёр тўғри йўл фақат шу деб ўзига сингдирарди. ўзини сира ҳам аямас, имкон қадар буюртма спектакллардан қочар, ўзига, кўнглига таъсир қилган асарнигина саҳнага олиб чиқишга ҳаракат қиларди.

—     Сизнингча, бу режиссёрлик усулларидан актёр учун қай бири қулай ёки муваффақиятлироқ?

— Буни айтиш қийин. Менга уччаловиникиям тушунарли. Устозим Тошхўжа Хўжаев репетиция жараёнида, ўтирган жойларидан менинг сўзимни баланд овозда айтиб юборардилар. Шу ондаёқ ҳаммаси тушунарли бўлар эди. Баҳодирнинг услуби, ижоди менга яқин бўлганлиги учун унинг изланишларини сўзсиз қабул қилардим. Ўша вақтларда “Эксперимент нимага керак, театримизнинг анъаналарига тўғри келмайди-ку” деб эътироз билдирганлар ҳам бўлди. Мен ҳам анъаналарга таяниш тарафдориман, агар у ўз таъсир кучини йўқотмаган бўлса ва театрдаги ижодий ишларни янада юқорига олиб чиқа олса. Йўлдошев фикрларди. Тафаккур эса чек-чегарани билмайди. Ижодда мослашувчанлик ўзини оқламайди. Қолаверса, ҳамма учун умумий бўлган, ҳамма тушунадиган тилда асар саҳналаштиришни, ҳаммалашиб кетган услубни талаб қилиш нотўғри, бундай гўлларча муносабат санъатнинг имкониятларини чеклаб қўйишдан бошқа ҳеч нарса эмас. Ҳар бир режиссёрнинг ўз кўзи, талқини, яъни дасхати бўлиши даркор. Чунки томошабин савияси кўлмак сувидек бир жойда қотиб қолмайди. ўзгариб боради. Театрнинг нуфузини янада кўтарган “Қароқчилар”, “Рўйхатларда йўқ” спектакллари ўша изланишлар маҳсули. Бунда бетакрор Бримнинг декорациялари ҳам рол ўйнар эди, афсуски, бугунги авлод саҳнада “Юлдузли тунлар”ни кўрмагансизлар. Ана унда шоҳ ва шоир Бобурни кўрардингизлар.

— Режиссёр диктатурасига муносабатингиз?

— Агар режиссёр диктатор бўлмаса, дуч келган йўловчи бир-икки кечага тунаб кетадиган карвонсаройдан ҳеч қанақа фарқи қолмайдиган ўлик театр бўлади. Бугун у режиссёр келиб спектакл қўяди, эртага бошқаси. Ўйлашимча, бугунги театримизнинг энг кемтик томони ҳам шунда. Актёрларимизнинг ишга муносабати шуни кўрсатяптики, гўёки театрда шунчаки рўйхатда тургандек, келиб-кетишади. Албатта, ҳар қанча уринманг бу билан “театр қуриб” бўлмайди. Чунки ҳар бир одам ўзича олам, ўзининг ички низомларига амал қилгани учун ҳам ўзича ҳақ. Мисол учун россиялик машҳур режиссёрлар марҳум Мейрхолд, Товстоногов ё Марк Захаровни олайлик. Буларнинг бари диктатор бўлган. Нима учун кўп йиллардан бери Захаровнинг “Леньком”и яшаб келяпти? Александр Абдулов: “битта муҳаббатим бор, у ўлгунимча ўзим билан қоладиган ягона муҳаббат — бу Захаровга бўлган муҳаббат”, деб бежиз айтмаган. Захаров қўлида икки йилча ишлаган актёрлар: “У бизга ҳеч овозини кўтармаган, лекин уни кўрсак титраймиз” деб айтишади. Улар бу одамни жуда ҳурмат қилади, ишонади. Унга сўзсиз бўйсунади. Албатта, мен режиссёр жоҳил, шафқатсиз бўлсин демайман. Биринчи ўринда у актёрларини жон-дилидан севиши шарт, шундагина уларнинг тақдирига бефарқ бўлолмайди.

Театр — кичкина мамлакат. У ерда соғлом ва соф муҳит бўлиши, бу муҳитда муҳаббат ва ҳурмат ҳукмрон бўлиши шарт. Шундагина фикрини бир-бирига ўтказиш осон кечади. Буларнинг бари кичкина мамлакатнинг подшоҳи — режиссёрга боғлиқ.

Рол тақсимлаётганда режиссёр актёрнинг имкониятларини эътиборга олиши керакдир…

—     Шахсан мен “драматик актёрман, рақсга тушишни, ашула айтишни билмайман” деган гапни тан олмайман. Айнан драматик актёр ҳар тарафлама, синтетик актёр бўлиши жоиз.

Бу салбий ролларни, бу эса ижобий ролларни ўйнайдиган, буниси қаҳрамонларни ўйнайдиган актёр дейишларига ҳеч қачон қўшилмайман. Актёр биринчи ўринда психолог. Хоҳлайсизми-йўқми, ҳар бир режиссёр сизнинг ташқи кўринишингизга, савиянгизга қарайди.

Шундай дам бўладики, театрга табиати Гамлетга лойиқ актёр келади. Бундай вазиятларда “Гамлет”ни саҳналаштирмаслик гуноҳ. Лекин Гамлет бўлмаса, театр репертуарининг салмоғини кўтариш ниятида йўқ жойдан Гамлет ясаш, бу Шекспирни увол қилишдир. Истеъдодли актёрларни кашф этиш, қаҳрамонларни юзага чиқариш керак. Лекин бу “қаҳрамон” ясаш дегани эмас.

Афсуски, бизнинг томошабинлар режиссёр бу асарни қандай саҳналаштирибди деб эмас, актёрларни кўргани келади. “Отелло”нинг мазмунини билади, лекин бу актёр Отеллони қандай ижро этибди деб актёр ўйинини кўргани келган томошабин, агар у зийрак бўлса, саҳна декорациясини кузатиб, рассомнинг яхши ишлаганига амин бўлади ва ким саҳналаштирибдийкан дея режиссёрга қизиқа бошлайди. Шундан сўнггина режиссёр иши кўринади. Масалан, Баҳодир Йулдошев шу даражага кўтарилган эдики, одамлар актёрларни эмас, режиссёр талқинини кўриш учун театрга тушар эди.

Бир кун Римма опанинг столи устида Пушкиннинг “Қуръонга иқтибос”ини рус тилидаги вариантини ҳамда ўзбек тилидаги Абдулла Шер таржимасини кўриб қолдим, ундан “радиода ўқимоқчимисиз” деб сўраганимда шундай жавоб берди:

— Бу учун шеърни ўзимники қилиб олишим шарт. Қолаверса, овозим бўйсунмаяпти. Юрагимдаги туйғуларни тўлалигича чиқаролмаяпман. Ўзимни бардошли, ҳар қандай дардни енга оламан деб ўйлаган эдим. Қанча тишимни тишимга босмай, бугунги оғриқлар мени синдиряпти…

Саҳнада, одамлар орасида илк бор журъат қилиб ўқиган шеърим Усмон Азимнинг “Ҳаёт қўшиғи” шеъри эди. Тақдир қаршисида чорасиз — кечиккан кўнгил изтироблари: “Ерга боғлаб қўйилганман илдизим ер остида, Кечалари шовуллайман боқиб бўйи бастингга… Ел кафтида олиб келган ҳар шивиринг дилимда…” Қаранг, банди муҳаббатни шоир қанақа ифодалаган! Бу туйғулар юрагимга ниҳоятда яқин… Шеъриятни болалигимдан яхши кўрардим. Ҳамма ухлаб ётганда, ички ҳолатимга қараб такрор-такрор овоз чиқармасдан ўқирдим. Кўпчилик шеърни оҳанг берганча чиройли ўқийди. Лекин мен оҳанг бериб ўқий олмайман. Кўпроқ мазмунига эътибор бераман. Шарт эмас тиниш белгиларига, бўғинларига, оҳангларига, бир вақтда қофиясига тушавериш. Ёзган одам мисраларга юрагини берган, у ўз дардини ёзган, мен эса шеърнинг ичидаги юракни тинглайман. Шу сабаб ҳам ўқиётганда тиниш белгиларига аҳамият бермайман. Шеър замиридаги дард муҳим, ўзим қалбим билан етган, ҳис қилган изтиробни чиқазиб беришим шарт. Ўзимга таъсир қилган нарса, тингловчига таъсир қилади.

Римма опа, “Труд” газетасидаги интервьюда Наталья Бондарчук “… мени саҳнада кўрган отам йиғлади, спектакл тугаганидан сўнг у мен билан актёрлик касбининг бевафоликлари ҳақида узоқ суҳбатлашди” дейди. Ўйлашимча, Сергей Бондарчукни изтиробга солган нарса сиз учун ҳам бегона бўлмаса керак…

– Эҳ-ҳе, Бондарчук бундай дейишининг сабаблари кўп… Мисол учун “41- отилмасин” фильмида бош ролни ўйнаган гўзал актриса Извицкая қисматини олайлик. Хориждаям унинг довруғи кетган эди. Орадан кўп вақт ўтмасданоқ, уни кўкка кўтаришга сабабчи бўлган режиссёрлар назаридан қолиб, актрисани оқишлаган одамларнинг эсидан чиқади. Тасаввур қилинг, у осмонларга учиб юрган эди-ю, бирданига “тап” этиб ерга тушди. Фожиа шундаки, у машҳурликнинг алдамчи бўлса-да, ширин таъмини тотиб кўрган эди. Тўсатдан унутилиб кетиш ҳамманинг эътиборида бўлиб келган одам учун азоб. Хуллас, кўпчиликни ўзига маҳлиё қилган аёл ичиб-ичиб, ёлғизликда, оч қолиб, хор бўлганча ўлиб кетади. Артист эътиборга муҳтож. У имкониятини тўлалигича юзага чиқаришни хоҳлайди. Ичидан қайнаб келаётган куч унга тинчлик бермайди. Бунақанги тақдирлар, қисматлар камми?!

У шулар ҳақида гапираркан гарчи айнан Изольда Извицкая қисматидек бўлмаса-да, ўзи учун қадрли, руҳан маслакдошлари устози Тошхўжа Хўжаевнинг қисмати, унинг сўнгги кунлари, ўз шогирдидан кўрган бевафоликларини, ношуд раҳбарлар туфайли юраги зада бўлиб кетган ўлмас санъаткор Ботир Зокиров ҳаётидаги нотекисликлар ҳақидаги ўзидек маҳзун ҳикоясига тўхталади…

— Истеъдодли, қойил қолдирадиган даражада ўзини яққол кўрсатиб бера оладиган артистлар бор. Афсуски, уларнинг имкониятларидан ҳеч қачон тўлалигича фойдаланишолмаган. Ҳозир ҳам аҳвол шу. Ҳолбуки, уларнинг истеъдодини елга совурмасдан, имкониятларини очиш мумкин эди… Шўрлик актёр эса бу борада қарам.

Актёрнинг ҳаётида қанча дарз кетган жойлари бўлса, буларнинг бари унинг юрагини чизиқ-чизиқ бўлиб тилиб туради. Бу шилинган жароҳатларнинг ҳеч қайсиси изсиз кетмайди! Қанийди шунда саҳнага чиқсанг… ҳаммаси тайёр материал. Мана сенга — саҳна. Ҳаётнинг тарсакилари тўпланган юрагингни энди оч! Бу оғриқлар, дардлар, изтиробларнинг барча-барчаси актёрни эмоционал куч билан таъминлайди.

Умрни иғво, ҳасадлар билан емириб ташламасдан, нималардир қилиб қолишга улгуриш керак. Қайсидир актёр таниқли бўлишни, ҳамма уни таниб, тезда оғизга тушишни хоҳлайди. Аслида кўриниб туриш илинжида ўзини тўрт ёққа уравериш актёрни кўрсатмайди, аксинча кўмиб ташлайди. Бошқа актёрга умуман таниқли бўлишнинг ҳожати йўқ, ҳаттоки унга малол келади. У учун ҳайрат муҳим. Бу ҳайратни на шон-шуҳратга, на бойликка, ҳеч бир нарсага алишмайди. Табиийки, ҳайратни соғинган, қўмсаган одамнинг ўзи ҳам ҳайрат улаша олади. Таниқли бўлиш осон. Бу учун истеъдод керак эмас. Битта рекламага тушсангиз телевизорда сизни кунига 15-20 марталаб кўрсатса шунинг ўзи кифоя. Эртаси куни кўчага чиқсангиз “анави телевизорда чиққан” деб кишилар қўлини бигиз қилиб кўрсатади. Севикли бўлиб қолиш, уста даражасига етиб, машҳур бўлиш қийин.

Ҳеч ҳазм қилолмайман кулдирмаган, йиғлатмаган одам актёр эмас деган фикрни. Бу ўта саёз, жўн тушунча. Кулдириш ёки йиғлатиш санъат эмас! Бизнинг томошабинларни бачкана қилиғу гап-сўзлар билан кулдириш қанчалар осон бўлса, уларни йиғлатиш учун “Вой болеем” дейишнинг ўзи кифоя. Агар сен тўрт ёки ўн одамни ҳайратлантиролмасанг, демак, сен бугун ўз вазифангни бажармадинг. Бугунги кунингни ҳеч иккиланмасдан ҳаётингдан ўчириб ташла. Чунки ҳайрат излаб келган одамни алдадинг. Пулига, вақтига хиёнат қилдинг. Биласизми, фақат актёргина томошабин билан кўз уриштириб, ҳаёт ҳақида, унинг маъноси ҳақида катта суҳбат қура олади. Бу имконият на режиссёрда, на драматургда бор.

Залдаги томошабинларнинг ҳаммасини ёппасига ҳайратлантира олиш ҳам хом хаёл, бу учун томошабиннинг ўзи ҳам руҳан тайёр бўлиши лозим. Чунки ҳамманинг диди, қалби, савияси турлича. Одамларни йиғлатиш ёки кулдириш асосий мақсад қилиб олинган, қуруқ панд-насиҳатдан иборат, зални томошабинлар билан тўлдириш илинжида “манна — аншлаг!” дея майнавозчиликдан иборат томошалар санъатнинг қонунларидан чекинганлиги учун ҳам ҳеч қачон санъат асари бўлолмайди!

…Ўйлаб қарасам, умрим театр, дубляж, оналик вазифаси, шулар орасида зувиллаб ўтибди-кетибди. Аслида бу ҳаётда қила олишим мумкин ва шарт бўлган ишларни бажаришга улгуролмагандекман… Рўзғор ташвишларининг ҳаммасини ўз бўйнимга олганим учун, жонингизни қадрига етмагансиз, деб яқинларим мендан ранжишади. Қай бир маънода улар ҳам ҳақ… Мисол учун, ҳар кир ювганда кўйлакнинг фақат битта жойини ишқалаверсангиз, бора-бора кийим ҳам айнан ўша жойидан йиртилади. Барибир мен афсусланмайман. Чунки ўша дамларда бу меҳнатларнинг машаққати сезилмаган, малол келмаган. Неки меҳнат бўлса, барини севганлигимдан, азбаройи оиламга бўлган муҳаббатим туфайли қилганман. Шунчаки бурч юзасидангина эмас! Қолаверса, атрофингдагилар учун ўзингни сарфлашни ўзгача гашти бор… Ҳатто раҳматли аям1 ҳам “рўзғорнинг ҳамма юкини ўз елкангизга олманг, аравани икковларинг бараварига тортинглар” деб койирдилар. Лекин бундай қилолмасдим. Ахир, у — ижодкор! Имкон қадар майда ташвишлардан, оилавий икир-чикирлардан аяшим шарт эди. Қон-қонимга сингиб кетган ҳақиқат шу эдики, менинг ишларим-вақтимданда кўра унинг ўй-фикрлари, лаҳзалари қимматли эди. Режиссёр рафиқаси бўлганлигим учун ўзимни асосий роллардан четга тортиб келсам-да, ҳар бир спектаклининг муваффақиятидан сархуш бўлганимдан барча чарчоғу кўнгилхираликларни унутиб, бахтиёр бўлганча яна кундалик ташвишларига шўнғиб кетардим, Ҳаёт шу тарзда ўтаверди… Эркин бир шеърни кўп ўқийди, маъноси деярли шундай: “Дунёга келдингми, бозорга бор-да кафанлик ол”…

Агар ҳаётимни бошқатдан бошлаш имкони бўлса, кимдир менга “Римма, ҳаётингда сени мана бундай кўнгилсизликлар кутиб турибди” деганида ҳам ҳеч иккиланмасдан мана шу тақдирни барибир танлаган бўлардим.

Ҳаёт сиз учун нима?

— Агар шу кунгача неларгадир эриша олган бўлолсам, барисининг замирида муҳаббат ётади. Мен ҳаётни муҳаббат орқали кўрдим. Муҳаббат менинг кўзим бўлди.

Инсон ҳаётида шундай хатолар бўладики, уларнинг биттаси бутун умрингга етади. Қолган хатоларинг учун пойдевор вазифасини ўтайди. Энг асосийси Аллоҳ томонидан туҳфа этилган тан, қалб, онгни ардоқлаш керак. Хасталик — ночорлик, имкониятингни чекланганлиги демак.

Ҳаётда ҳеч кимдан ранжимаслик керак, деб ўйлайман. Чунки бу йўлларни Аллоҳнинг ўзи чизган,У ҳеч нотўғри чизмайди. Сиз билан менинг вазифам шу йўллардан, тақдиримда бу ҳам бор экан, дея қаноат билан ўтиш. Қаноатда ҳикмат кўп. Қанча ўнқир-чўнқир бўлмасин, бу йўллардан ўтишимиз зарур. Фақат бу йўллардан ўтаётганда тавба-тазарру билан, бизни ва бизга озор етказганларни ЎЗИнг кечир, деб ўтайлик.

Бу дарёдил аёл ўзининг дунёси, ҳикмати билан мен учун ҳаётнинг жўн ҳақиқатларини парчалаб ташлади. Яъни халқимиз орасида кўп юрадиган “Қизларнинг ҳаммаси яхши, лекин ёмон хотинлар қайдан чиқади” нақлини одамлар ўз заифлигини хаспўшлаш илинжида айтишини англатди.

Йиллар давомида ҳаёт ўзининг бўронлари билан бу “сокин дарё”нинг сувларини лойқалата олгани йўқ. Унинг мунислигида ҳатто кўпчилик эркакларда учрамайдиган сўнмас қатъият, тоғлар кўксини титратадиган мушфиқлик бор. У учун ҳаёт курашдан, меники-сеники дея тортишиб талашишлардан иборат эмас, шу боис саҳнани ҳам кураш майдонига айлантириб юбормади. У учун ҳаёт муҳаббат, бардош ва имконият… Бир инсон кўриши, чекиши мумкин бўлган дардларни инграмасдан енгиб келяпти.

Римма Аҳмедова билан ўтган суҳбатларимизни, унинг ҳаётини ўзимдан ўтказар эканман ич-ичимдан шундай жавоб сизиб чиқади: бу аёл шунчаки яшай олмайди, шунчаки рол ижро этолмайди. Шунчаки эътибор, муносабат, ўзи айтганидек “шунчаки шимга дазмол босиш”… Умуман, у “шунчаки” сўзи билан чиқишолмайди. Шунинг учун ҳам унинг оғриқлари, дардлари, севинчию БАХТИ шунчаки эмас...

Иқбол Қўшшаева,

2005 йил, декабрь

 


1 Қайнонаси Ўзбекистон халқ артисти Ширин Мелиева назарда тутилган.