Икки авлод овози. Бугунги адабий воқеликка бир назар (суҳбат)

Бугун дунё мафкура майдонида жуда кучли, зиддиятли муаммолар рўй бермоқда. Инсон шахсига ёндашувнинг ўзгарганлиги, минг йиллик маънавий қадриятларнинг таназзулга учраётганлиги мамлакатлар тақдирини боши берк кўчага олиб кирмоқда. Бу жараён бевосита инсон қалби ва руҳининг асосий мураббийи ҳисобланган адабиёт ва санъат дунёсида ҳам бўй кўрсатмоқдаки, бу ҳодисага бефарқ қараб бўлмайди. Биз журнал таҳририяти жамоаси дунё адабий майдони, қолаверса, ўзбек маданий тафаккуридаги ўзгаришлар, янгиланиш ва турфа тамойиллар ҳақида муштарийларимиз билан суҳбатлашиш мақсадида жамиятимизнинг икки авлодига мансуб бўлган адабиёт, тафаккуртанувчиларга мурожаат қилдик. Агар жаҳонда бугун кечаётган ижтимоий, сиёсий, адабий, мафкуравий воқеликка нисбатан мулоҳазаларингиз бўлса, биз билан ўртоқлашинг.

– ХХ асрда адабиётимизда неча авлод алмашди, қанча мафкуравий-руҳий эврилишлар содир бўлди, адабий қарашлар, инсон шахсига муносабат шакллари ўзгарди. Мана шу алмашинув умумий онг, бадиий тафаккуримизда янгиланишлар ясади, деб ўйлайсизми? Ёки ўтган асрда яшаб, ижод этган, чуқур билим ҳамда ўткир салоҳиятга эга бўлган гигант ёзувчиларимиз китоб жавонларида қолдирган бадиий бисот ёнига худди шундай нодир, умри асрларга чўзиладиган етук асарлар қўша олдими? Сиз бугунги авлоднинг ижодий изланишлари, яратаётган асарларидан қониқасизми?

http://n.ziyouz.com/images/bahodir_karimov.JPGБаҳодир Каримов: Одамни дард бирлаштиради. Унга биргалашиб даво топадилар. Ҳамдард бўлмаса – ёмон. Мазкур саволларни ўқиб мумтоз бир мисра хаёлимга келди: “Манинг дардим санинг дардингдин ортиқ…”. Университетда талабаларга адабиёт назарияси, адабиётшунослик методларидан маъруза ўқийман. Аудиторияга кириб берадиган илк саволим айнан бадиий асарнинг яшовчанлиги, умрбоқийлиги билан боғлиқ. “Минглаб ҳикоялар, шеърий тўпламлар босилган; қиссаларнинг сони ҳам мингдан кўп. Ўзбек адабиётида ҳозиргача юзлаб романлар яратилган.Келинг, ўқиб завқланадиган, бошқаларга ўқиш учун тавсия қиладиган романларни санайлик”. Бармоқ букиб талабалар билан бирга санашга тушамиз. Ўнта бармоқ, тўғриси, тўрт марта базўр тўлади. Қолган икки юздан ортиқ роман қаерга кетди? Нега муаллифдан аввалроқ “вафот этди?” Қиссалар-чи, деган тарзда айнан шу оғриқли савол ўртага қўйилади. Жавоб излана бошланади: ўша даврнинг сиёсий тузуми, устувор ғоявийлик, мафкуравий тазйиқ, эрксизлик, чегараланган мавзулар – бир дунё ташқи омиллар. Сўнгра ичкарига ўтилади: асар тилининг ночорлиги, образли тафаккурнинг оқсагани, психологик тасвир қашшоқлиги, муаллиф истеъдоди, маҳорати, умуман, шу каби ўнлаб назарий унсурлар санаб чиқилади. Ва барча фикрда ўша асарлар “вафот”ининг қайсидир қирраси яширинган бўлади.

Бугун-чи? Ижод эркинлиги мавжуд, мавзу танлаш адиблар ихтиёрида, истаган мавзуда ёзишлари, ўз устида ишлашлари имкони бор. Аммо… Аммо гўзал ва муҳташам санъат кўшкининг бунёд бўлиши ошқовоқ экиладиган деҳқон томорқасидан фарқ қилади. Зотан, ҳаммага маълум гап: “Осон эмас бу майдон ичра турмоқ…” Ҳар вақт масалага нисбий ва кўнгилчанлик билан қараймиз. Фалондан фалон тузукроқ, ҳа майли, у ҳам рўйхатдан тушмасин, кўнгли ўксимасин, деб ўрни келса-келмаса, адабий мақолаларга номи илдирилади. Баъзан хорижда асари босилган асарлар сарлавҳаси ёки шоирлар номи рўйхатга илова қилинади. Аслида ўша ном ҳам, асар ҳам гоҳида ўзимизда икки пулга қиммат бўлиб чиқади. Бундай вазиятларда субъективизм устуворлик қилади. Кўзлар Масковдан имо кутган яқин ўтган замонларда ҳам бундай тажрибалар, “сендан угина, мендан бугина” тамойиллари мавжуд бўлганини хотирлаб қоламиз… Ҳолбуки, бундай нисбий қарашлар ҳам, хориждаги нашрлар ҳам, ёлланма адабиётшуносларнинг тарғиб-ташвиқи ҳам, ҳатто улкан халқаро мукофотлар олиниши ҳам бадиий асарнинг ўқувчи юрагида узоқ йиллар, асрлар бўйи яшаб қолишига васиқа бўла олмайди. Сиз саволни қайтариб, нега шундай дейишингиз мумкин. Мен айтаман: санъат дунёсида бундай жумбоқлар ҳеч қачон арифметик прогрессия ёки Бернуллининг физик қонунлари билан ечилмайди. Ижоднинг жозибаси ҳам, завқ-шавқи ҳам, санъат асари руҳига сингиб кетган сирда, бу эстетик ҳодисани баъзида тушунтириш имконсиздир. Баъзан уни ҳис этиш, англаш лозим. Вазиятдан бу йўл билан ҳам қутулиб чиқилади. Ҳис этишнинг даражаси эса дидга, қалб покизалигига, ниятнинг холислиги ва бошқа ном берилмаган, ҳалигача сирли, адабий атамасиз юрган ўнлаб омилларга тегишлидир. Ўрни келса, адабий ночорлик юзига яна бир қават қалин парда тутиб, қутулиш қўшиғига яна бир байт қўшимча қилинади. Тўғриси, ҳис қилинган ҳамма нарсани сўзда ифода қилиб бўлмайди; аҳли дониш ҳақиқат сулдарида (ҳақиқатга ўхшаб) кўринган ҳодисаларнинг ҳаммасини ҳам айтиши мумкин эмас.

Замин посангиси, Ерга қозиқ қилиб қоқилган баҳайбат тоғнинг ҳамма жойи чўққидан иборат эмас; қай бир ерида текис супалари бор. Фарқли чўққилари бир нечта. Уларнинг орасида ўйдим-чуқур жойлар, митти чўққи ёки тепаликлар, даралар, ҳатто тубсиз жарликлар мавжуд. Аслида маҳобатли чўққи ёнбағирдаги тиргаклар, атрофдаги тепаликларга нисбатан улуғвор кўринади. Ижодкорларнинг ҳаммасида ҳам баландлик даъвоси бўлавермайди. Ўз даражасини англаган, кўнгли тоза, ижоддан ҳаловат топадиган одамлар кўп. Ўзимга яраша, бир нави ижод қилиб юрибман, дейдиган камтарлар ҳам бор. Дарҳақиқат, ўзининг юксак рутбасини сезадиган ва бу мақом намойишидан истиҳола қиладиган иймонли ижодкорлар келажакда яшаб қоладиган асарларнинг эгалари бўлса керак, деб ўйлайман.

Биз кўп ҳолларда чегараларни белгилаб, атрофни қўрғонлаб, темир сандиққа беркиниб олишни хуш кўрамиз. Ўша буюк бир инсон, асари асрлардан асрларга ўтиб яшаб кетадиган истеъдод эгаси балки ёнимизда юргандир. Бизга даврдош ва даврадошдир. Шахсан мен шундай улкан истеъдодлар билан замондош бўлишни орзу қиламан; қозоқларнинг бир нақли бор: “Тепасида юрган тоғнинг буюклиги пайқалмайди”.

Умид Ёқубов: ХХ аср санъати – инсоният онгида тараққий ва таназзул бир чизиқда кесишган мураккаб давр: тафаккур чегараларининг емирилиши, тасаввур шитобининг йилдиримлашиши, табу пардасининг кўтарилиши, космосни вакуумга жойлашга уринишлар…

Тасаввурнинг чексиз ўйинлари ҳосил этган бу сферада, албатта, ўзбек адиблари ҳам ўз ўрнини излаши табиий. Чунки ХХ аср ўзбек адабиёти ўз-ўзича ривожлангани йўқ. Демакки, жаҳон адабиётида кузатилган илғор фикр интилишлари – майллари билан у ё бу даражада ўхшашлик (мутаносиблик) адабиётимизда кўзга ташланишини табиий қабул қилиш ўринли.

ХХ аср ўзбек адабиёти икки катта – мустақилликка қадар ва истиқлолдан кейинги даврда бир неча босқичларни яшаб ўтди. Биринчисини таҳлил қилмай, иккинчисига ўтиб ҳам, баҳо бериб ҳам бўлмайди. Бу, айтайлик, бадиий йўл танлаш ё Инсон манзилини ёвуқлаштириш нуқтаи назаридан ҳам жуда зарур.

Мустақилликка қадар ўзбек адабиёти – ҳўл-қуруқ баробар ёнган катта давр, кенг жараён: тўдалар чанги, нафс пишқириқлари, ошқозон қулдурашларининг нариги қутбида завқ билан самода силкинган қанотлар овози, гуллар шивири, япроқлар навоси, “ит базми қизиган ойсиз шомлар[1]” да “иғводан, бўҳтондан осилган тиллар”дан жирканган Дарёдил қалб ҳайқириқлари; чирмовуқ билан атиргулни йиқитиш ёки қичқириқ билан ғунчаларни сунъий чанглатиш “санъати”га қарамай бўй чўзиш ва мева тугишга улгуриш нафас олишлари; фасод-сўлак аралаш қораланган шиорнамо ёзилдиқлар ва қоғозга томчилаган кўнгил…

Бу жараёнда адабиётда нимагаки эришилган бўлса, бу аввало кучли шахсларнинг меҳнати, авлод сифатида шаклланиш мевасидир. Айтайлик, гуруҳ бўлиб кўпкарида улоқни қурдан олиб чиқиш ё боққа олма тергани кираётган кимдир шеригига эрганакни очиб туриши мумкин, бироқ адабиётнинг дарвозасидан, Тоғай Мурод айтгандай, “битта-битта кирадилар”. Қайсидир маънода, тенгқур ижодкорларда ўхшаш фикрлар-мақсадлар бўлиши табиий. Бироқ бу мақсад кимўзарга қараб кетиб қолса, бор салоҳият ҳам бой берилади. Яъни, адабиётда “тўда бўлиб югурсак – кўпроқ чангимиз, балки донғимиз ҳам чиқар”, деганлар адашади. Авлод шаклланиши учун якдил фикр, муштарак мақсад, маънавий-бадиий концепция кераклиги тарихдан маълум. Бу борада Шарқ, француз, немис уйғониш даврлари вакилларининг ижоди-фаолияти яхши мисол бўла олади.

Яна бир гап: авлод сифатида шаклланиш фақат бир даврга хос эмасдай. Инчунун, Алишер Навоийга хос тафаккур тарзи Мирзо Бобур, Огаҳий бадиий тасаввур оламига уйғун, узвий. Бундай маънавий боғлиқлик баъзан миллат ҳам танламайди: айтайлик, Достоевский, Беккет, Камю дунёси. Ёхуд кучли адабий муҳит ҳосиласи: Вольтер, Руссо, Ламетрий ва Дидро; “китоб-инсон” (ўн тўрт тилда мутолаа қила олган) Рафаэль Кансинос-Ансесс ва Борхес, уларнинг атрофида эса Хулио Кортасар, Габриэл Гарсиа Маркес, Карлос Фуэнтес, Адольфо Биой Касарес, Эрнесто Сабато…

Энди ўзимизга қайтсак. ХХ аср ўзбек адабиёти жанрлар таснифида таҳлил қилинса, айтадиган гап кўп. Айниқса, шеъриятда жиддий тажрибалар бўлди. Кимдир тан олса-олмаса, истаса-истамаса, ўзбек шеърияти жаҳон адабиёти денгизининг энг ҳаётбахш, суви доим янгиланиб турадиган дарёларидан. Бугун ҳам шундай. Бироқ саволни кўпроқ насрга тааллуқли, деб тушундим.

ХХ аср ўзбек насри хулқланишни ҳаётий мақсад, аҳдни эътиқод, вафони ҳаё, ўзига садоқатни бурч, деб билишдан бошланганди. Бу инсон ғалабасини, Эшқобил Шукур таъбири билан айтганда, “инсонни инсондай кўрмоқ орзуси” эди. Бугун эса шу бошланмага қайтишнинг ўзи катта гап бўлиб қолди. Чунки йиллар тўфонида бу қарашлар эврилди, ўзгармоқда (бу ҳам мобиль телефон ривожига ўхшайди-да: у дастлаб фақат гаплашиш воситаси бўлган бўлса, ҳозир унинг дастурлари битта одамнинг вақтини бемалол олишга етади, ҳамма гап шу вақтнинг қандай тақсимланиши, истифода қилинишида).

Ўзбек насри даставвал миллий фольклор ва анъанавий қиссахонликлар асосида шакллангани маълум (Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғулом насри). Кейинроқ араб, турк, рус, француз, Лотин Америкаси, япон насри адибларимизга кучли таъсир кўрсатди. Таъсирлашиш – табиий ҳол. Таъсир эмас, тақлид айб.

Ўзбек насрида шаклан (сўзни сиқиқлаштириш, баёнбозликнинг камайиши, ички кўповозлилик, қаҳрамон ракурсларининг ўзгариши, рангинлиги, сўз қуриш қоидаларини янгилашга уриниш, янги сўз ясашлар), услубан (ровий ва қаҳрамоннинг бирлашиши, ички монологнинг асосий ўринга чиқиши, бир қаҳрамон (масалан, Ғайбаров)нинг турли асарлардаги, бир неча авлоднинг бир асардаги (айтайлик, Жамолиддин, Ақраб, Деҳқонқул ёки Бобур, Ҳумоюн, Акбар, Салим) ҳаёти, қаҳрамонлар исмига бадиий юк берилиши (Ҳасанали, Яхшибоев, Деҳқонқул) ёхуд исмнинг тўлиқ рамзлашиши (Қоравой, Паризод, Устоз), бадиий контра тарозисининг мувозанатга келиши (ижобий-салбий қаҳрамонлардан воз кечиш)га, юмор-терапия (ўзидан кулиб ўзиш)га, тимсолни англаш ва англатиш (баъзан рамзнинг ортидан қувиш)га, ғояни мақсаддан воситага айлантиришга уринишлар), моҳиятан (Инсон манзарасини маълум қолиплардан холи равишда, қандай бўлса шундайлигича тасвирлаш) янгиланишлар бўлди, давом этмоқда. Буларнинг бари сиз айтган авлодлар алмашинувининг ҳосиласи бўлибгина қолмай, балки тузум ўзгариши, ғоялар янгиланиши, мафкуравий қолиплардан воз кечилгани билан ҳам боғлиқ. Бироқ нисбатан узоқроқ пайтда – ўз даврида қўлма-қўл ўқилган “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Кеча ва кундуз”, “Шум бола”нинг бугун ҳам ўқувчилари кўп. Бугунги авлоднинг қилаётган ижодий изланишлари, яратаётган асарларига баҳо беришга, тўғриси, ёшлик қиламан. Кейин улардан кўнглим тўлиш-тўлмаслиги кимгадир қизиқ эканига ҳам шубҳам бор.

– Биз “Жаҳон адабиёти” журналининг 2014 йил 1-сонида рус ёзувчиси В.Ерофеевнинг мақоласига нисбат берган ҳолда “Инсон идеалми?” деган савол қўйган эдик. Ҳақиқатан ҳам, шу кунгача жаҳон ва миллий адабиётда яратилган мумтоз ҳамда баркамол образлар идеал қаҳрамонлар эдими? Ўзи, инсон идеал бўла оладими? Ёки инсон тафаккурини муайян бир қолипга соладиган барча адабий-эстетик қолиплардан воз кечиб, умуминсоний қаҳрамонлар эмас, балки шахсий қаҳрамонлар, умуминсоний характерга эга бўлган, халқаро миқёсда шуҳрат қозонган бадиий идеаллар эмас, балки бир муайян авлод кайфияти, руҳиятини ифодалаб берадиган идеаллар яратиш даври келдими?

Баҳодир Каримов: Инсоннинг идеаллиги нисбий. Чунки одамзод унутувчан, ожиз ва шошқалоқ, нафс бандаси қилиб яратилгандир. Бадиий образ, бадиий қаҳрамонлар қусурсиз идеал қилиб яратилиши мумкин. Бунда ҳеч бир ажабланарлик жиҳат йўқ. Бадиий адабиёт ва санъатнинг табиати, аслида, шу идеалликни талаб қилади. Шунда чексиз гўзал, олийжаноб, мард, улуғвор, оддий қаҳрамонларни санъат муҳиблари севиб қолади. Бундай юксак маънавиятга эга идеал инсонларни тасвирлаш учун ҳам улкан қалб керак адибга. Ўтган замон адабиётида Пелагея Ниловна, Павел Корчагинлар бор эди. Улар таъсирида шўро одами шаклланди. Шўро одамини қаҳратон совуқ ҳам, жазирама иссиқ ҳам енга олмасди. Тинимсиз меҳнатга кўмилиб, “барибир пахтани терамиз” деб кўкрак кериб тураверар эди улар…

Идеал бўлиб кўринган одамда ҳам заифликлар, қусурлар бўлади. Фақат одам ўзининг қусурларини яхши фазилатлари эвазига андавалаб юради. Бундай қусур бировда кўп, бировда камроқ. Шу боис нисбий равишда одамлар яхши ва ёмонга ажратилади. Ҳаётда шундай вазиятлар бўладики, тасаввурлар алдайди. Ташқи кўриниши – кийим-кечаги, бўйинбоғи, ҳатто айтаётган сўзлари бағоят гўзал кимсаларнинг баъзан амали ноқис бўлади; арзимаган нарсалар учун тубанлашади; аразлашиб, ҳайвонлашади. Шахсий манфаатига зид келса, энг яқинини ҳам ҳеч аямасдан жарга итариб юборади. Аммо одам ҳаётда яхшиларга кўпроқ дуч келади. Яхши одамларнинг эзгуликлари эвазига маъюс қалб ёришади.

Бир гапни алоҳида таъкидлашни истар эдим. Оллоҳнинг танлаган элчилари, инсониятга тўғри йўлни кўрсатиш учун сараланган пайғамбарлари ҳар қандай хато-нуқсон, қусурлардан, мол-дунё муҳаббатидан холи бўлади. Улар инсониятга тўғри йўл кўрсатишда идеал бўла оладилар, албатта. Зотан, Яратгувчи шуни хоҳлаган, уларнинг юрагини қора доғлардан тозалаган. Агар идеал инсон масаласида гап кетадиган бўлса, Нуҳ, Сулаймон, Айюб, Ёқуб, Юсуф, Исо, Муҳаммад алайҳимуссаломлар башарият учун идеал инсонлар бўлиши мумкин. Чунончи, дунё адабиётида бу табаррук элчиларнинг ибратли ҳаёт тарзига доир ўлмас бадиий асарлар, муқаддас Китобларга асосланган гўзал қиссалар, кўплаб таъсирли ҳикоялар мавжуд…

Бугунги авлод, мустақиллик даври одамлари ичида ўзини енгган, дунёнинг ўткинчилигини англаган, гўё умрбод дунёда қоладигандек ҳар ишини чин дилдан бажараётган, айни дамда шу бугун ўлиб қоладигандек у дунё учун озуқа тўплаётган одамлар бор экан, ўз нафсидан, моддий манфаатларидан устун келган ҳақиқий шахслик рутбасига кўтарилган фидойи, инсофли, сабр-тоқатли инсонлар бор экан, бадиий адабиёт, албатта, уларни қайсидир даражада идеал қаҳрамон сифатида тасвирлаши мумкин, деб ўйлайман.

Умид Ёқубов: – Беайб Парвардигор, ноумид шайтон, инсон мукаррам. Булар – бир кишининг шахсий фикри эмас. Халқимиз неча-неча асрлар давомида қанча мураккаб йўлларни босиб ўтиб, ҳаёт ва тафаккур тарзидан келиб чиқиб, шу хулосада тўхтаган. Уларнинг ўзгариши қийин. Кейин ўзгартиришга ҳозирча ҳожат ҳам йўқ.

Виктор Ерофеевнинг суҳбатини ўқидим. В.Ерофеев оти чиққан ёзувчи, Достоевский ижодининг француз экзистенциализмига таъсирини пухта ўрганган олим (адиб номини таратган “Телба билан яшаш” асари айнан шунинг таъсири бўлса керак). Унинг илгарироқ анча баҳс-мунозараларга сабаб бўлган “Рус қалби энциклопедияси” асарига ҳам кўзим тушганди. Кўп ўтмай, Россия зиёлилари ва ёшларидан бир гуруҳи Ерофеевни “русофобия” (рус миллатига негатив муносабатда бўлиш)да айблагани (“Тажовузкор русофобия ҳақида очиқ хат”)дан ҳам хабарим бор (гарчи унинг ўзи кейинроқ “Литературная газета”даги суҳбатида буни “оддий сиёсий чақув” деб баҳолаган бўлса ҳам). Ўтган  йили бошида эса у “Дождь” телеканалида тарихий мавзудаги “Ишқибозлар” дастури меҳмони бўлиб, “Иккинчи жаҳон урушида юз минглаб инсонларнинг жонини сақлаб қолиш учун Ленинградни топшириш маъқулроқ эмасмиди?” деган савол доирасида билдирган фикрлари ҳам катта машмашага сабаб бўлди. Ўзини “тозақонли рус”, Менделеев шажарасига туташ ва радио ихтирочиси Поповнинг чевараси санайдиган Ерофеев чиндан ҳам “русофоб”ми ё йўқ – уларнинг ўзи ҳал қиладиган муаммо.

В.Ерофеевнинг “Аргументы и факты”даги суҳбати ҳам ўша “Рус қалби энциклопедияси”нинг давомидай туюлди. Аввало, бир нарсани ойдинлаштириш керак: Ерофеев рус адабиёти бизни боплаб кетди (ёки бизга панд берди), деб биринчи марта айтаётгани йўқ, бироқ бунда у собиқ Иттифоқ мафкураси ҳосиласи бўлган социалистик реализмни назарда тутадими ё рус адабиётини – шуниси мавҳум.

Модомики, “90-йиллар бошига келиб, каваклардан фаришталар эмас, фоҳишалар ва безори ўғрилар чиқиб келган” экан, бунинг учун рус адабиёти (айтайлик, ўша Толстой ё Тургенев) эмас, одамларни “Сусамбил”га элтиш”га ваъда берган соцреализм мафкурачилари айбдор. В.Ерофеев доимо ўрнак сифатида кўрсатадиган Ғарбда, айтайлик, ўша Франция ё Англияда бугун маънавий аҳвол ҳавас қилгулик эмас: ўтган йилнинг ўзида нима ишлар бўлди: машҳур қўшиқчи Элтон Жон эркакка турмушга чиқиб, ҳамжинс “эри” ҳақида фахрланиб сўзламоқда; Кембриж университетида ўғил талабаларга юбка кийишга рухсат берилди; бир жинсли никоҳларни қонунийлаштириш Франция Президенти Франсуа Олланднинг асосий сайловолди ваъдаларидан бири бўлди ва у ҳокимиятга келгач, ваъдасини сидқидилдан бажарди ҳам. Хўш, бу маънавий инқирозлар учун биз Байрон, Вольтер, Руссо, Флобер ё Сартрни айблай оламизми? Албатта, мантиқсизлик-да.

В.Ерофеев “Рус қалби энциклопедияси”да “Толстой, аскарни таърифлаб, руснинг асосий хусусияти – мўмин бўлиш, дейди. Ўйлашимча, рус – тарбияга ёпишиб олмаган. У фақат тарбияланган сифатида кўриниш беряпти, холос. Тарбия ҳақида Россияда ҳеч ким ғамхўрлик қилмайди. Фақат бир хусусиятли руслар бор – бетарбия кишилар. Деҳқонлар, ишчилар, зиёлилар, ҳукумат – барчаси тарбиясиз. Хушбичим русни-ку қўяверинг – турган-битгани латифа”[2], деб ёзади. Бироқ соцреализмчилар ҳам, Ерофеев ҳам, бошқалар ҳам тан олса-олмаса, истаса-истамаса, Толстойни бугун ҳам ўқишяпти, эртага ҳам ўқилишига шубҳа йўқ. “Бўрон қуши”, “Пўлат қандай тобланди”, “Ёш гвардия” ўз-ўзидан унутилди, “Уруш ва тинчлик”, “Анна Каренина”, “Иқрорнома” эса бугун ҳам барҳаёт.

Нима учун? Чунки Лев Толстой инсонни ақл-идрок, жамиятни маърифат бошқариши керак, деб ҳисоблаган. Инсоннинг ўз устидан ғалаба қозонишини – мўминликни олий даража ҳисоблаган.

И.Султон соцреализм ривожининг асосий факторлари сифатида революцион воқелик, коммунистик партия раҳбарлиги, миллий ҳамда жаҳон адабиёти ва санъатларининг ўтмишда йиққан ижобий (!) тажрибасини санайди[3]. Энди ўзингиз ўйланг, ёзувчига асарни қандай ёзишни ўргатиш – онага қандай кўринишда бола туғишни кўрсатма беришдай гап (беодобликка йўйманг-ку, менга ҳамиша соцреализм – исталмаган ҳомиладорлик каби туюлади). Ҳа, соцреализм сунъий туғилгани, инсон ва миллат тафаккури эркинлигига қарши бўлгани учун ҳам кўп яшамади: қуруқ шиорбозликдан нари ўтолмаган том-том “эъжод” намуналари тузум ағдарилиши билан эсдан чиқди. Лекин “мен “прямой” ёзаман”, дегичлардан қанча-қанчаси шулар билан овора бўлиб умрини елга совургани, миллионлаб инсонлар асл санъатдан чекланиб, фақат ҳукмфармо партия ғояларини мадҳ этган “асар”ларни ўқишга мажбурлангани – шуниси ачинарли. Ахир бадиий асардан партиявий ғояларга содиқлик ва аниқлик талаб қилиш имкони берилиши билан минглаб “гўринг нурга тўлгур Шариф”лар (М.М.Дўст) бир қўлда лупа-ю бир қўлда гурзикарвон билан ҳар сатрдан хато излагани, “Қодирийни сотиб шоир бўлган” (М.Юсуф) “меҳробдан чиққан чаён”лар каммиди. Бу гапларни ўша даврдаги газеталарда чиққан саҳифа-саҳифа уйдирмалардан ҳам билса бўлади. Масалан, Абдулла Ориповнинг машҳур “Биринчи муҳаббатим” шеъри “ур калтак-сур калтак” қилинган бир “мақола”даги парча ёдимда қолган: “қизиқ, шоир “мен кимга суянгайман”, деб ёзибди. Ана, партияга суян, пролетарларга суян…”. “Шариф”нусха кабиларнинг бундай “ихтиро”лари – ғирт латифа. Лекин уларни ўқиб, кула олмайсиз. Ва бир ҳақиқат ойдинлашадики, агар адабиётни маълум ғоявий қолипга солиш имкони бўлганида “ёзувчидан марксча-ленинча дунёқараш ва материалистик таълимот билан қуролланиш”ни талаб қилган компартия албатта буни уддалаган бўларди. Ваҳоланки,“юрагимиз партияга тегишли” деганларнинг ёзилдиқлари тузум ўзгариши билан унутилди. Унутилди! Уларга энг ҳақли жазо ҳам аслида шу эди. Вақт ғалвиридан ўтолмаган – “чеҳнаган асарлар”нинг умрини эса “бошқа асарларга қўшиб берган бўлсин” (Фахриёр).

Ўтган асрда биргина Иккинчи жаҳон уруши воқеалари тасвирланган қанча нарсалар ёзилди: жилд-жилд. Бироқ уларни ўқиб, одамнинг урушга боргиси келарди. Ўша асарлар билан параллел равишда Хемингуэй “Алвидо, қурол”, “Fiesta”ни ёки Ремарк “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ”, “Қарзга олинган ҳаёт”ни ҳам ёзди-ку. Хемингуэй ё Ремаркни қўйинг, ўз даврида Распутин асарлари, дейлик, Фадеевнинг қораламаларидан қиймати паст кўрилгани аниқ. Лекин Распутинни бугун ҳам ўқишяпти.

“Одам бу – хавотир”, дейди Ж.П.Сартр. Яъни, у наинки ўзи учун, балки бутун башарият учун ҳам тўлиқ ва теран жавобгарлик ҳиссидан қутула олмайди. “Одам бу – ҳайвон билан Ало Одам ўртасида тортилмиш арқон – у тубсиз чоҳ узра осилиб туради”, – дейди Нитшенинг “Зардўшт”и (негадир, унинг “дорбозлик санъати”ни фаромуш этган ҳолда). – “Ўтмоқ хатарли, ярим йўлда қолмоқ хатарли, орқага ўгирилиб қарамоқ хатарли, қўрқиш ва тўхташ хатарли. Одам мақсад эмас, кўприкдир, одамнинг шунисинигина севиш мумкин”.

Ёки Достоевский “ажина”си, Лермонтов “зерикиш”и, Нитше нигилизми, Киркегардона “хавотир”, Хайдеггерча “унутилган”лик – “ўз ҳолига ташлаб қўйилган”лик, Камюнинг “умидсизлик” назарияларида одамнинг коинотдаги ўрни изланаркан, С.Фюмнинг ўша машҳур ибораси ёдга тушаверади: “Санъат ўз олдига қандай мақсад қўймасин, барибир, Худо билан баҳс бойлашишга киришган даҳрийликдир”.

Инсон табиат асоси, меҳвари бўлгани учун ҳам мукаррам. Одам бор экан вақтда, жонзотлар турмушида маъно бор. Холиқ ва махлуқ тушунчаси бор. “Сен бўлмасанг, фалакларни яратмасдим”, деган муқаддас аҳд бор. Олам ўзгариши учун одам ўзгариши керак. Тасаввури, дунёқараши, ички олами ўзгариши керак. Фақат одамгина ўзини ўзи қутқара олади. Фақат одамгина танлай олади. Чунки, бизга билим олиш, сўзлаш, ақл, туйғу, идрок, фаросат… берилган. Оқлов учун йўл қолдирилмаган. Шунинг ўзи ҳам одамни ягона ва мангу Тўғри Йўлга – маънавий покланиш йўлига, ҳидоятга хизмат қилишга бошлаш учун етарли.

 – Бугун дунё бўйича китоб ўқимаслик ва “адабий саводсизлик” эпидемияси жуда кенг тарқалмоқда. Бутунлай ўзгача дунёқараш ҳамда тафаккур тутумларига эга бўлган авлоднинг бирламчи эҳтиёжлари рўйхатидан китобнинг, хусусан, адабиёт номи тушиб қолгандай. Вазият шу кетишда бўлса, неча асрлар бўйи яратилган улкан бадиий хазиналар музей экспонатлари қаторига қўшилиб қолиши ҳеч гап эмас. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз? Бу тарзда савол қўйиш бир қарашда жўндай туюлади. Сабаби фан ва техниканинг жадал ривожи, маданий соҳадаги глобаллашув ёшлар вақтини тиғизлаштириб юборди. Бугунги авлод дунёнинг турли минтақаларида яратилаётган илмий-техник ютуқларни ҳазм қилишга зўрға вақт топа олишаётгандек туюлади. Аммо техник тараққиёт қанчалик жадаллашмасин, инсон моҳияти, қалби ўзгармади… Аксинча, фикрлаш доирасининг торайгани, юракнинг кичрайгани, маънавиятнинг тубанлашгани, инсон қалби яратган гўзалликлар қадрсизланаётгани, минг-минг йиллик маданий қадриятларнинг унутилаётганини кузатиб туриб, адабиётнинг жамиятдаги, бутун дунё маънавий-руҳий тараққиётидаги ўрни қаерда қолди, замонамиз ёзувчилари шундай глобал муаммолар қаршисида нима учун сукут сақламоқдалар, деган савол туғилади. Бутун дунёда ёшлар томонидан китоб ўқиш даражасининг кескин тушиб кетишига уларни ишонтира оладиган мафкура, эргаштира оладиган етук образлар яратилмаётгани сабаб эмасми? Агар яратилаётган бўлса, нима учун халқаро миқёсга чиқмади?

Баҳодир Каримов: Китоб инсон ақли билан кашф этган бебаҳо қадрият; инсоният тарихидаги энг улкан хазиналар кошонаси. Ундан маънавий-маърифий озиқа олинади, бироқ бойлик асло тугамайди. Ўқиганлар билан ўқимаганларни, афзаллар билан афсалларни, оқиллар билан жоҳилларни тенглаштириб бўлмайди. Китоб шу тенгсизлик аломатини ўртага қўяди.

Одатда ҳашаматли биноларни моҳир усталар қуради. Бу уйга олимлар, оқиллар, донишмандлар ва уларнинг китоблари ёруғлик олиб киради. Илмдан бебаҳра кўнгил – ожиз, китобсиз уй – қоронғи-зулмат. Тирик инсон вужудини руҳидан ажратиш имконсиз. Руҳсиз танада жондан асар йўқ. Шунга монанд, покиза жамият ва ориф одамлар мамлакати умрбоқий ҳамда ҳикматли китоблар ёрдамида қурилади.

ХХ асрда китоб ёнида турли техник воситалар, хусусан, телефон пайдо бўлди. Кун узоғи шапалоқдек матоҳига тикилиб ўтирган ёшларни кўраман. Улар табиат қўйнида саёҳатга чиққанларида ҳам, теварак-атрофдаги гўзалликдан кўзлари қувнамайдиган, дарёнинг шовуллаб оқишию дарахтлар рақсига, қушларнинг сайрашию қор ўйинига бепарво қараётгандек таассурот қолдиради (Адашаётган бўлсам, қани эди!). Наҳотки, одам боласи шу даражада ҳиссиз, ҳайратсиз, юраксиз ва завқ-шавқдан маҳрум бўлиб қолса! Биз баъзан Ғарбда меҳр-мурувват, одамгарчилик, меҳмондорчилик йўқ деган тасаввурда юрамиз. Ҳолбуки, чет элда бир-икки ой яшаган одам сифатида айтишим мумкинки, хусусан, немисларда бундайга ўхшамайди. Бир кампир уйида ижарада турдим. У ҳафтада дугона-кампирлар билан қаҳвахўрлик қилиб, биргаликда театр ва концерт томошаларига борганига гувоҳ бўлдим. Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига қизиқиб, ўтган йили ёз фаслида шу кампир веналик бир дугонаси билан саёҳатга келиб кетди. Саёҳати олдидан немис тилига таржима қилинган ўзбек адабиётидан намуналар топиб ўқиди. Дейлик, у эски миллий одатлар таъсирида кексарган кампирдир. Аммо у бугунги барча майда техникани ҳам бемалол ишлатади. Уларнинг ёшлари-чи? Қўлларида телефон, нетбук, планшет… Аммо ўринли-ўринсиз, керакли-кераксиз гап сотаётгани деярли учрамайди. Зарур маҳали ўша матоҳлардан фойдаланади. Кузатилган бир вазият: ҳар кими – олими, ялқови, анқови, ҳатто йўлда юмалаган бир пивохўри ҳам китобга, журнал ё газетага мук тушиб ўқиётган бўлади. Китоб дўконларида қатор тизилган юмшоқ ўриндиқлар, ёш болалар учун махсус ўйингоҳ шаклида безалган “митти кутубхоналар”и бор. Китобни олиб ўша ерда ўтириб ўқийди, мазмуни билан танишади. Маъқул келса, харид қилади. Индамай жойига қўйиб кетса ҳам бировнинг иши йўқ. Эҳтимол, анъанага айланган китоб байрамларимиз ёнига қўшимча равишда бундай тажрибаларни бизда ҳам қўллаш китоб ўқишга рағбатни кучайтирса керак…

Гарчанд китобат ва хаттотлик санъати техник жиҳатдан ўрама қоғоз ёки уларни беш-ўн нусхада қўлда кўчириб кўпайтиришдан тортиб, то миллионлаб тиражда босиб чиқариш, ҳатто электрон китоблар яратишгача бўлган узоқ йўлни босиб ўтган бўлса ҳам, китобнинг асл вазифаси, инсонлар ва жамият ҳаётидаги ўрни, қадр-қиймати ўзгарганича йўқ. Гарчанд бутун дунёда нанотехнологиялар, электрон дарсликлар, интернет саҳифалари ва билим олишнинг шу каби бошқа воситалари ёруғлик тезлигида ўсаётган бўлса ҳам, менинг назаримда, китобга қизиқиш сўнмайди. Сўниши мумкин эмас. Чунки дунёдаги ҳеч бир восита китобнинг ўрнини тўла-тўкис боса олмайди. Одам яхши китобларни мутолаа қилишдан завқланиб, оқ қоғозга муҳрланган донишқалб ҳароратини ҳис этиши ва олийжаноб бир инсоннинг юрак уришини сезиб туриши лозим. Руҳ камоли, дил парваришининг белгиси шу бўлади.

Қоғозни гўё жонлантириш, моддага бамисоли ўлмас руҳ бахш этиш – истеъдод эгаларининг, чин адибларнинг саодатли қисмати. Шу каби юксак ўлчовлар билан бугун биз яшаётган кунларга ҳам назар ташлаш лозим. Айрим китобларнинг қадр топмаётгани, кўпминг нусхада босилган баъзи китобларни бирорта ўқувчи ўқимаётгани – бундай ҳақиқатдан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, қайси жанрда ёзилганидан қатъи назар, яхши китобга талаб ҳар доим бор ва бундан кейин ҳам бўлади. Ўқилавериб муқоваю ички саҳифалари анча-мунча уриниб қолган, ҳатто титилиб кетган китоб муаллифлари нақадар бахтли ва аксинча…

Умид Ёқубов: – Дунёни билмадимку-я, бироқ ёшларимиз орасида китоб кутилганидан камроқ ўқилаётгани чин. Тўғрироғи, савия борасида ачинарли: улар тасаввуридаги шоир бир-икки яллачи, ёзувчи эса серуруғ сериал – “роман” ёзаётган “азаматлар” бўлиб қоляпти. Энг ёмони, дид пасайиб кетмоқда. Бунинг сабаблари кўп ва уларнинг аксарияти ўтиш даври муаммолари билан боғлиқ: айрим китоб ўқиганлар ўқимаганлардан пастроқ молиявий имкониятларга эгалиги; вақт тиғизлашгани; замон шиддатининг онг-қалбга кўчгани; кундалик турмушда маънавият масаласининг моддий тўкинликдан кейинги ўринга тушгани – “бутламоқ” калимасининг бутга айланган“и (Фахриёр), китоб ўқимасдан ҳам тўкин яшаш имкони борлиги.

Албатта, қуруқ дийдиё билан иш битмайди. Президентимиз Ислом Каримов “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласида таъкидлаганидек, “Энди одамлар, ёшлар китоб ўқимай қўйди, деб фақат нолиб ўтирмасдан, таъсирчан замонавий ахборот воситалари орқали адабиётимизни кенг тарғиб этиш, хусусан, Интернет имкониятларидан фойдаланиб, етук бадиий асарларни ёшларга етказиш устида ҳам жиддий бош қотириш зарур”.

Бугун мамлакатимизда ҳар уч юртдошимиздан бири интернетдан фойдаланади (ҳолбуки, бу кўрсаткич 2010 йилда бор-йўғи 2,8 миллион нафар эди). Бироқ интернет орқали бадиий асар ва сурат/қўшиқ/клип/фильм кўчириб-юклаб олиш орасидаги фарқ қанча? Балки юз, минг баробардир. Баъзан ижтимоий тармоқлар (айниқса, facebook)да бирор асар ҳақидаги шарҳларга кўзимиз тушади, лекин шунда ҳам саводли ўқувчининг қизғин баҳс-мунозарага чорлайдиган фикрларини кам ўқиймиз. Аксарияти лаҳза кайфияти. Шунчаки. Иримига. Фикр таъсирлашувлари, алмашишлар тезлашиб, кенгайса, дид чархланади, тафаккур қувватланади. Бироқ бунинг учун аввало мутолаа маданияти ривожланиши лозим.

Дунёда электрон китоб учун “Reader” дастурлари ва қурилмалари ишлаб чиқариш кўлами кенгаймоқда. Бугунги ўқувчи шу даражада ялқов бўлиб кетдики, замонавий “Reader”ларда сурат ва видео томоша қилиш, аудиоматериаллар эшитиш мумкин, ҳатто китобни ўқиб берадиган функция мавжуд. Бугун жаҳонда электрон китоблар савдоси ҳажми босма китобларга тенглашиб, ҳатто ошиб ҳам бормоқда. Мана, яқинда, Марказий осиёда ягона китоб дўкони  – “Китоб олами” иш бошлади.  Қатор мамлакатларда иқтисодий инқироз, табиий офатлар, ички можаролар оқибатида моддий эҳтиёжлар – қорин ғами биринчи ўринга чиқиб қолган бир пайтда Ўзбекистонда “Маърифат маркази” каби кўплаб илм-зиё, маънавият ва маърифат масканлари барпо этилмоқда, бир неча йилдан бери “Китоб байрами”, ярмаркалар ўтказиляпти. Баъзи жойларда келин сепига китоб қўшиш урфга кираётир.

Шуларга қарамай, оилавий китобхонлик йўқолиб бораётгани чатоқ (Абдулла Қодирийнинг машҳур оилавий суратини эсланг. Адиб қаҳрамонларини бежиз китобхон сифатида тасвирламаган-да). Унинг ўрнини сериалхонлик, ғийбатхонликлар эгаллаб бўлди. Демак, сериал ва фильмлар савиясини кўтариш керак, назаримда. Яна бир гап: ғарб фильмлари, сериаллари, клипларида ҳам китобхон одамни эзма, анқов-хаёлпараст, жисмонан кучсиз, қўрқоқ сифатида тасвирлаш кучайди. Ҳатто болакайлар оммавий кўраётган “Маша ва айиқ” мультфильмида ҳам сўйлоқтиш қизалоқча китобларнинг устига ўтирволиб, бўтқа ейди. Буларнинг бари ёшларни китобхонликдан совитиши табиий. Демак, қаҳрамонга ҳам кўп нарса боғлиқ экан-да.

Йўқ, барибир, бадиий хазиналар музей экспонатлари қаторига қўшилиб қолмаса керак. Агар шундай бўлса, ёшлар, албатта, китобни ўқиб кўриш учун музейга боради (худди адабиёт ўлса, унга бағишлаб марсия ёзилгани каби). Китобхонлик пасайгани оқибатида ҳаётимизда таҳлил йўқолиб боряпти, эснаш кўпаймоқда. Мия қизиса, эсналади. Бироқ бу қизиш тафаккур ва тасаввурнинг кўп ишлаётганиданми ё бошқа майда-чуйда ташвишлар туфайлими? Кейин ҳар хил “азайимхон-фолбин-“илгир”лар” уруғи кўпайиб, уларнинг эшиги ҳаддан ортиқ гавжумлашмоқда. Мен чин эътиқодли, одамлар ихлосини қозонган, иймонли қори домлаларни эмас, гапи ва амали тескари, фирибгар чаламуллаларни назарда тутяпман. Уч-тўрт йил бурун биттаси ўзини пайғамбар эълон қилиб, “муридлари”га пешобини “ҳадя” қилгани ҳақида ўқигандик, бир “хонимча” эса тамаки тортиб, оғзидан чиққан тутуни билан эшигига келганларга “дам урар” эмиш (ким билсин, бу ҳам бизнеснинг бир турига айландими?). Ҳайрон қоласан, одамлар ёзувчи ё психолог қабулида бўлиб, суҳбатлашиб, ўзини қийнаётган руҳий муаммоларга ечим топишига ишонмайди, лекин қамоқдан чиққанми, ўғри-фирибгар, хотинбоз ё фоҳишами – ўзини “қўл олдим”, деб эълон қилса бўлди – эшигига бориб ётиб олади. Буларнинг бари – ҳодиса кетидан қувиш кучайиб, қадар ва таваккалдан юз ўгирилиб, айтилган гапга лаққа ишониш одатга айланиб, алҳол китоб ўрнини ахборот эгаллаб бораётганидан далолат. Ўзи ҳақида ўйламай, ўзини таҳлил қилмай, ўзи билан ўзи курашмай қўйган одам фолбинма-фолбин изғийди-да. Майна ё қарғанинг кўлмакда қанотини тозалаётганини кузатганмисиз? Қандай берилиб ўзини поклайди-я. Ахир одам онгли жонзот, исм илми эгаси-ку! Ўзини маънан тозаламаган кимсанинг манзили маълум.

“Дунёни қилич, шаҳвоний ҳирс, пул ё манфаат бошқаради”, деган гап бор. Бугун эса бу борада аниқ ниманидир кўрсатиш қийин. Айтайлик, ўтган йили машҳур халқаро мусиқа танловларидан бири – “Eurovision”да австриялик “соқолли аёл”нинг ғолиб чиқиши инсон қалбини асраш ҳақида асаб олиб-асаб бераётган жаҳон маънавиятчиларига ўзбекча бир иборани эслатди: “Сенинг гапинг… менга нима?”. Тўғри-да, миллионлаб зиёли глобаллашув, айнан, “оммавий маданият” ҳосиласи бўлган “бир жинсли никоҳ”, “никоҳсиз-оиласиз яшаш”, “ҳайвонлар билан никоҳ”нинг умуминсоний маънавиятни емириши, инсоний ҳаёт тарзини издан чиқариши ҳақида тун-кун жаврамоқда, қанча лойиҳалар амалга оширилмоқда, миллиардлаб маблағ сарфланмоқда. Бу ёқда эса… Аҳвол шу бўлгач, замонамиз ёзувчилари сукут сақламаганда ҳам алар “шамол куни чақирган”[4] бўлиб қолмайдими? “Кулфат доноларнинг маҳри азалий…” (Ж.Байрон) Хўш, шу кетишда бўлса, Кончита кабилар ёшлар учун идеалга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Ўйлаб кўрайлик: нима учун ёшлар Дон Корлеоне ё Пўлат Аландарни, Худо ва ҳукумат қонунларини бузганига ҳам қарамай, яхши кўради? Чунки бу қаҳрамонларда пул-давлат бор (худди ўша эртакдаги бойваччанинг қирқ ёвқур йигитни қирқ кунда ўзидек хотинчалиш қилиб олгани каби).

Хўш, инсон барибир ўз қаҳрамонига эҳтиёж сезар экан, замон қаҳрамони қандай бўлиши керак? Ҳар ҳолда ҳеч қачон хато ё гуноҳ иш қилмайдиган, ҳар томонлама мукаммал, фақат ғалаба қозонадиган, пуфлаб шиширилган, ҳаёт ҳақиқатидан йироқ, шиор кўтариб югурадиган одамни бош қаҳрамон билиш қанчалар мантиқсиз эканини соцреализм керагича исботлаб берди-ку. Бу дунё санъатида ҳам, томошабин тасаввурида ҳам аллақачон эскириб улгурди.

Қолаверса, Президентимиз Ислом Каримов 2010 йил 30 августда “Бухоро маданий маркази” мажмуида вилоят мусиқали драма театри очилишида замон қаҳрамони ҳақида гапирар экан, “ёшларни тўғри йўлга бошлашда панд-насиҳат билан кифояланиб бўлмас”лиги, “эзгуликни, юртпарварликни, инсоний фазилатларни камол топтиришга хизмат қиладиган амалий ишлар қилиш керак”лигини алоҳида таъкидлади. Шундай экан, бугун ижодкорлардан сўралаётган замон қаҳрамонини янги Корчагин, деб тушуниш, шубҳасиз, авомлик бўлади. Бироқ шу мақсадда саҳнага қўйилган бир қанча спектаклларни томоша қилиб, ҳафсала пир бўлиши аниқ. Бир саҳна асарида бош қаҳрамон – кеча дорулфунунни битирган тирмизак бола бирпасда катта фермер бўлиб кетиб, ҳар ишчисига уй қуриб текин тарқатиб юборди-я. Охирида андак ҳавойи ва узун монолог ҳам ўқиди. Хўш, бундай томошаларнинг кимга кераги бор? Ахир вақт кетяпти, авлодлар улғаймоқда, замон шиддатлашяпти. Ҳар қандай образ жонли, табиий бўлсагина, томошабин унинг кечинмаларини ўзидан топа олсагина, шу образ халқ қалбидан чуқур жой олади. Санъат реал манзарани натураллаштириш ё бўрттириш эмас, балки бадиий таҳлил ва синтез орқали ифодалашдир. Ўқувчи қаҳрамон фожиаси ё ютуғида ўзини кўрмаса, ўзини топа олмаса, нима қилсин?! Шукур Холмирзаев айтганидек, “Биз кўриб-яшаб турган ҳаёт мислсиздир: инсоннинг ноёб сифатлари, қусурларию эврилишлари, буюкликлари ҳар сонияда намоён бўлмоқда. Вазифа – уларни кўриш, англаш, мағзини чақиш ва тасвирлаш орқали инсонларни олий нурга – эзгуликка тортишдан иборатдир. Шу йўлдан адашмасак ва бизни адашишга мажбур этмасалар, бас, қолгани ўзимизга боғлиқ экан”.

Алишер Навоий “отангнинг (Одам Атонинг) ғанимини (иблисни) дўст тутма” дер экан, оловни тупроқ, нафсни сабр ва шукр билан енгиш мумкинлигини айтади. Бугун санъатда шуни – “ота ғанимини дўст тутмаслик”ни эплаш ҳам катта гап бўлиб қолди (“Балки одам эмас, кечиккан жазо” (А.Қутбиддин). Баҳсга эса Лев Толстой нуқта қўяди: “Иймонни билиш ҳам бутун инсоният ва унинг ақли каби сирли бир ибтидодан келиб чиқади. Бу ибтидо – Худодир, бу инсон жисмининг ҳам, ақлининг ҳам ибтидоси. Менинг жисмим менга Худодан ворислик йўли билан қандай етиб келган бўлса, менинг ақлим ва ҳаётни танишимнинг ҳамма ривожланиш босқичлари ёлғон бўлиши мумкин эмас…”.

Адабиёт ҳамма замон, ҳар қандай муҳитда ҳам инсон табиатини  гўзал қилишга, унинг қалбини тозалашга хизмат қилиши керак. Инсон юрагида туғилган дард рост, самимий бўлса, шунда у бошқалар юрагида, жамият қалбида акс садо беради. Дарди йўқ одамнинг, изтироби, кечинмалари, азоблари носамимий бўлган ижодкорнинг сохта ҳайқириқлари, сунъий хитоблари, зўраки уринишлари адабиётда вақтинчалик кўкка кўтарилиши мумкиндир-у аммо кутилган самарани бермайди. Худди фарзанднинг она қорнида қачон пайдо бўлиши, унинг туғилиши, туғилганда ҳам қай ҳолатда туғилиши масаласидаги мураккаблик адабиётда ҳам, бадиий асар тақдирида ҳам кузатилади. Фарзанд туғилади, тарбияланади, насл қолдиради. Бадиий асар ҳам инсон қалбида туғилади, сайқалланади, жамият ҳаётида акс садо беради. Бу ерда ёлғон, юзакилик ва кўр-кўрона муносабатга ўрин йўқ. Бугун буюклик даъвосида адабиётни сунъийлаштирувчи янги услуб, янги оқим ниқоби билан иш кўришга уринаётганлар кўпайиб бораётгандек туюлади. Нима деб ўйлайсиз, адабиётда турли ребуслар, бошқотирмалар муҳимми ёхуд ҳаётий драмалар… Адабиёт янгиланадими ёхуд инсон шахсига муносабат, ифода, қарашлар ўзгарадими?

Баҳодир Каримов: Бугунга келиб бироз тафти совуган, ҳеч нарса ҳал бўлмаган эса-да, муҳокамалар гирдобига тушган, аслида аллақачонлар дунё адабиётчилари чўнтагидан тушиб қолган “модернизм” мавзусини яна қайтадан кун тартибига қўйиб, бу ҳақда узундан-узун баҳс очиш ўринсиз кўринади. Тўғриси, уни ёқлаш, оқлаш ёки инкор этишнинг ҳозир мавриди эмас. Чунки бундай баҳсларни ҳар бир миллий адабиёт бошидан ўтказади, шекилли. Оврупа адибларининг асарларини бемалол оригиналда ўқиган Лев Николаевич Толстой ўз вақтида ёзган экан: “Бизнинг замонда Нитшенинг ахлоқсиз, дағал, баландпарвоз, пойинтар-сойинтар сафсаталарига файласуфларнинг энг охирги сўзи сифатида қаралмоқда”. Шунингдек, поэзиянинг табиий ва соддалигини қадрлаган адиб бир адабий суҳбатида ўйлаб топиб, сунъий ёзаётган “янги” шоирларнинг шеърларини “бу шеърлар эмас, лўттибозлик (шарлатанство), бемаънигарчилик (ерундистика)”, деб атайди. “Ўрта асарларда уни “маънисиз тўқилган сўзлар”, дейишган”, деб қўшимча қилади. Адиб уларда қофия ва вазн мавжуд бўлса ҳам, сунъий ва бемаъни сўзлар йиғиндиси деб баҳолайди. Толстой ўзи гувоҳ бўлган ярим асрлик рус шеърияти ва унинг вакиллари шуҳратига муносабат билдирар экан, талабни ниҳоятда юқори қўяди. Майков, Полонский ва Фетни “мужмал, ишониб бўлмайдиган”, Некрасовни адабий иқтидордан мутлақо мосуво, Алексей Толстойни сунъий ва воқеий-насрий шеърлар ижодкори деб баҳолайди. Кейинги рус шеърияти намояндаларига – ўз даврининг ёшларига нисбатан “уларнинг ўзлари ҳам билишмайди нималар ёзаётганини”, деган баҳони беради. Ва ниҳоят, бугун биз учун ҳам ҳаво ва сувдек лозим бўлган яна бир фикри шуки, соғлом адабий танқид дидли китобхонни тарбиялашга, китобхонда эстетик дидни шакллантиришга ёрдам бериши лозим. Тарихдаги бу ҳодисалардан ибрат олиш керак.

Менга жарангдор, табиий, ҳикматли, самимий, жўшқин, оҳангли, таъсирчан, сирли, фалсафий; тафаккурни чархлайдиган, юракни тўлқинлантирадиган, тўғриликни ўргатадиган, иймонни мустаҳкамлайдиган, руҳиятни юксалтирадиган, охиратни эслатадиган; яшашга қувват берадиган, поэтик қолипга тушган, дўст-душманни танитадиган, эзгу амалга ундайдиган; бир неча марта ўқишга арзийдиган, ўлим ҳодисасига табиий муносабатни шакллантирадиган, барча муаммолари охиригача ҳал қилинган, муаммолари устида доимо муҳокамалар юритиладиган асарлар маъқул келади.

Умид Ёқубов: – Алгебрада шундай қоида бор: тенгламани кимдир бир соатда, кимдир умр бўйи ечади. Иккисида ҳам жавоб бир хил: бўш тўплам. Биринчи ҳолатда тенгламанинг жавобсизлиги жавоб ўрнида қабул қилинади, иккинчи одам эса шу тенгламани умр бўйи сон-саноқсиз усуллар билан ишлаб кўраверади. Адабиётда янги шакллар изланишига сабаб ҳам шу – “ҳаётнинг мазмуни нима?” деган тенгламани бошқача усулда ишлаб кўришга уриниш. Соф бадииятни Асқад Мухтор “мангу савол”, дер экан, “сутчи хотин кенжаси”нинг ёзувчига берган саволи эсга тушади: “Сўроқ зўрми ё ундов?” (Эркин Аъзам).

Ҳазрат Навоий айтганидек,

“Ихтилофи жузв[5] ила кулл[6] мундадур –

Ким тараққи-ю таназзул мундадур…”

Барча ўз йўлини тўғри ҳисоблайди. Ҳар ким Йўлни ўз йўли томонга буриш учун уринади, ўзини устун қўяди… Йўллар наинки бир-бирига, балки ўз-ўзига ҳам хилофлашади. Зеро, кўрлар Филнинг қисмига бутунлик даъвосини қилганидек, Йўловчилар ҳам ўз йўлини Манзил демоқликдан тийилмайди. Ҳолбуки, бир-бирини инкор этаётган кишилар, аслида, англаб-англамай айнан бир нарса (ЎЗ) ҳақида сўзлайдилар…

“Нимадир кетди… Бус-бутун, қайтмас бўлиб. Куюнмайсан. Кетгани чин бўлсин, дейсан пичирлаб. Бироқ борса-келмасга равона бўлган нарсалардан тушган соялар ва узоқ туриб қолган соялардан мерос зах-моғорлар босган жойларга нур туша бошлади”, деб ёзганди Аҳмад Отабой мустақилликнинг бошларида. Янги давр адабиёти – қафасга суяниб ўрганган руҳнинг янги матрица излаши эди. Балки шунинг учун ҳам “реализм керакми ё модернизм?” деган баҳс келиб чиқди, шекилли.

Сартр экцизтенциализм ҳақида мулоҳаза қиларкан, “менга яқинда бир аёлнинг нуфузли даврада қўпол иборани ишлатиб, кейин узр сўраш ўрнида “чамаси, мен экцизтенциячи бўлиб боряпман”, деганини айтишди”, дейди. Шу каби адабиётимизда ҳам андак ола-қуроқ, “олабўжи” сифат ёзилдиқларни киноя аралаш “модерн асар”, дейиш урфга кирди. Тасаввурни янгилайдиган, моҳиятни сал “бошқача”роқ ифодалайдиган адибни ёт унсурга, плагиатга, тақлидчига – “чангалзор-сельвада койот қувиб юрган”га чиқариш (М.М.Дўст) ҳам осон бўлиб қолди. Балки тўқайга ўт кетса, ҳўл-қуруқ баравар ёнар, лекин онгли жамиятда ўз истеъдодсизлигини шаклпарастлик ортига беркитадиган лўттивоз билан сўзни, метафорани, тасаввурни янгилашга уринаётган ижодкорга бир хил баҳо берилиши – адолатдан эмас. Чунки лойқа дарё – бу чуқур дегани эмас.

Ҳар қандай адиб ичидагини айтиб олиш учун ўқувчини қимирлатмай қўйишни, китобдан бош кўтармай қолишини истайди. Шу мақсадда турли шакл-услублардан фойдаланиши табиий. Айтайлик, бу борада Боккаччо, Мопассан, Маркес шаҳвоний кадрлардан, Сервантес саргузаштлардан, Нитше ўткир (чидаб бўлмас) нигилизмдан фойдалангани маълум. Таассуфки, сўз янгиланиши бизда асосан шакл ўзгариши сифатида тушунилмоқда. Масалан, шевада ёзилган асар – доҳиёна асар (худди энг зўр ёзувчилар абсурд адиблар, дейилгани каби), каби тушуниш авж олди. Илонни “жилон” ё ипни “жип”, деб ёзган билан таржимада “змея” ё “нитка” бўлади-ку, барибир. Гап “ўша”нинг “аши”, “бойнағи”, “анови” тарзида айтилишида эмас, “Мен”нинг “У”даги тажаллисидадир. Бир тил ичида қолган бадиий тажрибалар, албатта, безак, бироқ адибнинг асосий ютуғи эмас. Тоғай Мурод асарларини бошқа тилга ўгирганда оҳори кетиб қолганидек, Фахриёрнинг “Сулаймон насиба хат излаб келади” ё Баҳром Рўзимуҳаммаднинг “Қора доскага БЎР билан қандайдир имлони битаётган ОН бирдан пайдо бўлиб қолади БЎРОН” каби тил тажрибаларини таржима қилиш қийин.

Менимча, адабиётда турли ребуслар, бошқотирмалар ёхуд ҳаётий драмалардан ҳам кўра инсоннинг ўзини енгишига эришиш муҳим. Бу асарнинг биринчи варағида “Дада, менинг илдизим қаерда?” деб савол бериб, тўртинчи саҳифага борганда “Дада, мен илдизимни топдим!” деб хитоб қилиш эмас, албатта.

Адабиётни янгилаш учун, балки, аввало, кундан-кун бир-бирига қоришиб кетаётган бадиият ва публицистик характерни мутлақо ажратиб олиш вақти келгандир. Бадиий публицистика бугунги ё эртанги саволларга жавоб ахтариб, маълум вақт оралиғида ечилиши муқаррар муаммоларни ўртага қўйса, далил ва факт, ёзма ҳужжатлар ва унинг ижросига суянса, Соф Бадиият ечим излайдиган савол то Инсон тирик экан, ўз-ўзи билан курашар экан, барҳам топмайди. Чунки одам руҳи, ўзи яратиб – ўзи вайрон қилиб бораётган қадриятлар доим эврилиб туради. Кафка “жавоби ўзида бўлмаган саволларга ҳеч қачон жавоб топилмайди”, деган. Адабиёт – жавоби ўзида бўлмаган саволларга ҳам жавоб излаб кўриш дегани. Соф Бадиият – инсоннинг ўз-ўзи билан мангу кураши ифодаси. Буни публицистикада бир қадар ифодалаш мумкин, аммо уни тўла-тўкис бирор-бир қоидага бўйсунмаган ҳолда ифодалаш фақат ва фақат адабиётнинг қўлидан келадиган иш. Жўн дидактика эса на публицистика ва на бадииятдир. Одам – мангу кураш. Унинг ҳаёт пилиги Умид ермойига ботирилган ва Шубҳа оловида тобора қуйига ёниб келмоқда – юксалиш учун. Соф бадиият – ана шу мангу кураш ифодаси. Ҳикоя ё шеър, мақола ё суҳбат бўлсин, кучли асарни барибир кучли шахс яратади.

Аслида ҳикоя ё эссе бўлсин, одамга, миллатга фойдаси тегса бўлди. Кейин дунё адабиётида жуда кўп даҳолар жанрларни унча тан олмаган. Айтайлик, Борхес. Уни шоир деса шеърий асарлари насрга ўхшайди, ёзувчи деса насрий битиклари илмий тадқиқотлар каби, олим деса мақолалари шеър ё ҳикоядан кам эмас. Уларни китоблардан олинган таассурот ё иқтибослар йиғмаси деб биладиганлар ҳам талай. Аммо Борхесни ўз битикларининг қайси жанрга тааллуқли бўлишидан кўра уларнинг инсон камолотига қанчалик хизмат қилиши кўпроқ қизиқтирган.

Лекин бизда ҳали Борхес даражасида инкор қилинадиган назариянинг ўзи яратилгани йўқ. Бугун ҳам соф бадиият нималигини белгилаб берадиган, замонавий ва пишиқ-пухта Адабиёт назарияси йўқ. Афсуски, шундай. Тўғри, шунга яқин нималардир қилиняпти, аммо асосий масала – Соф бадиият масаласи ечилмаган. Шу боис ҳам бадиий асарга ҳали-ҳануз “нима ҳақида” деб савол беришади. Бугун ёшлар шеър деб ўқиётган кўп нарсалари аслида қофияга солинган эссе (лавҳа ё қатра) эканини, айрим роман деб билаётганлари аслида узунроқ очерк эканини англашлари учун аввало Соф адабиёт назарияси керак. Шу туфайли ҳам чин ижод билан қалбакилик  гоҳо  қоришиб кетмоқда. Балки, бугун уларни ўқувчига ажратиб бера оладиган битта Абдулла Қаҳҳор етишмаётгандир. Соф бадиият – инсон тафаккури ва тасаввурининг бадиий инъикоси, тимсол билан тиллашиш, дунёни, инсонни янгича идрок этиш ва ўша идрокни ифодалаб, керак бўлса, исботлаб бериш. Бироқ “ёзиш – танлай олиш салоҳиятидир” (А.Камю). П.Лагерквист айтганидек, “одамнинг маънавий эҳтиёжларига дахл қилиш санъатнинг ютуғи эмас”. Адабиёт – маънавий тозаришга, ибодатга айлангандагина ўз моҳиятига ёвуқ келади.

– Бугунгача бўлган авлоднинг эътиқодида маънавият, адабиёт ва китоб муҳим аҳамият касб этган эди. Бугуннинг ёшлари эса ҳаёт маъносини бошқа асос, моҳиятда кўришаётгандек туюлади. Бунинг оқибати нималарга олиб келади, деб ўйлайсиз?

Баҳодир Каримов: Агар моддият асосига бўлса, унинг ёнида маънавият қасри қад ростласа, бундан хавфсирамаган маъқул. Агар руҳияти учун озуқа излаётган бўлса, юраги кирланганини сезиб, уни тозалаш ниятида юрган бўлса, бунинг оқибати хайрлидир. Ҳамма нарса ўз аслига қайтади: одам тупроққа, от қозиғига, мис мисга қўшилиб, тилла тилладек қадрланади.

Ғарбдаги файласуфлардан бири: “Одамнинг аввал қорнини тўйдириш керак, кейин унга маъруза ўқиган маъқул. Акс ҳолда оч одамга бировнинг гапи ёқмайди”, деган мазмунда яхши гап айтган экан. Бугун турли соҳаларда фаолият юритаётган ёшларнинг моддий эҳтиёжи қонгач, нафсини тўйдириб бўлмаслигини билгач, Искандарнинг бу дунёда қўллари бўш кетганини бутун моҳияти билан теран англагач, хайр-саховат, инсоф, сабр-қаноат ва бошқа гўзал инсоний фазилатларга амал этишни ўзлари учун дастуриламал қилиб олишига зарурат туғилади. Зеро, бу жараёнда улар, албатта, адабий-маърифий таълим-тарбияга, ота-боболардан қолган ҳикматлар, китоб насиҳатига эҳтиёж сезади. Шу зайлда ҳар қандай одам китобга қайтади, деб ўйлайман. Моддият ёшларнинг юрагида уя қурмаса, ҳамма иш аъло бўлади. Жалолиддин Румий ҳазратлари айтадики:

Сув агар хориждир – таянч кемага,

Сув агар дохилдир – аянч кемага.

Сув бамисоли кеманинг уммон юзида сузишига имкон берганидек, мол-мулк ҳам одамнинг ҳаётда завқ-шавқ билан тик оёқда юришига ёрдамлашади.

Умид Ёқубов: – Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида “маънавият қотиб қолган ақидалар йиғиндиси эмас, аксинча, доимий ҳаракатдаги узлуксиз жараён” эканини эслатаркан, таъкидлайди: “Қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади”.

Одам аввало ўзидан огоҳ бўлишни, ўзи олдида жавоб беришни ўрганиши керак. Нима учун тонгда кўз очиб, нега уйқуга ётаётгани ҳақида ўйлаб кўриши керак.

“Чўқинтирган ота” фильмида руҳоний сув тубида ётган тошни Донга чақиб кўрсатади: “Мана, қаранг, қуп-қуруқ. Европаликлар ҳам худди шундай… Худо уларнинг юрагига кириб бормади”. Бугун берилиб жума намозини ўқиб, сўнг масжиддан чиққач ҳам барибир тарозидан ураётган қассобни ё ўзи емайдиган сомсани “тақволи жойдан”,  деб сотаётган сомсачини кўрганда, шу эпизод эсга тушади. Одамлар баъзан бир-бирига ишонмай қўяётгани, айрим жойларда фирибгарлар кўпайгани, ота боласини, ака укани, қариндош-уруғ ё ҳамқишлоқлар бир-бирини алдаб, хорижга олиб бориб, сотиб юбораётгани – қалбларда бўшлиқлар вужудга келганидан далолат. Халқимиз бундайларни “Худодан нўхтасини узган”, дейди.

Бугун ёшлар орасида энг оммабоп санъат – фильм, куй-қўшиқ, қизиқчилик… (балки бунга ёзувчи-шоирларга қараганда артистларнинг бойроқ яшаши ҳам сабабдир). Юқорида айтганимиз “соқолли хоним”нинг Европа саҳнасига чиқиши – Ғарб санъатида ХХ аср бошларидаёқ авж олган нигилизм, фазилатга айланган фанатизм, жинс алмаштириш (эркак ва аёл ролини бир-бирига ўйнаттириш) тажрибаси берган “ҳосил”. Юртимизда илк театр пайдо бўлганда аёл ролини ўйнаган эркак актёрларнинг исми афишада ёзилмас экан. Чунки халқдан қўрққан, уялган. Бугун эса бир қизиқчимиз эридан калтак еган хотин қилиғини кўрсатаркан, ўзининг сўзини беихтиёр ўзига такрорлайсиз: “Та-а-вба-а!”. Яқинда бир кино кўрдим: “Пайшанбадан пайшанбагача”. Тўрт ошнадан бири (у яна ўқитувчи!) қизга айланиб қолади, ошналаридан бирининг ва укасининг (!) эса унга… кўнгли суст кетиб, тегажоғлиқ қилишни бошлайди. Шукрки, шундан нарига ўтишмайди.

Бугун сотқинлик, иккиюзламачилик, бировнинг ҳаққини ейиш, иғвогарлик, кўролмаслик, нафс балоси, мансабига қараб лаганбардорлик қилиш, гап ташишу ғийбатдан жирканиш сустлашмоқда. Сотқин, иғвогар, иккиюзламачи, ғаламис одамлар спектакль ё киноларимизда енгилади. Лекин томошабин улардан қаттиқ нафратланмайди. Чунки ён-веримизда шундай одамлар ҳам ҳаёт кечириб юрганига ўзимиз  гувоҳмиз. Маънавий хасталиклар тузатилмас экан, Комил Инсон манзили узоқлашиб бораверади.

– Бир куни йўл четида бир-бирига ҳазил-ҳузул қилиб турган 19-20 ёшлар атрофидаги йигитларнинг суҳбати қулоққа чалинди. Улардан бири, нимадандир гап чиқди-ю, шеригига: “Ҳой, Отабек, Зайнабга айтаман, сенга заҳар беради”, деди. Рости, бу гапни эшитиб қувондим. Бу ҳарқалай, машҳур асаримизни ўқиган, ундан қандайдир хулосалар чиқарган ўқувчининг фикрлари эди. Кейин уларнинг қўпол, бир-бирини беҳурмат қилиб айтган гапларидан ҳафсалам пир бўлди. “Зайнаб заҳар беролмайди, ман ўша заҳарни асарингнинг автори Тоҳир Маликка ичираман”, дея керилди мўйлови сабза урган олифта йигит. “Ҳей ўқимаган, бу китобни Тоҳир Малик ёзмаган, уни Абдулла Қаҳҳор ёзган-ку”, деди шериги ҳозиржавоблик билан. “Эй, барибир эмасми?” дея енгилтаклик ва совуққонлик билан қўл силтади униси. Бўлаётган суҳбатни эшитдиму бугунги ёшлар савияси, мумтоз адибларимизга бўлган муносабатини кўриб ноқулай ҳолга тушдим. Бу ерда гап айлана-айлана яна А.Қаҳҳор таъбиридаги “Адабиёт муаллими”га келиб тақалади. Бугун таълим тизимида беқиёс ўзгаришлар, юксак ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аниқ, табиий фанлар ва спорт соҳаларида ёшларимизнинг қўлга киритаётган ютуқларини кўриб, севинчингиз ичингизга сиғмайди. Аммо адабиёт ўқитиш масаласи деганда, кўриб турганимиздек, кўпгина ёшларнинг савияси ҳаминқадар, оддий нарсаларни ҳам билишмайди. Бу борада сизни қийнаётган муаммолар нимада ва бу масалада қандай ғоя-таклифларни илгари сурган бўлардингиз?

Баҳодир Каримов: Кўпгина занжирли муаммоларнинг ечими оила, мактаб, тарбиячи-муаллимларга бориб тақалади. Адабиёт муаллимлари касалга ўхшаб, ҳиссиз, маҳзун ҳолатда; уйида хотини билан тортишган эркак, эри билан жанжаллашган хотин ўша кайфияти билан синфхонага кириб борса, бу хасталик вируси ўқувчига ҳам юқади. Машғулотларда болаларнинг умри баъзан елга соврилади. Аслида, адабиёт муаллими лоқайдлик душмани бўлиши лозим.

Ўйлаб кўрайлик: айрим мактаб, коллеж ва лицей муаллимлари таълим стандарт ва дастурларида белгилаб берилган мавзуларни ёлчитиб ўргатармиканлар? Агар ўргатишса, биласизми, нима бўлади? Ўқувчи билимдон бўлиб қолади. Мустақил китоб ўқийдиган, мустақил равишда тестларни ечадиган бўлиб кетади. Бунинг оқибатида муаллимлар ҳузурига билимдон ўқувчи қўшимча дарс олиш (репетиторлик) учун келмай қўяди.

Маънавий-ахлоқий, адабий-маърифий тарбия хусусида айтилмаган гап қолмади. Юнон файласуфларидан тортиб, Шарқнинг машҳур алломаларига қадар фавқулодда ақлли ва доно фикрларни, бир дунё ҳикматларни айтишган. Шайх Саъдийнинг “Гулистон”у “Бўстон”и ҳам, ҳиндларнинг “Калила ва Димна”си ҳам, Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асаридан тортиб, Авлонийнинг “Туркий Гулистон”идан ўтиб, то Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки”гача – ҳамма-ҳаммасининг ўзак-негизи жуда чиройли, оқил, таъсирчан, ўхшатиш ва сифатлашли таълим-тарбияга оид ҳикматлардан иборат. Ҳамма гап айтиб, ёзиб қўйилган, сиёҳлари ҳам қуриб битгандек гўё… Битта нарса қолибди – амал қилиш. Ким амал қилсин? – Мен, сен, у!  Биз, сиз, улар!

Бугун тарбиядан нолиб, фарзандлар ахлоқидан кўнгил тўлмас экан, демак, бу маънавий хасталикни даволаш йўлларини излаш керак бўлади. Бу йўлларни узоқлардан излаб, гапни чувалатмасдан, тадбирни ўзимиздан, уйимиздан бошлаш лозим. Ота-она фарзанднинг қўшқаноти, суянчи, таянчи, таъминотчиси, табиби, муаллими, етакчиси, йўлбошчиси…

Агар уйингизда бир кун чироқ ёнмаса, нима бўлади? Зулмат! Агар бирор кун оила ош-нон билан таъминланмаса-чи? Очлик! Ур-тўполон! Оилавий муҳит ота-онанинг ёнма-ён, бамаслаҳат, бақамти ҳаракати туфайли, машҳур мақолнинг бир парча қисмига ўхшатиб айтиладиган бўлса, бўйинтуруқни баравар тортиш билан томорқа шудгор бўлади, унга уруғ қадалади, уруғлар униб-ўсади, ҳосилга киради.

Бугун кўп мактаблар яккақанот, кўплаб тарбия масканларида омочнинг бир тарафи бўш, айрим ўқув даргоҳлари отадан тирик етим. Ўн йиллардан бери расмий ва норасмий доираларда гапираман –        мактабларга эркакларни қайтаришни бошлаш керак. Қанчалар мураккаб бўлмасин, эркак зотини тарбияга, таълимга қайтармоқ лозим.

Хусусан, биздаги йирик шаҳарларнинг мактабларида жамоанинг бир юз бир ходими орасида икки-учта – бошланғич ҳарбий таълим, жисмоний тарбия ё меҳнат ўқитувчиси  эркаклар, холос.

Мактаб дарс жадвали, журнали, қўнғироғи, эшикбони, муаллимаси ва яна бир қанча “сюжет элементлари”дан таркиб топган бўлади. Зеро, энг муҳими – дарс ва энг ночори ҳам – дарс… Негадир бугун мактабда таълим олаётган болалар бетўхтов-тинимсиз репетиторга қатнайди. Ота-она эса бунга шароит яратиб беради. Репетиторлик масканларининг пайдо бўлиши мактаблардаги машғулотларнинг сусайишига сабаб бўлмадимикан?

Қадим мадрасаларда гўё кийгиз китоблар ўқитилган, асрлар давомида янгиланмаган, ҳошияхонлик авж олган… Мадраса муаллимлари фақатгина бир хил гапни такрорлаган… Лекин негадир ўша замонлардан дунёни оғизга қаратган хоразмийлар, бухорийлар, самарқандийлар, термизийлар, фарғонийлар, насафийлар, шошийлар ва бошқа кўплар туркистонийлар ушбу рубьи маскунда улғайган. Расадхоналар бунёд этиб, юлдузлар ҳаракатини тадқиқ этишган. Битта чарм муқовали қўлланмани бир неча авлод асрлар давомида ўқиган. Тезнусха ва фотонусхага олиниб, қўлма-қўл тарқатилмаган. Ҳар икки йилда дарслик ёзиш бўйича кимўзар танловлари ҳам эълон қилинмаган…

Замонавий таълим даргоҳларининг барчасини бир хил деган фикрдан йироқман. Юракдан ишлаб, ўқийдиган тиришқоқ бола ҳақиқий одам бўлсин, юрт ишига ярасин, деб жон куйдираётган муаллимлар кўп, умид  шуки, уларнинг ҳаммаси ҳам шундай бўлса, шояд.

Умид Ёқубов:  – Битта ҳолатга қараб, бутун бошли ёшларни саводсизликда айблаш адолатдан бўлмас. Мумтоз адабиётни пухта биладиган, замонавий ёзувчиларни битта қўймай ўқиб борадиган ёшлар ҳам кўп. Хорижий тилларни ўқитиш кўлами кенгайиб, сифати яхшиланмоқда. Бу ҳам ёшлар мактабдаёқ жаҳон адабиёти билан кенгроқ танишишига хизмат қилади.

Албатта, адабиётнинг таълимдаги ўрни ва аҳамияти аниқ ё табиий фанлар ёки спортдан паст бўлиши мумкин эмас. Лекин адабиётчи ёшларнинг халқаро майдонда довруқ қозониши бу соҳа вакилларига қараганда суст, анча паст. Ҳар йили қанча ёшларга филологлик дипломи берилади. Лекин уларнинг кўпи мактабга ишга борар экан, асосан репитеторлик ишини йўлга қўяди. Ўқувчилар  адабиётни асосан дорулфунун имтиҳонига тайёргарлик нуқтаи назаридангина ўрганмоқда. Кейин филолог педагог битирувчилар орасида ўғил болалар кам. Борлари ҳам асосан таҳририятларга жойлашади. Адабиёт ўқитиш, асосан, аёлларнинг чекига тушмоқда. Балки адабиёт ўқитувчиларининг республика анжуманларини кўпроқ ташкил этиш, тил ва адабиёт таълимига оид нашрлар адади ва сифатини ошириш, кўламини кенгайтириш керакдир. Илгари ёшлар ёзувчиларга бетиним хатлар ёзишгани маълум. Бугун жуда кўп ижодкорларимиз ўз сайтига эга, ижтимоий тармоқларда фаол мулоқотга киришмоқда. Лекин адабиёт муаллимлари шу имкониятлардан эплаб фойдала оляптими?!. Масалан, бугун ижодкор йўл босиб узоқ қишлоққа бориши шарт эмас: интернет бор, демакки, адабиёт дарсини бирор ижодкор билан онлайн мулоқот тарзида ҳам ташкил этса бўлади-ку! Ким бунга халал беради ё қаршилик қилади? Ҳеч ким. Ёшларнинг фикри юксалса, миллат юксалади ва бундан барча хурсанд бўлади, албатта.

Бугун ёшларга ўзбек бўлиб дунёга келиш, яшаш – бу аввало қисмат, сўнг эса масъулият эканини англатадиган, шева-ю  бидъатга чалғимайдиган, том маънода ўзбек феноменига хизмат қиладиган миллий адабиёт сув ва ҳаводек зарур. Нажот – адабиётда. Агар миллий адабиёт кўмакка келмас экан, ўзбек кўнгилни бой бериш хавфи ортади. ЎЗлик – ўзимизники. У шаклан эврилиши мумкин, аммо ҳеч қачон йўқолмайди. ЎЗликнинг англанмаслиги – фожиа. Фожианинг англанмаслиги эса муқаррар ҳалокатдир. Одам ўз-ўзини тарбия қилгандагина, ўзини ўзгартира олгандагина, энг оғир шароитлардан ҳам асраб ўтоладиган қадриятлари бўлгандагина… Борлиққа таъсир кўрсата билиши мумкинлигини эслатиш ўзбеккўнгилни асраб қолиш ва яна қайта тарбиялашнинг энг мақбул йўлидир. Зотан, Ўзбек-Инсон ҳодисаси — бу нуқул чопонга бурканиб, дўппини қийшайтириб, чойхонада палов ейдиган кимса эмас, балки томирида асрлар оша яшаб келаётган характер-йўлни англайдиган Инсондир.

Алимурод Тожиев суҳбатлашди

Жаҳон адабиёти, 2015 йил, 10-сон

[1] Шавкат Раҳмон ибораси.

[2] Ерофеев В. “Энциклопедия русской души”. lib.ru/EROFEEW_WI/encyclopedia.txt

“Толстой, описывая солдат, говорил, что главный русский тип – покорный человек. Я думаю, что русский — это тот, к кому не прилипает воспитание. Он лишь делает вид, что воспитан. О воспитании в России никто не заботится. Есть только один тип русских – невоспитанные люди. Крестьяне, рабочие, интеллигенция, правительство – все невоспитанные. А элегантный русский – вообще анекдот”.

[3] Иззат Султон, “Адабиёт назарияси” 390-391 бетлар.

[4] “Шамол куни чақирма, товушинг зое кетар” мақоли кўзда тутилмоқда.

[5] Жузв – бўлак, парча.

[6] Кулд – бутун, яхлит.