Икки юлдуз шуъласи (СамДУ профессори, филология фанлари доктори Дилором Салоҳий билан суҳбат)

– Европада Гёте ва Шекспир ижодини билмаган одам зиёли саналмайди, деган гап бор. Бизда эса Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурни билмаган одамни мумтоз адабиётдан, асл ижод завқидан бебаҳра деб ҳисоблаш мумкин. Чунки Навоий мумтоз адабиёт тарихида лирик, эпик поэзияни энг юқори чўққига олиб чиққан бўлса, Бобур ўзбек насри тараққиётида янги са­ҳифани очди.
Дилором опа, айтинг-чи, биз бугун Навоий ва Бобур ижодидан қай даражада баҳрамандмиз ва миллатимизнинг бу икки сиймо ҳақидаги тасаввури, билими қай даражада?

– Ҳақиқатан, миллатимиз ифтихори ва толеида балқиган бахт юлдузлари бўлмиш бу икки мўътабар сиймо ижодий меросидан бебаҳралик нафақат адабиёт ва бадиий ижод завқидан, балки одамийлик ил­мидан, инсонлик саодатидан бехабарлик, бе­баҳ­ра­ликдир. Гёте ва Шекспир, Пушкин ва Толстой каби жа­­ҳоний шуҳратга эга бўлган мутафаккирлар ҳар бир даврда ҳам, ҳар бир халқ-миллат тақдирида ҳам пайдо бўлавермайди. Бундай донишманд сиймоларнинг бирор давр ижтимоий муҳитида яшаб, ижод қилишлари ўша халқ толеига Яратган томонидан битилган катта шарафдир. Бир ўйлаб кўрайлик, инсоният бахти учун дунёга келган жаҳоншумул ижодкорлар сони шунча кўпми, сафлари узунми? Жавоб аниқ: жуда оз, бармоқ билан санарли. Бадиий тил билан айтадиган бўлсак, минг садафдан биттасининг ичида гавҳар бўлиши мумкин. Халқимиз толеининг баландлиги шундаки, инсоният тафаккури тараққиёти тарихида ўтган икки бебаҳо гавҳар, бахт юлдузлари шу юртда дунёга келди.
Тасаввур қилайлик, хушбўйлик ва гўзалликда беназир бўлган гул тоза тупроқдан униб чиқади, илдизи бақувват, соғлом дарахт ширин мева беради. Буюкларимизнинг зувалалари шу тоза тупроғимиздан қорилган. Азалдан миллатимиз маърифатга сувга интилгандек интилган. Юртимиздаги бирор хонадонда заррача бўлсин, маърифий суҳбат бўлмайди, деган сўзга мен ишонмайман. Ҳеч бўлмаганда, Алишер Навоийнинг “Оз-оз ўрганиб доно бўлур, қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур” («Маҳбуб ул-қулуб»дан) деган ўгитлари оталар томонидан фарзандларга айтиб турилади. Бобур Мирзонинг “Яхшилиғ” радифли қўшиқ бўлиб кетган ғазали кирмаган хонадон ҳам йўқлигига ишонаман. Чунки, “Зар қадрини заргар билар” дей­­дилар. Мен асл заргар миллатимизни назарда тут­моқдаман, мисгарларни эмас.
Навоий ҳам, Бобур ҳам давлат арбоблари эди. Ижодларининг қизиқарли ва кераклилиги шунда бўл­дики, улар давр ва жамиятнинг маънавий талаб ва эҳтиёжларини ўз асарларида кўтариб чиқдилар ва фойдали фикрларини баён этдилар. Улар яшаган давр романтизм даври бўлгани учун, бадиий ижод воситасида фаолият юритишди. Биз эса техника асрида яшаяпмиз. Замона тезкор ва ёшларнинг талаб ва эҳтиёжлари ҳам шунга монанд. Ноутбук кўтариб югуриб кетаётган ёш йигит-қизларни тўхтатиб, “Навоийдан юз байт ёддан айтиб беринг”, десангиз, ижобий жавоб ололмайсиз. Аммо, Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асари юзасидан суҳбат бошласангиз, уларнинг фикрларидан қониқиш ҳосил қиласиз. Ахир, ижтимоий ва маънавий муаммолар кўтарилган, фикр юритилган ушбу асар Алишер Навоий ва Бобур Мирзо маънавий дунёқарашининг замонавий муҳитдан келиб чиқиб яратилган насрий талқини эмасми? Умуман, миллий мафкурамизнинг тамал тоши, пойдевори Навоий ва Бобур каби даҳо аждодларимизнинг бадиий тафаккури ҳосиласи эмасми?! Шу жиҳатдан буюк сиймолар ижодидан миллат билвосита баҳраманд. Бевосита баҳрамандлик эса қалб эҳтиёжидан, романтика ва тарих сирларига ташналикдан келиб чиқади. Бошқача айтганда, Навоий ва Бобур ижодий мероси бошланғич синф ўқувчисининг 2х2=4 деб ёдлаб оладиган фани эмас, балки ақли камолга етган, онги шаклланган, маърифатга талабгор шахснинг ихлос ва эътиқод билан қўлга оладиган муқаддас бойлигидир.
Аммо, ҳар томонлама тўла шаклланган, юксак инсоний фазилатлар эгаси бўлган инсонни тарбиялаб, вояга етказиш учун ҳали гўдаклигидаёқ унга Ҳазрат Навоий панд-ўгитларидан, Бобур шижоати ва фазилатларидан дарс ўқимоқ даркор.

– Ҳар бир ижодкорда ўзига хос дунёқараш, услуб, оҳанг бўлади. Бу хусусиятлар, шуб­ҳасизки, Навоий ва Бобурда ниҳоятда бўртиб кўринади. Аниқроғи, уларнинг ҳаёти ва ижодида яқинлик бор. Умуман, Бобурни Навоийнинг маънавий во­риси деб ҳисоблашимиз қанчалик ҳақиқатга яқин?

– Бу икки улуғ сиймо ижодий фаолиятида албатта уйғунлик бор. Чунки, улар бир даврнинг, бир ижтимоий-сиёсий муҳитнинг фарзандлари эди. Дунё­­қарашлари, қизиқишлари, интилишлари бир эди. Бобур Мирзо Алишер Навоийнинг кичик замондо­ши эди, шоирга ихлосманд эди. Ижодкордаги ихлос­манд­лик ижодий баҳрамандликни ҳам келтириб чи­қа­ради. Умуман, Шарқда буюк Навоий ижодидан баҳ­ра топмаган ижодкор бормикин?! Шулардан бири Бобур Мирзо эди.
Услуб, оҳанг, овоз ва шоирона дид хусусида сўз­­ласак, албатта, шахснинг ўзига хослиги яққол на­моён бўлади. Бирор шахс, ҳар қанча эътиқод қил­масин, бошқа шахсни айнан такрорламайди. Навоий ва Бобур бадиий услубларидаги муштараклик ва фарқни тушуниш учун икки тарихий ҳодисага эъти­бор қаратсак: Алишер Навоий 12 ёшида даврнинг маш­ҳур шоири, “малик ул-калом” Мавлоно Лутфийнинг эътибори ва юксак эътирофига сазовор бўлди. Мирзо Бобур эса 12 ёшида Андижон тахтига ўтириб, тож кийди. Яна бир шундай мисол: Алишер Навоий 41-42 ёшларида бутун Шарққа машҳур бўлиб кетган монументал тарихий асар – “Хамса»ни яратди. Бобур Мирзо эса шу ёшида буюк бобоси Амир Темур империясини тик­лаш мақсадида Ҳиндистон тахтига ўтирди ва у ердаги тарқоқликка барҳам берди.
Навоийнинг ҳам давлат арбоби, ҳам шоир сифатидаги қуроли – қалам эди. Саркарда Бобуршоҳнинг қуроли эса – қилич ва қалам эди. Ана шундай ҳаёт тарзи уларнинг бадиий услубларини ҳам шакллантирди. Навоий асарларида қуйма донишмандлик, файласуфона мантиқий фикр тарзи, тилида эса назокат кўзга ташланади. Бобур эса “Вақоеъ»сида, шеърларида са­мимий инсон, кузатувчан олим, шижоатли ва мағрур аслзода шахс сифатида намоён бўлиб туради. Бунга қуйидаги икки рубоий мисолида ҳам амин бўлиш мумкин.

Навоий:
Ёрабки, иноятингни ёр айла манга,
Йўқлуққа ҳидоятингни бор айла манга,
Ҳар каҳфи кифоятингни дор айла манга,
Ҳар дурри иноятинг нисор айла манга.

Бобур:
Яксон караминг қошида мудбиру муқбил,
Осон сенинг олингда жамиъ мушкил,
Ё лутфу иноят онга қилким, кўтарай,
Ё қаҳру ғазабни тоқатим борича қил.

– Буюк ижодкорлар асос солган адабий мактаблар уларнинг истеъдоди ва шуҳратига муносиб бўлиши табиий. Улар фаолияти ва услубининг таъсири ўзлари ўтиб кетганларидан кейин ҳам қалам аҳлини ортидан эргаштиради, миллат адабиётини янги ғоя ва мавзулар билан “таъминлаб” туради. Шу ўринда Навоий ва Бобур ижодининг ХХ аср ўзбек адабиётига таъсири ҳақида тўхталсангиз.

– XX аср ўзбек адабиётшунослиги том маънода Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур даҳосини кашф этиб, мутафаккирлар ижодий меросини тўла нашр эттирган, қимматли илмий тад­қиқотларни яратган бўлса, ўзбек адабиёти вакиллари – олимлар ва шоирлар миллатнинг бу икки ёруғ юлдузи тимсолларини бадиий адабиёт хазинасига олиб кирдилар. Бу даврда дунёга келган энг қимматли асарлар – Ойбекнинг “Навоий” романи, Иззат Султон ва Уйғуннинг “Алишер Навоий” драмаси эди. Бу асарлар энди миллат бойлиги, қимматли манба, шедевр бўлиб қолди. Бобур Мирзо ҳақида эса бу даврда каттароқ бадиий асар яратилмади, яратилганлари ҳам қаттиқ муҳокама ва танқидга учради (П.Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи назарда тутилмоқда). ХХ аср адиб ва шоирлари Навоий ва Бобур ижоди таъсирида очиқ-ойдин ижод қила олмасдилар. Бунга ўша даврдаги сиёсий тушов, ҳукмрон мафкура йўл бермас эди. ХХ аср ижодкорлари Навоий ва Бобурдан ижодий сабоқ олиб, таъсирланиб асарлар яратсалар, мавжуд сиёсий тузумга қарши чиққан ва бунинг учун жуда қиммат нарх билан “жавоб берган” бўлардилар. Шунинг учун юқорида номлари келтирилган асарларда ўзларини мустамлакачи солаётган хавфдан иҳоталамоқ учун “хўжакўрсин»га Навоий ва унинг энг яқин дўсти, ҳаммаслаги Султон Ҳусайн Бойқаро бир-бирини тушунмаган, муросасиз душманлар сифатида тасвирландилар. Миллат ифтихорлари, миллат қуёшлари бўлмиш шоҳу султонлар – Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро, Бобур Мирзо, Убайдуллохон – Убайдий, Муҳаммад Раҳимхон – Фируз, Амир Умархон – Амирий каби йирик давлат арбоблари қораланган замонда қай тариқа Бобур подшоҳ ҳақида ёки унинг услубида асар яратиш мумкин бўлар эди?! Бундай асар ўқувчига етиб борармиди?
Шукрки, XXI асрда адабиётимизнинг бу армонлари ушаладиганга ўхшайди. Асримиз тонгидаёқ дунё юзини кўрган атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” трилогияси, Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” асари, Наим Каримовнинг “Навоий” драмаси ушбу фикрни баралла айтиш учун асос беради. Ишончимиз комилки, буюк Навоий ва шавкатли Бобур каби мутафаккирлар анъаналари ўз юртига ва ўз эркига эга бўлган халқ бадиий адабиётида бундан буён янада тараққий топади ва ижодий янгиланади.

– Бир ҳолатга кўп гувоҳ бўламиз. Аруз ҳар доим ҳам оддий ўқувчига “юзини очмайди”. Фа­қат адабиётшунослар шарҳлаб бергандагина унинг энг нозик, энг гўзал қирраларини кўра оламиз, байтлар қатидаги асл маънони тушуниб етамиз. Бу мумтоз адабиётимизни ниҳоятда илоҳийлаштириб юборганимизданми ёки уни кам ўқиганимизданми?

– Бу саволингиз юқоридаги саволдан келиб чиқ­қанга ўхшайди. Буюк ижодкорлардан илҳомланиш, яъни адабий ворисийлик нафақат ғоявий мазмун, балки поэтик шакл нуқтаи назаридан ҳам амалга оширилса, янги яратилган асар бадиий баркамол бў­лади. Демак, бундан “энди арузга мурожаат этмоқ лозим”, деган маъно келиб чиқади. Ҳозирги давр шеъриятида арузнинг ўрни қандай, у бугунги ўқувчи учун қизиқарлими? Бундай саволлар ўтган аср шеършунослигида ҳам муҳокама мавзуи бўлган. Хусусан, ўз даврининг зукко ва талабчан мунаққиди бўлмиш Абдулла Қаҳҳор бармоқ ва аруз вазнлари муқоясаси асосида ёзган “Шакл ва мундарижа ҳақида” номли мақоласида арузнинг замонавий шеъриятдаги ўрни ҳақида баҳс юритади. Унинг фикрича, аруз вазнида яратилган шеърият ўз даврининг нодир дурдонаси сифатида олий даражада ўрнашиб қолди, уни бизнинг замонамизга мослаш “мумтозлик” мақомига нуқсон етказишдек таассурот уйғотади.
Аммо, вақт кўрсатмоқдаки, арузни қимматбаҳо мулк сифатида токчага олиб қўйиш ҳодисаси юз бермади. Бу вазн ҳануз анъанавий бир вазн сифатида яшаб, давом этиб келмоқда. Ўтган асрда Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Собир Абдулла, Ҳабибий, Чустий, Эркин Воҳидов каби шоирларнинг аруз вазнида яратилган асарлари ўз даврига мос янги мазмун касб этган. Янги асримиз шеъриятида ҳам шундай ҳодиса кузатилмоқда. Энди, арузнинг ҳар доим ҳам ўқувчига “юзини очавермаслиги” масаласига келсак, бунинг ҳам ўзига яраша сабаби бор. Аввало, у бармоқ вазни каби фақат такт ва ритмдан иборат бўлмай, ички мазмунга ҳам эга. Аруз вазнларининг муайян баҳрлари кишида муайян кайфият уйғотади. Айрим баҳрлар номи аруз вазнларининг моҳияти ва қандай жанрга қўл келишини ҳам акс эттиради. Чунончи, ҳазаж – ёқимли ун ва тарона, ражаз – изтироб ва шитоб каби. Масалан, Алишер Навоий “Лайли ва Мажнун” достони учун ҳазаж баҳридаги ҳазин вазнлардан бири – ҳазажи мусаддаси ақраби макфуф вазни («мафъулу мафоилун фаулун»)ни танлаган эди. Бу вазнда яратилган асарни ўқиган кишида “ҳўнг-ҳўнг” йиғи товушини эшитгандек таассурот пайдо бўлади:

Бир наъшқа солдилар икковни,
Жонсиз келину ўлук куёвни…

«Садди Искандарий” достонини эса Навоий қаҳ­рамонлик достонлари (масалан, “Шоҳнома») учун анъанавий баҳр бўлган мутақориб (мутақориби мусаммани мақсур)да яратди. Бу баҳрда ёзилган шеърият кишида аскарларнинг бир маромда ташлаётган оёқлари товушини эшитгандек таассурот уйғотади: фаулан фаулан фаулан фаул. Мисол:

Бу гўё жаҳон ичра тўфон эрур,
Ки ондин жаҳон аҳли вайрон эрур…

Бармоқ вазнида бундай хусусият, имконият йўқ.
Бундан ташқари, аруз вазни тил хусусиятлари жи­ҳатидан ҳам ўзига хосликка эга. Бу ҳам фонетика, ҳам морфология, ҳам синтаксисга тегишли. Арузда мураккаб услубий шакллар мавжуд – баъзан бир мисрада икки фикр, баъзан икки мисра – бир байтда бир фикр ифода этилади. Шу боисдан арузда ёзилган асарларни кам ўқиган ўқувчи уни тушуниш завқидан бебаҳра қолади. Бу бебаҳралик Ҳазрат Навоийдек, Бобур Мир­зодек буюк шахслар меросхўри бўлган миллат фарзандларига ярашмайди, менимча. Мумтоз шеърият намуналаридан ўқиб, баҳра олиб туриш инсон тафаккурини чархлайди, асардан бадиий завқ олишга ўргатади, эстетик дидни шакллантиради.
Арузда яратилган асарлар мактабданоқ ёш авлодга ўқитилади, ўргатилади. Бу жуда яхши. Аммо, ёшларимиз гўзал фазилатлар, нозик дид, юксак салоҳият ва бой дунёқарашга эга бўлишлари учун арузни чуқурроқ ўрганишлари зарур. Аруздан хабардорлик уларга Навоий ва Бобур каби даҳо шоирлар маънавий оламини теранроқ англаш имконини беради.

– Устоз, самимий суҳбатингиз учун ташак­кур! “Ёшлик” журнали мухлислари номидан сизга яна узоқ йиллар улуғлар ижодига ҳамнафас бўлиш насиб этишини тилаб қоламиз.

Суҳбатдош: Исомиддин ПЎЛАТОВ

«Ёшлик» журнали, 2015 йил, 2-сон.