Ҳажвчининг изтироблари (Саид Аҳмад ва Қулман Очилов суҳбати) (1992)

(Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад билан журналист Қулман Очилов суҳбати)

Кексалари гўдагу гўдаклари кекса юрт

– Домла, таржимаи ҳолингиз билан яхши таниш бўлмаган одам сизни қишлоқда туғилган, деб ўйлайди. Далани, қишлоқ ҳаётию одамларини шундай ишонч ва муҳаббат билан тасвирлайсизки, асарларингизни ўқиган киши муаллифнинг катта шаҳарда туғилган «оқ билак» инсон эканлигини хаёлига ҳам келтирмайди. Ё ростдан ҳам қишлоқда туғилганмисиз?

– Йўқ. Мен Тошкентнинг қоқ марказида Самарқанд дарвоза маҳалласида туғилганман. Адабиётга, рассомликка жуда эрта қизиқдим. Уйимизга Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қодирий, Зиё Саид, Комил Алиевлар тез-тез келиб туришарди. Чунки шоир Элбек ташқари ҳовлимизда яшарди. Унинг исми фамилияси Мирмашриқ Юнусов бўлиб, асли Бўстонлиқдан эди. Дадам у киши билан Чимён тарафларга овга борганда танишиб қолган ва Тошкентда бошпанасиз қийналаётганини билиб, ташқари ҳовлимизга кўчириб келган эди. Шоиру ёзувчиларнинг адабий гурунглари шу ерда ўтарди. Мен уларга чой ташиб, бир четда ўтирганча, суҳбатларига қулоқ солардим.

Элбек ака ҳар гал қишлоғига борганда, менга қурут олиб келарди. Энди менинг «қишлоқи»лигимнинг сабабларини айтай. Болалигимда расм чизишга жуда уста эдим. Ўртоқларим мени «рассом» деб чақиришарди. Ўша йиллари ўзбек алифбоси биринчи бор ўзгарган, араб алфавитидан лотин графикасига ўтиш жараёни давом этаётган эди. Колхозлар, идоралар ва турли ташкилотларда пешлавҳалар (вивескалар) ўзгараётган эди. Айниқса, шиор ҳаддан ташқари кўп бўларди. Булардан ташқари, чойхоналарда, клубларда «Ленин бурчаги» деган жой бўлардики, у ерни ҳам безаш лозим эди. Хуллас рассомга иш ошиб-тошган замон. Отда келишиб мени шиор ёздириш учун қишлоққа олиб кетишарди.

– Демак, мактабингиз қишлоққа яқин жойда бўлган экан-да?

– Унчалик яқин бўлмаса ҳам, отда, пиёда бемалол борса бўларди. Ҳозирги Янги ТошМИнинг ўрни колхоз эди. Унга Ҳайитвой оқсоқол деган гўдактабиат бир киши раис эди. У мактабимга, уйимга тўп-тўп қизил алвон ташлаб кетарди. Кечаси билан ухламай шиор ёзиб чиқардим. Кундузи эса мактабимиз деворига алвон тортиб яна ёзардим. Бошқа болалар дарсга кирмай, ҳовлида «маза қилиб» шиор ёзаётган «рассом»га ҳам ҳавас, ҳам алам билан қараб ўтиришарди.

Шиор, айниқса, байрамларда жуда кўп ёзиларди. Октябрь байрами, 8 Март, 1 Май… Эҳ-ҳе, мен шиор ёзган алвонларни бир-бирига улаб, кўрпа қавилса, Оролга ёпқич бўлар-ов!.. Баъзан раислар ўртасида талаш бўлиб кетардим. Уйимизга аравада картошка, сабзи-пиёз ҳам олиб келишарди.

– Демак, пул ҳам беришар экан-да?

– Дадам пул олмайсан, деб тайинлаганди. Сабзи-пиёз менинг «иш ҳақим» эди.

– Расмлар ҳам чизармидингиз?

– Ҳа-да. Ўша пайтда халқнинг ташқи сиёсатдан билгани Англия Бош министри Чемберленнинг, Хитой Бош министри Чан Кай Шининг, Италия Бош министри Муссолинининг номи эди. Улар Шўро ҳукуматига нима ёмонлик қилган, айби нимада билишмасди. Мажлисларда гап маккажўхори экиш тўғрисидами, қисир қолган сигирларни сотиш тўғрисидами, кимни «Қизил тахта»га, кимни «Қора тахта»га ёзиш тўғрисидами, нотиқ, барибир, сўзини Чемберленни сўкиб тугатиши керак эди. Ҳатто мана бундай қўшиқ ҳам чиққан:

Чемберлен, Муссолини
Билмас ўнгу сўлини.
Хўп яхшилаб тузиблар
Фашистлар усулини.

Бу қўшиқни парадларда кўпчилик бўлиб айтардик. Колхозларга борганимда деворларга ҳам Чемберленнинг сувратини чиздиришарди. Юзлаб одамлар келиб бу сувратни томоша қиларди, ҳатто Ҳайитвой оқсоқол колхоз идораси деворига ўзининг Чемберленни кетмон кўтарганча қувлаб кетаётган сувратини ҳам ишлатган эди.

Хуллас, мендаги далага, қишлоққа бўлган меҳр ўша пайтларда туғилган бўлса ажаб эмас. Гўдакфеъл Ҳайитвой оқсоқолни эса ҳалигача меҳр билан эслайман.

«Қизларни ёмон кўрардик»

– Адабиётга, санъатга берилган ўспирин кўнглига муҳаббат эртароқ келади, дейишади. Сиз ҳам бундан мустасно бўлмагансиз, чоғи?

– Аксинча. Қизларни жуда ёмон кўрардим. Уларни қийқиртириб қувиб юрардим. Ҳатто урардим ҳам. Ниҳоятда шўх, тизгинсиз бола бўлган эканман. Бир қарасанг, артист бўлгим, бир қарасанг, дарбоз бўлгим, бир қарасанг, масхарабоз бўлгим келарди. Қаерда бирон қизиқ одамни кўрсам, ўшанга ўхшагим келаверарди. Самарқанд дарвоза маҳалласига дор келганда бир масхарабоз қопдаги шиша синиқларини бўйрага тўкиб, устида ялангоёқ ўйин тушган. Мен ҳам ўнтача шишани синдириб, устига девордан сакраганман, сўнг икки-уч ҳафтача қўлтиқтаёқда юрганим эсимда. Дор ўйнаб йиқилиб оёғим синган. Дарахтдан, томдан қулаб, беш мартача қўлим чиққан. Ҳар гал қўлим чиққанида, Лабзакдаги Маҳсум табибга олиб бориб, қўлимни тахтакачлатиб келишарди.

– Гапларингизга қараганда, ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини олиб қочадиган бевош бола бўлган экансиз. Оилада нечта фарзанд эдингизлар?

– Уч акам, уч опам бор эди. Мен кенжатой эдим.

Дарвоқе, биринчи муҳаббат тўғрисида гапираётган эдик. У пайтларда қизларда ҳам, йигитларда ҳам ибо, шарм-ҳаё баланд эди. Кўчада қиз кишининг ўғил бола билан гаплашиб туриши катта айб саналарди. Оврупонинг беҳаё одатлари ҳали биз томонларга етиб келмаганди. Ўпишиш қаёқда, қўлтиқлашиб юриш қаёқда, ҳатто қўл бериб кўришиш ҳам гуноҳ саналарди. Бечора йигитлар яхши кўрган қизлари ўтган кўчаларнинг ҳавосини ҳидлаб, ғингшиб юришарди. Худога минг қатла шукрки, мен вояга етганимда баъзи қизлар унча-мунча «беҳаё»лашиб, йигитлар билан кинога бориш, ҳилват боғларда сайр қилиш айб бўлмай қолганди.

Эндигина бўйга етиб, қизларга гап ташайдиган пайтим келганда, уруш бошланиб кетди. Кийим-бошим тўзиган, ранг-рўйим бир алпозда… Менда қизларнинг кўзини ўйнатадиган ҳусн ҳам йўқ. Унақа нотавонни қизлар бошига урадими. Шу алпозда ёшлигим ҳам ўтиб кетди. Бирон қизни ўпмаганман, десам, албатта ишонмайсиз. Ишонмай тўғри қиласиз. Насибамга яраша худо етказганини ўпган бўлсам, ўпгандирман. Эсимда йўқ. Хотирамнинг мазаси қочган, склероз бошланяпти, шекилли…

– Болалик чоғларингизни эслаганингизда, энтикиб кетадиган бирон воқеани айтиб бера оласизми?

– Болалигим, ёшлигим оғир йилларга тўғри келган. Катталар тортган кўргиликларни биз, болалар ҳам татиб кўрганмиз. 33-йилда уйимизни тортиб олиб, детдом қилишди. Кесак қўрғондан бир чолдевор ҳовли топиб, кўчиб бордик. Барибир тинч қўйишмади. Уйимизни тез-тез тинтув қилишиб, қўлларига илинган нарсаларни олиб чиқиб кетаверишарди. Ана шундай кунларнинг бирида уйимиздаги ёзув столини молия идорасига керак, деб опчиқиб кетмоқчи бўлишди.

– Кимлар?

Молиячилар-да. Онам дод солиб, столга ёпишди. Молия агенти уни туртиб юборган эди, онам бечора столга урилди-ю, ҳушидан кетди. Кейин билсак, биқини эзилган экан. Сал кундан кейин бир оёғи узилиб кетган қиз туғди. Синглим жуда чиройли қиз эди. Беш ёшга етар-етмас оламдан ўтди. Эсласам, бутун вужудимга титроқ киради.

«Қачон қурултой бўлар экан?»

“Бир умр йиртиқ-ямоқдан боши чиқмаган чорикорнинг уйида энди дутор, танбур каби кўнгилочар асбоблари бор”.

(Йўлдош Охунбобоевнинг грампластинкага ёзилган нутқидан.)

– Сиз бир суҳбатда, машҳур Дадахўжабойнинг неварасиман, деган эдингиз. Бобонгиз тўғрисида нималарни биласиз?

– Билганим шуки, бобом инқилобдан олдин Тошкентда иккита рус-тузем мактаби очган, маърифатпарвар киши бўлган. 20-йиллардаги ўзбек зиёлиларининг кўпчилиги шу мактабларда таълим олишган эди. Дадахўжабой муаллимларнинг маошини, ўқувчиларнинг стипендияларини ўз ҳисобидан бериб турган. Мактабнинг барча сарф-харажатларини ўз зиммасига олган.

Дадам, амакиларим ҳам шу мактабда таълим олишган эди. Дадам Ҳусанхўжа рус тилини мукаммал биларди. Ҳатто айрим ўрислар ҳам хат ёзишса, дадамга ўқитиб, тузаттириб олишарди. Раҳматли, айниқса, овни яхши кўрарди.

Яна бир бобом, онамнинг отаси Тахтапул даҳасининг қозиси экан. У кишининг хусусий тошбосмаси бўлган.

Бобомнинг номи — «Мулла Ғулом Расул» муҳри босилган Жомий, Сўфи Оллоёр, Ҳувайдо китобларини кўрганман. 1913 йилда Қози бувамнинг муҳри билан нашр қилинган Қуръондан бир нусхаси жавонимда сақланади.

Онам Зулфихон Ғуломхон қизи саводхон аёл эдилар. Кечалари Ҳувайдо ғазалларини ўқиб ўтирардилар, эшитиб йиғлагим келаверарди.

Катта акам Имомхон Ҳусанхўжаев биринчи ўзбек стенографиясини ижод қилган. Мактаб очиб, ўзбеклардан стенографлар тайёрлаган. Аҳмад Шораҳмедов, кейинчалик халқ артисти бўлиб етишган Назира Алиева ва ўртанча акам Зуҳурхон Ҳусанхўжаев шу мактабда таълим олишган. Улар йигирманчи-ўттизинчи йилларда бўлиб ўтган жами қурултойларда, пленумларда Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Йўлдош Охунбобоевнинг докладларини, нутқларини сўзма-сўз ёзиб олишган. Ўша йилларнинг тарихини ёзиб қолдиришган, десам хато бўлмайди.

Мен қачон қурултой бўларкин, деб сабрсизлик билан кутардим. Чунки акам қурултойдан конфет, печенье ва сувратли китоблар олиб келарди.

«Бағри бутун ёзувчиман»

– Отангиздан Сизга қандай фазилатлар ўтган?

– Қизиқувчилик. Отам раҳматли гул «жинниси» экан. Ҳовлимизда, боғимизда хилма-хил гуллар бўларди. Боғимизни шаҳарликлар «Гулбоғ» деб аташарди. Дадам темир-терсакка ҳам ўч эди. Овчилик жон-дили эди. Шундан бўлса керак, чап кўзини қисиброқ қарашга одатланиб қолганди. Кейинги пайтларда у серзарда, жаҳлдор, тажанг бўла бошлаган. Дарсдан қочган пайтларимда бир-икки марта калтаклаган ҳам. Ўша кезлари мол-дунёси қўлдан кетган, ўзи қатори зиёлилар бирин-кетин қамалаётган эди. Бир нохушликни кутиб, тажанг бўлаётгани билиниб турарди. Мени етаклаб кинога, паркларга олиб борганда ҳам бировга қўшилмас, салом берганда алик олиб, индамай қайтиб келарди.

Уни 1938 йилнинг эрта баҳорида олиб кетишди. Лабзак кўчасигача кўрпасини кўтариб чиққандим. Юк машинаси орқасидан кўнглим вайрон бўлиб қараб қолганман. Дадам қийноқларга чидолмай, Тошкент турмасида жон берган.

Невараларингизга қайси фазилатларингиз ўтишини истайсиз?

– Қандай фазилатим борлигини ўзим ҳам билмайман. Аммо меҳмонсиз яшай олмаслигимни биламан. Одамларга яхшилик қилгим келади. Элликка яқин ёш ёзувчига оқ фотиҳа берган, газета, журналлар орқали «оқ йўл» тилаган эканман. Китобларига сўзбоши ёзибман. Неъмат Аминов, Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов, Носир Фозилов, Худойберди Тўхтабоев… Шуларсиз туролмайман. Кунда бўлмаса ҳам, кунора учрашиб турамиз. Баъзан ҳазиллашиб: «Мабодо, ўлиб-нетиб қолсам, остонамда бел бойлаб турадиганларим кўп», деб қўяман. Бағрим бутунлигидан қувонаман. Невараларимнинг ҳам атрофида шунақа вафодор дўстлари кўп бўлсин, деб ният қиламан.

Фельетончининг бир пой бошмоғи

– Илк ёзган асарларингизни эслай оласизми?

– Эслайман. Фельетончилар сардори Комил Алиев «Муштум»да ишларди. Унга «Ишқибоз» деган биринчи ҳикоямни олиб боргандим. Комил ака ҳикояга кўз югуртириб, бир пой туфлисини еча бошлади:

“Туфлимни Ўрдага обориб яматиб келсанг, ҳикоянгни мана шундай қилиб (у бош бармоғини кўрсатди) тузатиб бераман”.

Мен хўп дедиму устознинг «табаррук бошмоғи»ни кўтарганча Ўрдага қараб югурдим. Қайтиб келсам, домла ҳикоямни таҳрир қилиб қўйипти. Ўқидим. Ниҳоятда зўр. «Биров итга, биров беданага ишқибоз…» деб ёзгандим. Хўрознинг ҳам таърифи бор эди. Комил ака уни мана бундай қилиб тузатибди: «Кал чуччи, қора томоқ, тепса деворни йиқитади, чўқиса, тошни узук қилиб қўяди».

Ҳикоя босилиб чиққач, Абдулла Қаҳҳордан бошқа ҳаммага ёқди…

«Бадавлат келин»

– Бир ҳикоянгиз тўғрисида «Қизил Ўзбекистон» газетасида танқидий мақола босилган экан. Қайси ҳикоя эди, у?

– «Бадавлат келин» деган ҳикоям.

Ўзбекнинг қиз узатиши қурсин. Умр бўйи йиққанинг бир кунга етмайди. Қиз бола ўғри бўлади, деб бекорга айтишмаган. Шунинг учун ҳам қиз туғилган кундан бошлаб онаси мол йиғади. Урушдан тутдек тўкилиб чиққан оила, қандоқ қилиб қиз узатади?

Ҳикояда эрга теголмай юрган қизнинг заёмдан катта пул ютиб олиши-ю катта тўй қилиб, куёвга чиқиши тасвирланган. Ҳикоя хомгина, ночоргина, бўшгина чиққан, аммо газетага урилишнинг сабаби бошқа ёқда. Танқидчи ҳикоядан сиёсий хато топмоқчи бўлган: яъни, Совет оиласи тўқ, бадавлат яшайди. Заёмдан пул ютишга зор эмас. Бу совет воқелигига туҳмат. Зарарли ҳикоя…

«Ҳой, инсофинг борми, уруш кеча тугади. Ҳали биринг икки бўлишига қанча қовун пишиғи бор. Товуқ сўйиб уйланган ўртоғимизнинг тўйига борганимиз эсингдан чиқдими? Фронтдан қайтиб келган қанча йигитлар уйланолмай юрганини, қанча қизлар эрга теголмай, қари қиз бўлиб қолаётганини кўриб турибсан-ку!..»

Ана шундай изтиробли ўйларга бориб турсам, Ғафур Ғулом келиб қолди:

«Нима бўлди? Сал бошқачароқсан?»

Мен унга газетани кўрсатдим. У елкамга қўлини қўйиб деди:

«Оббо тентаг-е, шунга хафа бўлиб ўтирибсанми? Қўй, хафа бўлма. Бу эндиги ейдиган калтакларингнинг биринчиси. Эҳ-ҳе, ҳали қанча калтаклар сени кутиб турибди. Биласанми, ўттиз еттинчи йилда мени урмаган газета қолмаган. Ҳатто Ачавотдаги лўлилар ҳам газетасига «Ғапир Ғилом вираг народ» деб ёзган. Юр, пиво олиб бераман».

Қаранг, Ғафур Ғулом каромат қилган экан. Газета танқиди кейинги кўргиликларим олдида ҳолва бўлиб қолди.

Биринчи қор

– Сталин қамоқлари, уруш, қаҳатчилик… сизни ҳам четлаб ўтмаган. «Халқ душмани» бўлиб қамалгансиз. Бундай кулфатларга шерик бўлган айрим тенгдошларингиз «қайта қуриш» деб аталган жараён бошланиши билан кечмишлари ҳақида хотиралар, ҳатто қиссалар ёздилар. Аммо Сиз негадир жимсиз. Ноҳақликни кўрмагандек, билмагандек юрибсиз.

– Ёзгим келмайди.

– Ҳеч бўлмаса, ўша кунлар тўғрисида гапириб беринг.

Уйланганимга олти ой бўлганда қамашган. Одамлар, нимага қамаган экан, деб сўрашади. Очиғини айтсам, ўзим ҳам ҳалигача билмайман. Назаримда, айбимни терговчиларнинг ўзлари ҳам билмасалар керак. Фақат ўзинг айт, ўзинг айтсанг, суд иқрор бўлганингни ҳисобга олади, дейишарди. Қанча қийнашмасин, айбим йўқ, деб туриб олганман. Охири шоир Ёнғин Мирзони гувоҳликка олиб киришди. У кўзимга қараб туриб: «1949 йилнинг 5 ноябрь куни Рамз Бобожоннинг уйида «ўрислар яхши яшайди, айниқса ленинградликлар маза қиляпти, ўзбеклар хор», деб айтгансан. Ўша куни биринчи қор ёққан эди», деди.

Эсладим. Ҳақиқатан ҳам, биринчи қор бешинчи ноябрь кечқурун ёққан эди. Мен ўша пайтда Ўрта Чирчиқ районига, Қаҳрамон пахтакор Замира Муталова тўғрисида очерк ёзгани боргандим. У билан гаплашиб ўтирганимда қор ёға бошлаган эди. Ўша кеча райком котиби Қаҳҳор Пўлатовнинг уйида тунаб қолдим. Кечаси ўша ердан редакцияга телефон қилиб, стенограф Аҳмад Шораҳмедовга очеркни диктовка қилдим. Эрталаб нонуштадан кейин Пўлатов мени Тошкентга машинада опкелиб қўйди.

Биринчидан, 5 ноябрь куни Тошкентда эмасдим. Иккинчидан, Ленинград блокададан чиқиб, ҳали ўзини ўнгламаган, одамлари ҳам вайроналарда яшарди. Улар қандай қилиб «маза қилиб» яшашлари мумкин? Бу даъвода мутлақо мантиқ йўқ эди. «Гувоҳ» эса айтгансан, деб туриб олди. Терговчи менинг гапларимни ёзмади, фақат унинг гапларини ёзди. Терговчи ундан, Саид Аҳмад тўғрисида яна нималарни биласан, деб сўради. У оғзига келган гаплар билан мени айблай бошлади. Терговчи мендан ҳам сўради: «Ёнғин Мирзо тўғрисида, унинг аксилинқилобий ишлари тўғрисида нималар биласан?»

Мен унга Ёнғин тўғрисида бирор ёмон гап билмайман, у билан фақат Ёзувчилар союзида, редакцияларда кўришганман, деб жавоб қилдим. Шунда Ёнғин бирдан жазавага тушиб қолди. Ўзини муштлаб, додлай бошлади: «Мен сени агент, мени сотган, деб ўйлаган эдим. Шунинг учун сенга туҳмат қилдим. Айтганларимнинг ҳаммаси ёлғон, ҳаммаси бўҳтон», деб бўкириб йиғлаб юборди. Бу гапларнинг биронтасини ёзиб олишмади. Ёнғинни сўкиб-сўкиб, камерасига тушириб юборишди.

– Сизни терговчилар урганми?

– Урмаган. Ургани минг марта яхши эди. Ухлатмасди. Баъзан кечаси-ю кундузи кабинетида олиб ўтираверарди. Уйига жўнаётганида ёнимга соқчи қўйиб кетарди. Икки оёғим шишиб, туфлимга сиғмай қоларди. Бошим ғувиллаб, қандай қоғозларга имзо чекканимни ҳам билмасдим. Тўғри, бир марта урган. Пўлат линейка ўралган газета билан. Нега урасан десам, «Правда» («Ҳақиқат») қаттиқ тегдими, деб масхара қилган.

Мени суд қилишмаган. «Дело»мни Москвага юборишган. Тройка (Особое совешание) ўн йилга ҳукм чиқарган. Шундай қилиб судсиз, прокурорсиз, оқловчисиз, гувоҳларсиз ўн йилни «бўйнимга олиб» кетганман.

Ҳеч ким айтмаган гап

– Ҳеч йиғлаганмисиз? Гўдаклик пайтингизни айтаётганим йўқ. Вояга етиб, эсингизни таниганингиздан кейин йиғлаганмисиз, демоқчиман. Кўп кўргуликлар бошингизга тушган, замон зарбаларига дуч келгансиз. Шундай пайтларда, хўрлигингиз келиб, йиғлаган пайтларингиз бўлганми?

– Мен ҳам инсонман. Энг азиз, энг қадрдон кишиларимни йўқотганимда ўкириб-ўкириб йиғлаганман. Аммо ҳар қандай ноҳақликка кўз ёшсиз туриб берганман. Фақат… Фақат бир марта ўксиб-ўксиб йиғлаганман.

1950 йили қамоқхонанинг бир кишилик камерасида тўққиз ой ўтирганимдан кейин Саидахон билан ўн минутлик учрашувга рухсат бўлган. (Сиёсий маҳбуслар қамоқхонада ётмас, ўтирарди. Академик Иван Павловнинг итига ўхшаб, ҳуштак чалганда ётиш, ҳуштак чалганда туриш рефлексга айланарди. Бу жойда деворга суянишнинг ҳам иложи йўқ, фақат ўтириш мумкин эди.) Кўзим қоронғига мосланиб қолганиданми, Саидахон жуда узун, новча бўлиб кўринди. Ранги бир ҳол бўлиб қолганга ўхшарди. У менинг кўнглимни кўтариш учун бўлса керак, «сизга яхши пижама олиб қўйдим» деди. Бу гапни эшитиб, томоғимга нимадир тиқилгандек бўлди-ю, овозим чиқмай қолди. Шунча уринаман, қани овозим чиқса. Бир оғиз ҳам гапиролмадим. Кўзимдан дув-дув ёш оқаверди. Учрашувга ажратилган 10 минутлик вақт ҳам тугади. Гапларим ичимда қолиб кетди. Якка жой камерада ўй ўйлаб ўтирибман. Нега йиғлаганимнинг сабабини билмоқчи бўламан, билолмайман. Саидахон менга атаб олган пижама тушимга кирибди. Ажойиб, ҳеч кимда йўқ ҳаворанг пижамани кийиб Ёзувчилар союзига борган эмишман. Ёзувчи ўртоқларим қаердан олдинг, деб сўрашар эмиш. Саидахон олиб берди, деяр эмишман. Ўшанда Саидахон менга ҳеч ким айтмаган гапни айтди. Эсимни таниганимдан буён бунақа илиқ гапни ҳеч кимдан эшитмаган эдим. «Халқ душмани»нинг ўғлига биров меҳрибончилик қилмаган, бошини силамаган. Болалигини боладек ўтказмаган. Болалигини тирикчилик кўйида исроф қилган киши учун бундай сўз жаҳоннинг жами хазинасидан қимматроқ, ўксик қалбга оқиб кирган шаффоф тоғ ҳавосидек қадрли эди…

Ўша замонларда қамоқхона остонасидан ҳатлаб ўтган бирон кишининг қайтиб чиққанини кўрмаганман. Энди мен ҳам қайтиб келишим гумон йўлга кетаяпман. Саидахоннинг илтифотида, бардам бўл, дийдор кўришамиз, бу кунлар ўтиб кетади, деган маъно бор эди. Бу сўзнинг йўқлик қаърига сингиб кетаётган одамга қандай таъсир қилишини биласизми? Дийдаси қаттиқ одамни ҳам йиғлатадиган сўз эди у.

Мушук болалари

– Лагерда кечган ҳаётингизни эслаш Сизга жуда оғирлигини биламан. Шундай бўлса-да, кўрган-кечирганларингизни гапириб беришингизни илтимос қилардим.

– Жезқозғонда дунёга машҳур мис конлари бор. Маҳбуслар очиқ карьерлардан, ер остидан руда қазиб чиқарадилар. Тутқунларнинг кўпи мис гардидан ўпка касалига мубтало бўладилар. Мис самоварни кўрганмисиз? Зангдан кўкариб кетади. Коннинг атрофи ҳам баҳорда кўм-кўк бўлади. Бу кўкат эмас, занглаган тупроқ. Рассомлигим иш берди. Лагерда ким кўп, ўғри-ю калла-кесар кўп. Аввалига ўшаларнинг кўкрагига, билагига игна билан ҳар хил наколкалар (суратлар) ишладим. Улар «не забуду мать родную» (туққан онамни унутмайман) деган ёзувни яхши кўришарди. Кейин кўкракларига бир шиша ароқ, карта ва аёл суратини ишлатиб, тагига «мана шулар бизни хароб қилади», деб ёзишимни буюришарди. Рассомлигимдан хабар топган бошлиқлар маҳбусларнинг кийимларига номер ёзадиган қилиб қўйишди, ҳар бир маҳбуснинг ўз номери бўларди. Тутқунлар ҳам исми фамилияси билан эмас, номери айтиб чақириларди.

Хуллас, оч қолмадим. Рождество, пасха байрамларида маҳбуслар уйларига откритка жўнатишарди. Ўша откриткаларга суратлар чизиб берардим. «Даромадим»ни ҳамшаҳар маҳбуслар билан баҳам кўрардим.

Бошлиқларимизнинг айримлари ҳаддан ташқари шафқатсиз кишилар эди. Кимдир мушук олиб келиб боқа бошлади. Баракдаги қолган саксон маҳбус ҳам топган-тутганини олиб келиб шу жониворнинг оғзига тутадиган бўлди. Мушук уларга узоқда қолган, унутилаёзган оила аъзоларини, бола-чақаларини эслатарди. Бир куни мушугимиз еттита бола туғди. Улар сал кунда кўзга кўриниб қолди. Барчага эрмак, барчанинг қувончи эди улар! Кутилмаганда, навбатчи офицер кириб, ҳаммасини халтага солиб олиб чиқиб кетди ва новвойхона ўчоғида ловуллаб ёнаётган алангага уларни навбати билан битта-битта отиб, ёнишини томоша қилди!..

Лагердаги бараклар қулфлаб қўйиларди. Бир тонг баракдан ёнғин чиқди. Олов печь ёнига қуритиш учун ёйиб қўйилган пайтавага илашиб, қатор териб қўйилган пийма (валенка)ларга ўтибди.

Мен кутубхонада янги йил плакатини ишлаётган эдим. Ёнаётган баракка югуриб келдим. Назоратчига, очмайсанми, десам, бошлиқлар буйруқ бермагунча очмайман, деди.

“Одамлар тутундан бўғилиб ўлади-ку!” – дейман ялиниб.

“Ўлса ўлаверсин, менга нима. Менга санаганда тирикми, ўликми, икки юзта куйган калла билан тўрт юзта оёқ чиқса бўлди. Қолгани билан ишим йўқ”.

Бундай даҳшатли манзаралар узоқ вақтгача хаёлимдан ўчмади. Эсимга тушганида сесканиб кетардим…

«Мажруҳлар онаси»

– Ана шу кўрган-кечирганларингизни китоб қилиб ёзсангиз бўлади-ку?

– Бўлади. Лекин мен ёзмоқчи эмасман. Ёзаман, деб бир-икки марта уриниб ҳам кўрдим, юрагим кўтармайдиганга ўхшайди. Биласизми, Мопассаннинг «Мажруҳлар онаси» деган машҳур ҳикояси бор. Ўқиганмисиз?

– Йўқ.

– Бир аёл ҳар гал бола туғиши олдидан қорнини чандиб, сиқиб боғлаб олади. Кейин мажруҳ бола туғади. Қийшиқ-қинғир туғилган болаларни ажойиботлар ишқибозларига сотади. Улар эса мажруҳларни ажойибхоналарда намойиш қилишади. Хотин ўз азобларини, изтиробларини пулга сотади. Азоблардан келган даромаддан бойимоқчи бўлади.

Лагерда кўрган-кечирганларимни, тортган азобларимни ёзмоқчи бўлсам, хаёлимга мажруҳлар онаси келаверади. Мен ҳам унга ўхшаб азобу изтиробларимни пулга сотадигандек бўлавераман. Ёзишга қўлим бормайди.

…Кўксимда аламлар қалашиб ётибди. Болалигим ўксиб ўтди. Отам, акам, ўзим «халқ душмани» бўлдик. Деярли бир умр бўйнимни қисиб, ўксиб яшадим. Оқланиб, қайтиб келганимдан кейин ҳам бахтим очилмади. Ёзувчилар союзида бирон хайрли иш бўлса, рўйхатдан ўчиришарди. Мажлислардан бошимни эгиб чиқиб кетардим. Бошимдан ўтганларни ёзиш учун хаёлан бўлса-да, яна қамоққа боришим, жами изтиробларни яна руҳан тортишим керақ. Буни энди юрагим кўтара олмайди, деб чўчийман.

Эркаклар ҳаммоми

– Сизни фарғонача аскияга жуда уста дейишади…

— Аския халқ ижодида энг мураккаб жанр. Бу тез фикр қилиш мусобақаси. Рақиб томонидан берилган зарбага бир-икки лаҳзада ундан ўтказиб жавоб қилиш керак. Жавоб мавзудан чиқмаслиги, кишини ҳайрон қолдирадиган даражада мантиқли, сўз тагига рақибни «фош» қилувчи сўз яширинган, айни пайтда жуда ақлли, кулгили бўлиши шарт. Жавоби қандоқ бўларкин, деб тикилиб турган юзлаб кўзлар қаршисида довдирамасдан, ўзини йўқотмасдан, рақибининг «саломи»га шундай «алик» олиш керакки, давра аҳли бомба портлагандек, гумбурлаб кулиб юборсин.

Фарғона томонларда уста аскиячилар кўп. Мен ҳам йигитлик пайтларимда, ишқибозлик қилиб, улар билан аския айтишганман. Аммо аския фақат эркаклар даврасида айтишга мўлжалланган жанр. Абдулла Қаҳҳор бир мақоласида, «аския гўнг устида очилган гул» деб айтган эди. Бу – жуда аниқ ва тўғри баҳо.

Аския замирида аёллар олдида айтиб бўлмайдиган уят гап ётади. Баъзан телевизорда аския мусобақаларини кўрсатишади. Унда аёлларнинг ҳам гурра-гурра кулишаётганини, баъзан уларни ҳам аскияга аралашаётганларини кўриб ҳайрон бўламан. Аския бамисли эркаклар ҳаммоми, унга аёлларнинг кириши мумкин эмас.

Умр ҳисоби

Қаноатда Саида филча бўлурму ҳай-хай.

(Қўшиқдан)

Домла, севимли адибимиз, рафиқангиз Саида Зуннунова қазо қилганларига 20 йилдан ошди. Ёлғиз ўзингиз қийналиб қолмаяпсизми? Иссиқ-совуғингиздан кимлар хабар олиб турибди?

– Боя айтганимдек, уйимдан меҳмон узилмайди. Қизим, куёвим, невараларим ҳолимдан хабар олиб туришади. Ёлғизликка кўникиб ҳам кетдим.

– Шундай бўлса-да, уйланганингиз маъқулмиди? Ёш бир жойга борганда ётиш бор, туриш бор, дегандек, қийин-да?

– Уйланиш…. Бу гапни иккинчи оғзингизга олманг. Энди турмушга чиқиб, ўйнаб-куламан, деган келинчакнинг навқирон умри қийноқларда ўтди. Бу азобларга у мен туфайли гирифтор бўлган. Мен қамалганимда унга газета, журналлар, нашриётлар эшиги беркитилди. Союз аъзолигидан ўчирилди. Икки дипломли бўлатуриб, ишсиз, саргардон бўлиб юрди. Эрингдан кечсанг, ҳамма йўлларни очиб берамиз, дейишди…

Бунақа кўргуликларга у аёл боши билан бардош берганда, наҳотки мен – эр киши чидамасам?..

Дунёда ҳар бир ишнинг ўз ҳисоб-китоби бор. Ҳар бир айтилган сўзнинг жавоби бўлади. Дунёдан кўз юмиб кетгунча ҳисоб-китоб қилиб қўйиш керак. Айтилган гапга жавоб бериб қўйиш керак.

Бундан ташқари Худодан тилаб олган биттагина қизимиз бор. Ёлғиз боламнинг дили оғришини истамадим. Саидахоннинг кино ленталарига олинган қиёфаси, суратлари, грампластинка ва магнитофонга ёзилган овозлари, жавон тўла китоблари, қўлёзмалари менга қолган қимматбаҳо хазинадир.

«Суянадиган чинорларим бор»

– Бир куни Сиз устозингиз Ғафур Ғуломдан, тенгдошларингиздан қайси бирининг асарларини яхши кўрасиз, деб сўраганингизда у киши, гапни ҳазилга буриб юборган эканлар. Энди шу саволни ўзингизга берсам, нима дейсиз?

– Қариганимда тенгдошларимнинг бири яхши, бири ёмон деб балога қолмай. Яхшиси шогирдбаччалардан сўранг.

– Майли, шогирдларингизни айтинг, бўлмаса…

– У «безобразний»ларни шогирд дейишга тилинг бормайди. Қолаверса, уларнинг ўзи энди катта устоз бўлиб қолишган. Эркиннинг қанчадан-қанча шогирдлари бор. Ўткирнинг ортидан қанча ёш талантлар эргашиб юрибди. Неъматни айтмай қўя қолай. У ҳажвчиликда ўзига хос мактаб яратяпти.

– Пенсияга чиққан кишининг бирон эрмаги бўлиши керак. Масалан, Айний домла бўш вақтларида нишолда пиширган эканлар. Сиз-чи?

– Мен эллик йилдан бери сурат оламан. Қаерга бормай, елкамда фотоаппарат осиғлиқ. Темир-терсакни яхши кўраман, радио, магнитофон, телефон аппаратларини кавлаб-кавлаб охири бузиб қўяман. Устага тузаттириб келгандан кейин ҳам кавлайвераман. Ичида нима борлигини билгим келади-да.

– Абдулла Орипов билан девор-дармиён қўшни экансиз. Кўришиб турасизларми?

– Ҳа, албатта. Абдулла болалари каникулга чиққанда боққа кўчиб келади. Боғимизни гулдор панжара ажратиб туради. Уникига шоирлар, меникига носирлар келишади. Дам олиш кунлари уникида шеърхонлик, меникида аския, латифагўйлик бўлади.

– Ўртадаги ўша панжара олиб қўйилса бўлмайдими?

– Бўлмайди. Назм билан наср ўртасида чегара бўлиши керак. Тақдир тақозоси билан Ёзувчилар союзи икки ижодий уюшмага бўлиниб қолган. Барибир ижодкорлар бир-бирларини соғиниб қолишади. Яқиндагилар тишлашади, узоқдагилар кишнашади, деганларидек, улар кишнашиб қолган пайтларда менинг боғимда учрашиб дилларини ёзиб кетишади.

– Демак, боғингиз «пом» чиққанларни яраштирадиган жой экан-да?..

– Шундай десангиз ҳам бўлади.

– Шогирдларингиз билан қандоқ тил топишасиз?

– Уларнинг феъл-атворлари менга маълум. Ўткир донолик қилиб куйдиради. Носир гапни чимчилаб-чақиб айтади. Неъмат гуноҳ қилиб қўйганда Бухоро лаҳжасида иккита латифа айтиб, кулдириб қутулади. Худойберди «пора» беради. Узоқ келмай кетса, бирон пақир шафтолими, шотут мураббосими олиб келади. Еган оғиз уялар, деганларидек уни койишга тилим бормай қолади. Дўст сафарда билинади. Бу шогирдбаччалар кўп сафарларда синалганлар. Шундай, суянсам бўладиган чинорларим борлигидан қувонаман.

Машҳурлик мартаба эмас

– Домла, Сиз жумҳуриятимизнинг машҳур ижодкорларидан бирисиз. Қаерга борманг, олдингиздан мухлисларингиз чиқиб келаверади. Бу Сизга ёқадими?

– Устоз Абдулла Қаҳҳор ҳазиллашиб, «мен қилган меҳнатни маймун қилганда у ҳам ёзувчи бўлиб кетар эди», деган. Нимагаки эришган бўлсам, фақат меҳнатим орқали эришганман. Машҳурлик масаласида бир нима дейишим қийин. Ким билади, у балки масъулият деганидир. Машҳур киши халқнинг кўзида бўлади. Ҳар гапи, ҳар бир ҳаракати эл назарида туради.

Худо мени меҳнатдан жудо қилмасин.

(ЎзА).

“Ўзбекистон овози” газетаси, 1992 йил октябрь