Ўткир Ҳошимов: «Ҳақиқий ёзувчи Худо кўнглига солганини ёзади» (2011)

Бундан салкам 50 йил аввал сўз санъаткори Абдулла Қаҳҳор Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Чўл ҳавоси” қиссасини ўқиб: “Бирдан лов этиб аланга билан бошланган ижод­нинг келажаги порлоқ бўлади. …Шу аланга ҳеч қачон пасаймасин, ижодингиз ҳеч қачон тутамасин!” деб тилак билдирган эди. Орадан йиллар ўтди. Буюк Абдулла Қаҳҳорнинг дуолари ижобат бўлди. Ўзбек адабиётида ёзувчи Ўткир Ҳошимов қаламига мансуб гўзал қиссалар ва ҳикоялар пайдо бўлди.

Бу асарлар асосида суратга олинган видеофильмлар йиллар давомида зангори экрандан тушмай, халқимизнинг олтин меросига айланди. Уруш деган балонинг инсон ҳаёти ва руҳиятидаги тажовузкорона “акси” – “Икки эшик ораси” романида моҳирона “чизиб” берилди. Ўтган асрда халқимиз бошига тушган фожеалар, адолатсизликлар ва бунинг оқибатида топталган тақдирлар “Тушда кечган умрлар” романида акс эттирилди. Ёки…

Бир сўз билан айтганда, “аланга пасаймади”. Ишонамизки, ўзбек китобхони бу “аланга” тафтидан ҳали узоқ йиллар баҳраманд бўлажак.

– Адабиёт инсонни бедорликка ундайди. Тириклик пучмоқларидан маъно, моҳият ахтаришга ўргатади. Бу “ахтариш” жараёни эса инсонга ўзини танитади. Зеро, ўзни танимоқ, Ўзликни англамоқдир! Шу маънода, ҳақиқий ижодкор руҳият муаллимидир.

Чинакам бадиий асар ўқувчи руҳиятини юксалтиради. Ҳаяжонга солади. Асар қаҳрамони йиғласа қўшилиб йиғлайди, изтироб чекса у ҳам изтиробга тушади. Китоб ўқувчининг ҳаётига, ўқувчи китоб саҳифаларидаги “ҳаёт”га аралашиб кетади. Сиз ёзибсизки, “Шундай асарлар ёзсангки, китобхон уни ўқиганда ҳамма нарсани унутса. Асар қаҳрамонлари ҳаёти билан яшаса. Қувонса, изтироб чекса…”. Назаримда, бу орзуга эришиш ёзувчи учун энг буюк бахт ва энг юксак натижа бўлса керак.

Бугунгача ёзган китобларингиз ичида ана шундай “натижа”га эришгани қайси деб ўйлайсиз? Умуман, сўнгги йилларда адабиётимизда сизни ўқувчи сифатида ҳаяжонга солган, ёзувчи сифатида ҳавас уйғотган асарлар пайдо бўлдими?

– Саволингизнинг биринчи қисмига мен эмас, китобхон жавоб қилгани маъқул. Менга қолса, иккита ҳакам – Китобхон ва Вақт синовидан эсон-омон ўтган асар – ҳақиқий асар бўлади. Саволнинг иккинчи қисмига келсак… Оққан дарё оқаверади. Адабиёт асрлар давомида яшаб келган ва бундан кейин ҳам яшайверади. Ўқувчини ҳаяжонга солаётган асарлар бор. Бирини айтсак иккинчиси хаёлдан кўтарилиб, укаларим ва сингилларимни ранжитиб қўйишдан истиҳола қиламан. Ёзувчилар боғида бўлган ёшлар семинарида жуда пухта шоирлар ва ёш адиблар борлигини кўриб, бошим осмонга етди…

– Сизнинг асарларингиздаги қаҳрамонларнинг аксарияти хатолари учун жазо тортишга маҳ­кум этилган. Мисол учун, “Баҳор қайтмайди” қиссасидаги Алимардон, “Икки эшик ораси”даги Раъно ёки “Тушда кечган умрлар”даги Комиссар. Ёзувчи қаҳрамонларига “жазо тайинлаш”да ўз руҳиятидан келиб чиқадими ёки воқеалар силсиласи буни тақозо қиладими?

– Сиз айтаётган асар қаҳрамонлари қисмати анчайин мураккаб. Агар муаллиф “дунёда яхшилик тақдирланади, ёмонлик жазоланади”, деган қадимий ақидани шиор қилиб олса, у насиҳатгўйга айланиб қолар эди. Асар ёзилаётганида қаҳрамонлар муаллиф бошида ўйлаган “кўча”дан эмас, бутунлай бошқа томон юриб кетиши мумкин. Менга деса Алимардон тирик қолса ҳам асарнинг таъсир кучи пасайиб қолмас эди. Бироқ у сиз билан мен ўйлагандан кўра мураккаброқ шахс. Унда худбинлик билан бирга мардлик ҳам бор. У бировдан мағлуб бўлиб яшагандан кўра ҳаётдан кетишни афзал кўради. Уни мен эмас, ўзи ҳалок қилди. “Тушда кечган умрлар”даги Комиссар эса етмиш йиллик зулм салтанатининг тимсоли. Оддий эмас, ўта хавфли манқурт! Энг муҳими, ўқувчи асардаги одамлар (“персонажлар” эмас, айнан ОДАМЛАР) қисматига ишонса, ҳаяжонга тушса, адибга шуниси керак!

– ХХ асрни қаритган “…изм”лар инсоният бошига мислсиз кулфатлар келтирди. Инсон руҳи, қалби ва маънавияти сиёсий мафкуранинг қулига айлантирилди. Ғайриисломий ва ғайриинсоний ғоялар доялигида “пионер”, “комсомол”, “коммунист” сингари мавжудотлар туғилди. Мавжуд сиёсий мафкура билан “озиқланиб” улғайган бу авлодлар гўёки одамиятнинг идеал вакилларига айланди. Табиийки, ана шундай вазиятда бу “вакиллар” уруш майдонларидан, меҳнат лагерларидан, чўлу саҳролардан бадиий китоб саҳифаларига кўчди. Адабий қаҳрамонларга айланди. Айни ҳолат ўзбек адабиётида ҳам шаклан миллий, мазмунан “…изм”лар ғоясини тараннум этувчи асарлар пайдо бўлишига олиб келди.

Бугун бу аччиқ тарихни эслаб, ҳеч кимни маломат қилмоқчи эмасмиз. Зеро, ҳақиқий ёзувчи ўз даврининг виждони, миллатининг овозидир! Агар бу “виждон” оғримаса, агар бу “овоз” ёлғон оҳанглар таратса… бу энди бошқа масала. Айтмоқчи бўлганимиз: не тонгки, ўзбек адабиётида ана шу ғоявий ур-сурлардан омон чиққан асарлар талайгина. (Бу – ниҳоятда жиддий ва қувонларли ҳолат) Жумладан, сизнинг асарларингиз ҳам бу долғали давр синовларидан деярли талофатсиз чиқди. Албатта, бу ҳақда адабий танқидчиларимиз ҳам анча-мунча ёздилар. Уларнинг эътирофича, бу ёзувчининг ростгўйлиги билан боғлиқ экан. Айтинг-чи, ёзувчининг “рост ёзиши” дегани нима ўзи?

– Ҳозир мен учун энг муҳим ва энг қийин жараён – танланган асарларни танлаш бўлаётир. Ижод дегани бетакрор бўлмоғи керак. Роман ва қиссалар, саҳна асарлари ва ҳикоялар, ҳажвиялар ва бадиалар орасидан энг яхшиларини танлаш ва улар бир-бирини так­рорламаслиги шарт. Яратганга шукроналар қиламан: бадиий асарларнинг ҳаммаси иложи борича Инсон ҳақида, унинг қисмати ҳақида ёзилган экан! (Уларнинг бадиий савияси ҳар хил бўлиши мумкин, энг яхшилари, яъни бугунги китобхонни ҳам ўйлатадиганларини танлаш керак). Хуллас, ўша асарларни қайта кўр­ганимда бутун-бутун бобларни қайтадан ёзиш, айрим қаҳрамонлар қисматини “ўзгартириш” ёки асардан умуман чиқариб ташлаш зарурати бўлгани йўқ. Бироқ ўша пайтдаги айрим тушунча ва сўзларни тўғрилаш керак бўлди. Дейлик бугунги китобхонга “телефон будкаси”, “телефон трубкаси”, “автобус тўхташ жойи”, “студент”, “иккинчи курс”, “район”, “узел”, “участка”, “перашка” деганга ўхшаш сўзлар бегона. Аммо булар шунчаки, йўл-йўлакай тузатиладиган деталлар холос.

Ростгўйлик масаласига келсак. Бу принцип бизнинг авлодга Қаҳҳор домла ва Озод домлалардан юққан. Абдулла Қаҳҳорнинг яхши таъбири бор, эшитгансиз: “Адабиёт – атомдан кучли, унинг кучини ўтин ёришга сарфламаслик керак”. Устознинг тағин бир гўзал ташбеҳи бор эди. “Ҳақиқий ёзувчи СЎЗни тонналаб олиб, граммлаб сотади!” Бунга ким қанчалик эришгани ёки эришмаганини айтолмайман. Бироқ асарда ҳар бир сўз, ҳар бир жумла маъно ташиши ва жаранглаб туриши керак.

– Ижодкор деган номга муносиб бўлиш учун аввало истеъдод керак. Истеъдод дегани эса пулга сотилмайди ёки уни ўқиб ўзлаштириб бўлмайди. Бу жиҳатдан ёзувчилик қалб амри билан боғлиқ жараён. Шунинг учун бўлса керак, ёзувчиликни “кўнгил иши” дейдилар. Ҳарқалай, адабиётимиз дарғалари ана шу ақидага биноан фаолият юритганлар. Яъни, бу зотлар бошқа касб билан тирикчилик қилиб, бўш вақтларида “кўнгил иши” билан машғул бўлишган. Дарвоқе, улар “кўнгил иши” учун бировдан қалам ҳақи ҳам олмаганлар. Аммо кейинчалик ёзувчилик том маънода ижтимоий-маънавий масалага айланиб қолди…

– Ижод – чиндан кўнгил иши. Ҳақиқий ёзувчи Худо кўнглига солганини ёзади. Сўзнинг илоҳийлиги, бадиий ижодининг қудрати ҳам шунда. Тўғри, Алишер Навоий ҳазратларидан тортиб Махмургача барча ижодкорлар бирон давлат ишида фаолият кўрсатган ёки маълум ҳунар эгаси бўлганлар. Муқимий хаттот, Гулханий ҳунарманд, Завқий маҳсидўз, Огаҳий мироб, Аваз Ўтар сартарош, Махмур сарбоз бўлган. Бироқ ҳақиқий ижод ҳеч қачон “шахсий масала”, “кўнгил иши” бўлиб қолган эмас. Агар шундай бўлса, шоир ёзган шеърини ўзи севган маҳбубасига, адиб эса романини улфатларига ўқиб берса, шу билан кифоя қилган бўлур эди. Қаламкашлар асарларини китоб қилиб чиқариб овора бўлиб юрмасди.

Энди саволингизнинг иккинчи қисми – ижод аҳли меҳнатини рағбатлантириш масаласига келсак. Ҳазрат Навоий билан шоҳ Бобурга тил теккизмай қўя қолайлик. Навоий ҳазратлари улкан салтанатнинг бош вазири бўлганлар. Вақти келса, султон Ҳусайн Бойқаронинг ўзи ҳам Мавлонодан қарз олиб тургани ҳақида гап-сўзлар юради. Бобур эса ўз номи билан шоҳ бўлган. Бинобарин, улар қалам ҳақига эҳтиёж сезмаганлар. Бундан ташқари, ушбу алломаларнинг асарларини хаттотлар нари борса, юз нусха, минг нусхада кўчирганлар. Сиз айтган бошқа шоирлар ҳам қалам ҳақи нималигини билмаганлар. Аммо айтинг-чи, кўзи тириклигида Гулханийнинг нечта китоби чоп этилган? Муқимийнинг-чи? Огаҳий, Завқий, Аваз Ўтар, Махмурнинг нечта китоби неча минг нусхада чиққан ва неча юз мингга сотилган?

Бугунги кунда китоблар (ҳақиқий бадиий асарларни назарда тутаяпман) ўн минглаб нусхада чоп этилиб, миллионларга сотиляпти. Яъни, китоб – товарга, товар эса – пулга айланяпти. Бу – табиий ҳол. Адиб асар ёзмаса, нашриётга олиб бормас эди. Наш­риёт уни китоб қилиб чиқаришдан моддий манфаат кўришга кўзи етмаса, таҳрир қилмасди. Матбаа корхонаси фойда кўрмаса ўн минглаб, юз минглаб нусхада чоп этмасди. Китоб савдоси фойда кўрмаса, “эркин нархда” сотмасди. Демак, ёзувчининг “кўнгил иши” фақат маънавий эмас, моддий бойликка ҳам айландими? Унинг меҳнатидан бошқалар ҳам озми-кўпми наф кўряптими? Шундай экан, китобдан бошқалар қатори муаллиф ҳам моддий манфаатдор бўлишга ҳақли. Негаки асарни йўқ жойдан бор қилган муаллифдир.

Жаҳон қонунчилигида, жумладан “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунда муаллифга китоб номинал баҳосининг ўн фоизигача ҳақ бериш мумкин, деган мезон бор.

Бугун ҳамма ерда бўлгани каби бизнинг мамлакатда ҳам китоб нашр этиш бутун бир индустрияга айланган. Бу эса ёзувчилик қандайдир “шахсий юмуш” эмас, жиддий, маънавий, ижтимоий ҳодисага айланди, дегани. Негаки, китоб ўн минглаб хонадонларга кириб боради ва китобхонлар онгини шакллантиради.

– Ўткир ака, ростини айтсам, юқоридаги мулоҳазаларни энди берилажак саволга замин ҳозирлаш учун айтган эдим. Ҳақиқатдан ҳам ёзувчилик “шахсий юмуш” эмас. Чунки бу “юмуш” ўн минглаб хонадонларга кириб борар экан, энди у ижтимоий-маънавий аҳамият касб этади. Агар мана шу талаб нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, кейинги пайтларда пайдо бўлаётган айрим “асар”лар кишини ташвишга солади. Дейлик, ҳамёни бақувватроқ бир ўртоқ “кўнгил иши”да – “роман” ёзади. Харобгина “роман”ни нашриёт муҳаррири “уҳ” торта-торта таҳрир қилиб чиқади. Матбаа корхонаси чоп этади. Китоб савдоси “роман”ни сотади. Қарабсизки, “асар” китобхонга етиб боради ва… энди, натижани сиз айтинг.

– Адабиётимиз равнақи учун муҳим аҳамият касб этадиган босқич, бу – қаламкаш ва нашриётнинг алоқаси масаласидир. Бугунги кунда Республикамизда ўнлаб нашриётлар, юзлаб босмахоналар фаолият кўрсатмоқда. Қонунга биноан лаёқатли ҳар бир юридик ёки жисмоний шахс ноширлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақли. Оммавий ахборот воситалари сингари нашриётлар ҳам кўп бўлгани яхши. “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, “Ўзбекистон”, “Янги аср авлоди”, Ғафур Ғулом номидаги ва бошқа нашриётлар билан бир қаторда бир қанча нодавлат ва хусусий нашриётлар ҳам бор. Инсоф билан айтганда, уларда ҳам яхши-яхши китоблар нашр этилмоқда. Масалан, “Мумтоз сўз” нашриётида…

Афсуски, ноширлар орасида бозор бошида ўтириб олган чайқовчиларни эслатадиганлари ҳам йўқ эмас. Юқорида айтилган, ёзувчиликнинг кўчасига кирмаган “адиб”ларнинг бозорини чаққон қилаётганлар шундай ноширлардир. Улар эшикдан кириб келган муаллифнинг истеъдоди, ёзган асарининг бадиий қувватига эмас, чўнтагига қараб баҳолайдилар. Бир танишим шундай нашриёт директорининг хонасига кириб, тасодифан гувоҳи бўлган ҳангомани айтиб берган эди.

Шундай қилиб, башанг кийинган бир одам хонага киради ва директорга “зўр роман” ёзиб ташлаганини, шуни тезроқ ва чиройлироқ китоб қилиш кераклигини, тахминан беш минг нусхада чоп этишнинг “харажати” қанча бўлишини сўрайди. Нашриёт раҳбари китоб ўртачароқ ҳажмда бўлса, шунча тираждаги нашр баҳоси тахминан фалон сўмларга тушишини, шунинг учун ўн беш-йигирма фоизини олдиндан “предоплата” қилиш лозимлигини айтади. Бояги “классик адиб” дипломатидан бир салапан халта пул чиқариб, “мана, ўша “предоплата”, уч ойда китобимни чиқарсангиз, қолганини оласиз”, дейди.

Билмадим, балки бу анчайин ошириброқ айтилган гапдир. Қолаверса, бозор иқтисоди шароитида ноширларга ҳам осон эмас. Жамоага маош бериши, қоғоз сотиб олиши керак, яна аллақанча харажатлар бор. Лекин у “роман” қўлтиқлаб келган ўша “жаноб”дан “барака топгур, ўзингиз кимсиз, аввал бирон сатр ёзганмисиз, қўлёзмангизни ким ўқиди, ким тавсия қилди?” деб сўраши керак-ку! Ё буёғи “така бўлсин, сут берсин”ми? Ўша романнавис муаллифда Худо юқтирган истеъдод бўлса-ку, ҳалоли бўлсин! Истеъдод бўлмаса-чи? Роман ёзиш ғишт қуйиш эмас-ку! Лев Толстойдек даҳо адиб етмиш йил фаол ижод қилганига қарамай нима учун бор-йўғи учта роман ёзган? Хоҳласа, етмишта романни қойил қилиб ташлаши мумкин эди-ку! Ўзимизнинг устозлар – Абдулла Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Асқад Мухтор, Шуҳрат домла, Ҳамид Ғулом, Мирзакалон Исмоилий, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўлмас Умарбековлар ҳам хоҳласа беш-ўнтадан роман қолдириши мумкин эди-ку! Нега бундай қилишмаган? Гап шундаки, роман ёзиш учун роман тафаккури, роман қамрови керак. Қолаверса, уч юз ёки беш юз саҳифанинг ҳаммасини баб-баравар ёритиб турадиган қалб алангаси керак! Китобхонни ларзага соладиган инсонлар қисмати, халқ ва жамият ҳаётининг катта қатламини тасвирлаш зарур. Охир-оқибат ўша асар китобхоннинг маънавий мулкига айланиши керак. Бадиий адабиёт дегани шунчаки “шахсий кузатувлар” ёки олди-қочди “воқеанавислик” эмас!

Устоз Абдулла Қаҳҳорнинг бир гапи бор эди. “Учувчиликни билмаган одамни самолёт штурвалига яқин йўлатмайдилар. Аммо ёзувчиликнинг кўчасига кирмаган одам “асар” ёзиб ташласа, ҳеч кимнинг иши йўқ!” Истеъдоди мундайроқ бўлса ҳам “қўли узун ёзувчи”нинг “шедевр” китобини қандай қисмат кутади? Бу ҳолат икки хил бўлиши мумкин: китоб чиққач, йиллаб дўконларда чанг босиб ётади ёки аксинча, муаллифнинг “таъсири” билан сотилиб кетади. Аммо ҳар икки ҳолатда ҳам бундай “ижод намунаси”нинг фойдадан кўра зарари кўпроқ бўлади. Сабаби, у китобхонни ҳақиқий адабиётдан чалғитади. Халққа маънавий зарар келтиради. Шу китоб ўрнига босилиши мумкин бўлган бошқа истеъдодли асарларнинг йўлини тўсади. Буниси ҳам маънавий зарардан бўлак нарса эмас.

“Самиздат” деган тушунча бошқа мамлакатларда ҳам бор. Майли, кимдир “ном қолдириш” учун китоб чиқармоқчи экан, бунга йўл бериш керакдир. Бироқ бунақа китоблар истеъдодли қаламкашлар, айниқса ёш ижодкорларнинг асари ўрнига чиқмаслиги керак.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Бугунги кунда нашриётларга тўла эркинлик берилган, уларнинг фаолиятига ҳеч ким четдан туриб аралаша олмайди. Лекин ана шу эркинликни тўғри тушуниш, масалага масъулият билан ёндошиш даркор. Яъни, фақат иқтисодий манфаат ортидан қувиб, бадиий жиҳатдан заиф, миллий маънавиятимиз, қадриятларимизга тўғри келмайдиган, адабиётнинг обрўсини туширадиган китоблар нашр этилишига йўл қўймаслик керак!”

Кўпчилик қаламкашларни ташвишга солаётган бу масалага давлатимиз раҳбарининг ўзи бу қадар ойдинлик киритгани жиддий гап!

Албатта, сўз эркинлиги, ҳурфикрлик улуғ тушунча. Бу ўринда гап тақиқлаш, “цензура қилиш” ҳақида кетаётгани йўқ. Бироқ истеъдоди борми-йўқми, хоҳлаган одам хоҳлаган “асарини” ёзаверса, хоҳлаган ношир хоҳлаган китобини босаверса, хоҳлаган “савдо ходими” хоҳлаган китобини хоҳлаган жойида “эркин нарх”да сотаверса, булар маънавиятга қандай таъсир қиларкин?

– Модомики, ўқувчига асар тақдим қилиш, китоб нашр этиш жараёни шу қадар масъулиятли экан, энди тайёр китобни сотиш муаммоси ҳам чакана масала эмас. Зеро, миллат маънавиятига, маърифатига дахлдор масалаларга шунчаки қараб бўлмайди.

– Китоб савдоси – адабиёт тараққиётида муҳим рол ўйнайдиган масала. Тан олишимиз керак, китоб савдоси соҳасида ҳам муаммолар етарли. Албатта, китоб савдосини тўғри ва оқилона йўлга қўйган ташкилотлар йўқ эмас. Масалан, “Шарқ зиёкори” китоблар маркази фаолияти кўп томонлама ўрнак бўларлидир. Бу ерда “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти томонидан чоп этилган китобларгина эмас, бошқа нашриётларнинг маҳсулотлари ҳам сотилади. Марказнинг ҳамма вилоятларда бўлимлари бор. Ҳозир Тошкентдаги бир неча олий ўқув юртларида китоб савдоси ташкил этилмоқда. Муҳими, марказ тасарруфидаги тармоқларда китоблар қатъий белгиланган нарх билан сотилади. Бу масалага алоҳида тўхталишга тўғри келади.

“Баҳоси эркин нархда” деган, бош-кетининг тайини йўқ тушунча мавжуд экан, одамларга маъқул китоблар савдосида мантиққа зид вазиятлар пайдо бўлаверади. Ноқулай бўлса ҳам бир мисол айтишим мумкин. “Шарқ” компаниясида чоп этилган бир китобимнинг “номинал баҳоси” икки ярим минг сўм деб белгиланган эди. “Шарқ зиёкори”дан ўзим ҳам шу баҳода сотиб олдим. Орадан кўп ўтмай, шаҳар марказидан тахминан беш чақирим наридаги бир жойда шу китобнинг ўзи етти минг сўмдан сотилаётганини кўриб ҳайрон қолдим. Тасаввур қилинг, китобни бир дўкондан сотиб олиб, нарироққа бориб сотаётган “ишбилармон” ҳар бир китобдан уч ҳисса “даромад қилса” ва бу бир неча йил ижод қилиб, асар ёзган муаллиф олган қалам ҳақидан анчагина кўп бўлса, ғалати туюлар экан. Яна талай эл севган адиб ва шоирларнинг китоби ҳам турли жойларда икки-уч ҳисса қимматига пулланаётганини кўрдим. Албатта, кимдир сенинг меҳнатинг мевасидан озми-кўпми манфаатдор бўлса, Худога шукр қилмоқ керак. Бироқ инсоф сари барака, деган гап ҳам бор.

Менга қолса (бошқа ҳамкасблар ҳам бу фикрга қўшилади, деб ўйлайман) китобим қанча арзонроқ сотилиб, қанча кўпроқ ўқувчига етиб борса, шунча яхши. Демоқчиманки, китоб савдоси масаласида ҳам тўпланиб қолган анча муаммолар бор. Мамлакатимизнинг чеккароқ шаҳар ва қишлоқларида китоб дўконлари йўқлиги, борлари ҳам ёпилиб, ўрнига бошқа нарсалар сотиладиган савдо “точкалари”га айланиб кетгани жуда жиддий муаммо. Китоб нархини назорат қилиш ҳам аллақачон етилган масала. Бу ўринда “бозор иқтисоди”нинг “эркин нарх” деган тушунчаси ўзини оқламайди. Жаҳон тажрибасидан ўргансак бўладиган мисоллар бор. Дейлик, Германияда ҳар йили аҳоли жон бошига ўртача юз долларлик китоб харид қилинади. (Катталар ва болалар адабиётини қўшиб ҳисоблаганда). Энг муҳими – у ерда китоб қатъий нарх билан сотилади. Худди аптекадаги дори-дармонларни белгиланганидан қиммат сотиш мумкин бўлмагани каби китобни ҳам “устама нарх” қўйиб пуллаган сотувчи қонун олдида жавоб беради! Менимча, бу тажрибани ҳам ўргансак зарар қилмайди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, қаламкашлик шунчаки ҳавас учун қоғоз қоралаш эмас. Адабиёт – ҳали айтганимиздек жиддий маънавий-ижтимоий ҳодиса, маънавият биносини тутиб турган устунлардан бири. Ижодкор эса худди қадимий юнон афсоналаридаги атлантлар каби ўша устунни елкасида кўтариб туришга маҳкум. Зеро, ижод – вақти-вақти билан сайрибоғ қилинадиган “шон-шуҳрат” гулшани эмас, завқли, айни пайтда оғир ва масъулиятли юмушдир.

Суҳбатдош: Алишер НАЗАР

“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 3 (244)-сон.