Ислом – инсонийликка даъват (муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан суҳбат) (1989)

— Муҳтарам муфтий ҳазратлари! Турғунлик йилларининг жамиятимизга етказган иқтисодий ва маънавий зарарлари тобора кўпроқ ойдинлашмоқда. Бу зарарларнинг сабаблари ҳам аниқланмоқда. Лекин бутун бир жамиятнинг таназзулга юз тутиши энг аввало Шахс тарбиясидаги нуқсонларга бориб тақалади. Бинобарин, суҳбатимизни умуман тарбия, хусусан Шахс тарбияси мавзуига бағишласак, деган ниятда эдим.

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Жуда яхши мавзуда суҳбат бошладингиз. Бу муҳим масала ҳозирда бутун жамиятимизни, хусусан жумҳуриямиздаги кишиларни чуқур ҳаяжонга солиб турибди. Агар шу суҳбатдан халқимиз учун бир фойдали фикрлар чиқса, биз ўзимизни бахтиёр деб ҳис қилар эдик.

— Саволни оиладан бошласак. Ота-она ўғил ё қизли бўлди дейлик. Чақалоқ ҳадемай йўргакдан чиқади, эмаклайди, қадам босади. Хўш, тарбия қачон бошланмоғи керак? Ота-она ўз қарамоғидаги бўлажак Инсон қалбига даставвал қанақанги фазилат уруғларини қадамоғи лозим?

— Оила ўғил ё қизлик бўлганидан кейин эмас, балки ўғил-қиз кўришга тайёргарлик кўрилаётган, яъники оила қуриш вақтидан бошланади. Бизнинг Ислом динимизда ўғил ё қизнинг ташвиши она танлаш вақтидан бошланади. Ёки ота танлаш вақтидан бошланади. Чунки отанинг ахлоқи, одоби, унинг ўзини тутиши ва инсонийлиги, шунингдек, онадаги фазилатлар болага ўтиши бу – исбот бўлган ҳақиқат. Шунинг учун оила қурмоқчи бўлган ҳар бир йигит қиз ўзига умр йўлдоши танлашда бўлажак фарзандларининг отаси ё онасининг шахсий фазилатларига катта эътибор бериши керак. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ўйламай-нетмай қандоқдир бир камчиликлари бўлган ё аҳлоқи бузуқ киши билан турмуш қурган инсон ўзидан туғилган фарзандни тарбиялаши қандай оғир кечади. Шунинг учун суннатда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам келин ёки куёв танлаш вақтида уларнинг ахлоқига, динига, одобига катта эътибор беришни насиҳат қилиб ўтганлар. Уларнинг пулига, молига ёки ҳасабу мансабига эмас, балки шахсий фазилатларига, аҳлоқ-одобию, динига катта эътибор бериш, шундан рози бўлса ана шундагина оила қуришга уринишни буюрганлар. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сизлар ўз уруғлигингизни қўядиган жойни танланглар, чунки ирқ биридан бирига ўтадиган бўлади», мазмунидаги ҳадислари бор. Ёки бошқа бир Ҳадиси шарифни келтирайлик: «Келин танлаш вақтида тўртта нарсага албатта қизиқилади: молига, жамолига, ҳасабию мансабига, тўртинчиси – динига. «Сен диндорини танлагин», дейилади ҳадисда. Чунки мол, жамол вақтинчалик нарса, ҳасаб-мансаб эса келин билан бирга келмайди, отасининг уйида қолади, лекин дин, аҳлоқ, одоб кишига умрбод ҳамроҳ. Ана шундоқ онадан туғилган фарзандни тарбиялаш нақадар осон.

— Демак, ўғил-қиз тарбиялайдиган одам аввало ўзи тарбияланган бўлмоғи керак.

— Ҳа, тарбияланган бўлиши ва ўғил-қизнинг, онасининг, отасининг жуда бир ажойибини танлаган бўлиши керак. Ундан кейин масалан, ҳомиладорлик вақтида ҳам шундоқ. Ҳомилага кирган аёлнинг руҳий кечмишлари, унда кечадиган ҳолатлар ҳомилага ўтиши исбот бўлган. Бу ҳам бизнинг динимизда эътиборга олинган, шунинг учун ҳомиладор аёлга нисбатан муомала жуда эҳтиётлик билан – у кишини авайлаш, ўйлаш билан бўлади.

Ана энди бола туғилгач, биринчи кундан тарбияга киришилади. Аввало унинг соғлиги, жисмонан етук бўлиши ва бошқа талаблар эътиборга олинади. Фарзанд хоҳ ўғил бўлсин, хоҳ қиз бўлсин – ота-она учун Аллоҳ таоло томонидан берилган улкан бир неъмат. Бу неъматни авайлаб-асраб вояга етказиш ота-онанинг бурчи. Унинг тарбиясини нотўғри йўлга бошлаган ота-она Худонинг олдида ҳам, банданинг олдида ҳам, жамиятнинг олдида ҳам жавобгардир.

Маънавий тарбия, яъники, бола ўзини ўнглаб олиб бир нарсаларни талқин қила бошлашидан аввал бир нарсани айтмоқ керак. Ота-онанинг фарзанд олдидаги яна бир бурчи – у фарзандни ҳалол таом билан таомлантирмоғи керак. Яъни, ҳалол йўл билан топган нарсадан, ҳалол нарсани едирсин. Бу – ота-онанинг энг катта бурчларидан бири. Чунки ҳаром еб ўсган боладан яхшилик кутиш қийин.

Бизнинг исломий китобларимизда айтилишича, бола ўнг қўли билан чап қўлини ажратадиган бўлганда уни жиддий тарбиялаш бошланади. Унинг кўнглини қолдирмасдан, қўполлик қилмасдан, болалигини эътиборга олиб, руҳлантириб тарбияланаверади. Биз диндорларда аввало диний тарбиядан бошланади. Бола тушунадими-тушунмайдими, бундан қатъий назар Аллоҳ ҳамда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам шаҳодатлари талқин қилинади.

— Ўғил ва қиз тарбияси неча ёшдан ўзига хос тус олмоғи лозим?

— Уғил болага ва қиз болага алоҳида хос тарбияни ёш билан ўлчайдиган бўлсак, уламоларимиз етти ёшни белгилашган. Қизларга – аёлларга хос тарбия, ўғилларга – эркакларга хос тарбия берилади… «Инсон қалбига даставвал қанақанги фазилат уруғларини қадамоқ лозим?» – қабиладаги саволга албатта инсоний фазилатлар, инсонни улуғлайдиган фазилатлар деб жавоб бермоқ керак. Инсоннинг шу дунёда Аллоҳ яратган нарсалар орасида энг мукаррами эканлигини биладиган ва ўзини шу улуғворликка яраша тута биладиган, ўзи ва унинг атрофидаги кишиларга муносабатини чуқур англаган киши бўлиб етишини таъминлайдиган инсоний фазилатларнинг барчаси фарзандда мужассам бўлишига ҳаракат қилиш ҳар бир ота-онанинг бурчи. Ота-онани ҳурматлаш, уларни эъзозлаш тўғрисидаги тарбияни аввалдан бошлаш керак. Чунки ўғил боланинг онасига бўлган муҳаббати унинг келгусида аёл зотига бўлган муҳаббатига ва ўз умр йўлдошига бўлган муҳаббатига айланади. Қиз боланинг отасига бўлган муҳаббати эса кейинчалик бутун эркак зотига ва ўзининг умр йўлдошига бўлган муҳаббатига айланади.

Оила аъзоларига муносабат ҳам шу қабилда, яъники катталарга – ҳурмат, кичикларга – раҳмат маъносида бўлади.

Теварак-атрофдаги нарсалар инсоннинг бахт-саодати учун ва инсоннинг бу дунёда яхши яшаб ўтиши учун берилган Аллоҳнинг неъмати эканлигини ҳис қилиш ва шу боис уларни бекордан-бекорга исроф қилмаслик маъносидаги туйғу ҳар бир болага ёшлигидан уқтириб борилади.

Ўғил-қизларимизни илму урфонга ташналик руҳида тарбиялаш «Илм талаб қилиши ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарздир», деган ҳадис мазмунидан келиб чиқади.

Китоб, санъат боланинг руҳий оламига таъсир этадиган нарсалар албатта. Табиийки Ислом дини бунга қизиқтиради. Китобга бўлган муҳаббат, ундаги ҳикматларни қадрлаш бу – бизнинг динимиз тарихида ҳар қанча фахрланса арзигулик даражада катта эътиборга сазовор бир ҳол!

— Турмушимизда икки хил тушунча туради. Айримлар: «Бола ёшлигида меҳнатга кўниксин, ўзи пул топсин, тирикчилик ташвишларига кўниксин», дейишади. Айримлар эса: «Болалигида пулга ўрганмагани маъқул, аввал ўқисин, қолгани кейин бўлаверади» дейишади. Бундай тушунчанинг қай бири комил инсон тарбиясига кўпроқ хизмат қилади?

— Ўғил-қизни ёшлигидан ўзига хос ҳунарга ўргатиш Ислом оилаларида аввалдан бўлиб келган. Ҳалиги айтганимиздек, болалигига зарар етказмаган, унинг рағбатини синдирмаган ҳолда шундоқ қилинган. Демак, бола ёшлигидан ҳунар ўрганаверсин. Лекин пулпараст бўлиб қолмасин. Ҳунар ҳаёт учун зарурлигини билсин. Тушунсин. Ҳаттоинки пул топиш меҳнат эвазига ҳалол бўлишини англасин. Лекин зинҳор ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган бўлиб қолмасин.

— Маънавий тарбия эвазига бўлмасин.

— Шундоқ. Маънавий тарбия доим устун турсин! Баъзан «илм олсин, илм олсин» дейдилар. Бола бошланғич мактабни, ўрта мактабни, олий мактабни битиради ва… ҳунарсиз бўлиб қолади. Натижада йигит-қизлар мушкул аҳволга тушиб қолишади.

— Ўғил ва қизларимиз неча ёшдан оила қуриш сирларидан воқиф этилгани маъқул?

— Ўғил-қиз фалон ёшда вояга етади деб қатъий чегара белгилаш қийин. Чунки вояга етиш турли минтақаларда турлича кечади. Иссиқ ўлкаларда – тезроқ, совуқ ўлкаларда – кечроқ бўлади. Оила қуриш сирларидан воқиф қилишлик эртароқ бошлангани маъқул. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Болаларингизни етти ёшдан бошлаб номоз ўқишга буюринг, ўн ёшидан уринг ва ораларини ажратиб ётқизинг» деган ҳадислари бор. Яъни, ўн ёшида жинсий ҳис-туйғулар пайдо бўлади болада, шунинг учун улар бирга, бир кўрпада (ҳатто бир хонада) ётиш тарбияга салбий таъсир кўрсатади. Шундан келиб чиқиб 10 ёшидан шу нарсаларни, масалан, ўғил бола нима, қиз бола нима, оила қуриш нима, унда қандоқ ҳолатларга дуч келинади – шулар аста-секин уларнинг ёшига мослаб тушунтирила боради.

— Бизда ўрта мактабни битираётган, ҳатто ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитларга ҳам ёш бола деб қаралади. Ислом нуқтаи назаридан йигит ва қиз неча ёшдан балоғат палласига етади? Ва неча ёшидан уни мустақил инсон сифатида эътироф этмоқ керак?

— Бу жуда ўринли савол. Исломда йигитнинг ҳам, қизнинг ҳам балоғат ёшига етишини ёш билан эмас, балки уларнинг ўзларидаги жисмоний ўсиш эътиборга олинган ҳолда белгиланади. Ўғил болаларнинг балоғатга етиши эҳтилом бўлиш – уйқусида булғаниш палласидан бошланади. Бу, боя айтганимиздек, баъзи болаларда эрта, баъзиларида кеч бўлиши мумкин. Лекин шу ҳолат пайдо бўлганда болани йигит бўлди дейилади. Бу дегани – вояга етди, бундан кейинги содир қиладиган ишларига унинг ўзи жавобгар деганидир.

Қиз болалар эса ҳайз кўргандан балоғатга етган ҳисобланади. Улар ҳам ўша вақтдан бошлаб ўзларидан содир бўладиган тасодифларга ўзлари жавобгарлик даражасига етади. Авваллари вояга етмаганликлари сабабли ота-оналари жавобгар бўлса, энди бу вақтдан бошлаб жавобгарликни ўзлари зиммаларига оладилар. Вояга етганликлари шундан билинади.

Тўғри, баъзи бир вақтларда ўша белгилар сезилмай қолиши мумкин. Бунда уламоларимиз бизнинг диёрларимизда (масалан, ўғил бола эҳтилом бўлмай, қиз бола ҳайз кўрмай юрган бўлса) ўн икки ёшни вояга етиш ёши деб тайинлайдилар.

— «Ёш куч» саҳифаларида қалин бериш жуда кўпчиликка малол келаётгани, лекин унга чек қўйиш қийин кўчаётгани ҳақидаги мактублар босилди. Исломда маҳр ва қалин қандай изоҳланади? Айримларнинг қалин исломий талаб деган қарашига нима дейсиз?

— Бу жуда нотўғри фикр, қалиннинг Исломга алоқаси йўқ. Бу – бир бидъат, хурофот нарса.

Ҳақиқатдан ҳам қалин масаласи халқимизни жуда чуқур ўйлантириб, иқтисодий жиҳатдан жуда оғир аҳволга солиб қўйган бир дард. Ҳаммамизнинг қалбимиздаги дард! Хусусан, Туркманистон жумҳуриятида ёки Хоразм тарафларда ёки бошқа вилоятларимизда шу нарса ҳаддан ташқари ошиб кетди. Қирқ минг сўмгача пул, ўнлаб қўй, мол, кийим-кечак ва бошқа нарсалар берилади қалин учун. Унинг устига шунча нарсани топиб келин олган одам келиндан шу нарсаларни ундириб олишга уринади. Бy – қизларимизни олди-сотди қилиш демакдир! Уларнинг қизлигини, латофатини поймол қилишдир. Уларни қулликка махкум қилиш деб тушунамиз биз мусулмонлар бу хурофотни! Жуда номаъқул иш!

Исломда маҳр бор. Маҳр қалиндан тубдан фарқ қилади. Маҳр – ўша рози бўлиб оила қуришга ихтиёр қилган қизга куёв кўнглидан чиқариб берадиган совға. Бу совғани келин билан куёвнинг ўзлари белгилашади. «Бу – келиннинг шахсий ҳаққи. Нима сўрайди, қайси миқдорда сўрайди, қандоқ қилиб сўрайди – ўзи билади. Унга ота-онаси ҳам, қариндош-уруғлари ҳам ҳақдор эмас, балки яна қайтариб айтамиз – келиннинг ўз шахсий ҳаққи. Олган маҳрини қаерга сарфлашни ҳам ўзи билади. Ихтиёри ўзида. Маҳр – келинларимизни ҳурматлаш, эъзозлаш, уларнинг кўнглини кўтариш, улар шундай бир совғаларга, хурсандчиликка сазовор шахслар эканлигини амалий равишда тушунтириш учун қилинадиган нарса. Лекин афсуски, буни кўпчилик нотўғри тушунади, маҳрни қалин билан аралаштириб юборади.

Маҳр ҳам ҳаддан ошиб кетмаслиги керак. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: «Маҳри оз келиннинг барокоти кўп бўлади», деган ҳадислари бор. Афсуски, булардан халқимизнинг хабари йўқ, мана сизлар журналларда, газеталарда чиқарсангиз, ўқиб, тушуниб, жамиятимиз, халқимиз шундай бир оғир мусибатдан халос бўлади, деган умидимиз бор.

— Сиз сўзингизнинг бошидаёқ оила эркак аёлни ҳурмат қилишдан бошланади, деган ҳақиқатни баён қилдингиз. Яъни, оила қуриш аёлга бўлган ҳурмат асосида қурилар экан.

— Шундоқ.

— Лекин, мана, оилада эркак киши бўлиши, ҳал қилувчи сўзни эркак айтиши керак, деган тушунчаларимиз бор. Айни вақтда аёл кишига зулм ўтказиш, унинг ҳуқуқларини чеклаш, ҳаттоки келишмовчиликлар авж олиб кетса, талоқ эълон қилиш ҳуқуқи ҳам эркакка берилади. Ҳозир аёлларимиз билан эркакларимиз ҳуқуки тенг деяпмиз. Шу нарсани айрим аёлларимиз, қизларимиз бошқачароқ тушуниб оилада «икки ҳокимиятчилик» келиб чиқаяпти. Кўпгина оилалар ажрашиб кетаётганлигининг сабабларидан бири шунга бориб тақалмасмикан?

— Шундоқ. Хў-ўш, оиланинг мустаҳкамлиги, эр ва аёлнинг ўзига хос вазифалари Исломда аниқ, очиқ-ойдин белгилаб қўйилган. Оиланинг раҳбари – эр, буни ҳеч ким инкор қилмайди. Чунки ҳар бир жамиятнинг ўз бошлиғи бўлиши керак. Оила эса жамиятимизнинг кичик бир ғишти. Ғиштлар қўшилиб катта бир жамият пайдо бўлади. Демак, ҳар бир нарсанинг раҳбари бўлмаса, йўлда яхши юролмайди. Парчаланиб кетади. Эркак киши оиланинг бошлиғи мусулмончиликда. Лекин бу – ҳукмронлик маъносида эмас, балки масъулият маъносида: ўз ҳукмини ўтказиш, хаёлига нима келса шуни қилиш маъносида эмас, балки масъулият, жавобгарлик маъносидаги раҳбарликдир.

Исломда аёлларга зулм ўтказиш, уларнинг ҳуқуқларини чеклаш деган тушунча йўқ. «Қизингизни диндор кишига беринг, диндош киши яхши кўрса – ҳурмат қилади, ёмон кўрса – зулм қилмайди, чунки зулм қилишни дин таъқиқлайди», дейилади Ислом ҳикматида. Чунки хорлашни дин ман қилган. Хотинни хорлаган одам гуноҳкор бўлади, гуноҳкор бўлишдан қўрқиб аёлига зулм ўтказмайди.

Эркакларнинг раҳбарлиги, ҳали айтганимиздек, жавобгарлик маъносида – оиланинг ҳурматини сақлаш, унинг жамиятдаги мавқеини кўтариш ва эркакларга хос бўлган ишлар билан оилани таъминлаш. Бундоқ қилиб айтганда – кўча ишларини ўзи қилиш.

Ҳозирги вақтда «тенг ҳуқуқли» деймизу, бозор-ўчарни аёллар қилишяпти, оғир-оғир юкларни кўтариб келаётган аёлларни кўрамиз. Ҳақиқий мусулмон оилада эса бунга йўл қўйилмайди. Оиланинг ташқарисида бўладиган ишлар эркак кишининг табиатига тўғри келади. Оилада, рўзғор ишида эса аёллар ҳукмрон. Уларнинг ҳуқуқи эркакларникидан устун. Масалан, фалон нарсани олиб келинг, пистон нарсани қилинг, озиқ-овқат, энгил-бошлар билан таъминланг дейиш – уларнинг ҳаққи. Эрнинг эса – бурчи.

Демак, Ислом динида оиладаги вазифалар эркакларнинг эркаклигига, аёлларнинг аёллигига қараб адолат билан тақсимланган.

Талоқ бериш ҳуқуқи эркакларда бўлиши кўпроқ зулм маъносида тушунилади. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрилса бу ҳеч қандай зулм маъносини англатмайди, хўп, оила қуриш учун қайғурган ким – эркак, келин ахтарган ким – эркак, оиланинг яшаш жойини тайёрлаган – эркак, оила қуриш сарфиётини зиммасига олган – эркак, оиланинг бошлиғи – эркак. Шундай экан, нима учун энди талоқ ҳуқуқи эркакларнинг ихтиёрида бўлмаслиги керак? Бу ҳам эркакнинг табиатидан келиб чиқиб унга берилган ҳақ. Лекин бу ҳақни тўғри йўлга ишлатиш таълимоти ҳам борки, уни унутмаслик керак. Исломда кўринган ерда талоқ қўявер деган таълимот йуқ. Ноилож қолганда, яшаш имкони умуман кўзга кўринмай қолганда рухсат берилади бунга. Шунда ҳам учга бўлиб айтилади: бир марта айтдими, кейин афсус қилса ярашиш мумкин. Иккинчи марта таъбир бўлдими, яна афсус қилса – яна ярашиш мумкин. Учинчи марта айтилса…

Мана шу сабабларни эътиборга олиб Исломда талоқ эркак кишининг ҳаққи қилиб берилган. Талоқ қилиш аёлларнинг аёллик табиатига тўғри келмайди. Чунки аёлларимизнинг ўзлари латиф, ҳис-ҳаяжонлари жуда нозик, эҳтиросга бой, аччиқлари тез чиқади. Агар Худо кўрсатмасин, талоқ ҳаққи уларга берилса, арзимас зиддиятли дақиқаларда ҳам эҳтирос устун келиши ҳеч гап эмас.

Фавқулодда учинчи бир ҳолатлар бўладики, унда ҳаммасини қози ҳал қилади. Тўғри, қозининг олдида ҳар ким оилавий сирини очиқ айтиш имконига эга эмас. Эр-хотин ўз сирларини учинчи шахс билишини хоҳламайди. Шу боис ҳам талоқ ҳалол ҳисобланса-да, жуда ёмон мумкин нарса деб аталади.

«Ҳалолларнинг ичида худо энг ёмон кўрган ҳалол, бу – талоқ» дейдилар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам. Яъники: «Агар бирор ерда талоқ содир бўлса, Аллоҳнинг арши ларзага келади». Ана шундай Худо хуш кўрмаган иш бу!

Бу ақидани ўйламай-нетмай хотинларини талоқ қилаётган эрларга етказишимиз керак. Токи, улар аччиқланибми, гоҳида ҳаром-хариш нарсаларни ичиб маст бўлиб олибми, гоҳида арзимас жанжал-можаро оқибатидами оғизларига «талоқ» сўзини олавермасинлар.

— «Талоқ» сўзини оғизга олишнинг ўзи масъулиятли денг?

— Жуда! Бу – аёлларга зулм ўтказиш учун эркакларга берилган ҳуқуқ эмас, балки ноилож қолганда, зарурат туғилиб, бундан бошқа илож қолмаганда – охирги чора маъносида берилган чора. Шунда ҳам Худонинг ғазабини келтирадиган чора. Аршини ларзага соладиган чора. Буни чуқур тушунмоқ керак.

— Муфтий ҳазратлари, матбуот хабарларига кўра, ҳозир мамлакатимизда бир миллиондан ортиқ етим бола бор экан. Бунинг нақадар аянчли эканини тасвирлашга тил ожиз. Шу баҳонада мавзуни меҳр-шафқат баҳсига бурсак дегандим. Сиз юқорида айтганларингиздан келиб чиқсак, Ислом ҳамма вақт инсонни меҳр-шафқатга даъват қилади. Бизда эса тирик етимлар кўпайиб кетяпти. Ахир ўз пушти камаридан бўлган мурғакка, тўққиз ой кўтариб юрган ва ёруғ дунёга келтирган қора кўзига меҳр-шафқат кўрсатолмаган одам ўзгаларга қандоқ қилиб меҳр-шафқатли бўла олади.

— Ҳеч, ҳеч кутиш мумкин эмас. Ўзидан бўлган боланики, инкор қилиб, уни тирик етимга айлантирган шахс бу инсонийлик чегарасидан чиққан, инсонийликни унутган шахс бўлади. Ўзгаларни эмас, балки ўзини ҳурмат қилолмайдиган шахс. Боласини инкор қилгани – ўзини инкор қилгани. Шунинг учун биз халқимиз ичида тарбиявий ишларни кўплаб олиб боришимиз керак, тушунтиришимиз керак, бу аянчли ҳолатдан тезроқ қутилишимиз зарур. Мурғак гўдакларнинг айби нима? Ота-онанинг меҳридан узоқ жойда тарбияланиш орзусида туғилганмиди улар, ахир?! Бу нарсаларни ўйлашимиз керак. Шунинг учун оила қураётган, фарзанд кўриш арафасидаги ёшларимизга бу нарсаларнинг масъулиятини чуқур тушунтирмоғимиз керак. Аввал ҳам айтиб ўтдик – фарзанд бу Аллоҳнинг неъмати. Бу неъматни авайлаш керак, эъзозлаш керак. Тарбиялаб халқимиз, ватанимиз учун манфаат келтирадиган шахслар сифатида вояга етказишимиз керак.

Энди ҳозирги кунда хоҳлаймизми-хоҳламаймизми, жамиятимизда ҳаттоинки иккинчи жаҳон уруши йилларидагидан ҳам кўпайиб кетибди етимлар. Уларнинг бошини силаш, уларни тарбиялаш, уларни жамиятимизга манфаат келтирадиган кишилар қилиб вояга етказиш сиз билан бизнинг, барчанинг бурчига айланиб қолди. Етимпарварлик – Ислом динидаги инсоний фазилатларнинг энг улуғ кўринишларидан бири. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Бир етимни боқаётган, бошини силаётган хонадон мусулмон оилалари орасидаги энг яхши хонадондир».

Шунинг учун етимларга меҳр-шафқат кўрсатиш уларнинг мурғак қалбидаги ота-она ҳижронининг ўрнини тўлдириш, ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. Токи, бундай болалар меҳр-шафқат кўрмай – жамиятимизга нафрат, кўнглида номаъқул бир туйғу билан ўсмасинлар. Балки муҳаббат, жамиятимиздан доимо рози бўлган ҳолда вояга етсаларгина келажакда халқимизга, ватанимизга фойда келтирадиган шахслар бўлишади.

— Турли хил жиноятлар кўпайиб кетаётгани, чунончи қандайдир арзимас буюм – матоҳни қўлга киритиш учун одамни ҳақорат қилиш, жабрлаш, зўрлаш, ўлдиришгача бориб етиш ҳоллари кескин ортаётгани раҳм-шафқат ҳисси йўқолаётганидан, тақчиллашаётганидан далолат беради. Бу иллатнинг илдизи нималарга бориб тақалади? Қуръонда: «Инсон мукаррам зот», деган оят бор деб эшитганман…

— Турли жиноятларнинг кўпайиб кетаётгани ва шу жиноятларни содир қилувчилар орасида ёшлар, ўспиринларнинг сони ортиб бораётгани бутун халқимиз қатори биз мусулмонларни ҳам чуқур изтиробга солиб турибди. Ўйлаб кўрсак, ҳақиқатдан ҳам содир бўлаётган жиноятлар моддапарастлик, яъники моддий манфаатни кўзлаб содир қилиняпти. Баъзан бировни чўнтагида пул бормикан-йўқмикан деган тахминда уриб, майиб қилиш, ҳатто ўлдириш ҳолларига ҳам борилмоқда. Жабрдийданинг ёнидан 3 сўм чиқса чиқади, чиқмайдиган ҳоллари ҳам бор. Бу нарсалар ҳаммаси ҳалигидай – моддий маифаатни, ишламасдан, меҳнат қилмасдан осонликча топиш руҳида тарбияланган кишилар тарафидан содир бўляпти. Бу иллатнинг бош сабаби, фикримизча, руҳий тарбиянинг – маънавий тарбиянинг етишмаслигидир. Биз диндорларнинг тили билан айтганда – диний тарбиянинг етишмаслигидан келиб чиқмоқда!.. Ҳозирги кишилар бировнинг ҳаққи нима, бировга озор бериш нима, бировни уриш, сўкиш нима – ҳеч эътиборга олишмай қўйди. Биз эса бировнинг ҳаққи ҳаром, бировни сўкиш гуноҳ, бировни уриш ундан катта гуноҳ деб ўргатамиз. Мана шуни ҳис қилган, шу тарбияда ўсган одам ҳеч кимни урмайдиям, туртмайдиям, сўкмайдиям, ўлдирмайдиям – ҳаттоинки, кўчада тушиб ётган молини олмайдиям бировнинг ҳаққи деб.

Лекин қувончлиси шуки, жамиятимиз бу борадаги хатони тушуниб етди. Ҳозирги кунда шу ҳақда қайғурмоқда, ўйлаймизки, ҳамма ҳамжиҳат бўлиб, шу иллатни жамиятимиздан чиқариб ташлашга ўз ҳиссасини қўшса, иншоаллоҳ яқин келажакда шу ижтимоий иллатдан қутиламиз деган умид бор. Қуръонда: «Инсон мукаррам зот», деган оят бор. Тўғри, бу оятнинг бир қисми, холос. Ўзи аслида оятни тўлалигича келтирсак «Биз инсон зотини мукаррам қилиб яратдик ва уни ер юзида, сувда пок нарсалардан ризқлантирдик, ерда, сувда юрадиган қилиб, вақтларини яратиб бердик ва ўзимиз ҳам қилган кўпгина нарсаларимиздан афзал қилиб қўйдик». Шу оятга биноан инсон Аллоҳ таоло яратган нарсаларнинг орасида энг афзалидир. Энг афзали бўлиши яна Аллоҳ таолонинг ердаги халифаси бўлиш, яъники, ўринбосари бўлиш маъноси билан мукаммаллашади. Қуръон таълимотига биноан инсон Аллоҳнинг ер юзидаги халифаси. Бу инсонни жуда улуғлайдиган мартаба. Инсон ҳамма махлуқотлардан улуғи, бошқа нарсалар инсоннинг бахти-саодати учун, хайри учун Аллоҳ томонидан яратилган деган Исломий тушунчани келтириб чиқаради.

Энди инсоннинг вазифаси эса мана шу ўзининг улуғ мартабасига яраша бўлишдир. Уни шундай мартабага кўтариб қўйибдими, барча нарсаларни унинг хайри учун, бахт-саодати учун яратиб қўйибдими, мана шу нарсалардан тўғри фойдаланмоғи керак.

— Ислом ақидасига кўра меҳр-шафқат йиллар ва замонлар ўтиши билан кўпаядими ё камаядими? Масалан, меҳршафқат, мурувват туйғуси 40 – 50 йиллардан кейин қай аҳволга тушади – аҳвол ҳозиргидан яхшиланадими ёки?..

— Келажак тўғрисида башорат қилиш – ундоқ бўлади – бундоқ бўлади деб айтиш бизнинг ақидамизга тўғри келмайди. Чунки ғайб ишини Аллоҳнинг ўзи билади. Лекин тажрибалардан хулоса чиқариб шундай бўлаверса – мана бундоқ бўлиши мумкин, деган тахминий хулосалар айтиш мумкин. Агар биз аввалгидек ўз ҳолига ташлаб қўйсак, албатта оқибати яхши бўлмаслиги мумкин. Лекин меҳр-шафқат, мурувват сингари гўзал фазилатлар жамиятимизда ўз ўрнини топиши, инсонларга манфаат келтирадиган бир даражада бўлиши учун курашишимиз лозим. Шундагина ёмон оқибатларнинг келиб чиқмаслигига умид қилсак бўлади.

— Теварак-атрофни, сувни, ҳавони, тупроқни, ҳайвоноту набототни асраб-авайлаш одамларга бўлган меҳр-шафқатдан кам бўлмаслиги керак. Бу хусусда Исломнинг таълими қандай?

— Бундай таълим-тарбия Қуръон оятларида ва Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида жуда ҳам кўп. Аввал ҳам айтиб ўтдик – биз яшаётган коинотдаги, ер юзидаги барча нарса инсоннинг бахт-саодати учун Аллоҳ таоло томонидан инсонга неъмат қилиб берилган. Шу неъматнинг қадрига етиш эса инсоннинг бурчи! Неъматнинг қадг рига етиш уни асраш билан, исроф қилмаслик билан бўлади.

Ҳозирги кунда муҳим масалалардан бирига айланиб қолган табиатни муҳофаза қилиш деймизми ёки ажнабий тилда айтганда – экология масалалари деймизми – бу ҳаммаси Исломда ўз жавобини топган. Қуръон оятларида, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаламнинг ҳадисларида бу масалаларни ечишга жавоб тайёр. Мен ўзим шахсан «Совет Шарқи мусулмонлари» журнали саҳифаларида шу масалаларга атаб «Ислом ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш» унвони остида тўртта катта мақола ёздим. Шу мақолани тайёрлаш, ёзиш жараёнида шундай далилларга дуч келдикки, ҳақиқатда Қуръондаги оятлар, ҳадисдаги маънолар ҳозирги кунимизни кўзлаб айтилгандек. Унда сув тўғрисида масалалар ҳам бор. Ҳайвонот олами, наботот олами ва атрофимизни ўраб турган бошқа барча нарсаларни тўла-тўкис ҳимоя қилиш, сақлаш, уларни бузмаслик, исроф қилмаслик тўғрисида таълимотлар бор. Бу нарсаларни, масалан, инсонга моддий манфаат етказиб тургани учунгина эмас, балки инсонни ўзининг маънавий бурчи сифатида ҳам тарғиб қилинади. Ҳаттоки шу масалаларда инсоннинг жаннатга ёки дўзахга тушишига сабаб бўладиган даражада талқин қилинади. Мисол учун Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг умри фаҳш иш билан ўтган аёл чанқоқдан ўлаётган бир итга сув тутиб қўйиб жаннатга киришга сазовор бўлгани, умрини ибодат билан ўтказган шахс, битта мушукни боғлаб қўйиб овқат бермасдан ўлимига сабаб бўлиб, дўзахга тушишга ҳукм бўлгани тўғрисидаги ҳадислари борки, – бу, – жондорга меҳру шафқатли бўлишнинг нақадар улуғ савобга лойиқлигини кўрсатади.

Наботот оламига ва бошқа нарсаларга эътибор бобида ҳам исломнинг таълими шундай.

— Ўзгача меҳр-шафқат кўрсатмоқчи бўлган одам аввало ўз қадр-қимматини англаган бўлмоғи керак. Жамиятимизда ҳар бир инсон инсоний шарт-шароитда меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. У маърифатли бўлмоқ ҳақида тинимсиз қайғуриши, иззат-нафс, ўзлигини таниш, гурур тарбиясини унутмаслиги зарур. Ночорлик айб эмас, лекин ночорликка кўникиш айб деганларидек инсоний яшашни талаб қила билиш энг оддий ҳуқуқий эрк эмасми? Кишиларимиз жойлардаги қийинчиликларга сабр-қаноат ҳақида ва шу қийинчиликларга қарши кураш ҳақида икки хил тушунчадалар.

— Қийинчиликларга сабр-қаноат маъносида гапирадиган бўлсак, агар қийинчилик бошқалар айби билан эмас, балки халқнинг бошига тушган оммавий (масалан, табиий офат, ўлим сингари) нарса бўлса унга сабр қилиш керак, лекин кўзга кўриниб турган сабаб билан ноҳаклик, зулм орқасида бўлаётган қийинчилик бўлса, унга қарши чиқиш керак. Биз мусулмонларнинг ақидаси шу.

— Ҳозир аниқланаётган иллатларнинг бош сабабларидан бири инсоннинг инсоннинг мутелигига бориб тақалади. Ёши улуғларни, мартабали шахсларни ҳурмат қилиш билан уларга мутеларча бўйин эгиш, «раҳбар айтди», «раҳбар буюрди» деб жиноятга қўл уриш, ҳурмат билан мутеликни аралаштириб юбориш ҳоллари кузатилди жамиятимизда. Ана шулар ҳақида Ислом нима дейди? «Беайб парвардигор» деган улуғ ақида ҳар қандай одам зоти сиғинишга нолойиқ эканлигини кўрсатмайдими?

— Мутелик итоат қилиш маъносини англатади, лекин унинг чегараси бор. Агар қилинаётган иш тўғри бўлса, ҳақиқат йўлида бўлса, масалан Аллоҳ айтгану, шариатнинг кўрсатмасига биноат мансабдор шахс буйруқ берса – уни бажариш керак. Лекин буйруқ нотўғри бўлса, зулумона бўлса, ҳаром йўлга бўлса унда итоат қилиш буюрилмайди.

— Ким буюрганидан қатъий назар-а?

— Ким буюрганидан қатъий назар! Мана, Ҳадиси шарифда Аллоҳга масъулият бўладиган ишда бандага итоат қилинмайди, дейилади. Мисол учун, бировни иккинчи мансабдор шахс пора олишга воситачи бўлишга буюрса, бу одам агар мусулмон бўлса – кўнмайди. Мусулмон пора олмайди, пора бермайди, улар орасида воситачи ҳам бўлмайди.

— Демак, Ислом фалсафасида ер юзида сиғинадиган нарса ҳам йўқ, инсон ҳам йўқ дейилмоқчи?

— Ҳеч, ҳеч йўқ!

— Кимлигидан қатъий назар?

— Кимлигидан қатъий назар! Ҳурмат ўз йўлига, ҳурмат қилиш мумкин? Фақат итоат – Аллоҳга. Бошқага итоат қилинмайди.

— Аллоҳга, Пайгамбарга сиғиниш инсон эркини чегаралаб қўймайдими? Исломнинг беш фарзини адо этиш мўмин кишини улуғлаши аниқ. Лекин уларни бажаришни шарт қилиб қўйиш мутеликка олиб бормасмикин?

— Хў-ў-п, аввал айтиб ўттанимиздек, Исломда Аллоҳдан бошқага сиғиниш йўқ, шу жумладан Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга ҳам сиғинилмайди. Пайғамбарни ҳурмат қилиш, у киши кўрсатган йўлдан бориш мумкин. Лекин сиғиниш маъноси йўқ. Сиғиниш, яъии ибодат фақат Аллоҳга бўлади. Шунинг учун Исломда шахсга сиғиниш деган нарса бўлиши мумкин эмас. Аллоҳга сиғиниш эса эркни чегаралаш маъносида эмас, балки аксинча – инсонни эркли қилиб қўйиш маъносида. Аллоҳ улуғ зот. Ҳар қанча сиғинишга сазовор зот. Унга сиғиниш инсоннинг қадрини пастлатмайди, балки улуғлайди. Инсон шундай улуғ Аллоҳга бевосита мурожаат қилиш, у билан юзма-юз келиш даражасига кўтарилади. Демак, улуғланади. Улуғланиш – ўзини эркин тутиш, Аллоҳдан бошқа ҳамма нарсага сиғинишдек мутеликдан воз кечиш маъносини англатади.

«Беш фарзни адо этиш – инсонни мутеликка олиб бормайдими?» – деган саволга ҳам жавоб шу. Бу мутелик эмас. Беш фарзнинг ҳар бирида улкан маънолар бор. Хоҳ у шаҳодат бўлсин, хоҳ намоз бўлсин, хоҳ рўза бўлсин, хоҳ закот бўлсин, хоҳ ҳаж бўлсин – буларнинг барчаси инсонни аввало мана шу дунёдаги ҳаётида катта-катта манфаат келтирадиган, қолаверса, охиратда жаннатга киришни таъминловчи нарсалар. Буларнинг бари инсонни улуғлаш.

— Қуръоннинг «Иқро!», яъни «Ўқи!» – деган даъват билан бошланиши, унда: «Бешикдан то тобутгача билим ол», «Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими», сингари ҳикматлар борлиги ҳам қулоғимизга чалинган. Демак, Ислом одамларни ҳамма вақт илм-маърифатга даъват этади. Бир атеист олимимиз газетада: «Фан-техника тараққий этгани сайин дин ижобий томонини йўқотиб борадиган ҳодисалар системасига киради», деб ёзди. Бундан Ислом фан-техника тараққиётига зид деган маъно чиқмайдими?

— Қуръоннинг «Ўқи!» – деган даъват билан бошланиши тўғри, лекин «Бешикдан то тобутгача билим ол», «Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими», деган сўзлар ҳадисда келган, Қуръонда эмас. Қуръон билан ҳадисни фарқламоғимиз керак. Қуръон Аллоҳнинг каломи, ҳадис – Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг каломидир. Хў-ў-п, Ислом дини инсонларни маърифатга, илмга даъват этишини ҳамма тан олади. Энди, сиз айтган худосиз олим ўз иборасини қайси дин муносабати билан айтган, буни мен билмадим. Бошқа динларга бўлган муносабати қандай бўлади – уни ўзлари ўйлаб кўрсин. Лекин Исломга бу хил ҳукм тўғри келмайди. Биз айтамизки, фан, маданият, илм ўсгани сари Исломнинг мўъжизалари янада равшанроқ кўрина боради. Шунинг учун инсон маданиятининг тинимсиз ўсишини тан олади. Эътироф этади. Балки қизиқтиради. Балки чорлайди. Илм-фанга қарши чиқиш деган маъно ҳеч қаерда йўқ. Ҳозир илм-фаннинг ўсиши Ислом фалсафасидаги кўпгина ақидаларни тасдиқламоқда. Бунга жуда кўп далиллар келтиришимиз мумкин. Мисол учун бир вақтлар рўза тутиш соғлиққа зарар деган «илмий» гаплар бор эди. Лекин ҳозир оч қолдириб даволаш бутун дунё бўйича урф бўлиб кетяпти. Демак, ихтиёрий оч қолиш зарар эмас экан. Буни, мусулмон бўлмаган, Қуръондан, ҳадисдан бехабар олимлар тасдиқлашяпти.

Яна бир мисол: англиялик йирик бир океанолог Қуръондаги «Оқимнинг остида оқим бор» деган оятни ўқиб океанга тушса, ҳақиқатдан ҳам оқим бор экан! Шунда у, демак илм Аллоҳдан бўлмаса илмсиз, саводсиз Муҳаммад деган одам бу гапларни айтолмас эди, деган фикрга келган.

Илм-фан қанча тараққий этса динимизнинг нуфузи шунча ортаверади.

— Бояги атеист олимимизнинг чиқишида яна шундай жумла бор эди: «Қуръонда Юлдузлар осмон қаттиқлигига ёпиштириб қўйилган… ер текисликдан иборат, бирор томонга оғиб кетмаслиги учун у ер-бу ерга посанги сифатида тоғлар ўрнатилган» дейилган. Агар бундай сўзлар бор бўлса у «Куллун фи фалакун ясбаҳуун» деган жумлани инкор этмайдими?

— Менимча, ўша атеист олимнинг Қуръондан деб ёзган жумласини «Ёш ленинчи» газетасида эълон қилинган «Даҳрийлик ва қадрият» мақоласидан олган бўлсангиз керак. Шу мақола чиққан кунлари мусулмон вакиллари сиз айтган жумлалар остига чизиб: «Бу – Қуръон учун туҳмат-ку?! Мусулмонларнинг илоҳий китобидаги йўқ нарсани ундан деб ёзиб одамларга тарқатишнинг нима зарурати бор?» – деган эътироз билан келишди. Оддий мусулмонлар. Демак, оддий мусулмонлар ҳам фарқига борадиган нарсани Қуръондан деб ёзишга журъат қилган одам нимага асосланиб бундай қилди экан – мен буни билмадим. Лекин биз: «Хафа бўлманглар, адашишгандир, тушунишмагандир, айтамиз, тушунтирамиз», деган сўзлар билан мусулмонларни ҳовридан туширишга муваффақ бўлдик. Лекин шундай мақолалар ёзувчи кишилардан ҳам илтимоски, бунақа нарсаларда жуда эҳтиёт бўлишса яхши бўлар эди. Такрорлайман – сиз ўқиб берган сўзлар Қуръонда йўқ! Йўқ нарсани Қуръондан деб ёзиш илмий одобнинг қайси бобига тўғри келади – мен буни билмадим. Сиз айтган «Куллун фи фалакин ясбаҳуун» бор. «Ёсин» сурасидаги бу жумла осмондаги қуёшу, еру, ою – ҳаммаси осмон бўшлирида сузиб юради, деган маънони англатади.

— Шу вақтгача мактаб дарсликларида дин кишилари Ер текис, у хўкизнинг шохида, балиқнинг думида туради дейдилар, деб ўқитилар эди. Уларнинг бари бўҳтон экан-да? Дин вакиллари шу бўҳтонга ўз вақтида тегишли муносабат билдирмаганига ҳайронман.

— Шуни айтиб ўтиш керакки, Ер – текис, у ҳўкизнинг шохида туради, ҳўкиз эса балиқнинг устида туради деган гап, бу – исроилиёт деб аталмиш қиссалардан келиб чиққан. Яъники, бани Исроил қабиласидагиларнинг тасаввури. Улар ўзларича шунақа тасаввур қилиб қиссахонлик қилиб юрганлар.

— Бир хаёлий ривоят, ҳикоя маъносида айтишган-да?

— Ҳа, афсуски, баъзи бир шундай ривоятона ҳикоялар унча текшириб ёзмайдиган қадимги мусулмон муаллифларининг китобларига аралашиб қолган ери ҳам бор. Буни тан олиш керак. Лекин унинг нотўғри фикр эканлигини саводли мусулмонлар яхши тушунишади. Шунинг учун ҳам ўша ривоятни Қуръон ҳақиқати деб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

— Учар ликобчалар, умуман ўзга сайёраларда ҳаёт бор-йўқлиги ҳақида Қуръонда башорат борми?

— Ҳозирги бизнинг Қуръонни тушуниб ўқиётган илмимиз асосида ундай башоратлар йўқ.

— Қуръонда: «Пайғамбарлар шаҳарлардан чиқади», деган оят борми?

— Шу савол, менимча, ўринсиз.

— Муфтий ҳазратлари, энди адабиёт мавзуидан бир-икки савол берсам. Жаҳон адабиётининг буюк намояндалари Ф. Достоевский, Л. Толстой, Ж. Жойс дин фалсафасини чуқур эгаллаган шахслар бўлишган. Ўзимизнинг классиклар, жумладан Абдуллоҳ Қодирий ҳам Исломни яхши билганига шубҳа йўқ. XX асрнинг улкан ёзувчиси америкалик У. Фолкнер: «Инжил ҳамма вақт менинг столим устида туради» деган. Мен бир қаламкаш сифатида ҳозирги адабиётимиз ҳақида ўйлаб, хусусан насрий асарларимизнинг ночорлиги боисининг бир чеккаси кекса-ю, ёш адибларимиз динни, Қуръонни, диний фалсафани теран билмаслигида, деб ўйлайман. Шундан келиб чиқиб Қуръонни ўзбекчалаштириш, унинг маърифатидан зиёлиларимизни, халқимизни баҳраманд эттириш мумкин эмасми?

— Бу фикрингизга қўшиламан. Ҳозирги кунда агар жумҳуриятимизда саноқли ёзувчи ёки шоирларимиз ёзаётган нарсаларга халқнинг муҳаббати тушиб турган бўлса, ўшаларнинг диндан хабари бор. Номларини айтишнинг ҳожати йўқ. Шахсан ўзим ўйлашимча ҳам Қуръон маъноларидан, ҳадис маъноларидан қисман хабардор кишиларнинг ёзаётган асарлари сермазмун чиқади. Бу тўғри. Энди Қуръонни ўзбекчалаштириш, бу – ҳозирги кунимизнинг зарурати. Бу ҳамманинг – зиёлиларимизнинг ҳам, халқимизнинг ҳам фахри. Шунинг учун бу борада ҳаракатлар бошланди. Ҳозир Тошкент Давлат дорилфунунининг араб тили кафедрасида бу ишга қўл урилмоқда. Диний идорамизда ҳам Қуръоннинг ўзбек тилидаги қисқача тафсирини чиқариш режаси тузиляпти.

— Классик адабиётимизда тасаввуф адабиётй жуда катта ўрин эгаллайди.

— Шундай.

— Фариуддин Аттор, Навоий, Жомий, Яссавий ва ҳоказо буюк шоирларимиз тасаввуфнинг вакиллари. Диний бошқарма томонидан уларнинг мажмуалари, девонлари чиқарилса, махсус шарҳлар берилса, китобсевар халқимизга тарқатилса деган орзуларимиз бор эди.

— Жуда яхши бўларди. Лекин бизнинг имкониятларимиз ҳозирги кунда жуда оз. Биз ҳали халқимизни бош диний адабиёт билан ҳам таъминлаб улгурганимизча йўқ. Мисол учун Қуръон ҳеч-ҳеч етишмайди. Ҳадис китоблари етишмайди. Оддий бошланғич диний таълим берадиган китобларни ҳам халқимизга етказиб беролганимиз йўқ. Агар биз олдимиздаги мана шу биринчи вазифани адо этиб улгурсак, ундан кейин, иншооллоҳ, сиз айтган бадиий меросимизга қўл урсак бўлади.

— Қуръондан ташқари Ислом фалсафасига оид яна қандай мумтоз асарларни ўқишга тавсия қилган бўлур эдингиз?

— Қуръондан кейин бизда ҳадис туради. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари. Ҳадисларни Қуръоннинг жонли таржимаси десак бўлади. Ва унга қўшимча шарҳлар десак ҳам бўлади. Ҳадиси шариф жуда чуқур маъноли, ҳар бир ўқиган инсон такрор ва такрор ўқиса ҳам малол келмайдиган, ҳар қайта ўқиганда яна янги-янги маъно касб этадиган мерос. Мана шуни мен ўқишга тавсия қилган бўлардим. Ундан кейин Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари – ҳаётий йўллари тўғрисидаги исломий китоблар бор. Умуман Исломга тааллуқли ҳар бир, китобда улкан-улкан маънолар бор. Ҳар қандай китобни ўқиган одам менимча зинҳор-зинҳор афсус қилмайди.

— Маълумки, халқимизда ватан туйғуси, миллатга ҳурмат туйғуси юксак фазилатлардан саналади. Эшитишимизга қараганда, Исломга бўлган эътиқод бундай туйғулар, тушунчалардан юқори турар экан. Шу тўғрими?

— Албатта, Ислом миллат, қабила ёки чегара деган тушунчалардан устун туради. Ислом кишининг миллатига, таиасининг рангига, насл-насабига қараб эмас, балки ҳар кимни инсонийлигига қараб улуғлайди. Шунинг учун Аллоҳнинг ҳузурида тақводор бўлган шахс улуғ ҳисобланади.

— Ҳар қандай миллат кишиси – тенг?

— Тенг. Тенгликка тенг, ҳатто Ҳадиси шарифда айтилганидек, тароқнинг тишлари қандоқ бўлса – шундоқ тенг.

— Алишер Навоий ва умуман классик шоирларимиз ёр, муҳаббат, васл деганда Худони, унинг жамолига етишишни назарда тутганлар деган мулоҳазалар учрайди. Шу ҳақдаги фикрингизни ўртоқлашсангиз.

— Жуда тўғри фикр бу. Тасаввуф аҳлларининг шеър ёзиш чоғида ўз рамзий белгилари бўлган. Ёр деганда Аллоҳни, май деганда Аллоҳнинг зикрини тушуниш ва бошқа ўзларига хос изтироблари бўлган. Мисол учун Умар Хайём жуда катта тасаввуф шоирларидан бири. У кишининг ижоди ҳам Аллоҳнинг муҳаббати, май деганда Аллоҳнинг зикри баёнида ёзилган шеърлардан иборат. Бу – рамзий шеърлар. Рамзнинг маъносини билганлар, чуқур ўрганганлар бу байтларнинг ҳақиқий маъносини англаб етади. Яқинда Иброҳим Ҳаққуловнинг шундай мақолаларини «Ёшлик» журналида ўқидим. Шунингдек, бу борада мен ҳурматли олимимиз Алибек оға Рустамовни мукаммал тушунадиган кишилардан деб биламан. Уйлаймизки, у киши ўзларининг келажак чиқишларида шу маънолардаги байтларни шарҳлаб сизларнинг ўқувчиларингизга ҳам тушунтириб берсалар – жуда катта хизмат қилган бўлар эдилар.

— Рамз ҳақида гапирдингиз. Нима сабабдан ҳилол ва юлдуз Исломнинг рамзи сифатида танланган. Улар нимани англатади?

— Бу Ислом рамзи эмас. Ҳилолнинг танланишида усмонийлар давридаги воқеалар сабаб бўлган. Кунстуния (Константинополь) шаҳрини ишғол қилиш пайтида: «Ҳилол кўринганда ҳужум бошлаймиз», деган шартли белги бўлган. Ҳилол кўринганда ҳужум бошланиб, ғалабага эришилгач уни ўзларига рамз қилиб олишган. Кейин усмонийлар Ислом юртларида бир неча йиллар ҳукмронлик қилишган. Шулар орқали ҳилол рамзи бутун Ислом оламига тарқалган.

— Ўтмишда яшаган буюк бобокалон алломаларимиз шубҳасиз дин илмини мукаммал эгаллашган. Шундай экан, ҳозирги диний бошқарма айни чоқда дунёвий илм марказига айланса. У ерда ҳозирги илм-фаннинг дунёвий миқёсидаги алломалари етишиб чиқишини орзу қилиш мумкинми?

— Яхши бўларди. Бу – бизнинг орзуимиз. Лекин бунга етишишнинг ўзи бўлмайди. Ҳозирги кунда диний ходимларни тайёрлашнинг ўзи қийин муаммо. Биз ҳозир дин ходимларига жуда ҳам чанқоқмиз. Шунинг учун бизнинг биринчи вазифамиз ҳозирги вақтда халқимизнинг диний хизматини қиладиғон кишиларни тезроқ, пухтарок, қилиб тайёрлаб бериш.

— Кечирасиз, диний ходимлар деганда малакали, илмий хизматчиларни назарда тутаяпсиз-да?

— Ҳа, малакали диний хизматчиларни тайёрлаб беришимиз керак. Агар улар етарли бўлиб, кейин имкониятлар янада кенгайса, бизда шароитлар вужудга келса, ҳалиги сиз айтаётган фикр жуда тўғри. Чунки ҳозирги кунда Ислом оламида мана шу нарсаларга жуда катта эътибор бериляпти. Динимизнинг руҳи ҳам аслида шу.

— «Известия» газетасида бир хабар чиқди: Уфада икки йиллик махсус диний курс ташкил этилибди. Саводли, малакали дин кишиларини етиштиришда шундай тажрибаларни бизда ҳам амалга оширишнинг иложи борми?

— Бу – бугунги қайта қуриш, ошкоралик, халқчилик сиёсатининг шарофати. Янги ўқув йилидан Боку Ислом ўқув юрти очилиши кўзда тутиляпти. Шунингдек, шимолий Кавказда, Тожикистонда бу борада ишлар олиб бориляпти. Бизда ҳам имкониятларимиздан келиб чиқиб зарур деб топсак – қилса бўлади. Лекин бизнинг ҳозирги биринчи вазифамиз – Бухоро ва Тошкентдаги ўқув юртларининг талабалари сонини икки баробар кўпайтириш.

— Хабарингиз бор: Салмон Рушди шариат талабига кўра олий жазога маҳкум этилди. Наҳотки ёзувчига шафқат кўрсатишнинг иложи топилмаса?

— Хў-ўш, Салмон Рушдига ўлим ҳукми Эрондан чиқарилди. Менга сиздан  бошқа кишилар ҳам бу саволни кўплаб беришди. Жавоб битта: у ҳам бўлса – мусулмонларнинг пайғамбарини, Қуръонни ёки динини ҳақоратлаш – мусулмонларни ҳақоратлаш билан тенг. Мусулмон киши ўзи ҳақоратланса чидайди, сабр қилади, лекин муқаддас нарсаларининг ҳақоратланишига асло чидамайди. Шунинг оқибатида Салмон Рушди ва унинг китоби атрофидаги воқеалар содир бўлди. Ўлим ҳукмига келсак, бунга аввалдан ўйлаб, вазиятни ўрганиб – Рушди ўзи ким, қайси шароитларда ёзди, нияти нима – шу нарсаларни ўрганиб туриб, кейин ҳукм чиқариш керак бўлади. Бу фикрни яқинда бўлиб ўтган Ислом мамлакатлари конференцияси иштирокчилари ҳам таъкидлашди. Бу конференция, яъни бутун мусулмон мамлакатларининг ташқи ишлар министрлари иштирокида ўтган анжуманда Эроннинг ҳукмига қўшилишмади. Қоралаш маъносида қўшилди, лекин ўлим маъносида қўшилишмади. Афсуски, бизда ҳам тўғри, тоза ниятда айтилган гапни тескари талқин қилувчилар учрайди. «Московские новости» ҳафталиги мухбири саволларига жавоб бергандим. Унда мусулмонларнинг ҳис-туйғусини, эътиқодини ҳақоратлашдан атеистлар эҳтиёт бўлсинлар, деган истак баён этилганди. Буни аксинча тушуниб, агар яна шунақа бўлса, мусулмонлар тўполон қиладими, Совет Иттифоқида ҳам атеистларни ўлимга ҳукм қиладими, деб талқин қилувчилар чиқиб қолди. Бу мутлақо нотўғри фикр.

— Муҳтарам муфтий ҳазратлари, юқорида ота-онанинг фарзандга муносабати хусусида мулоҳаза билдирдингиз. Энди фарзандларнинг ота-онага оқибати юзасидан сўзласангиз.

— Ота-она фарзанд томонидан энг юксак эъзозу ҳурматга сазовор инсонлар ҳисобланади. Бу тўғрида Қуръони Каримда, ҳадисда таълимотлар жуда кўп. Халқимиз ўртасида кенг тарқалган «Ота рози – худо рози» деган ҳикмат ҳам мана шу нарсадан келиб чиққан. «Жаннат онанинг оёғи остидадур» деган гап – ҳадис. Қуръон оятида айтиладики, ота-она ҳаттоинки бошқа динда бўлса ҳам – ҳурматини қилиш, оталигини ўрнига қўйиш, оналигини ўрнига қўйиш лозим. Шу ўринда таъкидлаб айтиш керакки, Исломда онанинг ҳаққи отаникидан кўра улуғ. Чунки отадан кўра она ҳомиланинг дунёга келишида, унинг тарбияланиб вояга етишида кўпроқ меҳнат қилиб, кўпроқ қийинчиликларни бошидан ўтказади. Шунинг учун онанинг ҳаққи отаникидан кўп. Ҳаттоинки, уч марта кўп деган таълимот – Ислом таълимотидир.

— Муҳтарам муфтий ҳазратлари, Сизга мўлжаллаган саволларимиз жуда кўп. Бугун шунча вақт ажратганингиз учун раҳмат. Журналхонларимиз номидан, ёшларимиз номидан сизга ташаккур. Суҳбатимиз пировардида, ўзингизнинг тасаввурингиздаги комил инсон таърифини келтирсангиз. Ҳозирги ёшларимизга кўнглингизда тугилиб ётган энг эзгу ниятларингизни ифода қилсангиз.

— Сизнинг барча саволларингизга батафсил жавоб берадиган бўлсак, улар бутун бошли китобга жо бўлур эди. Шу боис жавоб бераётганда мен журнал имкониятини ҳисобга олдим, албатта. Комил инсон таърифига келсак, мусулмонларнинг тушунчасида, комил инсон – Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам! Ҳар бир мусулмон ўша кишидан ўрнак олиб, у кишининг фазилатларини ўзига фазилат қилиб олишга уриниши зарур. Бизнинг замондош кишиларимиз, хусусан сизнинг журналингиз ўқувчилари бўлмиш ёшларнинг фазилатлари тўғрисида сўз келтирадиган бўлсак, улар аввалзамон инсонийликни, маънавий бойликни юқори даражада эгаллаган бўлишини, ўзлари оила-ю, халқи учун манфаатли кишилар, юксак маданиятли, юксак аҳлоқли, юксак одобли, ҳар бир кўрган, суҳбат қурган кишилар ҳавас қиладиган даражада, ўзлари ҳақида қайғурадиган кишилар бўлишини орзу қилиб қолардим.

Хуршид Дўстмуҳаммад суҳбатлашди.

«Ёш куч» журнали, 1989 йил, 8-сон.