Форсий тилдаги адабиётнинг забардаст таржимони (Ҳамиджон Ҳомидий билан суҳбат) (2014)

Ўзбекистон Фанлар Академияси ҳузуридаги ихтисослашган илмий кенгаш менинг номзодлик диссертациямга Ўзбекистон фан арбоби, Халқаро Фирдавсий мукофотининг совриндори, нозиктаъб адиб Шоислом Шомуҳаммедовни расмий оппонент қилиб белгилади. Эртаси куни диссертациянинг бир нусхасини йўлланма хат билан олиб, Тошкент Давлат университетининг Шарқшунослик факультетига йўл олдим. Факультетга бориб, иккинчи қаватга кўтарилиб, деканатни топдим. Қабулхонадаги котиба:

– Домла ҳузурларида одам кўп, кутиб туринг, – деди. Бир оздан сўнг ичкаридан 4-5 киши чиқишди. Котиба ўрта бўйли, ораста кийинган, бароққош одамга ишора этиб, “шу киши” дегандай ишора қилди. Нимтавозеъ билан салом бериб, илмий Кенгаш йўллаган хатни узатдим. Кўздан кечиргач:

Э, Ҳамиджон, сизмисиз, – деб қўлимдан ушлаб ичкарига олиб кирдилар. Ҳол-аҳвол сўраб, диссертацияни вapaқлаб кўргач:

– Яхши мавзуни танлаган экансиз. Мендан устозингиз Натан Муродович Маллаевга салом айтинг, тақриз 15 кунда тайёр бўлади, – дедилар.

Ҳақиқатан ҳам, ўн беш кундан кейин борсам, тақриз икки нусха тайёрланиб, имзо ва муҳр ҳам босилганди. Унда диссертация анча изчил, синчковлик билан таҳлил қилинган, юқори баҳоланган эди. Ўша онда мен ўзимни ғоятда бахтли сездим. Зероки, Республикамизнинг нуфузли дорилфунуни декани, ўзбек шарқшунослигида ўзига хос мактаб яратган машҳур олимнинг юксак баҳосига сазовор бўлгандим. Шу-шу Шapқ донишмандларига хос камтар, ботамкин, ҳамиша очиқ кўнгил, фанимиз дарғаларидан бири Шоислом Шомуҳаммедов билан устоз-шогирд бўлиб қолдик: у киши илмий тадқиқотларимга йўл-йўриқ кўрсатган, докторлик диссертациямга ҳам ҳакамлик қилган, китобларимга ўз мулоҳазаларини билдирганлар.

Бир куни устозни муборак саксон ёшлари билан зиёрат қилиб, дилкаш суҳбатларидан баҳраманд бўлиш мақсадида Кўкча даҳасидаги 1-Oқсой маҳалласида жойлашган ҳовлиларига бордим. Бир пиёла чой баҳона ҳузурбахш суҳбат қургандик ўшанда:

Бобонгизнинг соқол-мўйловидан ёш томарди

Устоз, Сиз Ўзбекистон шарқшунослари сардорисиз. Илмнинг шу соҳасини танлашингиз табиий бир ҳолми ёки тасодифми?

– Менинг шарқшунос бўлишим тасодиф эмас. Зероки бобом, отам, тоғаларим, онам барча оила аъзоларимиз зиёли одамлар бўлишган. Тоғам Ҳорун Сулаймонов ҳамда онам Шарофат аялар чинакам Навоийхонлар эдилар. Улар Чор девонни араб алифбосида ўқишарди, мен эса баъзи ғазалларни лотинчага кўчириб, ёд олиб юрардим. Навоий асарларининг ўша нусхаларини машҳур шоирлар Ҳамид Олимжон, Уйғун ҳамда Амин Умарийлар нашрга ҳозирлашганди. Навоий асарларида арабча ҳамда форсча сўз, ибора, атама, бирикмалар, бадиий тасвирий воситалар жуда кўп эди. Менинг онгимга араб ва форс тилларини билмаган одам Навоий асарларини тўла тушуниб етмас экан”, деган тушунча сингиб қолди. 1939 йили ҳарбий хизматга чақирилдим. Тошкентдаги пиёда қўшинлар ҳарбий билим юртини тугатгач, фронтга жўнатишди. Жангда ярадор бўлдим. Госпиталларда даволаниб бўлгач, Термиз чегара заставасига бошлиқ қилиб тайинландим. 1947 йили ҳарбий хизматдан қайтиб, Тошкент Давлат университетининг Шарқшунослик факультетига Эрон-афғон филологияси ихтисослиги бўйича ўқишга кирдим.

Кунлардан бир кун бувим ҳузурларига чорлаб, буюк шоир Жалолиддин Румий Маснавийи маънавийсининг нодир қўлёзмасини бериб, шундай васият қилдилар:

Болам, бу кўп муқаддас китоб, эҳтиёт қилинг. Бобонгиз уни ўқиганларида соқол-мўйловларидан кўз ёшлари оқиб турарди.

Мен бисотим кутубхонамни ўзим учун қадрдон бўлган Тошкент Давлат Шарқшунослик институти кутубхонасига инъом этганман. Ўша нусха ҳозир ҳам шу кутубхонада caқланмоқдa. Демак, шарқшунос бўлиш менинг асл зотим қонимда бор экан.

– Олтмишинчи йилларда Сиз форс-тожик адабиёти тарихини жиддий ўрганишга киришиб, кўплаб тадқиқотлар, бир қанча шоирларнинг ўзбек тилида илк бор анча мукаммал таржимаи ҳолини яратдингиз. Ўнлаб форсигўй адиблар асарларини таржима қилиб, чоп эттирдингиз ва шундай жараёнларга бош-қош бўлдингиз. Бу катта ижодий ҳодиса маънавий эҳтиёжмиди ёки замона тақозосимиди?!

Дорилфунунни тугатгач, кафедрага ишга олиб қолишди. Ана ўшанда бутун орзуларим амалга ошгандай бўлди, Навоий ҳамда форсий тилдаги бадиий ижод дурдоналарини жиддий ўргана бошладим, таржималар қилиш, улар асосида мажмуалар, гулдасталар тузишга киришдим. Бу орада Шарқ адабиёти ихтисослиги бўйича филология фанлари номзоди деган унвоннинг ҳам соҳиби бўлдим. 60-йилларнинг ўрталаридан бошлаб бирин-кетин “Эҳсон Табарий” (1959), “Ҳақиқат излаб” (1961), “Умар Хайём” (1962), “Абдураҳмон Жомий” (1963), “Форс-тожик адабиёти классиклари” (1963), “Саъдий Шерозий” (1964), “Малик уш-шуаро Баҳор” (1967), “Форс-тожик адабиёти классиклари ижодида гуманизм” (1968), “Амир Хусрав Деҳлавий” (1971) сингари рисолаларим, монографияларим, кўплаб мақолаларим, таржималарим алоҳида китоб шаклида чоп этилди; форсий тилдаги адабиёт ихтисослиги бўйича фан доктори (1969) деган илмий даражани олишга муваффақ бўлдим. Ҳамма китобларимдаги таҳлилга жалб этилган мисолларни асл дастхат матнлардан қидириб-топиб, ўзим ўгирганман.

Ўша йиллари Тошкент бадиий адабиёт нашриёти ҳузурида “Шарқ халқлари адабиёти” таҳририяти ташкил қилинди ва уни бошқариш ҳам менинг зиммамда бўлди. Бутун фаолиятимни Шарқ адабиётини, хусусан, форс-тожик адабиёти инжуларини ўзбек халқининг маънавий мулкига айлантиришга сафарбар этдим. Натижада, улуғ шоир Рўдакийдан тортиб, деярли барча классик форсигўй шоирларнинг ижодий мероси таржима қилиниб, чоп этилди; кўплаб мажмуалар тузилди. 1958 йили Тошкентда дунё шарқшуносларининг Халқаро Конгреси бўлди. Бизнинг нашриёт араб, форс, ҳинд, хитой, япон, уйғур, ветнам ва бошқа халқлар тилларида ана шу Конгресга атаб 57 номда гулдаста чоп этди. Бу ва бошқа ишларда машҳур шоирлар Хуршид, Муинзода домлалар, Васфий ва Жуманиёз Жабборовлар билан ҳамкорлик қилганмиз.

Устоз, узр, сўзингизни бўлдим, Умар Хайём рубоийлари Сизнинг таржимангизда 12 марта қайта нашр этилган. Бунинг сеҳри нимада?

Аслини олганда, бунинг ҳеч қандай сири йўқ. Зероки, Умар Хайём рубоийлари мазмунан чуқур, ғоявий жиҳатдан теран, шаклан содда, равон, ҳаммабоп. Мен таржимада аслиятнинг ана шу хусусиятини асрашга ҳаракат қилганман. Айрим таржимонлар шоир рубоийларига ўта эркин ёндашиб, бадиий сайқал бериб, “оригиналлаштириб” ўгирадилар. Натижада, аслиятдан йироқ “янги” рубоий вужудга келади. Бир куни зиёли бир дўстим ўғлининг никоҳ тўйига таклиф этди. Базмда келин-куёвни табриклаш учун мени ўртага чорлашди. Сўз орасида кимдир: “Домла, Умар Хайём рубоийларидан ўқиб беринг”, деб луқма ташлади. “Ёддан билмайман”, деб қутулдим. Даврани бошқараётган сухандон йигит шоир рубоийларидан ўндан зиёдини ўқиб, мени ҳижолатдан қутқарди. Шундай, яхши шеърнинг таржимаси ҳам аслиятидек халқ билан ҳамиша ҳамроҳ юради.

Қайси бир йили бўлимимиз Ҳофиз Шерозийнинг девонини нашр этишни режалаштирди. Аммо муносиб таржимон масаласида бир тўхтамга келолмадик. Маслаҳат Хуршид домлага келиб тўхтади. Мен у кишини қидириб Муқимий театрига бордим. “Устоз ишдан бўшаб кетганлар”, дейишди у ердагилар. Кейин билсам, адиб “мафкураси бузуқ” ижодкор сифатида адабий эмакдошлик вазифасидан четлаштирилган бўлиб, “Маданият” колхозида боғбонлик қилиб юрган эканлар. Боғларига қидириб бориб, муддаомни айтдим. Охир-оқибатда Ҳофиз девони Хуршид домла таржимасида эълон қилинди. Аслиятини эса машҳур ҳаттот Абдуқодир Муродий домла кўчириб бердилар. Ҳофиз девонидан бир нусхасини ўша вақтдаги Ўзбекистон Марказқўмининг Мафкура бўлимига элтиб бердим. Ана шу таржима баҳона Хуршид домлани тез орада Ўзбекистон Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институтига илмий ходим қилиб ишга олишди. Буюклар руҳини эъзозлаган одам асло кам бўлмайди.

Ҳаёт ҳам мураккаб, ҳам қизиқ. Зероки, баъзи асарларнинг яратилишида турмушдаги бирон бир туртки ёки бирон киши сабаб бўлади. Кунлардан бир кун халқ шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов “Шоҳнома” дунёдаги деярли барча тилларга тўла ё қисман таржима қилинган. Аммо, устоз, бу шоҳ китобнинг ўзбекча шеърий таржимаси йўқ. Шу чун бу ишни ўз зиммангизга олсангиз, деган истак билдирди. Ҳақиқатан ҳам бу шоҳ китоб икки марта наср ва назмда ўзбекчалаштирилган бўлса ҳам, тугал шеърий таржимаси йўқ эди. “Рустам ва Суҳроб”нинг Мирий варианти оригинал асар. Шундан сўнг мен “Шоҳнома” таржимасига тараддуд кўра бошладим. Бундай қapacaм, ушбу улкан ишни бир ўзим уддалашим мушкул кўринди. Натижада, бу хайрли юмушга доимий ҳамкорларим, форсий тилдаги шеъриятнинг билағонлари, атоқли шоирлар Жуманиёз Жабборов, Назармат ҳамда Ҳамид Ғуломларни жалб этдим. Бир неча йиллик заҳмат туфайли “Шоҳнома”дек улкан китобнинг уч жилдлик шеърий таржимаси ўзбек китобхонлари қўлига етди. Асар илм-адаб аҳли томонидан илиқ кутиб олинди ва тез тарқалиб, ноёб китобга айланди. Ундан кейинги йилларда “Гуманизм – абадийлик ялови” (1974), “Хазиналар жилоси” (1981), “Эпос”, “Форс-тожик адабиёти тарихи” (1987), “Шоҳ китоб ва унинг муаллифи” (1991), “Жаҳонни мафтун этган адабиёт” (1992) сингари китобларим, кўплаб янги таржималарим эълон қилинди; қомусларда, тўплам ва журналларда чоп этилган мақолаларим, Шарқ шеърияти поэтикасига доир тадқиқотларим ҳам анчагина. Кўриниб турибдики, буларнинг барчаси шеъриятга, бадиий адабиётга меҳрим, маънавий эҳтиёжим тақозоси экан. Ҳатто ёзган рисолаларим ҳамда таржималаримнинг айримлари замон руҳига жуда ҳам ёпишиб тушмас, ҳамоҳанг эмасди.

Адабий жараёнга нега кеч қўшилгансиз?

– Билишимча, Сиз бадиий ижодга, адабий жараёнга анча кеч кириб келгансиз. Бунинг боиси нимада?!

Аслида, мен адабиётга эрта кира бошлаганман. Яъни ўрта мактабда ўқиб юрганимдаёқ шеър машқ қилиб юрардим. Бир куни Шчорс, Чапаев ҳамда Лазолар ҳaқидa xaлқ қаҳрамонлигини мадҳ этувчи шеър ёздим-да, болалар газетасига жўнатдим. Орадан кун ўтмай, редакциядан “уч қаҳрамон ҳақида битта шеър ёзибсиз”, деган танбеҳнамо жавоб келди. Шундан сўнг ўзим шеър ёзиб, ўзим ўқиб юрадиган, баъзан “ошиқ” дўстларимга бир байт, икки байт ёзиб берадиган бўлдим. Сизнинг саволингизда ҳам маълум маънода жон бор. Зероки, тўққиз йиллик ҳарбий хизмат, ёш сал улғайганда олий ўқув юртига ўқишга кириб, жон-жаҳдим билан фанларни, Шарқ тилларини ўрганишга киришиб кетишим ҳам адабий жараёнга кечроқ келиб қўшилишимни тaқозo этган.

Узлуксиз илмий изланишлар, Жаҳон адабиёти намуналаридан бир неча минг байт таржима қилишим қалбим тўридаги кўҳна эҳтиёжни уйғотди, жунбушга келтирди. Табиий иқтидор, кўп йиллик тажриба ўз ҳосилини бера бошлади, бир қанча ибратомуз ҳикоятлар, рубоийлар, шеърлар, ғазаллар битдим. Улар “Baқт” (1968), “Рубоийлар” (1968), “Гулбоғ” (1972), “Гулбоғ сайри” (1978), “Одам борки” (1982), “Гулбоғ насими” (1991), “Дурдоналар” (1998) номи билан китобхонлар ҳукмига ҳавола қилинган. Мен Ғафур Ғулом, Миртемир, Юнус Ражабий, Иброҳим Мўминов сингари кўплаб адабиёт, илм, санъат алломалари билан ҳамкорлик қилганман, ошно бўлганман. Улар ҳақидаги эсселарим “Фидоийлар ва рубоийлар” (2003 ) номли китобимдан ўрин олган.

Шогирдларингиздан кўнглингиз тўладими? Шарқшунослигимизнинг ҳозирги аҳволи ва истиқболи ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим.

Қирқ беш йилдан зиёдки, олий ўқув юртларида талабаларга дарс бераман, аспирантлар, докторанту тадқиқотчиларга раҳнамолик қиламан. Демак, шогирдларим жуда бисёр. Улар орасида академиклар, профессорлар, давлат ва жамоат арбоблари ҳам бор. Шогирдлар ҳақида гап кетса, ушбу рубоий эсимга тушади:

Шогирдлар ҳам мисли болалар:
Бор-йўғингни сендан оларлар.
Баъзилари кўкка кўтарса,
Баъзилари лойга қорарлар…

Худога минг қатла шукурким, менинг барча шогирдларим кўкка кўтарувчилар, эъзозловчилар бўлиб чиқишди. Ҳаммалари менинг йулимни тутишган. Ватанимиз шарқшунослигига улкан ҳисса қўшиб юришибди. Уларнинг ҳам мендек пири бадавлат бўлишларини, шогирдлари эса, менинг шогирдларимдек садоқатли ва меҳрибон чиқишини истайман. Шарқшунослик – мураккаб фан. Зероки, Шарқ халқлари ибтидосида турганимиз XXI аср тарихида ҳам муҳим ўрин тутади. Дунё тамаддунида уларнинг нуфузи тобора ошмоқда. Буларнинг бари адабиёт ва санъатда ҳам ўз инъикосини топади. Уларнинг ҳаёти, иқтисодиёти, маърифати, бугунги интилишларини ҳар томонлама идрок этиш лозим. Ҳозир имкониятлар кенгайиб, шароитлар яхшиланиб бopмоқда. Интернет тизимининг ўзи бу имконият нақадар улкан эканлигинн кўрсатмоқдa. Демак, шарқшунослигимиз юксалиб бориши, шубҳасиз. Унинг ютуқларини Ватан истиқболига хизмат қилдириш шогирдларнинг келгусидаги вазифаси, деб биламан.

2006 йили устоз рубоийлари Умар Хайём рубоийлари билан бир жилдда (Нашр учун масъул – Минҳожиддин Ҳайдар, Тузувчи – Алишер Шомуҳаммедов) нашр қилинди. Тошкент Давлат Шарқшунослик институтида ушбу китобнинг тақдимоти бўлди. Минг афсуски, Шоислом Шомуҳаммедов бетобликлари туфайли бу тадбирда қатнаша олмадилар. Aтоқли адиб ва олимлар бу “беназир ижодкор”нинг адабиётимиз, шарқшунослигимиз тараққиётидаги улкан хизматлари ҳақида тўлқинланиб гапирдилар. Камина ҳам адиб Шомуҳаммедов ижоди ҳақида, хусусан, ҳикоятлари ҳақида бир нималар гапиргандай бўлдим. Шундан сўнг “Кўпни кўрганлар ҳузурида” рукнига олдинги суҳбатларимни тўлдириб бергим келди.

Лекин ўғиллари “ҳозир мавриди эмас, яна сим қоқарсиз” деб учрашувни opқaгa сурдилар. Ҳайҳот, замонамизнинг буюк алломаси мана орамизда йўқ. Аммо у киши илмий асарлари, бадиий ижодлари, энг муҳими, фақат Шомуҳаммедовга хос маърифатга йўғирилган яхши хислатлари билан бизга ҳамиша ҳамнафас. Зероки, устознинг севган устози буюк Ҳофиз Шерозий: Кимдаким бу оламда яхшилик-ла умргузаронлик қилган бўлса, у мангу тирикдир, деганлар.

Профессор Шоислом Шомуҳаммедов илмий, ижодий фаолиятининг илк давридан бошлабоқ форс-тожик адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига таржима қилиш, бу адабиёт намояндалари ҳақида илмий ҳамда илмий-оммабоп асарлар яратган толмас адиб, забардаст шарқшунос бўлган. Унинг ижодий бисотида форс адабиётига доир тадқиқотлар муҳим ўрин тутар экан, улар барча замонларда ёш ўзбек шарқшунослари учун дастуруламал ва манба сифатида хизмат қилаверади.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 6-сон