Маънавий тарсаки оғриғи (ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбат) (2011)

– Бош муҳарриримиз: “Хуршид ака билан анъанавий суҳбатларга ўхшамайдиган, иложи бўл­са баҳс уюштириб берсангиз”, деб қолди. Рози бўлдим. Шу сабабли, рухсатингиз билан гурунгни узундан-узоқ кириш сўзларисиз, ғарб журналистикасига хос бўлган “тўнтарилган пирамида” усулида, яъни асосий мавзудан бошласак.

Хуршид ака, Сиз асарларга баҳо бераёт­га­нингизда муаллифларни “ҳаваскорлар” ва “про­фес­сионаллар”га ажратасиз. Назаримда, бу ўзига хос “двойной стандарт”да адабиётнинг қанотини қайирадиган унсур бордек. Келинг, фикримни изоҳ­­лашга уриниб кўрай.

Яхши биласиз, бундан деярли бир аср му­қад­дам, аниқроғи 1929 йили Абдулла Қаҳҳор бўш асарларни чоп этган бир таҳририят ижод­корларига қарата: “Инсоф қилинг, ахир “қишлоқ мухбиримиздан келди” деб айнан босиб бўла­дими?” дея хитоб қилганди. Фикримча, бугунги кунга келиб мазкур жумла озгина ислоҳ билан яна жаранглаяпти, яъни “қишлоқ мухбири” ўрнига “ҳаваскор ёзувчи”ни қўйсак кифоя. Зеро, бу талқин айрим ҳолларда қанақадир имтиёзлар берувчи индульгенция вазифасида ҳам қўлланилаётгандай (Бу ҳақда ҳали тўхталамиз).

Лев Толстой “Санъатнинг моҳияти тўғрисида” номли асарида ибратли бир ҳолатга алоҳида тўхталиб ўтади: “Бутун Европа алқаб келувчи Золя, Бурже, Гюисманс, Киплингларнинг машҳур роман ҳамда қиссаларини қунт ва ҳафсала билан ўқиб чиқдим. Айни вақтда, мутлақ нотаниш бир ёзувчининг болалар журналида босилган бир камбағал бева хонадонида пасхага тайёргарликнинг бориши тасвирланган ҳикояси ҳам қўлимга тушиб қолди. (Гап Ф. Ф. Тишенконинг “Ржаной хлебушко – калачу дедушка” ҳикояси хусусида кетмоқда. – А.Й.) Золя. Бурже, Гюисманс, Киплинг ва бошқаларнинг роман ҳамда қиссаларини ўқиб, мен бирор сония таъсирланганим йўқ… Номаълум муаллифнинг болалар ва жўжалар ҳақидаги ҳикоясини эса бошимни кўтармасдан ўқидим, чунки муаллифнинг тасвирлаганлари – эҳтимолки бошидан кечирганлари, ҳис этганлари менга дарҳол юқди-қўйди…”

Ҳар қалай, Толстой ўзини ларзага солган асарга умумадабиёт талабларидан келиб чиқиб ёндошган, “сен ҳаваскорсан” деб муаллифнинг елкасига қоқиб қўймаган деб ўйлайман.

…Уч-тўрт йил бўлиб қолди, жиззахлик қаламкаш Сирожиддин Алиқуловнинг бир мунгли ҳикоясини ўқиб қолдим. Гарчанд бу “жонли лавҳадан рангсиз кўчирма” (Пушкин) бўлса-да, сизга ҳикоя сюжетини айтиб беришга уриниб кўраман. Чекка қишлоқ. Ота-онаси ўлиб кетган, ичкиликбоз акаси ва бир бурда нонни бошига бир муштлаб берадиган золим янгаси уйида яшайдиган шўрлик чўпон қиз. (Достоевскийнинг Мариси эсингизга тушаяптими?) Шу бечорани ифлос бир ҳамқишлоқ йигит зўрлайди. Тез орада тўй бўлади. Тўй тугагач, ёмғир ва шамолли тунда келинчак чимилдиққа кирмайди, ўзини абгор аҳволга солган йигитнинг олдига келади ва уни бир амаллаб ўша машъум воқеа содир бўлган жар ёнига олиб келади. Кейин йигитни маҳкам ушлаб олиб, ўзини жарга отади… Эртаси куни одамлар “Шўрлик келинчакни анави аблаҳ олиб қочиб кетибди, жардан олиб ўтаётган маҳал қулаб тушишибди”, деган хулосага келишади. Бир эмас, икки жон ҳалок бўлди. Бу даҳшат. Аммо… аммо қиз ўзининг пок номини, шаънини сақлаб қолди-ку… Анча кунгача шу ҳикоя таъсиридан чиқолмай, ўзим умримда кўрмаган-билмаган муаллиф билан ғойибона баҳслашиб юрдим. Бундай яхши маънода “даҳшатли” ҳикоя битиб қўйган қаламкашни “ҳаваскор”лар сафига қўшиб бўладими?

Аввало, “Ёшлик” журналининг эътиборидан мамнунлигимни айтиб қўяй. Озмунча қаламкашни тарбияламади, йўлга солмади журнал! Бу борада журнал шахсан ўзим учун ҳам ниҳоятда қадрли.

Баҳсга келсак. Одатда оддий суҳбатдан кўра баҳс-мунозара қизиқроқ ўқилади, чунки баҳслашувчи томонлар ўз нуқтаи назарларини ўртага ташлаш асносида ва табиий, баҳсда бўш келмаслик мақсадида, баъзан қизишиб, қарашларини кескинроқ тарзда баён этишга ҳаракат қилишади. Бироқ мен ҳеч ким билан баҳслашиш ниятим йўқ. Хусусан, адабиёт, бадиий ижод, бадиий тафаккур мавзусидаги тортишувлар жараёнида бирор ҳақиқатга ойдинлик киритиладими-йўқми, бир нарса дейиш қийин, лекин ҳуда-беҳуда гап кўпайиши муқаррар (мисолни узоқдан изламайлик, Сиз мени баҳсга чорлаш ниятида берган мана шу саволингиздаги Абдулла Қаҳҳор, Лев Толстой ва Сирожиддин Алиқуловдан келтирган мисолларингиз менга унчалар ўринли туюлмади, улар гапни кўпайтирмоқда, холос). “Шу гапингизнинг ўзи баҳсли-ку”, дейишингиз мумкин. Шунинг учун ҳам мулоҳазамга изоҳ беришга тўғри келяпти.

Бадиий тафаккур, бадиий ижод ва умуман санъат асарига берилган ҳар қандай холис баҳо замирида ҳам субъективлик бўлмай иложи йўқ. Қизиғи, бадиий ижод, биринчи навбатда бадиий дид, бадиий савия демакдир. Бунга қўшимча ўлароқ, ихтиёрийлик деган гапни ҳам унутмайлик. Тушунчасидан, дидидан қатъи назар ҳеч ким ҳеч кимни ижод қилиш ихтиёридан маҳрум этолмайди. Мен эса ҳатто баҳсли, баҳсга киришган ҳолатларда ҳам мен билан мулоқотдаги кишининг қарашларига зуғум ўтказиб қўймасликка ҳаракат қиламан. Мен мутлақ ҳақман, деган нуқтаи назар адабиётда кетмайди. Бу шахсий фикрсизликка олиб келмаслиги керак албатта, шахсий қарашлар айтилмоғи керак, лекин гап мутлақлик ҳақида бормоқда. Айтмоқчиманки, ҳар кимнинг ўз ўлчови, мезонлари, тошу тарозуси бор. Мен ўз қарашларимни байроқ қилиб кўтаришдан кўра, бошқалардаги мавжуд фикр-мулоҳазаларни авайлаш муҳимроқ деб ўйлайман. Шу сабабдан менинг мулоҳазаларимни қабул қилиш-қилмасликларидан унчалик оғринмайман.

Асарларга баҳо бераётганда муаллифларни “ҳа­васкорлар” ва “профессионаллар”га ажратишга келсак. Тўғри, у ёки бу чиқишларимда мавзуга ушбу мезонлардан келиб чиқиб ёндашган бўлсам бордир. Лекин бунда адабиётнинг қанотини қайирадиган (?) “двойной стандарт” (?) топганингизни тушунмадим. Умуман, ҳар қандай соҳада, такрор бўлса, узр, айниқса бадиий ижодда профессионаллик ва ҳаваскорлик тушунчаси ниҳоятда муҳим, ғоятда нозик ва қатъий чегара-белгиларини аниқ-тиниқ белгилаш қийин бўлган масалалардан ҳисобланади. Бадиий асарнинг юқори профессионал даражада яратилганини кўрсатувчи муҳим кўрсаткичлар бир талай: ғоя, мақсад, сюжет, тил, фабула, оҳанг, ҳажм, диалог, тасвир йўсини, кульминация, яхлитлик, меъёр, мувозанат, муаллиф нуқтаи назари ва иштироки, ниҳоя… Эҳтимол, бу ҳаммаси эмасдир, лекин уларнинг бари бири-биридан аҳамиятли, бири-биридан муҳим ва ҳатто шарт бўлган (!) талаблардир. Бадиий асарнинг бадиийлигидан, бадиий тафаккурнинг юксаклигидан, бадиий маҳоратнинг ўзига хослигидан далолат берувчи унсурлардир. Таъкидлаб қўяй, бу сингари мезонларни кимдир ўйлаб топган ва жорий этган эмас, балки Арасту ва Навоий замонларидан ҳозирга қадар бадиий-эстетик маҳорат мезонлари сифатида эътироф этилган ­­ БАДИИЙ ИЖОД ТАБИАТИДАН келиб чиққан тушунчалар. Афсуски, гоҳида профессионаллар даврасида ҳам ҳаваскорлик даражасида фикрлашдан узоқлаша олмасликни кўриб ранжийсан киши.

Лев Толстой қайсидир номаълум муаллифнинг, Сиз С.Алиқуловнинг ўзингиз тасвирлаган ҳикоясидан таъсирланган бўлишингиз мумкин. Таъсирланиш мут­лақо ихтиёрий ҳодиса, бинобарин, Толстой бобо ҳам, Сиз ҳам бу ўринда тўла ҳақлисизлар, лекин ҳар иккала мисолда келтирилган ҳикоя ҳам профессионал савияда яратилган эмас (ўзим ўқиб кўрмаган икки асар ҳақида бундай кескин хулоса чиқариш ноқулай, албатта.) Таъсирланиш бошқа, профессионаллик бошқа. Сезяпман, Сиз асар профессионал даражада ёзилган бўлса-ю, ўқувчига таъсир кўрсатмаса ундай профессионалликнинг нима кераги бор дерсиз. Ундан кўра, келтирилган икки мисолдагидек таъсирли асар ёзиш керак-да, деган ақидани тўғри деб ҳисобларсиз. Шу ақидангиздан келиб чиқиб С.Алиқуловнинг ҳикоясидаги келинчак образи (ҳай-ҳай, Достоевскийнинг Марисига яқин келтириш қийин-ов!) унутилмас бадиий маҳорат тимсоли деб қарарсиз. Бордию, шундай ўйласангиз, шундай ҳисобласангиз, янглишасиз.

Фикримга янада ойдинлик киритиш учун салгина четга чиқиб бўлса-да, шахматдан мисол келтирай. Бир партияда рақиблар ўртача ўттизтадан йўл юришди дейлик. Жаҳон миқёсидаги шахмат усталарининг деярли барча йўллари ўзларига хос мақомдаги профессионал даражадаги йўл сифатида баҳоланади, адоқсиз муҳокамаларга мавзу беради. Битта-иккита учрайдиган фавқулодда хато йўллари эса ҳаваскорлик даражасидаги янглишмовчилик ҳисобланади. Ҳаваскор шахматчилар учрашувидаги ҳар икки рақибнинг ўттизтадан қилган юришларининг қарийб барчаси эса ўзларининг даражаларидан юқори кўтарилмайди. Фақат айрим ҳолатларда ғоятда ўхшатиб топилган юришгина профессионал даражадаги йўл сифатида олқишларга сазовор бўлади, холос.

Бундан қандай хулоса чиқади: профессионал шах­­­матчи хатосига қарамай профессионаллигича, ҳа­васкор эса “даҳшатли” йўл топганига қарамай ҳа­васкорлигича қолаверади. Ким қайси шахматчининг ўйинларидан завқ-шавқ олади, таъсирланади буларнинг бари яна дид, яна савия, яна… алланималарга бориб тақалаверади…

­­Хуршид ака, ўйлашимча, аввалига “Ўн саҳи­фасини кўрайлик-чи, ёқмаса, ўқимаймиз-қўямиз” дея “Бечора одамлар” романини қўлга олган, сўнг қўлёзмани тун бўйи зўр ҳаяжон билан ўқиб чиққан, тонг саҳарда извошда бутун Петербургда изғиб, муаллифни қидирган муҳаррир Нек­расов билан шоир Григорович бахтли инсонлар. Чунки улар Белинскийдан “Янги Гогол туғилди!” деб суюнчи сўраб турганлари ҳолда, аслида улуғ Достоевский даҳосини кашф этгандилар.

Шукр, юртимизда истеъдодли ижодкорлар кўп. Аммо, шоир айтганидай, элга даҳолар керак.

Ёдингизда бордир, “Ҳуррият” газетасида сўров ўтказганингизда, ХХ аср ўзбек адабиётининг энг яхши асари сифатида “Ўткан кунлар” тилга олинганди. Бу нимадан далолат беради? Наҳотки ке­йинги етмиш йил ичида Абдулла Қодирий даҳосига тенг ижодкор дунёга келмади? Ё ўзбек адабиёти “Ўткан кунлар” даражасидан юқорига кўтарила олмадими?

Кейинги йигирма йилнинг ўзида юздан ортиқ(!) роман ёзилибди. Аммо бу “ҳосил”нинг анчагина қисми адабий макулатура эканлиги Сизга яхши равшан бўлса керак.

Гап бу жанр ҳақида кетаркан, Эркин Аъзамнинг бир салмоқли фикрини эслаб ўтмоқчийдим: “…роман деганларида янги бир воқелик, янги руҳ, мураккаб характерлар, уларнинг чигал тақдири, шулардан туғиладиган салмоқли бир фалсафа, фикрлар бўлмоғи лозим. Китобхонни у илгари нотаниш янги бир дунё, янги воқеликка бошлаб кирмоғи даркор”. Мана шу жиҳатдан қараганда, каминага ёзувчи Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар”, Эркин Аъзамнинг “Шовқин” романлари адабиётимиздаги воқеа бўлиб кўринади. Бу асарлар жаҳон адабиётининг сара намуналари билан беллаша олади деб ўйлайман. Бундан уч-тўрт йил бурун яратилган “Жазирамадаги одамлар” (Луқмон Бўрихон) романи ҳам шундай эътирофга муносибдек.

Кичик жанрларга келсак, Назар Эшонқулнинг “Қултой”, Улуғбек Ҳамдамнинг “Бир пиёла сув”, “Кўзини очиб юмган одам”, Исажон Султоннинг “Сувдаги коса”, Муяссар Тиловованинг “Олмазор”, Дилрабо Мингбоеванинг “Талант” ҳикоялари, менинг фикримча, биз шартли равишда “жаҳон адабиёти” деб атайдиган баланд “планка”дан бемалол ошиб ўта олади. Мен оддий ўқувчи сифатида шундай деб ўйлайман. Сиз ўзимизнинг ёзувчиларнинг бирон асарини ўқиётганингизда Некрасов билан Григорович аҳволига яқин аҳволга тушганмисиз?

Абдуқаюм, дўстим. Мен матбуот сўзи маданияти, одоби муаммолари мавзусида озми-кўпми кузатишлар, тадқиқотлар олиб борганимдан хабардорсиз. Сиз билан кеча ё бугун танишганимиз йўқ, ҳар қалай, кўпгина қарашларимиз бир-бирига бегона ҳам эмас деб ўйлайман. Шулардан келиб чиқиб, саволингизнинг охирги қисми кўнгилга пича оғирроқ ботганини ҳам сездириб қўяй.

Адабий воқеа бўларли асар ўқиб Некрасов билан Григоровичнинг аҳволига тушиш… бундай ҳолатларда “аҳвол” сўзи қўлланилмайди, ёхуд шартли равишда қўлланилади, оғайни, чунки одам ёмон, оғир ёки аянч­ли аҳволга тушиши мумкин, Сиз айтган инсонлар қувончларини босолмаган, хурсандчиликдан ўз­ларини қўярга жой тополмаган ҲОЛАТДА ёш Достоевскийнинг уйини излашга тушишган. Ўзини адабиётга, ижодга дахлдор соғлом фикрли киши учун бунинг ҳеч бир ажаб­ланарли ери йўқ (қолаверса, айни ўша даҳолар Достоевскийни кейинги асари учун матбуоту йиғинларда “оббориб-опкелишгани”дан ҳам хабардорсиз). Бундай ҳайратланишу эътирофнинг бетакрор намунаси нуроний Лутфийнинг навқирон Навоийнинг машҳур мисраси муносабати билан бўлиб ўтгани ҳам ёдингизда, албатта.

“Ўткан кунлар” ҳақиқатда улкан ва ноёб асар. Яна йигирма йилдан кейин сўровнома ташкил этилса ва бу роман яна замонавий ўзбек насрининг шоҳ намунаси сифатида тилга олинса ажабмас. Лекин бундай сўровномаларга бериладиган жавоблару эътирофларни ҳам тўғри тушунмоқ керак. Айрим ҳисобларга кўра, миллий адабиётимизда ҳозирга қадар 500 дан ортиқ роман эълон этилган бўлса, Сиз айтмоқчи, кейинги йигирма йил бадалида 100 та роман яратилган бўлса (бу жуда оз!), уларнинг бирортаси “Ўткан кунлар”га тенглашолмади ёки ундан заиф деган хулоса чиқармаслик керак. Умуман, масаланинг бу тарзда қўйилиши унчалик тўғри эмас. “Уруш ва тинчлик” яхшими ёки “Жиноят ва жазо”ми?.. “Жараён” маъқулми ёки “Бузрукнинг кузи”ми?.. “Ўткан кунлар”ми ёки “Улуғбек хазинаси”ми?.. Қулоққа ғалати эшитилмаяптими, бу тарздаги чоғиштиришлар?..

Масала бошқа томонда. Масала роман тафаккурининг ўзгарувчанлигида, бу ўзгариш тўхтовсиз давом этаётганида! “Роман” тушунчасининг идрок этиб бўлмас даражадаги сарҳад билмаслигида. Бирор-бир романни (жаҳон адабиёти дурдоналарини қўшиб айтганда) ҳар жиҳатдан бекаму кўст, яъни идеал асар дейиш жуда-жуда қийинлигида! Роман шу қадар мураккаб ВОҚЕАки, тирик мавжудодки, ундан истаганча фазилат ҳам, истаганча қусур ҳам топиш мумкин. Барча унсурларига кўра мукаммал роман бўлмаса керак…

Иброҳим Ғафуров, Шукур Холмирзаев, Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султон, Аҳмад Аъзам сингари адибларимизнинг сўзни ҳис этишдаги, ҳар қандай ҳолат тасвирини ифодалашдаги тиниқлик ва топқирлик олдида ўзимни ҳамиша талабадек ҳис қиламан. Сиз номларини келтирган Назар Эшонқул, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам, Саломат Вафо қаламига мансуб асарларда учрайдиган топилмаларга ҳавасим келади. Аниқ мисоллар сифатида бир қатор ҳикояларни санаб ўтишим мумкин, аммо-лекин “Этакдаги кулба” таъсирида Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, “Тун қаъридаги шуъла” таъсирида Луқмон Бўрихон, “Қисмат” таъсирида Исажон Султон, “Аёл” ва “Кўланка” ҳикоялари таъсирида Зулфия Қуролбой қизи, “Учинчи башорат” таъсирида Рисолат Ҳайдарова, “Қор элаган кун” таъсирида Ҳабибулло Ҳайдар, “Сиртлон” таъсирида Шомирза Турдимов, “Шикор” таъсирида Дурбек Қўлдошев сингари адиб ва адибаларимиз тураржойларини қўлимда гулдасталар тутиб излаб боришга тайёр ҳолатга тушганимдан ва бугунги кун адабиётимизда мана шундай бадиий кашфиётлар юз бераётганидан самимий қувонганларимни ҳеч қаерда яширмайман.

Хуршид ака, қайдадир ўқигандим, Жорж Сименон яратган 214 романида етти мингта сўз бирлигидан фойдаланган экан. Пушкинда бу миқдор йигирма мингга яқинни ташкил этган, Навоийда эса олтмиш мингдан ошган экан. Бироқ кейинги йилларда пайдар-пай яратилаётган кўплаб асарлар муаллифлари бу борада Сименонни ҳам ортда қолдириб кетишаётгандай. Ҳолбуки, адабиёт энг аввало сўз санъати.

Тасаввур қиласизми, кейинги пайтларда қўш­ни маҳалладан тушган келинни ҳам бемалол “келгинди” деб аташмоқда. Ваҳоланки, Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар”ини ўқиган одам бу сўзнинг нақадар қаттиқ ҳақорат эканлигини жуда яхши билади. Шунга қарамай, энг оммавий санъат бўлган кинода “Келгинди куёв”, “Келгинди келин”, “Келгинди қайнона” деган фильмлар яратилди ва улар “ойнаи жаҳон”да тинмай айлантирилиб турилибди. Яқинда эса янги бир фильмнинг номи орқали бахт ёки муҳаббат эмас, ҳаёт ҳам кечикиши мумкинлигига иқрор бўлдик.

Келинг, Сўзни ҳис қилиб, тежаб-тергаб, се­виб-авайлаб ишлатиш борасида биттагина мисол келтириб ўтай: “Ёз охирлаб бормоқда эди, теварак-атроф сездирмасдан таназзул фаслига тайёргарлик кўрар, ялпизнинг сарғая бошлаган банди, сувнинг эндиликда тўқ зангор тусга кириши, жийда баргларининг бирма-бир тўкилиши ва ниҳоят, ҳаддан ташқари тиниқ, зангори осмондан кузнинг сокин нафаси уфуриб турарди. Болакай бир зумга чумолидан нигоҳини узиб, ялпизнинг ҳам жуда қарилигини кўрди, шўрликнинг танаси йўғонлашиб-семириб, кўпдан-кўп бачки шохчалар чиқариб юборган ва иси ҳам аввалги сингари нозик-нафис эмас, қуюқ ҳамда ачқимтирроқ эди. Ҳатто салом-алик ўтининг уруғи-да ўсимликнинг қариганини, шунинг учун ҳам уруғини ерга сочиб юборганини таъкидлаб турарди. Чумоли тинмай чиранаверди ва пировардида, туйқусдан сип-силлиқ орқаси ёрилди, ёриқларидан оқиш-сарғиш суюқлик отилиб чиқа бошлади, ҳавони чумоли заҳрининг ўткир иси тутиб кетди. Шунда ҳам уруғни тортиб олмоққа тиришар эди…” Бу тиниқ тасвир табиат куйчилари бўлмиш К. Паустовский, В. Астафьев ёки ўзимизнинг Шукур акадан эмас, суҳбатимизда исми кўп тилга олинаётган И. Султоннинг бундан йигирма йил бурун чоп этилган “Муножот” қиссасидан. Бўладиган бола бошидан маълум деганлари шу бўлса керак-да.

Сизнинг ҳам олим, ҳам ёзувчи сифатида бугун яратилаётган асарлардаги тил масаласига муносабатингиз қандай эканлиги бизни қизиқтиради.

“Келгинди” сўзини ўзингизга оғир олманг, жўра. “Ўтмишдан эртаклар”даги бу туйғу тасвири ҳам жуда майда (ўзи майда-ю, асорати оламни бузади бу касофатнинг!) тасаввурлардан келиб чиққан. Ахир тирик жон борки, ёруғ дунё учун ҳамма-ҳаммаси келгинди-ку!.. Салгина йирикроқ бўлайлик.

Бадиий асарда тил маҳорати масаласи алоҳида муаммо. Тил маҳоратининг илдиз томирлари тафаккур тарзидан, дунёқарашдан, ижодкорлик концепциясидан бошланади. Ижодкорнинг ўйлагани нима, нияти нима, уларни қай йўсинда ифода этмоқчи, асар учун қай оҳанг ва меъёрни танламоқчи, жанр йўналишини қай тарзда белгиламоқда?.. Буларнинг барчаси пиравордида тилда ўз ифодасини топади, барчасининг “тақдири”ни тил ҳал қилади. Бор қиладиган ҳам, йўқ қиладиган ҳам тил.

Сўзни ҳис қилишнинг ўзи улкан санъат, истеъдод, маҳорат. Бу борада ҳар ким тинимсиз ишлаши, изланиши, мактаб ўқувчиси мисол ўрганиши зарур. Афсус­ки, мен бу борада мураббийлик даъвоим йўқ. Бундан олдинги савол жавобида бир қатор адибларимизнинг номлари келтирилди. Тил сабоғига қодир ижодкорларни адабиётимиз майдонига сафарбар этиш унутилиб қолаётгани яхши эмас.

Абдулла Қаҳҳорнинг “Ёзувчи адабиётга икки хил киради: биринчи асари билан тутаб, биринчи асари билан яшнаб киради… Тутаб кирган ёзувчи узоқ тутайди, кўнглидан чиқариб эмас, қорнидан чиқариб асар ёзади…” деган ҳикматли гапини кўп эслайман.

Яқинда бир қаламкашнинг семизгина асарини каминага тақризга бериб қолишди. “Қориндан чиқариб” ёзилган асар “танқиддан тубан” бўлиб кўринди кўзимга. Аммо мени бошқа нарса ўй­лантириб қўйди. Шу “асар”га муҳаррир машҳур фалончи ака, сўзбоши муаллифи янада машҳур пистончи ака… Мен уларга ачиндим: ахир осон бўлмагандир “қора”ни “оқ” деб ёзиш. Шу туйғу баробарида кўнгилда бир иштибоҳ, ҳам уйғондики, нима бало, бундай “ёзғувчи”ларнинг истак-хо­ҳишларини адо этишга тайёр муҳаррирлар, тақ­ризчилар, “оқ йўл” тиловчилар, ноширлар қатлами пайдо бўлдими ё бу воқеа аллақачон содир бўлиб улгурганми?..

Хуршид ака, Сиз кино соҳасини яхши тушунасиз. Биласизки, йилига ўн-ўн иккита фильм давлат буюртмасига кўра, давлат маблағига суратга олинади. Тахминан бундан тўрт баробар кўп картина эса хусусий студияларда. Рекламанинг зўри ўша картиналарда. Ваҳимали тарзда тарғиб-ташвиқ қи­линган аксар фильмларни бориб кўрсангиз, ҳафсалангиз пир бўлади, улар Тўйтепадан нарига ўтолмаслигининг сабаби ҳам шу бўлса керак.

Энди гурунгимиз аввалидаги мавзуга қайтсак. Кинодагига ўхшаш ҳолат адабиётда ҳам юз бермаяптими? Яъни “ҳаваскор” мақомига муносиб кўрилгани боис талаб унчалик қаттиқ қўйилмаган айрим “ёзғувчи” графоманлар чоп этаётган катта ададли жилд-жилд китоблар ўқувчи қўлига етиб бормоқда, кутубхоналарни эгалламоқда. Томошабин учун кинонинг қайси студия ишлаб чиқаргани аҳамиятга эга бўлмаганидай, ўқувчи учун ўқилган асар муҳим, муаллифнинг “ҳаваскор” ёки “про­фессионал”лиги эмас. Энди бу “ёзғувчи” китоб­ларини қўлтиқлаб уюшмага келади, “мени аъзо қилиб олинглар, ахир шунча китобим чиқди-ку”, деб иддао қилади.

Албатта, бошидан ўтган табиб. Шундай “классик ёзғувчи”лардан бири суҳбатларидан бирида тўғридан-тўғри “Ўзбек детектив адабиётини мен билан Тоҳир Малик яратдик”, деб қолди. Яна бошқа биттаси “шедевр” асарини пул тўлаб рус тилига таржима қилдирган экан. “Шу ижодкорнинг сазаси ўлмасин”, деб уни интернет орқали Россиядаги нашриётлардан бирига юбордик. Афсуски, у ёқдан келган кескин салбий баҳо (“Разве это художественное произведение?”) боис анча пайтгача хижолат чекиб юришимга тўғри келди ва минбаъд бундай ишларга қўл урмасликка қарор қилдим: маънавий шапалоқнинг изи узоқроқ сақланиб тураркан. Мен ана шунда нима учун айрим ғарб давлатларида “бестселлер” яратувчи қаламкашлар ёзувчиларининг пен-клубларига аъзо қилинмаслигини англаб етгандай бўлдим…

Албатта, асарларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратишда танқидчиларга, таъбир жоиз бўлса синчиларга кўз тикамиз. Ахир, Умарали Норматов ёзганидек, “танқид сараламоқдир”. “Ёзғувчи”лар асарларига холис муносабат Йўл­дош Солижонов, Абдулла Улуғов ва Санжар Со­диқларнинг айрим чиқишларида кўринаяпти.

Сўрамоқчи бўлганим, Хуршид ака, Сиз адабий бағрикенглик ва объективлик тушунчаларини ёнма-ён қўя оласизми?

“Маънавий шапалоқ” деган таърифингиз ёқди! Ёндафтаримга ёзиб ҳам қўйдим… “Маънавий тарсаки” деса ҳам бўлади… Бундай шапалоқ ва тарсакига лойиқ ижодкорлар бадиий ижоднинг қайси соҳасида йўқ дейсиз?! Биронтасини истисно қила оламизми? Йўқ. Демак, бу субъектив реаллик эмас, яъни кимнингдир хоҳиш-иродаси маҳсули эмас, балки объектив реаллик, яъни сизу бизнинг имконимиздан, истакларимиздан хорижда кечаётган жараён. Фақат бизнинг воқелигимиз учун нисбатан янгилик бўлгани сабабли унга бўлган муносабатларни аниқлаштириб олишга пича қийналаётгандекмиз.

Аслида-чи? Аслида ҳар қандай адабий жараён бамисоли тўлдириб таом пиширилаётган дошқозон. Фақат қозондан фарқли ўлароқ адабий жараённинг бағри ниҳоятда кенг, кенг дунёдан-да кенг! Унинг эгаси ҳам, посбони ҳам, тош-тарозиси ҳам битта вақт! Ҳеч кимга қўлига таёқ кўтариб бировни қувиб солиш ҳуқуқи берилмаган. Бадиий ҳақиқат эгаллаган мақомнинг манзили, “тураржойи” шу қадар юксакликдаки, унинг учун ижодкорнинг истеъдодлиси-ю истеъдодсизи бамисоли тароқнинг тишидек тенг. Бу мақом соҳиби, яъни бадиийлик илоҳаси кимнинг нималарга қодирлигини, ким нимада илғор-у, кимнинг заифликлари нимада ҳаммасини кўриб-билиб туради. Фақат сукут сақлайди, сақлай-сақлай ҳукм ҳуқуқини вақт ихтиёрига беради.

Бу билан мен адабиёт майдонини қаровсиз ташлаб қўйиш керак деган фикрдан мутлақо йироқман. Биринчи навбатда, кенг омма ўртасида мутолаа маданиятини тарбиялаш ва шакллантириш зарур. Сиз айтаётган графоман маҳсулотлар, фильмлар, қўшиқлар, мусиқалар бир кунлик лолақизғалдоқдек урчиб кетаётганига ким бош сабабчи? Омма! Бизда оммага тил теккизмаслик одати шаклланган. Бу билан ўзимизнинг инсонпарварлигимизни кўз-кўз қилгандек бўламиз. Ваҳоланки, ҳақиқатда инсонпарварлик даъвоимиз чин бўлса, ўша омманинг тили, тил маданияти, саводи хусусида қайғурайлик. Ўзини улуғлаган бўлиб, тилини оёқости қилиб қўймайлик. “Оммавий маданият” тушунчасига қарши курашни ҳам, “оломон маданияти” тушунчасига қарши курашни ҳам мана шу ҳақиқатни тан олган ҳолда бошламоқ керак. Бошқа иложи йўқ. Тасаввур қилинг, агар бу борада бир ҳисса олдинга ҳаракат бошланса, Сиз қайғуриб айтаётган “асар”ларнинг камайиши ўн ва юз ҳисса тезлашади. Кенг китобхонлар (санъатсеварлар) оммасининг қудратли кучи нималарга қодирлиги ана ўшанда кўринади: ижодкорнинг савияси (профессионаллиги!) кўтарилади, нафақат адабиётнинг, унга қўшилиб, умуммиллий бадиий дид шаклланади.

– Шубҳасиз, ижод жуда мураккаб жараён. Яна Абдулла Қаҳҳордан иқтибос оладиган бўлсак: “Адабиёт кўнгил иши, илҳом самараси. Туйғусиз, илҳомсиз ёзилган асар чангланмаган гулга ўхшайди – мева тугмайди. Кўн­гил рози бўлган асаргина китобхоннинг кўнглига йўл топади, китобхоннинг кўнглида мева тугади”. Инчунун, асарга муносабат билдириш ҳам маълум кўникма, илм ва истеъдод талаб қилиши муқаррар. Хуршид ака, бирон асарга аввалига ўзингизнинг баҳойингизни берганингиз ҳолда, кейин фикрингизни ўзгартирганмисиз?

Бир суҳбат асносида бир ижодкорга тўрт-беш марталаб мурожаат этиш (ҳатто Абдулла Қаҳҳор бўлса ҳам!) жудаям таҳсинга сазовор ҳисобланмайди. Начора, саволга тутувчи Сиз, биз жавоб берувчи, холос. Асарга муносабат жиддий масала. Муаммо! Герменевтика дейилади фанда. Асарни талқин этиш илми. Шу мавзуда ўзбек мутахассислари ҳам бош қотиришмоқда. Домла Абдуғафур Расулов, тадқиқотчи олим Автондил Эркинов ва ҳоказо. Лекин ҳали бу борада қилинадиган ишлар ниҳоятда кўп, қалашиб ётибди. Жаҳон адабиётининг бетакрор дурдоналарини дурустроқ ҳазм қилишга тишимиз ўтмайди-да (мабодо ўқишга тоқатимиз етса, албатта), “Пуф, сассиқ!” деб ўзимизнинг оёғимиз остида ўралашганимиз-ўралашган. Дарвоқе, “Ёшлик” журнали мана шундай вазифаларни зиммасига олиши керак эмасми? Журналнинг ҳар сонида “Талқин”, “Асарни тушуниш илми” сингари рукнлар остида чиқишлар уюштирилса, ёш китобхонларга ҳам, ёш ижодкорларга ҳам амалий, ҳам назарий таҳсил мактаби, тўгараги пайдо бўларди…

Бир воқеани мухтасаргина қилиб айтай. Кўп йиллар бўлди, қайсидир вилоятдан поездда Тошкентга қайтиб келяпман. Ёз чилласи, жазирама. Вагон тўла, жой йўқ. Амаллаб купенинг учинчи қаватига жойлашдим (аслида у ерга жомадонлар жойланади). Қарийб яланғоч ҳолда лоҳас бўлгудай чалқанча ётибман. Шифтга урилиб қайтаётган нафасимнинг “тафти”га чидаб бўлмайди. Бу етмагандай, вагон радиоси “хр-хр-р”лаб, вайсашдан тинмайди. Кўзим илинибди. Бир маҳал қулоғимга куй-қўшиқ чалинди. Беихтиёр тинглай бошладим. Қулоғимни янаям динг қилдим, диққатимни жамладим. Қаердандир майин ва саррин насим эсгандек, у менинг бетларимни авайлабгина сийпалаётгандай, эркалаётгандай, аллалаётгандай… Ҳамон елиб бораётган вагон энди қўшиқ оҳангига маст бўлиб силкинаётгандек. Қани энди поезд юришдан тўхтамаса, шу маромда силкина-силкина кетаверса-кетаверса, қўшиқ ҳам узилмаса, майли, радио қитирлайверса ҳам розиман, қўшиқ тўхтамаса бас… Афсус, қўшиқ жуда тез тугади ва “Сиз фалончи шоирнинг шеър­лари асосида яратилган қўшиқлардан баҳраманд бўлдингиз” деган сўзлар билан дастур ниҳоясига етди. Бояги ҳолатда ётибману, аъзои баданимга муз югурди денг! Худди фавқулодда оғир гуноҳ ишга қўл урдиму, бутун бир майдон тўла издиҳом олдида шарманда бўлаётгандек!.. Нега, дейми?.. Қўшиқ сўзларининг муаллифи ўзим мутлақо ўқимайдиган, кечирасизу, ёзганлари ўқишга арзимайди, деб ҳисоблайдиган шоир акалардан бириники экан! Тушуняпсизми, Абдуқаюм, ўша пайтгача ўша шоирга бўлган муносабатим беписандлигим учун бировларнинг олдида эмас, ўзимнинг олдимда шарманда бўлдим. Маънавий тарсаки ёмон мулзам қилди ўшанда!..

Айтмоқчиманки, бадиий асар ҳолатга, кайфиятга қараб таъсир ўтказади. Бир ўқишда маъқул кўринган фазилати, эртасига буткул зид таассурот уйғотади. Тўғри, ҳар қандай ҳолатда ҳам бирдек таъсир қиладиган асарлар ҳам оз эмас.

Мен ҳар қандай одамни аввало қўлига қалам тутгани учун умуман сеҳру жозибалар макони бўлмиш ижод дунёсига киришга ҳаракат қилгани учун ҳурмат қиламан. Ана шу интилиш-истакни олқишлашга асос бўларли фазилат излайман, насрий асаридан битта жумла ёки тасвир топсам ҳам кўз-кўз қилиб мақтайман, ижодни давом эттириши учун рағбат бераман. Ва кейинги асарларини кузатаман: яхши томонга ўзгара бошлаганлигига, ижод машаққатини зиммасига олган-олмаганлигига эътибор қаратаман, у ёғи… кўпкари олишувида ҳеч ким ҳеч кимнинг қўлидан етаклаб юрмайди, яъни у ёғига, валлоҳи олам, ижодкор вақт синовлари измига ўтади…

– Мен бир мухлис сифатида кўп йиллар мобайнида Сизнинг мақолаларингизни йиғиб юраман. (Балки ёдингизда бордир, дастлабки танишувимиз ҳам сизнинг публицистик чиқишларингизни мақтаб, “Нигоҳ” номли қиссангизни танқид қилиб йўллаган мактубимдан кейин кечганди). Мени анчадан бери бир савол ўйлантириб келади. 1987 йилнинг 11 июнида “Ёш ленинчи” газетасида эълон қилинган мақолангизда шундай сатрлар бор: “…Сомерсет Моэмнинг машҳур қаҳрамони Стрикленд “Ишқ-муҳаббатга зор эмасман. Ундай ишларга сарфлайдиган фурсатим йўқ”, деб бутун вужуди билан дунёни англашга шўнғиб кетади”. Назаримда, шунга яқин нуқтаи назар “Куза” қиссангиздан ҳам мўралаб тургандек. Биз Достоевскийга эргашиб “Дунёни гўзаллик қутқаради”, деб такрорлаймиз. Гўзалликни эса муҳаббат яратади. Шундай экан, ишқ-муҳаббатсиз ҳам дунёни англаб бўладими? Бу оламни, одамни адабиётсиз, санъатсиз ҳам англаб бўлади дегани эмасми?

Чорак аср бўлди чоғи, “Ёшлик” журналида “Нигоҳ” номли қиссам эълон қилинганида менга хат йўллаган эдингиз. Уни “Хира нигоҳ” деб номлагансиз. Жуда хурсанд бўлганман. Ҳафсала ва эътибор билан, самимий куюнчаклик билан муносабатда бўлганингиздан бошим осмонга етган. Бу ҳақда Сизга кўп марталаб айтганман, фақат қиссанинг туб моҳиятини тушунмаганингиз ҳақида индамагандим. Чунки, аввало у кезлар бирмунча ёш эдингиз, қолаверса, ўқиш-уқиш, бу юқорида айтганимиз герменевтика. Бировнинг бошига нуқиб асарни уқдириш қийин, қолаверса, ниятимни, ўзим кўзда тутган моҳиятни ўқувчи уқадиган қилиб ёзолмаган эканман, айб ўзимда. Афсус, феълим-табиатимга илғаш мушкулроқ йўсинда ёзиш йўсини раво кўрилган экан, биласиз, уни (услубни) ўзгартириш учун қайта туғилмоқдан ўзга чора йўқ…

Гўзалликнинг, ишқ-муҳаббатнинг сеҳрига ета олиш, уни тугал тасвирлай билиш бандасига ҳеч қачон насиб этмайди. Сомерсет Моэмнинг машҳур қаҳрамони қай муносабат билан ва қай ҳолатда у гапни айтгани ёдимда йўқ, лекин инсонни жамики мавжудотлардан ажратиб турувчи туйғу ҳам муҳаббат. Ҳар бир кишининг инсонийлиги унинг бажараётган ишига муҳаббат билан ёндашувидан келиб чиқиб белгиланади. Дунёни англаш ҳам муҳаббатдан, ҳайратдан, ҳавасдан куч олади. Адабиёт ва санъатнинг илоҳий куч-қудрати ҳам шунда!

– “Ёшлик” журнали учун вақт ажратиб, самимий суҳбат қурганингиз учун Сизга ташаккур. Мен Сизнинг фикрларингизни ҳурмат қиламан. Сиздай куйинчак ижодкорларнинг холис муносабати адабиётимизнинг ҳам бугуни, ҳам эртанги куни учун хизмат қилади деган умиддаман.

Мен ҳам, Абдуқаюм, Сизнинг тиниб-тинчимай ижод қилишингизга, киришган ишингизни ниҳоясига етказмагунча ҳаловатни унутишингизга ва албатта бу уринишларингиз самарасиз кетмаслигига ҳавасим келади. Суҳбатимиз вақт синовларига дош бериб, ада­биётимизнинг бугуни ва эртаси учун хизмат қи­лишга яраса, бунинг учун ҳам мана шундай тўкилиб мулоҳазалар билдириш имконини берган “Ёшлик” журнали таҳририятига ва Сизга ташаккур!

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ суҳбатлашди

“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 8-сон.