Ижодкорни қалам танитар (Одил Ҳотамов ва Ашурали Жўраев суҳбати) (2016)

Одил ҲОТАМОВ: – Бундан салкам 45 йил олдин ижодкор бўлиш ниятида бир чемодан китоб билан Тошкентга кетган ўспирин Ашуралини бугун сочларига оқ тушган Ашур­али Жўраев қандай эслайди?

Ашурали ЖЎРАЕВ: – Мактабни тугатиб, отамдан дуо олиб осмондай беғубор орзулар ва чексиз қувончлар билан саволда айтилганидек “бир чемодан китоб билан” Тошкентга – “ёзувчи, журналист бўламан”, деб ўқишга жўнадим. Навоий вокзалидан чипта олиб, дўстларим билан “Бухоро – Тошкент” поездида пойтахтга келганимни ҳамон ўзгача соғинч билан эслайман. Поезднинг имиллаб юришидан зерикиб кетганман. Поезд имиллагани сари юрагим тошиб кетаверган. Чунки Тошкентни кўришга жуда ошиққанман.

Поезд эрта тонгда келар экан. Ундан бир дунё одам тушганини кўриб ҳайрон қолганман. Агар бутун Жалойир қишлоғининг одамлари поездга чиқса, бемалол сиғаркан-ку, деб ўйлаганман.

Бу гўзал ва самимият тўла шаҳарни кўриб, чексиз ҳаяжон ва ҳайратга тушганман. Тошкентга бўлган меҳр-муҳаббатим ҳамон жўш уриб туради. Ўзимни гўё Тошкентга кеча келгандай ҳис қиламан. Навоийга кетсам Тошкентни, Тошкентда эса Навоийни соғинаман. Салкам қирқ беш йилдан буён мен овора, темир йўл овора, ­поезд овора. Соғинч тўла вагонлар гоҳ мени Навоийга, гоҳ Тошкентга олиб келади. Баъзан умримнинг анчагина ширин дамлари, бебаҳо лаҳзалари темир йўлларда тўкилиб қолаётгандай туюлади. Бу учун тақдирга ҳам шукрона айтаман, ҳам баъзан изтироб чекаман. Вагонда қолиб кетган ҳисларимга алвидолар айтаман…

Оллоҳ ҳаётда менга фақат яхши инсонларни рўбарў қилди. Самимий ва ишончли дўстлар орттирдим. Устоз шоир айтганидек, “Ҳаёт мендан аямади неъматларини…”

Ўн йиллик сарсон-саргардонликдан сўнг ўзим севган касб бўйича иш топдим. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ишлаган йилларим жуда самарали ва баракали бўлди. Қаламга меҳрим, юрагим, бутун вужудим ва борлиғим билан ёпишдим. Ижодкор сифатида танилдим, уч-тўртта китобим чоп этилди. Аста-секин орзуларим ушала бошлади. Ҳаётимда жиддий ўзгариш ясаган бир ибратли воқеа ҳеч қачон хотирамдан ўчмайди. Газетада ишлаб юрган кезларим ижодкорлар даврасида машҳур шоир Абдулла Орипов билан бир дастурхон атрофида ўтириб қолдим. Ўтириш яримлаб, даврадагилар тамаки чеккани чиққанларида давра тўрида ўтирган улуғ устоз мени имлаб ёнларига чақирдилар. Мен давранинг бир чеккасида ҳаяжонга тушиб ўтирган эдим. Абдулла аканинг ёнига қимтиниб, тортиниб бордим.

– Қаерликсан, ука – деб сўрадилар устоз.

– Бухоронинг Навоийсиданман, – дедим.

– Сени ким тарбия қилган, ука, – яна сўрадилар у киши.

– Бобом билан бувим, – дедим секин.

– Улар ҳаётми?

– Бобом оламдан ўтганлар, бувим бор, – дедим.

– Сени “Адабиёт” газетасида чиқаётган нарсаларингга кўзим тушяпти. Яхши. Қаламинг ўткир. Шундай ёзавергин. Лекин даврада ўтиргандай ҳамиша камтарин бўлгин. Яхши нарсалар ёзиб, яхши китоблар чиқаргин. Шунда ҳам камтарин ва оддий бўлгин. Самимийлигингни йўқотма, ука!

Устознинг ушбу бебаҳо ўгитлари ҳамон ҳаёт ва ижод йўлларимни машъаладай ёритиб келади…

Бугун ҳам ўша сабр-тоқатли, меҳрибон, ҳақсизлик олдида бўйин эгиб турмайдиган шарттагўй, андак ҳазилкаш, андак куюнчак Ашурали Жўраев билан ҳамон биргаман. У билан муроса қилиб яшайман. У энди анча босилиб, анча сабрли бўлиб қолган. Ахир унинг ҳам сочларига оқ тушиб, ҳаётга донишманд кўзи билан қарайдиган вақтлар келди-да!..

– Устозингиз – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов билан қандай танишгансиз?

– Агар танишув жараёни ва воқеаларни батафсил гапириб берсам, қизиқарли бир китоб бўлади. Худо хоҳласа, шундай китобни ёзиш ниятим бор…

Мактабда 8-синфда ўқиб юрганимда Навоий тумани “Коммунизм учун” (ҳозирги Кармана тумани “Кармана овози”) газетасининг тилга тушган таниқли мухбири эдим. Газета ходими – устоз журналист Нарзулла Тилавов бир куни: “Сени Бухоро вилоят газетасида бўладиган ёш мухбирлар анжуманига олиб бораман”, – деб қолди. Иккаламиз “Қайдасан, Бухоро?” деб йўлга тушдик. Лекин Бухорога боргунимизча кеч бўлди. Анжуман ўтиб кетибди. Шунда Нарзулла ака:

– Хафа бўлма, сени Неъмат Аминов деган зўр ёзувчиникига олиб бораман, танишиб оласан, – деди.

Кутилмаганда шаррос ёмғир ёғди. Бир машина ёллаб, Неъмат аканинг уйларини зўрға топиб бордик. Борсак, Неъмат Аминов Москвага – ҳажвчилар анжуманига кетган экан. Кечқурун укалари Болта ака, эрталаб оталари уста Амин бобо Нуруллабой ўғиллари билан танишдим. Бу табаррук зотнинг муборак дуоларини олдим. Ва бу ҳикмат тўла дуолар бир умр менга йўлдош бўлиб қолишини ва бир умр қўллаб-қувватлаб юришини, уста бобонинг яна қанча-қанча қутлуғ дуоларига сазовор бўлишимни ўшанда билмаганман. Бобомиз улуғ рус адиби Лев Толстойга ўхшаб кетарди. Донишмандликда ҳам машҳур ёзувчидан қолишмасди…

– Кўп яхши, одобли болайкансан, аканг келганида яна Бухорога келгин, ўзим сени таништириб қўяман, – дедилар бобомиз ва қайтишимизда яна меҳр билан узоқ дуолар қилдилар.

Тақдир Неъмат акани ҳам 1973 йили Тошкентга етаклади. У киши Бухоро вилоят радиоэшиттириш қўмитаси Бош муҳаррирлигидан “Муштум” журнали масъул котиби вазифасига ишга келдилар. Ўшанда устоз билан илк бор “Муштум” журнали жойлашган Навоий кўчаси 30-уйда танишганман. Бу танишув бир умрлик устоз-шогирдликка айланди. Туғишган ака-укадай бир-биримизга жуда меҳрибон бўлдик. У киши менга “ундоқ юринг, бундоқ юринг”, деб йўл-йўриқ кўрсатмаганлар. Аксинча Неъмат аканинг юриш-туриши, гап-сўзлари, ёзишлари менга ҳамиша ИБРАТ бўлган. Устознинг ҳар бир хатти-ҳаракатида намуна бўлиш фазилати бор эди.

Шундай улуғ инсон, машҳур адиб ва бебаҳо устозим борлигидан ҳамиша фахр­ланаман ва тақдиримга қайта-қайта шукроналар айтаман. Умримнинг охиригача устоз руҳларига дуолар қиламан: илоё, Оллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин!..

– Биринчи китобингиз – “Тошбақалар пойгаси” ўттиз ёшингизда 60 минг нусхада чоп этилган. Нима деб ўйлайсиз: бу кечми ё…

– Менимча, ўз вақтида чиққан бу китоб мени озми-кўпми ўқувчиларга танитди. Мухлислар орттирдим. Адабиётшунослар тилига тушдим. Энг муҳими, китобимни отам раҳматли кўриб, қўлларига олиб жуда севинганлар. Таниш-билишларга мақтанганлар. Укаларимга ўқитиб, эшитганлар. Ва менга алоҳида меҳр билан “раҳмат” айтганлар. Бу самимий “раҳмат”ни ҳар сафар янги китобим чиққанида соғинч билан эслайман. Худога шукр, янги китоблар босиляпти, лекин “раҳмат” айтиб, севинтирадиган отам, онажоним йўқ…

– Ўтган асрнинг 80 йиллари ўрталарида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси саҳифаларида эълон қилинган “Ҳамқишлоқларга мактублар” туркум мақолаларингиз анча шов-шувларга сабаб бўлган эди. Навоийда бўлган ижодий учрашувлардан бирида машҳур адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов бу мақолаларга яхши баҳо бериб шундай деган эди: “Қишлоқларимиз дардини, фожиасини айтишнинг дадил ва ўзига хос шакли топилгани боис ўқувчиларга ёқаяпти, уларни чуқур мушоҳадага ундаяпти, муаммолар илдизини очиб бераяпти…”.

Сиз уни кейинчалик “Жалойирга мактублар” номи билан эълон қилдингиз. Бу жасоратли мактубларни ҳозир ҳам ҳамқишлоқларингиз яхши эслашади…

– Ўша мактубларни ўқиган бир ёзувчи дўстим ярим ҳазил, ярим чин билан: “Жалойир қачон обод бўлади, Ашурбой?” дерди менга. Аслида ушбу мактубларда қаламга олинган жиддий воқеалар, ҳамқишлоқлар дилидаги оғриқлар, ечим кутаётган долзарб муаммолар фақат Жалойирга эмас, балки собиқ шўро давридаги кўпгина қишлоқлар ҳаётига бевосита тегишли эди, десам тўғри бўлади. Қишлоқлардаги оғир ҳаёт манзаралари бир хил эди. Қишлоқ аҳлининг дарди бир-бирига ўхшарди. Қишлоқлар муаммолари эгизак эди.

Чунки, ҳар бир мактуб эълон қилингандан сўнг таҳририятга республиканинг барча қишлоқларидан қучоқ-қучоқ хат оқиб келарди. Конвертдаги хатлар шунчаки акс садо эмас, балки ўша даврдаги қишлоқ фиғонлари, нолалари битилган ўтли сатрлар эди. Озгина мақтаниш бўлса-да, айтай, таҳририятга келган хатларни кўпинча Бош муҳарриримиз – машҳур адиб Одил Ёқубов эринмай ўқирдилар. Ва жиддий мактубларни “Куюнчак газетхонлардан хатлар” рукни учун махсус танлаб берардилар.

Бу “мактублар” изсиз кетгани йўқ. Шўро даврининг айрим бюрократ ва тепса тебранмас амалдорларини сергак торттирди. Уларни қишлоқларда содир бўлаётган айрим фожиалардан огоҳ этди. Қишлоқлардаги инсонлар ҳам яхши яшашни истайдилар, ободликни хоҳлайдилар, уларнинг ҳам тоза сув ичгилари келади, деган фикр-мулоҳазалар илгари сурилган. Лекин қаламга олинган мавзулар фақат қоғозларда қолиб кетди, десак унчалик тўғри бўлмас. Яна бир лекини шундаки, баъзи ўткир муаммолар ечимини тополмагани ҳам рост!

Мустақиллик туфайли юртимиз чирой очиб, обод бўлаётир. Жумладан, қишлоқла­римиз ҳам. Бугунги обод ва кўркам қишлоқларни кўриб кўз қувонади, дил яйрайди. Шу кунларда кундан-кунга обод бўлаётган, фаровонликда шаҳарлардан қолишмайдиган замонавий қишлоқлар ҳақида янги мактублар ёзишни режалаштирганман.

– Адабиёт майдонига қадам қўйганингиздан афсусланган пайтингиз бўлганми?

– Адабиёт майдони ғалати, ўзига хос макон. Бунда мард ҳам, номард ҳам бор. Ботир ҳам, қўрқоқ ҳам учрайди. Кўпкарида улоқни олган ғолиб чавандозни ҳамма олқишлайди. Лекин адабиёт майдонида улоқни олсангиз ё балога қоласиз, ё душман орттирасиз.

Ғаламис, истеъдодсиз, ҳасадгўйларни кўрганда бир афсуслансам, ҳақиқий истеъдод эгаларининг озор чекканларини кўриб, оғир воқеаларга гувоҳ бўлиб, янада афсусланган пайтларим кўп бўлган. Мустақиллик даврига келиб, бундай иллатлар барҳам топиб бораётганидан қувонаман. Адабиётнинг ҳар қандай қаланғи-қасанғилардан, истеъдодсиз кимсалардан тозаланиб, покланиб бораётгани ҳар жиҳатдан яхши. Бундай адабиётнинг нурли келажагига ишонса бўлади. Президентимизнинг “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” деган сўзлари биз ижодкорларнинг ҳақиқий шиоримизга айланган.

– “Муштум” журналида ишлаган йилларингиз ҳаётингиз ва ижодингизга қандай таъсир кўрсатган?

– “Муштум” мен учун яна бир катта мактаб бўлди. Биринчидан, устозим Неъмат Аминовнинг ишини қўлимдан келгунча давом эттирдим. Иккинчидан, кулги оламини теран англаш, кулги ҳам юксак маънавий тарбия эканлигини тушунтириш, мағзи тўқ кулгини журнал саҳифаларига олиб чиқишга ҳаракат қилдик. Қуруқ, енгил, бачкана, саёз кулгидан қочдик. “Муштум” ҳеч қачон қўлларини чўнтагига солиб, томошабин бўлиб турган нашр эмас. Жамиятда буйруқбозлар, порахўрлар, юлғичлар, ғаламислар, қаллоблар, муттаҳамлар бор экан, “Муштум” ҳамиша курашга шай туриши керак.

– Ашурали, юқоридаги саволни давом эттирсак; бугунги қизиқчилик санъатига муносабатингиз? Айрим давраларда “Самимий ва беғубор кулгини Ҳожибой Тожибоев ўзи билан олиб кетди”, деган фикрларга қандай қарайсиз?

– Ҳозир бизда ҳақиқий қизиқчидан кўра, масхарабозлар бемаза қовуннинг уруғидай кўпайди. Масхарабозлар ичида эса, бачкана ва ҳаёсизлари урчиб кетди. Уяти йўқ одамдан қизиқчи чиқмайди. Ҳаёсиз кимса самимий кулги яратолмайди.

Ҳозир енгил-елпи кулгининг бозори анча чаққон. Энг арзони, бачкана ва беҳаё кулги бўлиб қолди. Кулги катта маънавий тарбия воситаси эканлигини унутмаслигимиз керак.

Кулги санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган таниқли санъаткор, ҳақиқий кулги устаси Ҳожибой Тожибоев ҳақидаги фикрларга тўла қўшиламан. Унинг саҳна маданияти, ижро йўли ўзига хос бўлиб, бетакрор эди. Айрим қизиқчи укаларимиз Ҳожибой Тожибоевнинг шогирдиман, деб даъво қилишяпти. Лекин ҳаётлик пайтида Ҳожибой ака уларни шогирдим, деганми?.. Ёлғон гап нимага керак? Шуни унутмаслик керакки, ўзбек кулгиси илдизи мустаҳкам барҳаёт кулгилардан ҳисобланади. Бачкана ва ҳаёсиз кулги халқимиз табиатига бегоналигича қолаверади…

– Кузатишимизча, ҳақиқий ўткир публицистикага бўлган эҳтиёж ва талаб асло сусайгани йўқ. Шундай экан, Сизни бугунги публицистиканинг аҳволи қониқтирадими?

– Оғиз тўлдириб қониқтиради, десам бироз муболаға қилган бўламан. Лекин қониқтирмайди десам ҳам адолатдан бўлмас… Адабиёт ва журналистикада жанрлар ўқувчи талабидан келиб чиқиб ривожланади. Масалан, бугун адабиётда детектив жанри анча илгарилаб кетди. Жиддий проза бироз дам оляпти. Шеъриятда биз тушунмайдиган модерн услуби ғимирлаб қолди. Билган ҳам, билмаган ҳам уч қатор ёзади. Билмадим, тўртинчисини ким ёзаркин?.. Публицистика эса ўзининг шарафли вазифасини бажариб, тўхтовсиз ривожланишда. Масалан, бугун тарихий, маънавий-маърифий, тинчлик, мустақиллик ва Ватан мавзуларини қамраб олган публицистика дадил илгарилаб боряпти. Бу бугунги замон талаби. Ва бизга айнан шундай публицистика керак ва зарур…

– Донишмандлар вақтни олий ҳакам деб билишган ва уни тўғри тақсимлаш лозимлигини айтишган. Шу маънода Ашурали Жўраев вақтдан қандай фойдаланади? Бўш вақт тушунчасига ҳам изоҳ берсангиз?

– Мен учун ҳам оғир, ҳам оғриқли савол бу. Вақтдан унумли фойдаланаман, деб мақтанолмайман. Ҳаётим вақт масаласида бироз пала-партиш. Лекин бўш вақтимни сўзсиз, албатта, китоб ёки газета-журнал ўқишга сарфлайман. Жуда бўлмаса телевизор кўраман. Лекин бу матоҳ ҳақиқий вақт ўғриси. Унинг қаршисида кўп ўтириб бўлмайди. Кўпинча бирор бир фойдали иш қилишга интиламан. Кўпроқ ёзганларимни таҳрир қиламан. Вақтни қизғаниш баробарида улфатлар ва дўстларни ҳам ёлғиз қолдирмайман. Баъзан бўш вақтимиз зиёфат дастурхонлари атрофида ҳам ўтади. Эрталабки ошларни айтмаса ҳам бўлади. Таассуфки, вақт масаласида ибратли – тежамкор эмасман…

Сизнингча яқин дўст ким?

– Сотмайдиган, меҳрибон, яхши-ёмон кунларингда ёнингда турадиган дўст! Чин дўстликнинг юки оғир. Уни бир умр кўтариб юриш осон эмас. Айниқса, манфаатлар тўқнашуви кучайган даврда дўстликнинг қадр-қиммати янада мустаҳкамланиб, қадри ошиб бораверади.

– “Саҳифага сиғмаган сатрлар” китобингиз билан танишган хотин-қизлар Сиздан хафа бўлишмаганми?

– Китоб нашриётда чоп этилаётганида бир мусаҳҳиҳ опамиз: “Аёлларни ёмон кўрасизми”, деб сўраган. Аёллар ҳақидаги айрим иборалар, қайдлар айнан ҳаётдан олинганлигини айтганимда, у ўйлаб туриб фикримга қўшилган. Аёл дои­мо “очилиб” турадиган сунъий гул эмас. Аксинча, гулзорда ўсадиган та­биий гулга ўхшайди. Шундай экан, баъзан табиий гул атрофида тикон ёки бегона ўтлар ҳам ўсади. Агар уларни ўз вақтида юлиб ташласангиз, гул янада чирой очади. Айрим аёлларда учрайдиган иллатлар ҳам ўша бегона ўтларни эслатади. Эҳтимол аёл ҳам айрим инжиқликлари, тилига “эрк” бериш одатлари, жиззакилиги билан ҳам эркакларни ҳушёрликка чақириб турар. Китобда ёзилган иборада айтилганидек: “Хотинни қанчалик тарбия қилма, уришма, танбеҳ берма, мақтама, барибир, у охир-оқибат хотин бўлади”. Ҳозирча китобни ўқиган аёллар ичида нималар деган бўлса дегандир, лекин юзимга қараб ҳеч нарса дейишмаган, фақат мақташган, холос.

“Конверт одам” қиссангизни ўз ўқувчилари бор. Айтинг-чи, бу асарни ёзиш фикри қачон ва қандай пайдо бўлган?

– Қайси бир туртки берган воқеани ёки ҳангомани айтай, Одил ака? Собиқ шўродан қолган порахўрлик иллатидан ҳамон батамом қутилаолмаяпмиз. Масалан, қариндошимизнинг икки фарзандини боғчага конверт орқали жойлаганини эшитиб ҳайрон қолдим. Набиралардан бири дунёга келганидан хурсанд бўлдик. Кейин эшитсам, туғуруқхона врачига ҳам конверт беришган экан. Давралардан бирида нуфузли қабристонларга дафн этиш ҳам конверт орқали бўлаётгани афсус билан гапирилди. Кўряпсизки, конвертсиз иш битмайдиган ҳолга келиб қоляпмиз. Ушбу воқеаларнинг ҳаммаси йиғилиб-йиғилиб “Конверт одам” фельетон-қиссасини ёзишга туртки бўлди. Асарни ўқувчилар яхши қабул қилганидан хурсандман. Адабиётшунос олимларнинг эътиборига тушиб, ижобий баҳога сазовор бўлди.

– Сизнингча ҳар хил “…изм”лардан холи ҳозирги адабий жараёнга ёшлар қандай кириб келяпти?

– Адабий жараён булоқдай қайнаяпти, десам асло муболаға бўлмайди. Унда дадил қадамлар билан кириб келаётган истеъдодли ёшларни кўриб қувонамиз. Туртиниб-суртиниб юрганларга андак ёрдам бергинг келади. Таниш-билиш қилиб, мададкор сояларга “суяниб” юрганлари ҳам бор. Баъзан телефон, баъзан конверт билан кириб келаётганлар ҳам топилади. Нима қиласиз энди?

Ёшлар унутмасликлари керакки, адабиёт ҳамиша истеъдодлар майдони бўлган ва шундай бўлиб қолади. Ижодкорни таниш-билиш эмас, балки қалами танитади, яхши асари машҳур қилади.

Бугунги ёшларга яратилаётган имкониятларни кўриб, яна ёш бўлгинг келади. Лекин буни иложи йўқ-да, ака? Истагим, ана шу имкониятлардан унумли фойдаланиш керак. Ғайрат ва шижоат билан ижод қилиш – истеъдодни рўёбга чиқаради. Мустақиллик фақат адабиёт эмас, балки барча соҳалардаги ёш истеъдодларга кенг имкониятлар ва имтиёзлар бераётир. Улардан унумли фойдаланиш керак. Фақат спорт ва санъатда эмас, балки адабиётда ҳам ҳақиқий чемпионлар, ғолиблар чиқиши керак.

Юрак тубидаги ушалмаган орзу-армонлар, кўнгилдан кечаётган ниятлар…

– Инсон ҳамиша яхши орзулар билан яшайди. Амалга ошмаган орзулар эса армон бўлиб қолаверади. Армонни ушалтириш эса, осон жараён эмас. Келинг, яхшиси армонлар ҳақида гаплашмайлик. Баъзан каттароқ бир асар ёзолмадим, деб армон қиламану лекин бу орзуимдан воз кечганим йўқ. Худо хоҳласа, кўнгилга тугиб қўйган яхши ниятлар бор…

Адабиётимиз янада катта адабиёт бўлишини, ёзувчиларимиз янада катта кўчалардан, катта қалб билан юришларини жуда ҳам истайман. Катталик ва кенг­лик бўлмас экан, адабиёт тор кўчалардан қийналиб юришга мажбур бўлади. Қачонгача ижодкор зоти бир-бирининг қадамини пойлаб ўтади? Мустақил мамлакат ижодкорларига бундай одатлар энди ярашмайди. Мустақил мамлакатни, мустақил халқни улуғлаш шарафли вазифамиздир. Энди халқимизга, унинг адабиёти ва ижодкорларига кенг, ёруғ ва обод кўчалар ярашади.

Ушбу ниятларни бугун адабиёт деб аталмиш беғубор ва покиза оламга кириб келаётган истеъдодли ёшларга ҳам тилайман. Шундагина адабиёт ўқувчини ўзига эргаштиради ва ишонтиради. “Адабиёти кучли халқни енгиб бўлмайди” деган иборани ўқиганман. Ва бу иборага тўлиқ қўшиламан.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 8-сон

_______________________

Ашурали Жўраев Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист. 1956 йилда туғилган. Абдулла Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтини (ҳозирги Санъат ва маданият институти) тамомлаган. “Юрак бўронлари”, “Сенга кўнгил берсам”, “Дил гавҳари”, “Саҳифага сиғмаган сатрлар”, “Майсалар уйғонган тонг” каби китоблари нашр этилган.

Одил Ҳотамов  1950 йили туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида таҳсил олган. Унинг “Умр шами”, “Нигоҳлар”, “Дала йўли”, “Нафас” каби шеърий тўпламлари ҳамда “Юксакдаги дарахт” насрий китоби нашр этилган.